Ютуқ кимники? (ҳажвия)

Интернетга михланиб қолган ўғлимдан хавотирга туша бошладим…

Асалга ёпишиб қолган пашшага ўхшаб шу савил қолгурга эрта-ю кеч мунча тикилмаса?! Ундан кўра китоб ўқи, дарсингни қил, майли, шахмат-шашка ўйна!

  Ахир, чўғ тўла тандирдан ҳовур чиқиб тургани каби компьютердан қанча нур таралаётганига наҳот бефарқ қарасак. Кўзига зиёни бўлмасмикин? Асаб толалари, соғлигига-чи?

Қаттиқроқ назорат қилмасам бўлмайдиганга ўхшайди. Ярим тунда хонасига шартта бостириб кирдим-да таҳдидли оҳангда сўрадим:

– Нима қиляпсан?

Тирранча нур пуркаб турган экрандан кўзини узмасдан бамайлихотир жавоб қайтарди:

– Нарда ўйнавотман…

Юрагим шув-в этди. Нима бало, эси оғиб қолганми бунинг? Компьютерда нарда ўйнайдими одам деган? Ана, столимда катта нарда турибди-ку. Ўзим билан ўйнаса бўлмайдими?!

Имкон қадар ўзимни босиб, сўрадим:

– Ким билан ўйнаяпсан?

Биламан, ҳозир у компьютердаги нардани кўрсатиб қойил қолдирмоқчи бўлади. Булар шунақа, ёши катталар кўп нарсани тушунмайди, деб хомтама бўлишади… Барибир, хатосини тушунтираман. Нарда ўйнагинг келса, марҳамат, дейман. Жилла қуриса, кўзингнинг нури завол кўрмайди, дейман.

Ўғлим бўлса экранга ишора қилиб қўйганча ўйинини давом эттираверди.

Тишни тишга қўйиб, секин қарасам, чиндан ҳам ғаройиб ўйин кетяпти. Экраннинг нурига нур бахшида этганча бир четда қандайдир соҳибжамол жилва қилиб турибди! Камондек қошлари, қуралай кўзлари, елкаларини сийпалаб турган сочлари, хушбичимгина юзига қарамайман десанг ҳам кўз қурғур…

Ҳайрат ичра боқаётганимни сезиб ўғлим изоҳ берди:

– Ана шу қиз билан ўйнаяпман.

– Ким у?– Бошимни қашлаб қолдим. Ўғлимнинг рақибаси менга ҳам нозланиб қўйгандек туюлди!.. Беихтиёр саволимни қайтардим.– Ким экан?

– Роус исмли қиз,– жавоб қайтарди ўғлим бамайлихотир.– Инглиз бўлса керак…

– Роус? Инглиз?!– Капалагим учиб кетди.– Қаерда ўтирибди у англичанка? (Инглиз хонимчаларини шунақа дейиш тилимизга “ўрнашиб” қолган…)

– Билмадим,– деди ўғлим елка қисиб.– Англиядами, АҚШдами, Канада ё Мексикадами… Балки, уммон давлатларидадир. Инглизлар кўп жойда яшайди-ку…

Кўз олдим жимирлаб кетди. Ўғлим айтган мамлакатларни хаёлан айланиб чиқдим. Харитада чексиз Тинч уммони ичра нуқта-нуқта бўлиб кўринадиган оролчалардан бирида ўтирган бўлса-я бу ҳурилиқо? Балки Америкадаги энг ҳашаматли бинода бир қўли билан кофе ичиб ўйнаётгандир? Лондонда ёки ундан сал наридаги (биздаги Қибрайга ўхшаш) бошқа шаҳарчасидамикин? Тасаввур қилган саринг юрак ўйноғи бўлиб қолай дейсан…

Бу қиз (ёки унга ҳам “интернетдан кўзингни уз!”, дея дўқ қилаётган ота-онаси) бизнинг Эрбекжон қаерда ўтирганини билармикин? Ўзбекистон деган жаннатмакон давлат кўз олдидан ўтаётганмикин? Балки, айнан бизнинг Қибрайни ўзларича тасаввур қилишаётгандир?

Эҳ, дарвоқе, ўғлим тушмагур ўзига “замонавий” от қўйиб интернетдаги сурати тагига “Эдик” деб ёзиб қўйган… Курраи заминнинг қай бир бурчидан туриб ўғлим билан мулоқотга киришганлар Эдикни қайси миллатга мансуб деб ўйлашаркин? Ўзбеклар тугул Марказий Осиёда ҳам бунақа исм бўлмаса керак…

Эҳтимол, ўша Роуснинг ҳам асли исми бошқачароқдир? Балки Раисадир? Дунёнинг номаълум бурчагида эмас, Қибрайнинг ўзида – қўшни уйлардан бирида “қулоғимизга лағмон илиб” ўтиргандир?! Ахир, ўзимизнинг ҳозирги Раисалар ҳеч бир Роусдан қолишмайди-ку!

Уни-буни қўйинг, ўша ҳурилиқо ким ва қаерлик бўлишидан қатъи назар у ҳозир бизнинг меҳмон! Уйимиз тўрида – компьютердан мўралаб ўтирибди!

Роусхон баҳонаи сабаб зумда жумлаи жаҳонни хаёлан неча бор айланиб чиқдим-а…

Очиғи, дунёни неча бор айлансангиз ҳам бунақасини учратиш амри маҳол. Эртаклардагидек, ой деса оғзи, кун деса кўзи очиладиганлардан!

Шундоқ соҳибжамол кимсан – Эшмўмин Толиб хонадонида! Шу тобда, ўғлим билан дона суришаётган бармоқчаларингдан ўзим ўргилай, деворгим келди…

Алҳол, кўнглимдан яна бир ғалати ўй кечди; маҳалламиз қизлари содда ўғлимизнинг бошини бевақт айлантириб олмасин, деган хавотирда юрардик. Экрандан боқиб турган ҳурилиқо ўғлимнинг бошини айлантириш ҳам гапми, онгини “манипуляция” қилиб ташламасайди, деб қўрқиб кетдим. Қуюшқонга сиғмаса ҳам айтай: ўзимнинг онгим бузилиб кетишига бир баҳя қоляпти-ку…

Бунақа Роус-соус деганларидан кўра ўзимизнинг Маърифат минг марта маъқул. Ожизамнинг айтишича, у маҳалладаги энг мулойим, жисми исмига монанд маърифатли қиз экан! Қани эди бизга шундоқ қиз келин бўлса!

Балки Роуснинг ота-онасига ҳам Эдик-педиклардан кўра ўзларининг Жек-пеклари маъқулдир! Айтадилар-ку, ҳар кимники ўзига – ой кўринар кўзига!

Келин танлашда эса биз албатта мана бу мақолга амал қилганимиз бўлсин: айрилмагин элингдан, қўлинг кетар белингдан!

Компьютер ичида шарақлаб тушган нарда тошлари хаёлимни бўлди.

Қойил, худди ўзимизнинг нарда тахтасига тушгандек тошчалар шарақлаб тушяпти: тўрт-беш…

Ўғлим иккиланиб турганида, шартта ёнига ўтирдим-да, қандоқ юрса яхши бўлишини кўрсатдим.

Кейин биз “тош ташладик”, олтилар! Ана сизга омад!

Натижани қаранг: нозик ниҳолдек бир ажнабий рақибамиз “домашний”да қолиб кетди!

Ота-бола ўзбек полвонлари битта англичанкани “додлатиб” юбордик гўё!

Зум ўтмай мағлубадан инглиз тилида бир энлик хат келди. Ўғлимнинг таржима қилишича мағлуба дил сўзларини шундай бaён этибди: “Ўйинингиз бамисоли санъат экан, табриклайман!”

Асли бу отасининг санъати эканини олис-олисларда мўлтираб турган ожизаи мўъжиза қаёқдан билсин!

– Энди ухла,– дедим ўғлимга.– Эртага ўқишингга кеч қолмасдан боргин, хўпми?

Компьютерни ўчиртирганимга ўғлим бироз норози қиёфада қараб қўйганча аста ўрнига чўзилди.

Камина ҳам ётоғимга ўтиб, тўшакка ўзимни ташлар эканман, бир савол ғир-ғир айланганча кулгимни қистай бошлади: ота-бола бир ҳурилиқони қойилмақом қилиб ютдик! Хўш, ютуқ кимники?..

Бунақа ютуққа эга чиқишга ўғлоним ёшлик қилар-ов…

Демак, ҳали қариб қуюлмаган каминага ортиқчалик қилмайди…

Маҳмадона хаёллар шу тариқа тушга уланиб кетса, денг.

Битта ўйинда кап-катта отахоннинг онгини шунчалик чулғаган ажнабий ожизаи мўъжиза соддадил ўғлимнинг онгини “манипуляция” қилиб ташламайди, деб ким кафолат беради?!

Хулосам жуда жўяли чиқди: соддадил ўғлимни ҳеч қачон ажнабийларга бериб қўймайман!

Бунақа “ютуқ”ларни ўзим жойига солганим бўлсин!..

ло16

Тўлқин Эшбек

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *