Эзгу ниятлар мамлакати (Эссе)

Ўзимизнинг журналистика факультетини тамомлаган Рисолат Ҳайдарова

бугун “Шарқ юлдузи” журнали наср бўлими бошлиғи, устоз адиба сифатида «Уч илдиз» маҳорат мактабида бўлғуси ижодкорларга намуна кўрсатмоқда. Унинг “Мағрура” қиссаси ва “Жавзо” романи мухлислари қалбини забт этган.

рх2

 рисол

Болалигимни эсласам, негадир саратон кўз олдимга келади. Икки четида пастак олча дарахтлари тизилган кенггина кўча кундуз кунлари сокин бўларди. Ўшанда рамазон ёз чилласига тўғри келганидан туш пайтида кўчаларда ҳатто болалар ҳам кўринмас, то қуёш мағрибга оққунига қадар маҳалламиз гўё сукутга ботарди. Ҳолбуки, ўша пайтларда рўза тутишга рағбат берилмас, мактабларда ўқувчиларга рўза тутиш саломатлик учун зарар, дея уқтиришарди. Лекин одамлар барибир рўза тутишарди, ҳайит одатдагидек иш куни бўлса ҳам, одамлар эрта азонда мачитга ҳайит намозига боришарди-да, кейин ишга кетишарди.

Ифторликдан кейин биз – болалар гала-гала бўлиб эшикма-эшик юриб рамазон айтардик. Эшикларни тақиллатишга ҳам ҳожат бўлмасди, чунки эшиклар ҳамиша очиқ эди. Биз баробарига:

– Ассалому алайкум, бизлар келдик,

Пайғамбар йўлини излаб келдик, –

дея рамазон қўшиғини бошлардик.

Рамазон айтимларини ҳам ҳар сафар ўзгача айтардик. Масалан, яқинда келин туширган хонадон эшигига келганда:

– Рамазон айтиб келдик эшигингизга,

Қўчқордек ўғил берсин бешигингизга, –

деб бошлардик.

Севиниб кетган уй эгаси ҳаммамизга танга ёки чақа улашиб чиқарди. Бизнинг “Чиқарақолинг фалонча пул” деган “тариф”имиз йўқ эди. Тангами, чақами, раҳмат деб олаверардик, муҳими, биз ният билдирдик, эшитган одам имкони кўтарганча ҳиммат қилди, тамом-вассалом. Бўй қизлари бўлган хонадонларга ёки ўғил уйлантириш ҳавасида маҳаллама-маҳалла совчиликда юрган онахонларга ҳам алоҳида айтимларимиз бор эди:

– Қўлингизда пул тўлсин,

Уйингизда тўй бўлсин!

Хонадон бекаси “Фаришталар “омин”, десин-а”, деганча ликопча тўла ширинлик билан чиқиб келарди…

Ҳозир, орадан неча ўн йиллар ўтиб, эшигим тагига рамазон айтиб келган болаларга қараб эзгу одатларимизнинг яшовчан эканлигини иқрор этиб қўяман.

Назаримда Ватан тушунчаси болалигимда кўрган, вақт ўтиб бугунги болакайларга ўтган урфларимиз билан боғланиб кетган. Киши у ёки бу ўлкани фақатгина ўша ерда туғилгани учунгина севиб қолмайди. Балки ҳаётида, айниқса, мусаффо болалигида онгига ўрнашган, хотирасига муҳрланган ёрқин лаҳзалар кишини ўша ўлкага боғлайди, бу лаҳзалар кишининг яқинлари, дўстлари билан биргаликда кечгани учун ҳам унинг қони, жони ўша тупроққа уланиб кетади. Мен Ватаним деганимда Абу Али Ибн Сино, Нодира, Муқимий, Фитрат, Усмон Носир каби миллатимиз фахрларини тушунганим баробарида болалигим кечган офтобли кўчаларни, тандирдан нон узган онамни, мис қозончада нишолда кўпиртирган қўшнимизни, тўй ва йиғинларда катта ош дамлаган бобомни, дастурхон устида кўпинча ош дамлашнинг икир-чикирларини гапириб ўтирадиган отамни, менга ҳарф танитган муаллимани кўз олдимга келтираман.

Тушунишимча, “Асрга татигулик кун” романида манқуртни хотирасидан маҳрум қилишгани ҳам бежиз эмас. Чунки хотираси ўлган одам онасини унутиш баробарида, юрагидаги Ватан туйғусини ҳам йўқотади.

Менинг хотирамда Ватан тиллардан учган ниятлар, дуолар билан боғланиб кетган. Болалигимда бобомдан, бувимдан, отамдан, маҳалламиздаги кексалардан эшитган фотиҳа дуолари, ўзим тенгқурларим билан биргаликда маҳалламиз хонадонлари учун рамазон айтимларига қўшиб айтган ниятларим менинг хотирамдаги ёрқин лаҳзалардир. Мен шу лаҳзалар орқали элимга боғланганман.

Бобом Тошпўлат Мўмин ўғли ўз фотиҳа дуосини бошлар экан: “Ўзинг фарзандталабга авлод, муҳтожга давлат, беморга дармон бергил, хонадонга тинчлик, кўнгилга хотиржамлик, дастурхонга қут ато этгил”, – дерди кафтларини очганча.

“Умидворга кушойиш, орзумандга рўёб, кексаларга инсоф, ёшларга диёнат…” – бувим Зуҳри отиннинг жойнамоз устидаги дуоси шундай якунланарди.

Гарчи маъносини тушунмасам-да, Инобатхон бувимнинг дуоси ҳам менга ёқарди: “Ўтирган ўрнимиз йўқолмасин…”

“Қаторимизда хато бўлмасин”, дейишарди кексалар кафтларини очишаркан.

Маҳалламизда тўй бўлса, айниқса, қиз узатилса, ҳаммамиз келиннинг кетишини томоша қилгани борардик. Узун оқ кўйлак кийган келин янгалари қуршовида уйдан чиқаркан, ҳовлида оқсоқоллар: “Қўшгани билан қўша қариб, ували-жували, пиру бадавлат бўлсин”, деб фотиҳа беришарди. Кўчада эса аёллар: “Борган жойида тошдек қотсин”, деб машина ортидан тош отиб қўйишарди.

Болалигимдан қулоғимга “Ниятни яхши қилиш керак”, деган ўгит ўрнашгани учун, ҳозирга қадар дўстларим, яқинларим ҳаётида рўй берган барча ижобий воқеалар, улар эришган муваффақиятлар дилга тугилган ниятларнинг ижобати бўлиб туюлади менга.

Халқимиз кишининг бутун умрини эзгу тилаклар билан йўлдош қилади. Бу одат кундалик турмушимизга, урф-одатларимизга шу қадар кириб кетганки, биз буни оддий бир ҳолдек қабул қиламиз. Момоларимизнинг “Ризқли, насибали бўлсин”, деб гўдакнинг ёстиғи остига нон қўйишларидан тортиб, “Қадамлари шахдам бўлсин”, деб йўлга кираётган болакайнинг оёқларига боғланган рамзий ипни кесишлари, азадор аёлларнинг мотами поёнига етаётганда “Тортган ғами фақат шу бўлсин” дея бошига оқлик билан уришларигача, бари инсонга яхшилик тилашдан иборат. Шу боис мен Ватанимни эзгу тилаклар мамлакати дегим келади.

Аслида яхшилик тилаш, эзгу тилаклар билдириш ҳар бир халққа, умуман, инсон зотига хос. Лекин халқимнинг одати менга сиғишимлироқ кўринади. Балки бу танглайимни ўзбекча айтилган тилак билан кўтаришгани учундир?

Ишонаманки, Эрк, Истиқлол орзуси ҳам боболаримиз, момоларимизнинг дилидаги улуғ ният бўлиб, авлодларнинг интилишлари туфайли рўёбга чиққан. Широқнинг дилидаги нияти ҳам, Темур Малик, Намоз Пиримқул ўғлининг юрагидаги орзуси ҳам Ватанни озод кўриш эди. Тўмарис халқини жон тикмоққа чақирганда, Спитамен Суғдиёнани оёққа турғизганда ўз элини эркин кўрмоқ, Соҳибқирон Амир Темур улкан салтанатни барпо этганда Туронни қудратли давлат сифатида эътироф эттирмоқ, Алишер Навоий туркий тилда гўзал ғазаллар битганда ўз она тилининг улуғвор ва гўзаллигини исбот этмоқ, Абдулла Қодирий “Ўткан кунлар”ни битганда ўзбек романи жаҳондаги мавжуд романчилик билан бемалол беллаша олишини кўрсатмоқ нияти уларнинг интилишларига йўлдош бўлган эди.

Бугун аҳли қалам қаторида элимнинг юрагидаги дардлари, орзу ва умидларини сўзга айлантириб, баҳоли қудрат қоғозга тушираётган эканман, бу ишим ҳам халқимнинг қон томиридан менинг жон томиримга оқиб ўтган ниятларни рўёбга чиқариш истагидир.

Чунки мен эзгу тилаклар мамлакатининг фуқаросиман.

 Рисолат ҲАЙДАРОВА

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *