Эл-юрт отасига тош отганларнинг отаси бўлганмикин?

Бугун Ахборот уруши авжида. Биз унга муносиб жавоб қайтараяпмизми?

  • Автор 
  • Сешанба, 30 Август 2016 12:05

Ислом Каримов Шанба кунидан бошлаб, яъни мамлакатимиз раҳбарининг соғлиғи ҳақида ахборот тарқатилган кундан бошлаб хорижда фаолият юритувчи ахборот манбалари турли ахборотлар тарқатишни авжига чиқарди.

 Улар орасида афсуски холисларидан нохолислари кўпчиликни ташкил этади. Айни ахборот асрида яшар эканмиз хоҳлаймизми йўқми биз ҳам ўз ахборот маконимизни душманлар хужумидан ҳимоялаб, зарур холларда уларга зарба бериб, курашиб яшашга мажбурмиз. Шундай экан бугун савол туғилади: юртимизда оммавий ахборот воситалари ривожланиши учун шунча шароит яратилган бир вақтда бизнинг ахборот манбаларимиз Миллий Ахборот Маконимизни ҳимоя қилишга тайёрми? Аҳолимиз орасида турли ёлғон ахборот тарқалишини олдини олиш имкониятига эгами?

Албатта “Ҳа”, чунки бизда кунига юз минглаб, ҳафтасига миллионлаб ўқувчиларни қамраб оладиган манбаларимиз бор. Уларнинг ижтимоий тармоқларидаги саҳифалари ўқувчилари ҳам ўн мингдан зиёд. Мобил иловалари орқали ахборотларидан мунтазам хабардор бўлишингиз мумкин. Ҳатто мобил операторлардан телефонингизга СМС ҳам жўнатадиганлари бор.

Аммо уларда озроқ Ватанпарварлик етишмайди фикримизча. Нимагадир кўчаларимиздаги автоҳалокатлар ёки турли ёнғинлар, бирор санъаткоримизнинг янги кийимидан тортиб, тўйини қандай ўтказгани ёки шунга ўхшаш бекорчи ахборотлар тарқатишни қойиллатадиган ахборот манбаларимиз айни дамда “оғзига талқон солиб олган”га ўхшайди. Улар гўё бошқа давлатда яшашадигандай. Бўлмаса Юртимиз ва Юртбошимиз ҳақида турли хориж сайтлари, нашрларида тарқатилаётган ёлғон миш-мишларни кенг ёйилишига имкон яратмаган бўлар эди.

Биз шу юртда яшар эканмиз қайси соҳада бўлмайлик қўлимиздан келганча Ватанимизни асраб авайлашимиз лозим. Ватанни фақат ҳарбийлар эмас уни севган ҳар бир инсон ҳимоя қилади. Ўз вақтида бир кунига ярамасак, бошқа кунларда “кўкрагимизга уриб” мақтанишнинг кимга кераги бор.

Тўғри бир гуруҳ Ватанпарвар ёшларимиз ижтимоий тармоқларда имкон қадар ўзининг фикри билан душман ахборотига муносиб жавоб қайтармоқда. Аммо буни етарли деб бўлмайди. Бу денгиздан бир томчи холос.

Шундай экан барча ҳамкасб сайтларимизни айни вақтда “бир ёқадан бош чиқариб” Юртимиз ва Юртбошимиз ҳақидаги ёлғон ахборотларга қарши курашда фаол бўлишга чақирамиз!!!

http://sharh.uz/munosabat/item/8765-axborot-urushi

***

Шу лаҳзада Журфакнинг фахри бўлган собиқ талабамиз, истеъдодли шоир, «Соғлом авлод» газетасининг бош муҳаррири Фахриддин Ҳайитнинг қуйидаги сатрлари юракларга малҳам бўлади:

ФХайит

ҚАДДИНГ БУКИЛМАГАЙДИР

Қурт емаса, бесабаб
олма тўкилмагайдир,
Мўрт бўлмаса, беқасам
тўнинг сўкилмагайдир.
Йўл бермагин қуртларга
япроғингга ўч улар,
Чаман-чаман боғларинг,
тупроғингга ўч улар,
Асра, тоғдек кўксингнинг
чапроғига ўч улар,
Гижинглаб турса отинг
асло йиқилмагайдир,
Бошингни тик тут, Халқим,
қаддинг букилмагайдир.

Беморлик бу оламнинг
оддийгина сабоғи,
Дард чекканда кўринар
чин дўстларнинг салмоғи,
Шерга етса жароҳат,
қувнар чиябўрилар,
Мажруҳ қалби аламдан
ёнади-да гуриллаб.
Иғво қилар оламга
тўнғиз каби “хўр”иллаб,
Яхши бўлса назари
ёмон тикилмагайдир,
Бошингни тик тут, Халқим,
қаддинг букилмагайдир.

Энг бахтиёр халқ эрур,
осмони, юрти тинчлар,
Мустаҳкам бўл, пўлат бўл,
ботмасин тиғ, қиличлар.
бевақт шомга чўкмагай
Ўзбекистон қуёши!
Ғалабага бошламас
беҳудага кўз ёши,
Дуога оч қўлингни
Омон бўлсин, Юртбоши!
Ботир элнинг қароғи
ғафлатга тўлмагайдир,
Бошингни тик тут, Халқим,
қаддинг букилмагайдир!!!

Фахриддин ҲАЙИТ

Вам может также понравиться...

1 комментарий

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *