Эртаклар оғушида…

Журналистика факультетида таҳсил олган адиба Ҳидоят Олимова ижоди талабаларимиз учун ижодий маҳорат мактабидир, дейди Дониш домла.

буви2

Талабалик ёки шоирга қиёс қилиб, унинг номи билан аташдан завқланардик. Қай биримиз – ўзбекнинг Чехови, бошқамиз – ўзбекнинг Дюмаси бўларди. Аслида, бу ижод бўстонига эндигина қадам қўя бошлаган ёшларнинг ўша буюкларга ҳаваси ифодаси эди. Аммо биз у пайтлар орамизда ўзбекнинг Адерсони улғаётганини билмасдик. Домла – Очил Тоғаевнинг таъбири билан айтган ўзи кичинагина-ю, фамилияси одамни чўчитадиган Ҳидоят Тўрахонова жуда камсуқум, тортинчоқ давраларда кўпам кўзга ташланмайдиган қизча эди.Факультет газетасига чиққан “Хотиралар” шеърини аймаганда у мутлоқ ижоддан йироқдек кўринарди. Фақат тийрак, меҳрли кўзларигина Сизни эътиборсиз қолдирмас, ички туғёнларини ошкор этиб турарди.

Кейинчалик Ҳидоят опа билан талабалик йилларини хотирлаганимизда шундай деган эди.

“Тўлқинжон, талаба бўлгач, атрофимга қарасам аксарият курсдошларим (Абдували Қудбиддин, Абдужалил Хўжамов, Баҳром Рўзимуҳаммад, Сафар Омон, Абдумажид Азимов, Нилуфар…) истеъдодли ёшлар эди. Мактаб даврида ёзган шеър, ҳикояларим уларнинг асарлари олдида жуда арзимас бир нарса бўлди. Ижоддан кўнглим совиб ҳеч нарса ёзолмай қолдим. Тортинчоқлигим боиси ҳам шунда эди-да. Баъзан мени журналистика факультетига муносиб эмассан деб ҳайдаб юбормасайди деб қўрқардим. Мактаб давридаги шижоатим буткул сўнди. Бу ерга адашиб келгандек ҳис қилардим ўзимни. Битирганимда ҳам мендан журналист чиқадими ўзи деб ўйлаб қийналардим. Биринчи иш фаолиятимни Ўзбекистон радиосининг “Адабий – драматик эшиттиришлар Бош муҳарриряти”да бошладим. Усмон Азим, Эркин Усмонов, Абдулҳай Носиров, Эсоной Содиқова каби танилган шоир ва адиблар даврасига тушдим. Мен учун маош олиш куни оғир кун эди. Арзимаган хизматим учун улар билан баравар маош олардим. Таҳририятга фойдам кам эди. Кунларнинг бирида “Дугоналар” радиожурнали “Ижтимоий-сиёсий эшиттиришлар Бош муҳарририяти”га ўтадиган бўлди. Мен ҳам “Дугоналар” журналида ишлаганим учун янги таҳририятга ўтдим. Бу ерда ўз ўрнимни топдим. Кетма-кет янги-янги эшиттиришлар ташкил қилдим. Тажрибали журналист – устоз Саидмурод Тиллахўжаев журналист сифатида шаклланишимга ёрдам берди. Бу ҳалол, тўғрисўз, талабчан, ёшларга ғамхўр инсондан бир умр миннатдорман”.

Ўзбек адабиёти бўстонида ижод қилаётган, асарлари билан адабий жараёнга катта ҳисса қўшаётган истеъдодли адиба ва шоиралар кўп. Бугун Ҳидоят Олимова ана шу ижодкорлардан бири. У асосан эртаклар ёзади. Сўнгги йиларда “Ёшлик”, “Гулистон”, “Ҳидоят”, “Гулхан”, “Ғунча”, “Бошланғич таълим”, “Тарбия”, “Билағон”, “Мактабгача таълим” журналларида, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Маърифат”, “Тонг юлдузи”, “Оила даврасида”, “Оила ва жамият”, “Хабар”, “Сабо”, “Дилдош”, “Ҳаёт”, “Ватанпарвар” каби газеталарида чоп этилган адибанинг ранг-баранг мавзудаги эртаклари ва топишмоқлари ўз мухлисларини топди.

Адибанинг 2-синф дарслигидан “Ажойиб баҳс” эртаги ўрин олган. “Шарқ” нашриёт-матбаа акционерлик компанияси томонидан 2012 йил “Қизил олма” ҳамда 2015 йил “Орзу дарахти” эртаклар тўпламлари, 2015 йил “Академнашр” томонидан яна бир катталар учун ривоятлар тўплами “Ғаройиб ҳукм” китоби нашр этилди.

Айни кунларда ўзбек, рус, инглиз тилларида жамланган эртаклари “Тафаккур” нашриётида бир неча тўплам ҳолида чоп этилиш арафасида турибди. Яна бир нашриётда эса эртак ва топишмоқлар тўплами тайёрланаяпти.

Ёрқин истеъдод соҳибаси Ҳидоят Олимова (Тўрахонова) 1959 йилда Самарқанд вилояти, Пайариқ туманида туғилган. 1978-83 йиллар ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетида таҳсил олган. 1985-2005 йилларда Ўзбекистон телерадиокомпаниясида, сўнгра 2015 йилгача “Соғлом авлод учун” журналида фаолият кўрсатган.

Адиба шу кунгача ёзган юзга яқин эртакларининг асосий қисмини эллик ёшдан ошгандан сўнг ижод қилган. Анъанавий эртакчиликдаги “Бир бор экан…” бошланмасини янгилаш йўлида бир неча бошламалар ижод қилган. Масалан: “Балки бўлган, балки бўлмаган, бўлган бўлса изи қолмаган. Изин излаб ҳеч ким топмаган, эшитган-у, аммо кўрмаган. Ровийларнинг ривояти – бу, чол-у кампир ҳикояти – бу. Билганимча айтаман Сизга. Шундай экан бу қадим қисса”. “Урчуқпари” эртагидан ёки “Бор десам бордай экан, йўқ десам йўқдай экан. Ўзи ҳам ўқдай экан, юриши тўқдай экан, аммо ўзи оч тулки кўрсанг, ундан қоч тулки экан.” ”Мақтанчоқ қуён” эртагидан, “Сиз бўлмаган замонда, биздан олис томонда, яшар экан омонда, аммо кўнгли армонда чоли билан бир кампир, ҳаддан ошган гўл кампир, хуллас гапиргум қисқа, шундоқдир ушбу қисса” “Хўжайин ва хизматкор” эртагидан, “Бор десам бордай, йўқ десам йўқдай экан. Бор деганим бир бой, уйида ботмон буғдой. Йўқ деганим бир йўқсил, ҳатто сигири қисир. Хуллас, биз бўлмаган замонда икки қўшни бўлган экан. Бири айтганимдек ўша бой бўлиб, иккинчиси унинг хизматида сочи оқарган, аммо косаси оқармаган камбағал экан.””Қирқ ямоқ ҳаққи” эртагидан. Ҳидоят Олимова эртакларида бундай бошланмалар анчагина. Катта-ю кичик уларни ўқиганда эртакка қизиқиши ортади.

Биз эртакчи адибага “Бугунги ёш авлод тарбиясида эртак қанчалар муҳим аҳамият касб этади?” деган савол билан мурожаат қилдик ва қуйидагича жавоб олдик:

“Болалар табиатан хаёлпараст бўлишади. Эртак хаёлчан болага тез сингади. Унинг ўй-хаёлларини эзгулик сари етаклайди. Муҳаббат, нафрат туйғуларини тарбиялайди. Мен эртак ёзганда уч нарсага алоҳида урғу бераман. Эртакларим болаларни ҳалолликка, меҳнатсеварликка, меҳр-оқибатли бўлишга чорлаши лозим. Шу уч фазилатга эга инсон атрофга меҳр, нур, гўзаллик улашади. Сеҳр-жоду туфайли эртак қаҳрамонининг мушкули осон бўлиши ёки бойликка эга бўлиши ҳақида ёзишни ёмон кўраман. Аксинча, болалар бошқалар ҳисобидан бойиш оқибатда кулфат келтиришини англаши, меҳнат, тўғрилик билан топилган нарса қадрли бўлишини билишлари лозим. Олтин балиқ ҳақида ўн бешга яқин эртагим бор. Бирортасида эртак қаҳрамони олтин балиқдан туҳфа олиб бойиб кетмаган. Аксинча, олтин балиқ ва қаҳрамон ўртасидаги муносабатлар ҳақиқатни чуқурроқ англашга хизмат қилади. Жажжи эртаклар қадимдан то бугунга қадар улкан тарбия воситаси бўлиб келмоқда. Биргина “Зумрад ва Қиммат” иккинчи номи (“Икки сандиқ”) эртагини ўқиган қизалоқлар Зумраддек меҳрибон ва меҳнаткаш бўлишга қанчалар интилмаган дейсиз. Ёш авлодга эртаклар ёрдамида таълим бериш мумкин. Болаларга мучалларни “Мучаллар базми”, камалак рангларини ”Қалдирғоч, шамол ва камалак” ёки “Етти гўзал ва шаҳзода” эртакларимда ўргатишга ҳаракат қилдим. Баъзи унутилаёзган миллий қадрият ва тушунчаларни ҳам эртакка сингдириб болаларга ўргатиш мумкин. Бунга «Қирқ қатлама”, “Саватбош ва Илонбош”, “ Қора маржон” каби эртакларим мисол бўла олади. Улар бир умр боланинг ёдида қолади”.

Ҳидоят Олимованинг эртакларини ўқир экансиз, гўё қадимий эртакларни ўқиётгандек бўласиз. Қадимий эртакларга ҳамоҳанг жаранглайди. Агар муаллифни айтмасдан ўзбек халқ эртакларидан бири десалар шубҳа қилмасдан ишонасиз. Бу эртакларда техника, компютер, уяли алоқа, замонавий фантастика элементларини кўрмайсиз. Тили ҳам халқона, содда, тушунарли, оҳангдор. Бири-бирини такрорламайдиган ранг-баранг эртаклар оламига кирасиз. Ажойиб ва ғаройиб ҳодисалар, қаҳрамонларнинг турлича тақдири ҳақидаги ҳикоялар Сизни асло зериктирмайди. Улардан бир олам завқ оласиз.

Сарлавҳа – асарнинг ярми, деган таъриф бежиз айтилмаган. Айрим асарлар сарлавҳаси замирида унинг бутун моҳияти акс этиб туради. Изланувчан адиба ҳам эртакларига шунчаки сарлавҳа қўймайди. Аксарият сарлавҳалари эртакларининг асосий мавзуини ошкор этиб турганини ўқувчилар осонгина пайқаб оладилар. Шу ўринда баъзи эртаклардаги сарлавҳаларга эътибор беринг. “Қирқ қатлама”, “Жала ёққан кун”, “Олтин дастурхон”, “Сеҳрли олтин тароқ”, “Фаришта ва саришта”, “Мучаллар базми”, “Ором қасрига саёҳат”, “Қирқ ямоқ ҳаққи”, “Тўртинчи дарвеш”, “Олтин қармоқ”, “Дарё девининг туҳфаси”, “Деҳқон ва Жин” ва ҳоказо.

Бу сарлавҳалар ортиқча таърифга муҳтож эмас. Назаримда сарлавҳаларни ўқиб сиз ҳам эртакларга қизиқиб қолдингиз.

Адиба эртак ёзишни ўз бурчи деб билади ва шундай деб ёзади.

Болам Сизга арзим бор.

Эртак деган қарзим бор.

Арзимни айтай Сизга –

Зукко ўғилу-қизга.

Бўлган экан дейишар,

Бўлмаган деб тонишар,

Бўлса бўлиб ўтгандир

Неча тонглар отгандир.

Хуллас, бошладим эртак

Унда жам орзу тилак…

Ҳидоят Олимованинг эртак ва ривоятлари ҳақида кўп гапиришимиз мумкин. Ундаги ғоялар, фикрлар, ёзувчининг тили ва услуби тўғрисида баҳс юритишни яхшиси адабиётшунос олимлар ҳукмига ҳавола этганимиз маъқул деб ўйлайман.

Тўлқин ЭШБЕК,

филология фанлари номзоди, доцент.

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *