Президентнинг нутқи мазмундорлиги ва аҳамияти билан алоҳида ажралиб турди. Қисқа бўлишига қарамай, нутқ замонамизнинг энг долзарб мавзуларини қамраб олди: Ўзбекистондаги ислоҳотлар, демократия, инсон ҳуқуқлари, ёшлар масаласи, диний бағрикенглик, халқаро хавфсизлик, минтақавий ҳамкорлик, экология ва ҳоказо.

Давлат раҳбари Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаоллашгани, халқаро алоқалар учун кенг эркинлик яратилгани, мамлакатимизнинг янги қиёфаси шакллантирилаётганини таъкидлади.

Фото: uza.uz

Сессия иштирокчилари Шавкат Мирзиёевнинг нутқини диққат билан тинглади. БМТ каналлари орқали бевосита кузатиб борди. Бош қароргоҳдаги медиа марказда журналистлар ўзларига кўп нарсаларни қайд қилиб борди. Айниқса, Президент Орол денгизи акс эттирилган харитани кўрсатганда ҳамма ўйга толди…

Фото: uza.uz

Шавкат Мирзиёев бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблашини таъкидлади. Буюк алломалар, хусусан, Имом Бухорийнинг ғоят бой меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, маърифий ислом тўғрисидаги таълимотини кенг ёйиш мақсадида Самарқандда Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот маркази, Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилаётганини маълум қилди.

Нутқ якунланганда қарсаклар анча пайтгача тинмади. Сессия раиси, давлат раҳбарлари Президентни табриклади, ўз таассуротларини билдиришга ошиқди.

эрдуган

Масалан, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳали ҳеч бир давлат раҳбари БМТ минбаридан туриб ислом дини қадриятларини бу қадар жасорат билан ҳимоя қилмагани, ҳеч қачон Имом Бухорий номини тилга олмаганини таъкидлади.

Халқаро сиёсий доираларда, оммавий ахборот воситаларида бу тарихий нутққа муносабат билдириш давом этмоқда.