Эркин Воҳидовнинг мангу дорилфунуни
Аллома аждодларимиз бир неча фанлар тадқиқоти билан шуғулланганлар.
Айтайлик, тиб илмининг султони дея эътироф этилган Абу Али ибн Сино ё қомусчи олим Умар Хайём муттасил мураккаб фанларни тадқиқ этиш баробарида қанча шеърлар ҳам ёзганлар.
Хўш, бугун ҳам шундай алломалар борми, деган саволга атоқли шоир, олим, драматург, журналист, давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов фаолияти тимсолида мухтасар жавоб топгандек бўламиз.
Баъзи нозиктаъб мунаққидлар Эркин Воҳидовни қанақасига олим, журналист, давлат ва жамоат арбоби деб ҳисоблаш мумкин, деб ҳайрон бўлиши мумкин…
Гап шундаки, унинг шеърий хазинаси умр тарозиси бир палласида турса, иккинчи палласида олим, журналист, давлат ва жамоат арбоблиги залворлироқ бўлиб турса ажабмас.
Олимлиги шундаки, “Сўз латофати” китоби (“Ўзбекистон” нашриёти, 2014 й.) том маънодаги тилшунослик илмининг ёрқин наъмунасидир. Бу китобнинг мазмун-моҳияти, мантиқий қувваи ҳофизаси бир-иккита докторлик диссертациясидан баландроқ туради. Фақат, зерикарли “илмий иш” шаклида эмас, балки ундан аълороқ даражада – илмий-оммабоп шаклида битилган. “Шоиру шеъру шуур: адабий ўйлар” (Ғафур Ғулом номидани Адабиёт ва санъат нашриёти, 1987 й.) китобини ҳеч бир муболағасиз адабиётшунослик илмининг ёрқин намуналаридан бири, дейиш мумкин.
Илмга дахлдорлиги борасидаги ҳужжат керак бўлса, мана, Эркин Воҳидовга Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети фахрий профессори унвони берилган!
Журналистлиги шундаки, 1982 йилда ташкил этилган “Ёшлик” журналининг биринчи Бош муҳаррири – Эркин Воҳидовдир! Устознинг кўп йиллик фаолиятини газета ва журналларсиз тасаввур эта олмайсиз.
Янги босқичга қадам қўйган ЎзМУ Журналистика факультети талабалари бу йилдан эътиборан “Сўз латофати” китобини энг муҳим ўқув-услубий қўлланма сифатида ўқиб-ўрганадилар. Бу китобнинг туб моҳиятини теран ўрганмаган одам журналист ё Ахборот хизмати ходими бўла олмайди!
Сўнгги 30 йил мобайнида яратилган публицистик тўпламлар орасида ҳам Эркин Воҳидовнинг ўта долзарб мавзудаги мақолалар, суҳбатлар, ўйлар билан тўлиб-тошган “Изтироб” китобидек (“Ўзбекистон” нашриёти, 1992 й.) ижодий хазинани топиш қийин. Бу китоб ҳам бўлғуси журналистларимиз учун “маҳорат мактаби” бўлиб хизмат қилади.
Ижтимоий-сиёсий ҳаётда ҳамиша фаол бўлган Эркин Воҳидов қатор йиллар Ўзбекистон Олий Кенгаши Ошкоралик масалалари қўмитаси раиси, Олий Мажлис Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси лавозимларида кўрсатган фаолиятини давлат ва жамоат арбоби сифатида баҳолаш мантиқан тўғри бўлади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкент шаҳрида барпо этилган Адиблар хиёбонида Эркин Воҳидовнинг жозибали ҳайкалига боқсангиз беқиёс адабий, илмий, публицистик мерос қолдирган, инсонийлик бобида ибрат кўрсатиб кетган улуғвор сиймо кўз ўнгингизда намоён бўлади.
Давлатимиз раҳбари ана шундай улуғ зиёлиларимиз ҳаёти ва ижод йўлини чуқурроқ тадқиқ этиш, ўқувчилар ҳамда талабаларга уларнинг тенгсиз маънавий хазинасини кўпроқ етказиш мақсадида ҳар бир олий таълим муассасасига шоиру адибларимиз ижодини батафсил таҳлил, тарғиб ва тавсиф этиш заруратини алоҳида уқтирдилар. Бундан муддао шуки, буюк маърифатпарварларимиз ҳаёт ва ижод йўлини намуна сифатида талаба-ёшлар қалбига жо этиш, уларда Ватанга муҳаббат, халқимизга, миллатга садоқат туйғусини жўш урдириш, пировардида, келгусида шундай сиймоларни камолга етказишдир.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Ўзбекистон Қаҳрамонлари Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Озод Шарафиддиновларнинг адабий, илмий, публицистик меросини тадқиқ этиш, талабаларда улар ижодига янада кўпроқ қизиқиш ва иштиёқ уйғотиш мақсадида алоҳида хонада экспозиция ташкил этилган. Айни шу даргоҳда таҳсил олиб, қаҳрамон даражасига етган бу даҳолар то абад ёшларга ҳар томонлама ибрат мактабидир.
Яқинда Адиблар хиёбонида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов талабаларимизга Эркин Воҳидовнинг шу муаззам ҳайкали илму маърифат, ижоду китобхонлик, элга садоқату ватанпарварликнинг ёрқин тимсоли бўлиб гавдаланганини теран тушунтириб бергани “Ўзбекистон-24” каналида кенг намойиш этилди. Очиғи, шу кўрсатувнинг ўзи талаба-ёшларимиз учун ўзига хос маърифий сабоқ бўлди. Ундан-да улканроқ сабоқ энди бошланади.
ЎзМУда Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов ҳаёти ва ижодига бағишлаб 2020 йил давомида Адиблар хиёбонида ўтказиладиган маданий-маърифий тадбирлари режаси ишлаб чиқилди. Унда университет профессор-ўқитувчилари ва талабаларининг Адиблар хиёбонида доимий равишда ўтказиб турадиган маънавий-маърифий тадбирлари, мушоиралар, китоб тақдимотлари, кўргазмалар, Эркин Воҳидов ҳаёти ва ижодига бағишланган фильмлар намойиши, таниқли ижодкорлар, адабиётшунослар иштирокида “маҳорат дарслари” ташкил этиш, “Китобхон талаба” танловини ўтказиш каби қатор вазифалар белгиланган.
Янги ўқув йилида университетимизда “Эркин Воҳидовнинг адабиёт ва санъатни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси ва унинг миллий маданиятимиздаги аҳамияти”, “Эркин Воҳидов публицистикаси ва муҳаррирлик, ноширлик маҳорати” мавзуларида илмий-амалий конференциялар ўтказиш режалаштирилган.
ЎзМУ фахри ҳисобланмиш қаҳрамон шоир ҳаёти ва ижодий фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильм яратилади.
Эркин Воҳидов ҳаёти ва ижодий фаолиятини ўқувчилар мактабда адабиёт дарсларида ўрганадилар. Улкан миллий қомусимиз – Ўзбекистон Миллий энциклопедияси 2-томи, 505-саҳифаси бутунлай Эркин Воҳидовга бағишлангани айни муддаодир.
XX-асрнинг олтмишинчи йилларида шеърият осмонида чақнаган юлдуздек шоир Эркин Воҳидовнинг таржимаи ҳоли қанчалик “қисқа” бўлса ижодий йўли шу қадар узунки, таърифини ёзаверсак юзлаб саҳифалар етмай қолади. Атоқли ва ардоқли шоирнинг шеърияти беқиёс маънавий воқеликка айланди. Бу воқеликни ўзига хос – Тирик сайёра, дегимиз келади. Бу сайёрада маънавият дарахтлари барқ уриб ўсаверади, мудом гуллайверади, мевалар бераверади.
Тирик сайёра, деб аташимиз боиси, Эркин Воҳидовнинг шеър чашмасидан баҳраманд бўлмаган ўзбек китобхони топилмаса керак. Улуғ шоирнинг бетакрор шеърларидан тенгсиз маънавий лаззат олмаган шеърият ихлосмандини тасаввур этиш қийин. Юртимизда унинг миллион-миллион нусхаларда чоп этилган китоблари кириб бормаган хонадон ё бирор маскан қолмаган бўлса керак.
Айни шу лаҳзаларда ҳам минглаб қўлларда бетимсол китоблар, тилларда қуйма сатрлар, дилларда ўчмас битиклар!.. Ҳар кун, ҳар лаҳзада телевизор, радио, магнитофон, видеоларда машҳур шоир шеърлари, ғазаллари билан айтилаётган ўлмас қўшиқлар!..
Устоз шоирнинг биргина “Тирик сайёралар” шеъри замирида қанча маъно мужассам:
Фазоларнинг қай бурчагига
Фикри билан етадир инсон,
Аммо не бор ўз юрагида
Билмай ўтиб кетадир инсон.
У яшайди тилсимлар аро,
Ҳар кашфиёт янги маррадир.
Унинг ўзи сирли бир дунё,
Дунё эса фақат заррадир.
Аслини олганда севимли шоиримизнинг ҳар бир асарини ўзига хос – Тирик сайёра, деб аташ мумкин. Модомики, одамзоднинг “ўзи сирли бир дунё” бўлса, унинг қаърига йўл топган ҳам, борлигини шеърият нури ила мунаввар этган ҳам Шоир эмасми! “Тонг нафаси”, “Қўшикларим сизга”, “Юрак ва ақл”, “Менинг юлдузим”, “Нидо”, “Лирика”, “Палаткада ёзилган достон”, “Ёшлик девони”, “Чироғбон”, “Достонлар”, “Ҳозирги ёшлар”, “Муҳаббат”, “Тирик сайёралар”, “Бедорлик” каби тўпламлар, “Муҳаббатнома” ва “Садоқатнома” деб номланган сайланмалар ана шу маънавий сайёранинг тириклик дунёсини ташкил этади.
Замон билан ҳамиша ҳамнафас шоир энг долзарб мавзуларда қилган суҳбатлари, адабий ўйлари, ёзган мақолалари “Шоиру шеъру шуур”, “Изтироб” китобларига жамланган.
“Эл ичида яшаб, элнинг орзу-умидлари, курашлари, шодлик ва қайғуларидан четда туриш мумкин эмас”,– дейди мумтоз шоир. Аслида бу улуғвор ғоя Эркин Воҳидов ҳаёти ва ижодининг мазмунидир, десак тўғрироқ бўлар. Зеро, устоз буни назмий сатрларда шундай ифода этгандир:
Эл устозим, мен эсам -толиб!
Суз дурларин термокдир ишим.
Одамларнинг узидан олиб,
Одамларга бермокдир ишим.
Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири, Давлат мукофоти лауреати, «Буюк хизматлари учун» ордени соҳиби Эркин Воҳидов миллионлаб кўнгилларни маънавият, шеърият нурлари ила мунаввар айлаётган Тирик сайёрадир.
Устознинг ҳар бир шеъри, публицистикаси ва суҳбати бугунги ёшлар учун улкан “маҳорат мактаби”дир. У 1984 йили бир суҳбатида шундай ёзган:
“1960 йил. Тошкент Давлат университетининг сўнгги курсида ўқиб турган вақтимда «Шарқ юлдузи»да «Буюк ҳаёт тонги» номли достоним босилди.
Бу ҳодиса ҳаётимда унутилмас янги саҳифа очди. Ўша кунларда «Совет Ўзбекистони»да (ҳозирги “Ўзбекистон овози” газетаси – Т.Э.) шоир Туроб Тўланинг «Шарқ юлдузи»ни варақлаб» мақоласи босилди. Номдор шоир бир студент боланинг илк достонига катта қалб эгасига хос тантилик билан юксак баҳо берди.
Мана бугун орадан кўп йиллар ўтиб хаёл қилсам, «Шарқ юлдузи» — мен учун ҳам бешик, ҳам дорилфунун бўлибди. Шу азиз ва қадрдон журнал саҳифаларида Ғафур Ғуломдан тортиб то Абдулла Ориповгача, Ойбекдан тортиб Ўткир Ҳошимовгача, устозларим, дўстларим ижодидан баҳраманд бўлдим, шу муборак саҳифалар неча авлод ўзбек ижодкорлари қатори менинг тенгдошларим учун ҳам мушоира, мубоҳаса майдони бўлди.
Бугунда «Шарқ юлдузи» «Ёшлик» журнали тимсолида ўзининг — «укасига» эга. Барча ёшларнинг умиди шуки «ука» ҳам «ака»га муносиб, элга севимли журнал бўлади.
Қадрдон журналимиз қутлуғ ёшга тўлган кунда шогирдлик таъзими ва миннатдорлиги билан шундай дегим келади:
— «Шарқ юлдузи» — сен бизнинг кўз тиккан юлдузимизсан. Доимо баланд бўл, доимо ёруғ бўл. Ижод уфқида ҳамиша балқиб тур. Лекин ёш шоир, ёзувчиларга юлдуз қадар йироқ бўлма. Узинг юлдуз бўлсанг ҳам, бағринг осмон, меҳринг офтоб бўлсин”.
Атоқли шоирнинг машҳур “Дорилфунунга” сарлавҳали шеъри ҳам мўътабар даргоҳимизга муносиб туҳфадир:
Яна йигирмага – йигит ёшимга,
Узоқ йиллар ўтиб қайтган бу куним.
Таъзим қилиб келдим сенинг қошингга,
Азизим, мунисим, дорилфунуним.
Недирсан? Олисга ундаган садо,
Ё олис йиллардан чорлаган уним.
Сени соғинаман ва икки дунё,
Сенга интиламан, дорилфунуним.
Болангман, бор ҳали ўзингга ҳамдам,
Шўхлик, эркалигим, андак жунуним.
Ким бўлсам, не бўлсам ва қайда бўлсам,
Сен мени тергаб тур, дорилфунуним.
Ҳаёт бешафқатдир, яшаш мураккаб,
Ёзолмай гоҳ билга чўккан тугуним.
Илтижо қиларман, бедор юракка
Қудрат бер, ёшлигим – дорилфунуним.
Ҳали бу оламга саволим кўпдир,
Хаёлим қушида йўқ лаҳза қўним.
Яна шамчироғинг керак бўлибдир,
Йўлимни ёритгин, дорилфунуним.
Шеъру ишқ, бахт, қувонч – дунё бири кам,
Фақат эътиқодим – танҳо бутуним.
Қалбим тубидаги энг ёруғ нуқтам,
Сенга талпинаман, дорилфунуним.
Эзгулик соғинчи ўртаб кўнглимни,
Бош уриб қошингга келган бу куним –
Сидқимни қабул эт,тарк этма мени,
Азизим, мунисим, дорилфунуним.
Адабий жамоатчиликнинг биллурдек фикрлари ҳар бир мавзуни янада теранроқ ўрганишга ёрдам беради. Атоқли шоир Эркин Воҳидов ижоди ҳақида устозлар фикри ҳам мухлисларда катта қизиқиш уйғотиши шубҳасиз. Таниқли адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов шоир ижоди ҳақида шундай ёзган:
– Эркин Воҳидов изланувчи шоир. У ижодда тайёр ва осон йўллар танламайди, «ёзиш сирини муҳаммал эгаллаб олганман» деб, асарларига маҳлиё бўлиб, ўзига бино қўймайди. Эркин шеъриятининг фазилатларидан яна бири сифатида шуни таъкидлаш керакки, шоир бутун инсоният тақдири ҳақида ўйлар экан, мавҳумиятга берилиб, аниқ ижтимоий меъёрни унутмайди.
Мунаққид олим ва адиб Иброҳим Ғафуров шундай мулоҳазаларини баён этган:
– Эркин Воҳидов замондошимиз. У ўзи билан бирга шеър хазиналарини олиб юради. Унинг билан бирга Навоий юргандек, Фузулий юргандек, Гёте юргандек, Гейне юргандек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Чўлпон юргандек… Уларнинг шеърларини ўз шеърларидек ўқийди. Уларни сўзлатади, тилга киритади – етган ерига шеър хазиналарини етказади, борган ерига шеър хазиналарини етказиб боради. Шеъриятнинг маърифати ва маданияти шу бўлса керак-да!
Атоқли адиб Ўткир Ҳошимов бу мавзуда шундай ёзган:
– Ҳақиқий ижодкор аввал халқ ҳурматини, кейин халқ муҳаббатини, сўнг халқ эътиқодини қозонади. Аслида мана шу уч босқичнинг ҳар биттаси бир умрга тенг. Эркин Воҳидов бу босқичларнинг барчасидан ўтган шоир.
Ҳақиқий асар иккита энг холис ва энг бешафқат ҳакам синовидан ўтмоғи лозим. Биринчиси – Китобхон. Иккинчиси – Вақт. Эркин Воҳидов – асарлари ҳар иккала ҳакам синовидан ўтган шоир.
Серқирра қалам соҳиби бўлган Эркин Воҳидов адабиёт бўстонига кириб келганидан то шу кунгача унинг ижоди ҳақида юзлаб газета-журналларда, турли нашрларда нозиктаъб мунаққиду шеъриятга ташна мухлисларнинг кўплаб мақолалари ёритилган. Бу “анъана” эндиликда ЎзМУда изчил давом эттирилади. Яъни, талабаларимизнинг Эркин Воҳидов ҳаёти ва ижодига бағишлаб ёзган мақолалари вақти-вақти билан тўплам ҳолида нашр этиб борилади.
Бу саъй-ҳаракатларимиз ўз самарасини кўрсатиб, келгусида Эркин Воҳидов каби етук шахсларни камолга етазишга муваффақ бўлсак, муродимиз ҳосил бўлур эди.
Тўлқин ЭШБЕК,
ЎзМУ Журналистика факультети доценти,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Сўнгги фикрлар