Экскурсоводми, эксКЎРСАВОД?

Юрагимизга наштар бўлиб санчилган муаммони дангал ва

теран таҳлил қилиб ёзган муаллифга тасанно, дейди Дониш домла. Таклифимиз, ўша овозни бутунлай ўчириб ташлаб, гапни қайтадан — Тошкент 2200 йиллик шаҳар эканлигидан бошлаб ёзиш керак. Президентимизнинг Тошкент шаҳар сайловчилари билан илк учрашувида пойтахтимиз ва унинг улуғ шахслари ҳақидаги фикрлари 8 тилда ёзиб қўйилса оламгулистон!

Экскурсоводми, эксКЎРСАВОД?

Фото: «Dreamstime.com»

Ҳаммаси «Ўзбекистон» меҳмонхонаси олдида бошланди.

Тошкент бўйлаб сайр қилдирадиган икки қаватли қирмизи автобусдаман. Кира пулини ҳисоб-китоб қилувчи ва назорат ишларини юритувчи қиз ҳаммага қулоқчин тарқатди. Ҳар бир ўриндиқ орқасида қулоқчин симини тиқиш учун тешикча бўлиб, ёнида 1 дан 8 гача рақамлар ва байроқлар тизилган. Транспорт бошқарув тизимига 8 тилда (ўзбек, инглиз, немис, испан, француз, япон, хитой, рус тилларида) сўзлайдиган аудиотур дастури ўрнатилган.

Иккинчи қават ярми очиқ, ярми ёпиқ (айвон шаклида). Очиқ (ёзги) томонида қўним топганларнинг барчаси қулоқчинларини тақишга мажбур эди. Чунки кўча шовқини инобатга олиниб, ташқарига карнай ўрнатилмаган. Ёқимли мусиқа садолари остида аудиогид ишга тушди.

«Ўзбекистон» меҳмонхонасининг ўнг томонида, йўлнинг нариги бетидаги «Ўзсаноатқурилишбанк» биноси ёнидан ўтаётганимизда бу иморатлар илгари Чор ҳукуматининг кибор кишиларига тегишли уйлар бўлгани, улар шу ерда яшагани айтилди.

Нарироқдаги бино 1917 йил инқилобига қадар Қизлар гимназияси бўлгани (ҳозир Тошкент давлат юридик университети) ва унинг Сваричевский лойиҳаси асосида қурилганига алоҳида урғу берилди.

Халқаро анжуманлар саройига яқинлашганимизда қайсидир «буюк рус актрисаси» (исми ёдимда қолмади) қорачечакдан вафот этганида жасади шу кўчадан олиб ўтилгани ҳақида гапирилди…

Автобус Минор масжиди ёнида секинлади. Янги масжиднинг қачон қурилгани ва яна бор-йўғи икки-учта факт, тамом. Йўлнинг нариги тарафида жойлашган Семашко номидаги сиҳатгоҳ тўғрисида эса батафсил маълумот берилди. То автобус масжид ҳовлисига кириб тўхтагунига қадар Семашкога бағишланган ҳикоя давом этди. Бу сал аввалроқ Успенский номидаги мусиқа мактаби, бастакорнинг фаолияти ҳақида билиб олганларимизга қўшимча бўлди.

«Жасорат» монументидан сўнг автобус ўнгга бурилди. Чап қўлда «Туркистон» саройининг ёзги саҳнаси кўзга ташланиб турибди. Кўприкдан тушаётганимизда аудиогид ўнг тарафда дарахтлар панасида қад кериб турган «Ramada» меҳмонхонаси илгари «Ленинград» деб аталганини эслатишни жоиз топди.

Меҳмонхона биносидан кейин қатор тушган кўп қаватли уйларни ленинградлик бунёдкорлар оқ силикат ғиштдан қуриб, тошкентликларга совға қилиб ташлаб кетишгани таъкидлаб ўтилди.

Тошкентнинг қадимги бозорларидан бири Чорсунинг тирбанд йўлларидан кетаяпмиз. Аудиогид расталарнинг сархил мева ва сабзавотларга бойлигини, шунингдек, бу ҳудудда Шуваловлар оиласининг 1911 йили қурилган иморатини алоҳида зикр этди.

Санасак, бундай мисоллар кўп. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг. Юртимизга биринчи марта келган сайёҳ Ўзбекистонни танишни мамлакат юраги бўлган пойтахт шаҳарни шу икки қаватли автобусда зиёрат қилишдан бошласа… Икки ярим соат ичида у қандай хулосага келади?

Хўш, бу саволга ким жавоб беради? Аудиомагнитофон тугмасини босган ҳайдовчи амакими? Ҳаммага қулоқчин тарқатган назоратчи қизми? Ёки ғоя муаллифи бўлган «Aznur Travel» компаниясими?

Экскурсия тугагач, жавоб излаб компания офисига бордим. Мени туризм бўйича менежер Муқаддас Муродова кутиб олди. Аудиогид ижросидаги матн қаердан олинганига ёки уни кимлар тузиб берганига аниқлик киритишини сўрадим.

— «Ўзбектуризм» миллий компаниясида ҳар бир шаҳар ҳақида катта дастур ишлаб чиқилган. Биз ана шу тайёр дастур асосида экскурсия учун матн шакллантирганмиз. Ўзгартириш ёки қўшимча маълумотлар киритмаганмиз. Дастур матнини қисқартирганмиз, холос.

Ватан қиёфаси ва мамлакат туризмининг салоҳиятини белгилайдиган бу дастурлар ўзи қачон тузилган? Охирги марта қачон янгиланган? Бу дастурларни тузишда қайси китоблардан фойдаланилган? Ўша китоблар нечанчи йилда чоп этилган?.. Ўйлайманки, бу масалалар кўпчиликни қизиқтиради.

Тўғри, ўтмишни таҳрир қилиб бўлмайди. Чор ҳукумати ёки собиқ совет тузумининг тарихимиздан ўтганини инкор қилмаймиз. Бироқ ўзбек миллатининг, инчунун, Тошкентнинг тарихи ХХ асрдан бошлангани йўқ. Экскурсия мобайнида биргина «1917 йил инқилобидан кейин» деган жумланинг ўзи беш-олти марта такрорланди. Бизнинг тараққиёт йўлимиз «1917 йил инқилобига қадар» ҳамда «инқилобдан кейин» деган даврларга бўлинмайди! Миллат ва давлат сифатидаги теран илдизларимиз олис мозийга бориб тақалади. Ҳар бир ғиштимизда, ҳар бир кўчамиз, ҳар бир манзил-маконимизда бу кўҳна ва барҳаёт илдизларнинг изи бор. Аудиотасмаларга Чорсу атрофида бирзамонлар уй тиклаган хорижликларнинг фамилияларини эмас, ана шуларни муҳрлаш керак. Акс ҳолда, икки қаватли автобусларнинг Троя отидан фарқи қолмайди.

Нега йўл бўйидаги бир бинонинг 1917 йил инқилобига қадар қизлар гимназияси бўлгани ҳақида сайёҳларга батафсил маълумот берамизу, лекин истироҳат боғи қошида «Таниқли шоир ва ёзувчи Абдулла Қодирий номидаги» деган изоҳнинг ўзи билан кифояланиб қўя қоламиз? Шаҳар кўркига кўрк қўшиб турган муҳташам Миллий боғ дарвозасига рўпара бўламизу, «Алишер Навоий номидаги» дейишдан нарига ўтмаймиз?

Аудиотурнинг афзал жиҳатларини рад этиб бўлмайди. Бир вақтнинг ўзида ҳар хил тилда сўзлашувчи одамларга тушунарли; гидлар хизматига эҳтиёж йўқ; маблағ тежаб қолинади…

Лекин юзма-юз, жонли мулоқотга нима етсин! Овоз пардаларидан таралаётган сир, оҳанг, ҳаяжон, иштиёқ, кутилмаган савол-жавоблар, қизиқарли маълумотлар, кайфият — буларнинг барини темир қути ичидан такрорланадиган қуруққина ахборот билан таққослаш тўғри бўлмас.

Қолаверса, йўл ҳаракати доим бир маромда кечмайди, светофор ишламай қолиши, тирбандлик, йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган ҳудудни айланиб ўтиш ва шунга ўхшаш воқеаларга ҳам дуч келиш эҳтимолдан холи эмас. Бундай вазиятларда, дейлик, сиз телеминора қаршисида тўхтаб турган бўлсангиз, қулинг ўргилсин автобус карнайлари Кўкалдош мадрасаси ҳақида гапиради…

Аслини олганда, аудиотурнинг «фонограмма орқали ижро этилади» деган изоҳдан фарқи йўқ, у барибир ҳаётий завқдан мосуво.

Ўз тушунтиришлари ва сўзлари билан мамлакат нуфузини, халқининг обрўсини туширадиган гидларни жазолаш кўзда тутилган қонун муҳокама қилинаётгани ҳақида исроиллик журналист Дэвид Эйделманнинг мақоласини ўқидим. Демак, сайёҳларнинг ташриф буюрган мамлакатидан ўз ватанига қандай таассуротлар, қандай хулосалар билан қайтиши бошқа малакатларда ҳам муҳим масала экан. Гидларсиз ва экскурсоводларсиз саёҳатлар уюштириш ҳақида ўйлаб кўриш керак. Шунинг учун ҳам дунё туризмида гидларнинг чет тилларни сўзлаша олиши, ўз мамлакатининг тарихи, адабиёти, географияси, мусиқаси, тасвирий санъати, меъморчилиги, психологияси, урф-одатларини мукаммал билиши, бундан ташқари олий маълумотли, дунёқараши кенг бўлиши талаб қилинади.

Акс ҳолда, гидсиз автобуслардаги аудиоматнларда Халқаро анжуманлар саройи атрофи қайсидир «буюк рус актрисаси» қорачечакдан вафот этганида жасади олиб ўтилган кўча сифатида таништирилади.

* * *

Шу мавзуда «Маънавий ҳаёт» журналида катта мақолам эълон қилиниб, ўша сонини икки қаватли автобус соҳиблари — «Aznur Travel» компанияси мутасаддиларининг қўлига етказган эдим. Орадан вақт ўтди. Бугун 28 апрел. Яна «Ўзбекистон» меҳмонхонаси олдидаман. Ҳозиргина автобусдан тушдим. Энди хурсандман. Матбуотнинг кучини ҳис қилдим…

Иброҳим Азиз

https://www.xabar.uz/ouc

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *