Эътиқод имтиҳони
Маҳорат мактаби — бўлғуси ижодкорларга маънавий қанот бахш этади.
ЎзМУ Журналистика факультети талабалари шу даргоҳдан етишиб чиққан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири, Устоз Сирожиддин Саййид ижоди ва жўшқин фаолиятидан ибрат олишга интиладилар. Устоз Журфакда ўз маҳорат мактабини ташкил этиб, ўтган йили кўплаб китобларини туҳфа этди.
Устознинг қуйидаги мақоласи ҳам бўлғуси журналистлар учун ижодий сабоқдир, дейди Дониш домла.
ЭЪТИҚОД ИМТИҲОНИ
“Коронавирус пандемияси бутун инсоният учун Яратганнинг берган бир синовидир…”
“Хотиржам бўлиш хиёнат ҳисобланади”.
“Қаттиққўллик. Интизом. Тартиб”.
“Вазиятни жиловлаб олмасак агар…”
“Ўзимизни ўзимиз асрамасак, ҳеч ким келиб бизни асрамайди…”
Президент мурожаатларидан олинган бу иқтибосларни мен маърузанинг шиддати ва суръатига мос тарзда улгургунимча ёзиб борганим – дафтаримдаги мисоллардан танладим. Даврнинг, синовли кунларнинг шашти-шиддати шундай. Ҳар бир иқтибосга дунёнинг исталган шаҳридаги телеминораларни ундов белгиси қилиб қўйса арзийди. Вазият шундай, дунё мамлакатлари бошига тушган оламшумул ғам-ташвишнинг кўлами ва миқёси шуни тақозо этади.
Салкам саккиз миллиард кишига яқинлашиб қолган Ер юзи аҳолисини оғир ташвишга солиб қўйган умумбашарий бу офат-бало ўттиз тўрт миллионлик бизнинг халқимизни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Мана-ман деган давлатлару мамлакатлар сурункали хуружига бас келолмай, саросимага тушиб қолганини ҳар кун, ҳар соатда кўриб-кузатиб турибмиз. Ҳар кун, ҳар соатда дунёнинг турли минтақалари, пойтахтларию мегаполисларидан келаётган нохуш хабарлар ва албатта… хуш хабарлардан кўнглимиз алағда ва умидвор. Умидворлик бир зум бўлса-да ҳеч биримизни тарк этгани йўқ. Мушфиқ оналаримиз туну кун дуода, оталаримиз кечасию кундузи такбир қайтариб, дуо қилмоқдалар: “Элу юртимизни тинч қил, балою қазолардан Ўзинг асра!..”
“Гапдан гапнинг фарқи бор, етмиш икки нархи бор”, дейилади халқ мақолида. Гап “сўз” ҳақида кетганда эса, гапга чечан, сўзга сахий халқ негадир “нарх”ни тушириб айтади: “Сўздан сўзнинг фарқи бор, ўттиз икки нархи бор.” Иккиланиб, ўйланиб ҳам қоласиз: Бу ўринда гап “сўз” нархи ҳақида кетяптими ёки одамзотнинг ўттиз икки тиши, яъни “гап чайнаш” хусусиятига нозик ишора борми?..
Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб” асарида келтирилган “Оғизға келганин демак ‒ нодон иши ва олдиға келганин емак ҳайвон иши” деган маълум ва машҳур танбеҳлари бор. Улуғ бобомиз шу икки оғизгина ҳикматда одамзот тақдири, бани башар авлодини ҳалокат ва залолатга элтувчи бор-йўғи икки асосий жиҳати ҳақида ўзларига хос валиёна донишмандлик билан айтиб қўйгандай. Дарҳақиқат, оғзига келган ҳар бало керак-нокерак гапни деганию, олдига келган ҳар нимаики бало бўлса егани боис ‒ баднафс-бадхўрлигию бадбин ва бадгўлиги учун ҳам эҳтимол одамзод бугун ўзини ўзи шу жазою қазоларга гирифтор қилгандир?
Аллома зотлар “ичиндагини ичиндаги билади” деганларидай, Яратганнинг амрисиз бу ёруғ дунёда бир зирапча ҳам бандасининг бармоғига бежиз-бесабаб кирмас экан.
Вирус зирапчадан ҳам кичик, заррадан ҳам заррароқ, сўзчи шоиримиз айтганидай, гарддаккина, яъни гарднинг ҳам гардчаси, ғуборгинаси. Афсуски, уни замбараклар билан ўққа тутиб бўлмас экан-да! Атомлар билан ҳам таг-томиригача қуритиб бўлмаслигига ўша “бомбали давлатлар”нинг ўзи бу “тождор”нинг қаршисида титраб-типирчилаб ночору нотавон қолганини аҳли олам кўрди, ишонч ҳосил қилди. Шу кунларда ҳам айни шу нохуш манзараларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз.
Хорижий телеканалларнинг бирида дунёнинг бугунги авзойини шарҳлаётган машҳур журналист ўз фикр-мулоҳазаларига ўзича ўкинч аралаш кинояомуз якун ясади: атом бомбалари, ракеталар, баҳайбат кемалару ҳарбий самолётлар, таҳдидлару тазйиқлар бирлаштиролмаган бутун оламни ‒ бир-бирига дўст ҳам душман, ошно ҳам етти ёт мамлакатларни биттагина, заррагина бир вирус бир пасда бирлаштириб, ҳамдард ва ҳамжиҳат қилди-қўйди!
Демак, бутун инсоният учун биргина нажот ва халос йўли қолганини инсониятнинг ўзи ўз жонидан ўткариб, ҳис қилиб, имон келтириб турибди: ИНСОНИЙЛИК. Инсонпарварлик. Меҳру оқибат. Тотувлик ва аҳиллик. Бирдамлик ва ҳамжиҳатлик…
Одамийлик ва маърифат унинг толе ва саодат йўлини ёритгувчи порлоқ ва мунаввар машъалалари бўлмоғи керак…
Шу кеча-кундузда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг интернет сайти, фейсбук саҳифасию телеграм каналида азиз устозларимиз Эркин Воҳидовнинг “Инсон” қасидаси, Абдулла Ориповнинг “Она сайёра” шеърлари энг кўп ўқилаётган назмий асарлар сифатида бугунги синовли кунларнинг хонанишин ва оилапарвар ўқувчилари ‒ кексаю ёш элдошларимиз қалбини жунбушга келтираётганини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Буни қарангки, салкам эллик йиллар аввал битилган назм дурдоналарида ҳар икки устозимиз ҳам ‒ Эркин ака “тождор ўзинг” деб, Абдулла ака эса “коинот гултожи” деб улуғлаган энг азиз ва мўътабар хилқат инсон сиймоси бўлиб турибди. Шу юксак ва шарафли мақомни асраб қолмоғимиз учун эса ‒ ҳар биримиз масъул ва жавобгармиз, азиз биродарлар. Миллат жипслиги ‒ энг аввало диллар жипслиги, ниятлар, умидлар жипслигидир. “Дунё бу ‒ уч дарахтнинг соясидир” дейилган экан ҳадисларда. Ўзимизни учинчи дарахтнинг соясида тургандай ҳис этайлик. Азиз устозларни эсладик. Эркин акада худди бугун тонг саҳарда ёзилгандай бир сатр бор экан: “Бу кунлар эътиқодда имтиҳон бўлса ажаб эрмас…” Шу эътиқодимизни бекорчи гап-сўзларга сарфламасдан, боламизга китоб ўқиб берайлик. Ҳеч бўлмаганда, Қодирийлар, Чўлпонлару Фитратлар нима учун зиндонларда ўтирганини ўғил-қизимизга тушунтирайлик, юрак-юрагига, жон-жонига жойлайлик. Қайта-қайта уқтирайлик, қайта-қайта тушунтирайлик. Ҳеч бир зурёд маърифатсиз дунёга келмайди дейилган муқаддас китобларда. Илоҳий маърифати билан Оллоҳ бизга берган фарзандларимиз тақдири-келажаги, таълим-тарбияси, тинчи ва саломатлиги учун, то улар олтмиш ёшга етгунга қадар ҳаммамиз, ҳар биримиз масъулмиз, жавобгармиз. Огоҳлик бонгидай садо бераётган бу даъваткор сўзларни юрт эгаси, давлат раҳбари элга, элдошларимизга қарата такрор ва такрор таъкидлаётганининг боиси не ‒ ҳеч ўйладикми? Бир отадай, бир фарзанд янглиғ ташвишга-хавотирга тушдикми?
Бир тандирининг атрофида минг бир жаҳон жойлашган, бир нонининг теграсида икки юз минг зор етимга меҳр бериб тўйдирган бағрикенг ва меҳрпарвар халқмиз биз. Ер юзини ҳадис ва ҳикмат билан нурафшон этган миллат эканлигимизни унутмайлик, азиз элдошлар.
Улуғвор мамлакатнинг шижоатли Раҳнамоси бу синовларни ҳам матонат билан енгиб ўтамиз, дея қатъий ишонч билан Сизга, бизга мурожаат қиларкан, энг аввало шу олиймақом ишончга муносиб бўлайлик, муносиб ишлар қилайлик. Бунинг учун, ўзимизни ўзимиз имтиҳон қилайлик, ўзимизга ўзимиз баҳо берайлик. “Ўткан кунлар”ни яна бир карра (балки тўртинчи бор бўлар) жиддий ўқиб чиқиш фойдадан холи бўлмайди… Ва… Тошкентдан олисроқда, шундоқ Олмаота устидаги жанггоҳда роман қаҳрамони бўлмиш бек йигит Отабек эмас, қатағоннинг қабоҳатли тунида “беш грамм” қўрғошин билан “мукофотланган” ном-нишонсиз адиб, миллат ёзувчиси Абдулла Қодирийнинг ўзи қурбон бўлганини дафъатан билиб, англаб оласиз… Нима учунлигини айтиш эса сизга ҳавола…
Сирожиддин САЙЙИД,
Ўзбекистон халқ шоири
«Янги Ўзбекистон» газетасининг 2020 йил 10 апрел кунги сонидан олинди.
Сўнгги фикрлар