«Эшакли кутубхоначи» ибрати
Эшакдек ақлли жонивор ҳам маърифатга хизмат қилибди ва ҳайкалга
шерик бўлибди! Маърифатдан йироқ, маънавияти паст кимсаларгина жонивор Эшакни камситиб гапиради, дейди Дониш домла.
«ЭШАКЛИ КУТУБХОНАЧИ» ИБРАТИ
Немис халқининг буюк шоири ва файласуфи Гёте «Мутолаа – кучли санъатдир» деган эди. Бу санъатни эгалламоқ кишидан кучли ақл ва олий тоифадаги фаросатни талаб этади, айниқса, онгимизни турли хил сериаллар, кинофильмлар, концертлар ва шоулар тинимсиз «бомбардимон» этиб турган бир даврда.
Маъно-мантиқсиз фильмлардаги кадрлардан, санъатни оёқости қилаётган куй-қўшиқлардан, бепарда қизиқчиликлардан енгил завқ олишга ўрганган, мияси дангасаликка мойил кишиларни мутолаага жалб қилиш осон эмас. Бу вазифа кишидан катта фидойиликни талаб этади. Айни масаладаги фидойилик ҳақида гап кетганида, қардош Туркияда «Эшакли кутубхоначи» номи билан машҳур бўлган Мустафо Гўзалкўз ибрати ёдимга келаверади. Бу гўзал қалбли инсоннинг ибратли ҳаёти, миллатидан қатъи назар, зиё истаган барча инсонлар учун намуна ва ибрат бўларлидир.
Ўшанда 1943 йил эди. У вақтларда ёш йигит бўлган Мустафо Гўзалкўз Навшаҳар провинциясининг Ўргуп шаҳридаги «Таҳсин оға» номли катта кутубхонага кутубхоначи этиб тайинланади. Болалигидан мутолаага меҳр қўйган Мустафо ҳаяжон билан бир кун кутар, икки кун кутар, беш кун кутар, кутубхонага келгувчи йўқ. Кутубхоначимиз атрофдаги дўконларга, ҳунармандларнинг устахоналарига кириб, у ердагиларни мутолаага даъват қилар, «Ахир шунча нодир китоблар чанг босиб ётибди, ўқимаслик айб! Келинг, озгина вақт ажратинг, ўқинг, икки дунё саодатини топарсиз», дер, аммо одамлар унга қулоқ осмаслар. «Биз китоб ўқиб ўтирсак, болаларимизни ким боқади? Тирикчилик нима бўлади? Китоб ўқиш — ташвиши йўқларнинг иши», дерлар…
Мустафо ҳокимиятдаги маъмурларга аҳволни билдирганида, улар:
— Эй, нима қиласан бошингни оғритиб?! Жойингда тинчгина ўтиравермайсанми?! Маошингни вақтида олаётган бўлсанг, шинамгина, сокингина иш жойинг бўлса, сенга яна нима керак? Нима, кутубхонага одамлар келса, маошинг ортиб қолармиди?! У кутубхонага неча йиллардан бери биров бориб, китоб олмайди. Сен беҳудага жон куйдирма, бизларгаям ташвиш орттирма. Ўқиш-ўқимаслик – шахсий масала. Керак бўлса, ўқишсин. Ўқишмаса, садқаи сар! – дерлар.
23 ёшли кутубхоначи бу гаплардан оғриниб, одамларни мутолаага жалб этиш йўлларини излай бошлади. Ҳар даврда бўлгани каби, у даврдаги ўз ишига совуққон, кибрли амалдорларнинг қабулига кириш ва улардан амалий ёрдам олиш ҳам осон иш эмас эди.
Мустафо ўзи жаҳд қилган иш ҳақида рафиқасига сўйлаганида, аёлнинг ҳайрати ортар:
— Телба бўлибсиз! Бу бўладиган иш эмас. Ҳеч натижа чиқаролмайсиз, — дерди. Аммо Мустафо ўз қарорида собит қолди. У тунд юзли, кибрли, чиройли бўйинбоғ тақиб, кабинетда сигарета бурқситиб ўтиришни қойиллатадиган, «Бизга ислоҳотлар керак эмас, тинчгина маошимизни олиб юрсак бўлди» деган фикрда бўлгани учун ҳам халққа икки пуллик фойдаси тегмайдиган амалдорларнинг қабулига қатнай-қатнай, ўзига битта эшак ажратиб берилишига эришди. Кейин ҳар бирига юзтадан китоб сиғадиган иккита сандиқ ясаттириб, сандиқларнинг устига «Сайёр кутубхона хизмати» дея ёздирди. Кутубхона эшигига «Иш куни: душанба ва жума» деб ёздирди-да, ўзи сандиқларни китобларга тўлдириб, қишлоқма-қишлоқ кеза бошлади. Мустафо ўзини қизиқиш ва ҳайрат билан қаршилаётган қишлоқ одамларини бир жойга тўплар, уларга сандиғидаги китобларни шарҳлаб берар экан:
— Бу китобларни сизларга ўқиш учун ташлаб кетаман. Роппа-роса ўн беш кундан сўнг уларни олгани келаман ва ўрнига бошқа китоблар келтираман. Сизлар эса ўқиган китобларингиздан олган таассуротларингизни мен билан ўртоқлашасизлар, — дерди.
Жонкуяр кутубхоначи шу тахлит ўнлаб қишлоқларни кезиб, китоб ва мутолаа тарғиби билан шуғулланди. Унинг овозаси узоқ-узоқларга тарқалди. Қишлоқ одамлари, айниқса, болалар Мустафонинг ташрифини илҳақ бўлиб кутишар, унинг турли асарлар ҳақида берадиган маълумотларини, китоблардаги воқеаларнинг қисқача баёнини жон қулоқлари билан тинглашар, ўзлари ўқиган асарлардан олган таассуротларини сўзлаб беришар ва яна янги китоблар олишга ошиқишарди. Мустафо Гўзалкўзнинг саъй-ҳаракатлари туфайли Кападокиянинг чекка қишлоқларидаги бир неча юзлаб одамлар турк ва чет эл адабиётининг нодир асарларини ўқиб, мағзини уқиш бахтига муяссар бўлдилар.
Емишини оқлаган эшак,
Ишончни оқламаган амалдорлар…
Давлат маъмурлари шинам кабинетларда ҳеч бир амалий иш қилмай, беҳуда қоғозбозлик билан кунни кеч қилиб, маош олаётган бир пайтда Мустафонинг Юксал лақабли эшаги эгаси билан биргаликда ёзнинг жазирамасида ҳам, қишнинг қаҳратонида ҳам устига икки юзталаб китоб ортилган ҳолда, қишлоқма-қишлоқ зиё тарқатиб, еган ем-хашагини ортиғи билан оқларди…
Орадан вақтлар ўтиб, одамлар Мустафо бошқарадиган кутубхонага ҳам кела бошладилар. Кутубхоначимиз бундан беҳад хурсанд бўлган бўлса-да, қиз-аёлларнинг кутубхонага келмаётгани кўнглини хижил қиларди.
— Ахир қиз-аёллар — келажак авлод тарбиячилари. Келажак авлод тақдирини китоб ўқимайдиган оналар қўлига топшириб бўладими?! – дея куйинарди у рафиқасига.
— Уларнинг аксарияти тикиш-бичиш билан шуғулланишади, — деди рафиқаси бир куни. – Асосан қўлда тикадилар, шунинг учун ҳам китоб ўқишга вақт орттиришлари қийин…
Мустафо Гўзалкўз ўйлай-ўйлай, тикув машиналари ишлаб чиқарувчи компаниялар – «Зенит» ва «Зингер»га мактуб йўллади. Мактубда қишлоқлардаги аҳволни, ўзининг фаолият йўналишини ва мақсадларини баён қилар экан, «Агар бизга тикув машиналарингиздан ҳадя қилсангиз, компаниянгизнинг номини кутубхонамизнинг пештоқига ёзиб қўямиз, одамларимиз сизларнинг бу яхшилигингизни умрбод унутишмайди» деди. Соддагина кутубхоначининг бу самимий сўзлари катта компания эгаларини таъсирлантирмай қолмади: «Зенит» компанияси тўққиз дона, «Зингер» компанияси бир дона сўнгги русумдаги тикув машинасини ҳадя сифатида йўллади (айтишларича, айни шу ҳадя бу компанияларнинг илк ҳомийлик иши бўлган экан).
Мустафонинг кутубхонага тикув машиналари келтиришдан мақсад-муддаоси нима эканини англаб тургандирсиз? Ҳа, адашмадингиз. Кутубхоначимиз ҳафтанинг ҳар сешанба кунини «Кутубхонада аёллар куни» деб эълон қилди. У жорий этган тартибга кўра, шу куни кутубхонага келган аёллар тикув машиналаридан бир неча соат фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлардилар, фақат… ҳар ҳафтада биттадан китоб ўқиш ва ўқиганларидан олган таассуротларини бошқаларга айтиб бериш шарти билан. Натижа Мустафо ўйлаганидан ҳам зиёда бўлди: сешанба кунлари кутубхона атрофдаги маҳаллалар ва яқин қишлоқлардан келган қиз-жувонлар билан тўлиб-тошар, тикув машинаси ўн донагина бўлгани учун, турнақатор навбат ҳосил бўлар ва аёллар ана шу навбат кутиш асносида ҳам китоб ўқишарди. Уларнинг орасида саводсиз, ўқиш-ёзишни билмайдиганлари ҳам кўп эди. Мустафо рафиқаси билан биргаликда бундай аёлларга китобларни овоз чиқариб ўқиб беришар, уларни тинглаган асарлари ҳақида фикр билдиришга ундашар, шу тариқа бу аёлларда илм олишга, мутолаага ва муомала маданиятини шакллантиришга иштиёқ ва рағбат уйғотишарди. Бу аёлларда ўқиш-ёзишни ўрганишга бўлган истак кучайганини кўрган кутубхоначимиз ҳафтанинг бир кунини «Кутубхонада сабоқ куни» дея эълон қилди ва хоҳловчилар учун ўқиш-ёзишни ўргатадиган курслар ташкил этди. Бу курсларда юзлаб қиз-аёллар савод чиқардилар. Кутубхоначи Мустафо шу билангина чекланмади. Гилам тўқишга оид энг мукаммал ёзилган қўлланмаларни топиб, уларни ўзи ўқиб-ўрганди ва аёлларга янгича услубда гилам тўқишни босқичма-босқич ўргатувчи курслар ҳам ташкил қилди. Бу курсларни тамомлаган аёллар ўз қишлоқларига бориб, гилам тўқишнинг янги технологияларини бошқа қиз-аёлларга ҳам ўргата бошладилар. Натижада, ҳудудда гиламчилик шаклланиб, тез орада марказий бозорларга қўлда тўқилган, юқори сифатли гиламлар юборила бошланди.
Халқ орасида кутубхоначи Мустафо Гўзалкўзнинг обрўси ва шуҳрати кундан-кунга ошиб борарди. Бундан хушланмаган амалдор маъмурлар «Кутубхоначи Гўзалкўз давлат белгилаган маошдан қониқмай, пул дардида қишлоқ одамларининг бошини айлантиряпти», дея юқори органларга шикоят хати йўлладилар. Шикоят хати юзасидан келган текширувчилар кутубхоначимизнинг фаолиятидан бирор айб ёки хато тополмадилар, чунки бу фидойи инсон ҳеч бир меҳнати учун ҳеч кимдан бир тийин ҳам ҳақ олмасди, фақат ойлик маош билангина рўзғор тебратарди. Ҳар қандай янгилик ёки фойдали фаолиятни ўзлари учун «ортиқча бошоғриғи» деб биладиган амалдор тўралар бу билан тинчимадилар. Нима қилишди, қандай йўл тутишди, билмадик, лекин ҳарқалай халқпарвар кутубхоначи ҳақида судда даъво очишга эришдилар. Суд «Кутубхоначи Мустафо Гўзалкўз ўз ваколати доирасидан ташқарида, расмий рухсатсиз фаолият юритган», деган айблов билан эллик ёшга етган кутубхоначимизни мажбурий равишда нафақага чиқариш ва фаолиятларининг барчасини тўхтатиш ҳақида қарор чиқарди.
Мустафо Гўзалкўз Кападокиянинг барча шаҳар ва қишлоқларидаги катта ёшли кишилар орасида «Эшакли кутубхоначи», ёшлари орасида эса «Кутубхоначи Мустафо амаки» номи билан афсона бўлди, фаолияти тилларда достон бўлди.
У 2005 йилда 85 ёшида вафот этди. Чин маънода зиё тарқатган бу инсонга юзлаб кишилар аза тутдилар. Келажак авлодлар бу эзгу ниятли, фидойи, жонкуяр инсонни унутмасин дея, Навшаҳар провинциясининг Ўргуп шаҳарчасида кутубхоначи Мустафо Гўзалкўз ва эшагининг ҳайкалини барпо этдилар.
У ҳудуддан шу кунга қадар неча-неча ҳокимлар, амалдорлар, депутатлар, сиёсатчилар ўтди. Эл-халқ уларнинг номини билса-билади, эсласа-эслайди, бўлмаса йўқ. Аммо кутубхоначи Мустафо Гўзалкўз ва унинг қишлоқларга қишин-ёзин китоб ташиган Юксал лақабли эшаги ҳақида бутун мамлакат билади.
Сўнгги фикрлар