«ЭРКА ОҲУ»ГА АЙЛАНГАН «ЭРКА КИЙИК» ШЕЪРИ

Ушбу мақолани «Ҳуррият» газетасининг 2023 йил 13 сентябрь сонида

ёритган ижодий жамоага самимий миннатдорчилик билдираман.

М ЮсуфФахриддин

Муҳаммад Юсуф ва Фахриддин Умаров ҳаётидан бир лавҳа

 

Газета не-не улуғ сиймоларни кашф этгувчи кўзгудир. Таҳририятларда чархланган қаламкаш ҳаёт чақмоқларини ҳам кашф этавераркан. 1986 йили Қибрай туман газетасида фаолият кўрсатиб юрган кезларим машҳур ҳофиз Фахриддин Умаров қўшни маҳаллада яшашидан хабар топгач, ҳаяжонга тушдим. Афсуски, ўша мустабид тузум даврида таниқли санъаткор ҳақида мақола ёзишга ҳам юрагимиз бетламай турарди. Бош муҳарриримиз Абдуҳамид Фозилов кўнглимдагини сезиб тургандек, «Майли сиз мақола ёза қолинг» деб юборди.

Кўп ўтмай «Қирқ йил санъат гулшани аро» саравҳали мақолам туман газетамизда бир саҳифа бўлиб чиқди. Қўшиқ шинавандалари Фахриддин Умаровни қанчалик соғинганларини газетамиз Тошкент шаҳрида ҳам қўлма-қўл ўқилаётганидан сезиб турардик. Шу-шу, машҳур ҳофиз билан қадрдон бўлиб қолдик. Тез-тез қўнғироқлашиб турардик. Вақти-вақти билан у кишининг хонадонига бориб дилтортар суҳбатларидан баҳраманд бўлардим.

Донишманд ҳофиз адабиёт ва санъат илмини гўё академик даражасида биларди. Суҳбатларини тинглаб, худди жонли қомусни кўриб тургандек ҳис этардим ўзимни.

1993 йили Муҳаммад Юсуф билан “Ўзбекистон овози” газетасида бирга ишлардик. Бир куни шоир акамиз сўраб қолди:

– Сиз Фахриддин Умаров билан қадрдон экансиз-а?

– Худди шундай,– дедим ва улуғ ҳофиз билан бўлган суҳбатларимизни айтиб бердим.

– Фахриддин акани уйига бир йўқлаб борсак қандоқ бўларкин?– Таклиф қилди Муҳаммад ака.

– Жуда яхши бўлади, фақат, аввал ўзлари билан маслаҳатлашай,– дедим ҳаммаси рисоладагидек бўлиши учун.

Фахриддин ака бу таклифни эшитиб хурсанд бўлди:

– Эртага кечки пайт кутаман!..

Таҳририят ишлари поёнига етгач, Муҳаммад Юсуф икковмиз метрога тушдик, сўнгги бекатдан чиқиб автобусга ўтирдик. Ўша пайтлардаги оддий автобус эмасми, ҳар бекатда тўхтаб-тўхтаб, ахийри Қибрайга етиб бордик. Елкасига тўн ташлаб олган Фахриддин ака бизни дарвозаси олдида кутиб оларкан, ўша таниш чеҳрасида табассум ўйнади, минглаб мухлисларини маҳлиё этган қуралай кўзларида ҳам ҳаяжон.

– Э, келинглар, ўзи бугун қаламкашлар билан ошно бўладиган кун экан,– деди хонадон соҳиби эски қадрдонлардек қучоқ очиб кўришаркан.– Боягина сим орқали бир ғазалнавис олим Муҳсин ака Зокиров билан суҳбатлашгандик. Биласизми, баъзи шоир, мунаққидлар ҳам ғазални тушунмайдилар. Ҳеч хотирамдан чиқмайди, ҳазрат Фузулийнинг «Этмасмидим» радифли ғазалидаги битта хатоликни аниқлагунимча уч йил вақт кетган. Адабиётшунос ўртоқларимиз ҳам ёрдам бериша олмаган. Мана, бу жумлага эътибор беринг:

Эй Фузулий, доғи ҳижрон ила ёнмиш кўнглимни,

Лолазор очсайди сайри лолазор этмасмидим.

Мазмун бузилаётгани аён кўриниб турибди-ку?! Қандоқ қилиб ёнган нарса очилиши мумкин? Ёнган нарса ўчишигина мумкин, тўғрими? Бу ғазалга денг, ажойиб бастакоримиз, Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Жабборов куй басталаса-да мен уни ижро этмадим. Куйи қанчалик яхши, ёқимли бўлмасин, сўзидаги сохталик, мантиқсизлик сира тинчлик бермасди. Изланишда давом этдим. Ниҳоят, қай бир китоб жавонидан Фузулийнинг лотин алифбосига ўгирилган ўша ғазали асл нусхаси топилди. Фузулийдек ғазал мулкининг султони бундай хатоликка йўл қўйиши мумкин эмаслигига имоним комил эди! Адашмаган эканман. Мана, шоир асли қандоқ ёзган:

Эй Фузулий, доғи ҳижрон ила ёбмиш кўнглимни,

Лолазор очсайди сайри лолазор этмасмидим.

Афсусланарлиси шундаки, бу ғазални биздан илгари «илиб» кетишган баъзи хонандалар унинг мазмунига заррача эътибор беришмай куйлаб юрдилар…

Баъзи тингловчилар унинг оҳангига ва қолаверса, ўзлари учун хушовоз бўлган хонандаларнинг овозларига маҳлиё бўлиб юришди. Бироқ, кўплаб ҳақиқий қўшиқ шайдолари, зукко кишилар ўша ғазалдаги «пойинтар-сойинтар» иборани ҳазм қилиша олмаганликларига имоним комил.

Остонадаёқ бошланиб кетган суҳбат ҳофиз ижодхонасида давом этди. Ижодхона, дейишимизнинг боиси, шинамгина бу хона соз чалиб, қўшиқ яратишни машқ қиладиган эмас, балки, илм билан шуғулланадиган жойни эслатарди. Китоб жавонида мумтозу давримиз шоирларининг китоблари чиройли терилган. Иш столи устида эса лотин алифбосида чиққан шеърий китоб. Ҳофизнинг шеърларни қайд этиб борадиган қалин дафтари ҳам шундоқ кўриниб турибди.

– Ўзбек алифбоси «қизил империя» даврида икки маротаба қатағон қилиниб, халқимизни кўп фожиаларга гирифтор этди,– деди мунгли оҳангда Фахриддин ака.– Бир жиҳатдан жуда кўплаб маданий, маърифий меросимиздан айрилган бўлсак, иккинчи томондан, у алифбодан бунисига, сўнг тағин бошқасига ўтиш жараёнида анча-мунча нодир асарларимиз ҳалигидақа пойинтар-сойинтар бўлиб қолган…

Дейлик, буюк бобокалонимиз Мир Алишер Навоийнинг «Эй сарвиноз, гулшани боғи малоҳатим» деб бошланадиган машҳур ғазалининг охирги мисралари қуйидагича:

Токи Навоий чекди рақам, иштиёқи ёр,

Шоядки, бўлғай бир куни элга ҳикоятим.

Эътибор беринг, гўё шоир фақат ёр ишқида қалам тебратганга ўхшаб қолган-а? Аслида шундаймикин? Асло! Асл қўлёзмада бундоқ ёзилган:

Токи Навоий чекди рақам, иштиёқи бор,

Шоядки, бўлғай бир куни элга ҳикоятим.

Ана, бу бошқа гап! Навоий, умиди халқдан, келажак авлоддан эканини илтижо қилаётгани аён бўлади-қолади. Ғазал нечоғли чуқур фалсафий маъно кашф этаётганига ҳам имон келтирасиз.

Исёнкор ва жафокаш шоир Машрабнинг элга машҳур ғазаллари ҳамиша қалбимни ўртайди. Афсуски, қатағонлик заҳри унинг ҳам ижодини четлаб ўтмаган. Шоирнинг «Дастингдан» сарлавҳали мураббаъсида шундай сатрлар бор:

Не ғурбатларни чектим чархи бебунёд дастингдин,

Мудом мотамда қолдим, бўлмадим дилшод дастингдин,

Тамоми хонумоним ўлди чун барбод дастингдин,

Қафасдин бўлмадимки қумридек озод дастингдин,

Ҳама обод бўлди, бўлмадим обод дастингдин

Ки мен ҳар қайга борсам, дод этарман, дод дастингдин.

Қаранг, гўё ҳама обод эмишу, биргина шоир обод бўлолмай юрганмиш. Бу гап биринчи қатордаги «чархи бебунёд» деган иборага мутлақо зид-ку?! Хуллас, тағин мумтоз шоирларимизнинг асл қўлёзмаларини ахтардим. Ниҳоят, машрабшунос олимимиз Муҳсин ака Зокировга мурожаат қилдим. Шу фикрларимни айтсам, у кишига ҳам жуда манзур бўлди. Аслида шундай бўлиши керак, дедилар. Сўнг, асл қўлёзмани ахтаришга тушдик. Уни ҳам топишга муваффақ бўлдик. Мана, асл манбада қандоқ ёзилган:

Ҳама барбод бўлди, бўлмадим обод дастингдин…

Бу бошқа гап! Шундайми? Ҳама, яъни, ҳамма барбод бўлса, у ҳолда халқпарвар шоир ҳам ҳеч вақт обод бўлмаслиги аён. Машраб ўз даврида хўб ажойиб фалсафий фикрларини баён этгани равшанлашгандек бўлди…

Муҳаммад Юсуф ўша лаҳзаларда Фахриддин аканинг донишмандона гапларига қанчалик мафтун бўлиб қолганини тасвирлашга қалам ожизлик қилади.

Дилтортар гурунгимиз анча давом этди. (Афсус, ўша пайтларда битта суратга олиб қўйиш ҳам муаммо эди-да…)

Суҳбат асносида Муҳаммад Юсуф битта шеърий тўпламини Фахриддин акага узатди.

Заковатли ҳофиз тўпламни варақлар экан, «Эрка кийик» сарлавҳали шеърни ўқий бошлади. Гоҳо чўзиб, куйга солишга ҳам ҳаракат қилаётгани аён сезилиб турарди. Мана ўша шеър:

Эрка кийик, майлими бир эркаласам,

Мажнун бўлиб саҳроларга еталасам,

Бу дунёда бирдай ғариб мен ҳам, сен ҳам,

Эрка кийик, майлими бир эркаласам?..

Сенинг кўзинг қора, менинг кўзим қора,

Сенинг бағринг яра, менинг бағрим яра,

Бу дунёда сен бечора, мен бечора!..

Эрка кийик, майлими бир эркаласам?..

Шамол эмас, изинг қувиб юрди камон,

Сайёд менинг кулбамни ҳам қилди вайрон.

Сенинг ёнинг, менинг ёним — омонат ён,

Эрка кийик, майлими бир эркаласам?..

Кел, йиғлаймиз биргалашиб янтоқларга,

Саҳроларда қуримаган булоқларга,

Иккаламиз яралганмиз қийноқларга,

Эрка кийик, майлими бир эркаласам?..

Умримизнинг барча йўли, сўқмоғи чўғ,

Чўғдан қўрқма, беюз қўйган қопқондан қўрқ.

Бу дунёда сенга дўст йўқ, менга дўст йўқ,

Эрка кийик, майлими бир эркаласам?..

Соч оқарди, дилдош кутиб кўзим толди,

Юрагимдан тўкилмай не сўз қолди,

Йўл сўнгида, ҳеч бўлмаса ўлим олди,

Эрка кийик, майлими бир эркаласам?..

Шеърни анча-мунча куйга солиб ўқиган Фахриддин ака дафъатан шоирга юзланди-да:

– Муҳаммаджон,– деди ётиғи билан.– Эътибор қилдингизми, «Эрка кийик» дея куйга солганимда тингловчига «Эркак кийик» бўлиб эшитилади. Бу унча яхши таассурот қолдирмайди. Кийик билан оҳу – битта жонивор! Шул боис шеърдаги «кийик»ни «оҳу»га айлантириб берсангиз, қўшиққа жаа мос тушарди-да…

Бу таклифдан Муҳаммад Юсуфнинг чеҳрасида ажиб бир табассум пайдо бўлди, ҳофизнинг таклифига бир сўз билан жавоб берди:

– Маъқул!..

Кўп ўтмасдан Фахриддин Умаров ижросидаги «Эрка оҳу» қўшиғи миллионлаб мухлисларини мафтун этди.

Орадан йиллаб ўтиб бу шеърни севимли хонандамиз Ғиëс Бойтоев ўзгача оҳангларда куйлади.

Шу тариқа бу машҳур шеър миллионлаб шинавандалар қалбига турфа оҳанглар ила қўшиқ бўлиб нақшланди.

***

Муҳаммад Юсуфга Қибрай туман газетасида ёритилган «Қирқ йил санъат гулшани аро» саравҳали мақолам манзур бўлганди. У ўша мақоламни ўз фикрларини билан анча бойитди. Фахриддин ака наинки санъаткорларга, балки, ижод аҳлига ҳам устоз экан, дея мақола сарлавҳасини «Устоз ҳофиз» деб ўзгартирди. Шу тариқа «Ўзбекистон овози» газетасининг 1993 йил 2 март сонида ёритилган мақоламиз мухлисларда катта қизиқиш уйғотди.

Бу мақола Ҳожиакбар Ҳамидов ва Ҳамиджон Тоҳиржоновнинг 2017 йил «Ўзбекистон» нашриёти томонидан 3000 нусхада чоп этилган «Донишманд ҳофиз» тўпламидан ҳам ўрин олган.

***

Кейинчалик ўз соҳалари бўйича юксак мукофот соҳибларига айланган икки улуғ сиймо: Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф ва Ўзбекистон халқ ҳофизи Фахриддин Умаровнинг бу ажиб суҳбати айнан бугунги ёш шоир ва санъаткорлар учун ўзига хос ибрат намунаси ва ижодий маҳорат мактаби бўлиб қолди.

 photo_2023-09-20_10-13-59

Тўлқин ЭШБЕК,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *