Яна ўша… канизак ҳақида

Устоз Аҳмаджон Мелибоевнинг “Маҳорат мактаби”дан

Тарих ва тақдир

а1

 Тарихнинг очиқланмаган сир-асрорлари ўзидан ҳам кўп десак, муболаға бўлмас. Вақт келиб, ҳаммаси очилади, жой-жойига тушади. Клеопатра даврида ким кининг қулоғига нима деб шивирлаганича ошкор бўлди-ку. Аммо… шундай воқеалар ҳам борки, улар моҳиятининг очилишига, ҳақиқат қарор топишига бир эмас, бир неча авлоднинг ҳам умри етмайди. Жиноят ёки фирибгарликни яшириш учун қасддан тўқилган талқинлар, туҳмат айбловлар, сохталаштирилган ҳужжатлар, кўрсатмалар, буларга асосланган илмий иддао ва хулосалар, ёлғон хотиралар боис ҳам шундай бўлади. Кейинги пайтларда ўтмиш тарихни қайта идрок этиш, унутилган воқеаларни хотирага қайтариш, бегуноҳларнинг номларини тиклаш борасида мақбул ишлар қилинмоқдаки, бундан, шубҳасиз, кўнгил таскин топади.

Ҳақиқат баҳс-мунозарада очилади, деган гап бор. Чингизхоннинг қонли босқини хусусидаги баҳсларда Ўтрор ҳокими Инолчиқ ҳоқон савдогарларини ўлдирмаганида, бу мудҳиш қонхўрлик бўлмаслиги ҳам мумкин эди, чунки ҳоқон Хоразмшоҳдан ўн-йигирма баробар кўп бойликка эга бўлиб, бировнинг мол-мулкига кўз тиккан эмас, аксинча, ўзаро борди-келди, савдо сотиқни йўлга қўйиш тарафдори эди”, деган фикр ҳам бор. Ато Малик Жувайнийнинг “Тарихи жаҳонгушо” асарида бу фикр аниқ айтилмаса-да, ҳоқоннинг мислсиз бойлиги, беқиёс саҳовати ва адолатпарварлиги билан боғлиқ кўпдан-кўп ҳикоятлар ишонарли тарзда келтирилади. Аммо, Жувайний имон-эътиқодли киши бўлган чоғи, китобнинг сўзбошисида “Муҳтарам ўқувчилар менинг ушбу китобни чингизий ҳукмдорларнинг талабига биноан ёзганимни инобатга олишларини хоҳлар эдим”, дейди.

Маҳмуд ялавоч ҳақида бир-бирини инкор этувчи қарашлар мавжуд. Комил Аваз ва Рўзимбой Ҳасаннинг публицистик диалог асарида унинг эътиборга молик ишлари ҳам қаламга олинган. Қўқон хони Худоёрхоннинг шахсияти билан боғлиқ мушоҳадалар бир хил эмас. Манбаларда ҳар қандай зукко тадқиқотчини ҳам чалғитиб юборадиган фактлар кўп. Улардан бирида келтирилишича, ҳарамни аёллар билан тўлдирган хон ўзининг ҳурматли устози никоҳидаги гўзал аёлни алдов йўли билан ўрдага чорлаб, унга зўрлик билан уйланиб олади. Бу аёл Мадалихоннинг таклифи билан 1826 йили Покистондан Қўқонга кўчиб келган аллома Миён Фазл Фаҳҳобнинг шаръий хотини, Абдулла Қодирий Қўқонга борганида адиб билан суҳбатлашган Розиябегим эди.

Устоз Шариф Юсупов етмишинчи йилларнинг бошларида ТошДУнинг журналистика факультети талабаларига сўнгги хонликлар тарихидан дарс берган. Домланинг яқин ўтмишимизга доир мароқли суҳбатлари бениҳоя қизиқарли бўлибгина қолмай, ўша пайтнинг эҳтиёткор қулоғи билан тинглаганда, фавқулодда очиқ ва жиддийлиги, кутилмаган мулоҳазалари билан бошқа сабоқлардан ажралиб турарди.

Домла Қўқон хони Худоёрхон даврини, ўша пайтгача бадиий асарларда, айниқса, ўзимизда суратга олинган киноларда ўта жоҳил, саводсиз бир кимса қилиб тасвирланган хонни улуғламасалар ҳам, унинг айрим фазилатларини бизга самимий тарзда тушунтириб берар эдилар. Кейинчалик домланинг “Тарих уммони сирлари” китобини ўқир эканман, кўп сир-асрорлардан бохабар бўлдим. Хоннинг онаси вафоти муносабати билан ёзган марсиясини ўқидик.

1875 йилнинг август ойида Қўқон хони Худоёрхон Хўжанддан Тошкентга келади. Нияти – Туркистон генерал-губернаторидан ҳарбий ёрдам олиб, Қўқонга қайтиш ва тахтни яна эгаллаш эди. Аммо фон Кауфман унга Петербургга боришни, император ҳузурига киришни маслаҳат беради. Бу маслаҳат, аслида, содда хон учун тузоқ эди ва у шу тузоққа илиниб, Оренбургда бир муддат ҳибсда сақланади.

Хон сафар олдидан яқин таниши бўлмиш Мулла Маъруф деган кишига ўзига тегишли Навоий ва Мирзо Бедил қаламига мансуб нодир китобларни, хонлик кутубхонасида сақланаётган Шарафиддин Али Яздий қаламига мансуб “Зафарнома”нинг ягона тўлиқ нусхасини себзорлик таниқли маърифатпарвар Муҳиддинхўжа қозига қолдиради. Кейинчалик бу китобни қозининг амакиваччаси Беруний номидаги Шарқшунослик институтига топширади. Мустақиллик йилларида “Зафарнома” кирилл алифбосида нашрдан чиқади. Бу фактлар Навоий, Бедил, Яздий ижодидан бохабар бўлган, ўзи ҳам дурустгина ғазаллар ёзган хон ҳақидаги тасаввуримизни жиддий таҳрир қилади.

“Тарих уммонидаги сирлар”ни ўқир экансиз, Худоёрхон ва фон Кауфман муносабатлари эътиборингизни тортади. Тарихнинг ўзида бу икки шахсга доир бири иккинчисини инкор қилувчи ҳужжатлар етарлича. Бу ҳолатни Шариф Юсупов синчковлик билан таҳлил қилган. Кауфманнинг 1871 йилнинг 21 мартида Худоёрхонга ёзган мактубидан олинган қуйидаги сатрларга эътибор беринг: “Сиз “оқ подшоҳ”нинг буюк ҳомийлигида экансиз, Сизнинг ҳар бир дўстингиз бизнинг дўстимиз, ҳар қандай душманингиз эса бизнинг ёвимиз бўлиб қолади”. 1872 йилнинг бошида валиаҳд шаҳзода Насриддинбек Тошкентга келганида, унинг шарафига зиёфат берилиб, шу маросимда фон Кауфман Худоёрхонни ўз мамлакатини юксак поғонага кўтара олган Пётр I га тенглаштиради ва “Яшасин Худоёрхон!” деб қадаҳ кўтаради. Айни чоғда, у Худоёрхоннинг Оренбургда ”пойтахтдан алоҳида кўрсатма келгунига қадар яшаб туришини” аввалдан режалаштиради, бу иш амалга ошгач, Қўқон аҳлига мурожаат қилиб: “Сизларнинг собиқ хонингиз Худоёрхонни мен Петербургга жўнатдим. Энди у сизларга хон бўлмайди”, деб мунофиқлик қилади. Бир муддат аввал, Худоёрхон Хўжандда яшаб турганида, хонлик тахтига эндигина ўтирган Насриддинхонга нома битиб: “Сизга маълумдирки, узоқ йиллар давомида дўст бўлишимга қарамай, мен ҳеч қачон унинг (Худоёрхоннинг) хатти-ҳаракатини маъқуллаган эмасман”, дейишгача бориб етади.

Собиқ тузум – шўролар ҳукмронлиги пайтида яқин ва узоқ ўтмишда яшаб ўтган ҳукмдорлар, умрини миллат, эл-юрт қайғусига бағишлаган инсонлар ҳақида ижобий фикр билдириш деярли мумкин бўлмаган. Кўп ҳолларда уларни жоҳил, золим, майпараст қилиб кўрсатиш одатга айланган. Тарих фанлари номзоди Нодиржон Абдулаҳадовнинг “Тафаккур” журналида эълон қилинган “Амир Олимхоннинг табиби” сарлавҳали мақоласида бу хусусда ғоят қизиқарли маълумотлар келтирилади. Муаллиф Бухоро амири Сайид Олимхоннинг хос табиби бўлган Мўминжон Ҳаким Марғилонийнинг (1894-1973) хотиралари асосида қуйидагиларни ёзади: “Мўминжон Ҳакимнинг ёзишича, амир Олимхон совет тарихчилари тавсифлаганидек ўта золим кимса бўлмаган. Унингча, амирни ўз кўзи билан бир марта бўлса-да кўрган одамнинг фикри – агар у салбий бўлса – кескин ўзгариб, турли миш-мишларга ишониб чиқарган дастлабки хулосасидан воз кечиши муқаррар эди”. Хотираларда келтирилишича, Амир халқнинг ҳолидан хабардор бўлиш мақсадида Аркнинг кириш дарвозаси ёнида шикоятлар қутиси ташкил қилган. Аммо бу етарлича натижа бермагач, ҳар жума куни Масжиди Калонга пешин номозига бориш ҳамда қайтиш пайтида халқнинг аризаларини шахсан қабул қилган. Хатларни бирма-бир кўриб чиқиб, ижро учун тегишли амалдорларга йўналтирган. “Арк олдида амирнинг чиқишига минг-минг одам жамланарди,– деб хотирлайди Мўминжон Ҳаким.– Уларнинг қўлларида юзларча аризалар бўлиб, ҳар бир аризани одамнинг кафтидан катта бўлмаган қоғозга, фақат мақсадини мумкин қадар оз сўз билан, ҳатто ўн оғиз сўз билан ёзилишига фармон бўлган эди… Ваҳоланки, чор ҳукумати даврида шаҳар приставига (полиция начальнигига) ариза ёзилса, 4-нчи нўмирлик икки варақлик тоза қоғозга ёзилмаса, “Оқ подшо”ни ҳурмат қилмайсан, деб 3 сўм штраф ёки уч кун қамарди…”

Илмий тадқиқотларда 1810 – 1812 йиллари Қўқон тахтида ўтирган Амир Умархон билан боғлиқ ҳам бир неча қарашлар мавжуд. Улардан бири ҳақида Миён Бузрук Солиҳовнинг “Ўзбек адабиётига умумий бир қараш” (1930) номли китобида сўз боради. Умархон ўзининг ҳамда Алишер Навоий, Лутфий ва Фузулий девонларидан “Муҳаббатнома” номли қўлёзма мажмуа туздиртириб, уни 1820 йили турк султони Маҳмуд II га совға тариқасида юборади. Ушбу девон Туркияда кўп вақт эътиборда бўлган, ХIХ аср охири – ХХ аср бошларида тошбосма усулида бир неча марта чоп этилган. Аммо… девонга киритилган асарларнинг кетма-кетлиги кишини ўйга толдиради.

Филология фанлари доктори Ҳамидулла Болтабоев 1997 йили “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида эълон қилинган “Амир Умархоннинг турк султонига мактуби” сарлавҳали мақоласида Умархон Маҳмуд II га ўзининг сиёсий фаолиятида кўмак беришини сўраб хат йўллагани, “Муҳаббатнома” шу муносабат билан унга ҳадя қилингани ҳақида ёзади. Ҳурматли олимларимиздан бири Афтондил Эркинов 2007 йили Туркияга қилган илмий сафари чоғида “Муҳаббатнома”ни излаб топади. Олимнинг “Мозийдан садо” журналида эълон қилинган “Ноёб қўлёзма изидан” сарлавҳали илмий тадқиқоти боис кўп нарса ойдинлашади. “Муҳаббатнома”да ўқувчи диққатини жалб қиладиган бир нуқта мавжуд бўлиб, бу унда келтирилган асарлар кетма-кетлигидан келиб чиқади,– деб ёзади Афтондил Эркинов.– Тўпламда тўрт шоир девонлари бор: дастлаб Алишер Навоий, сўнг Умархон, Лутфий ва Фузулий. Нега айни шундай кетма-кетлик танланган? Бу тасодифми ёки муайян мақсаддан келиб чиқилганми? “Муҳаббатнома” Умархон кўрсатмаси асосида тузилган экан, демак, унинг таркиби ҳам муайян ғояга хизмат қилиши мумкин. Шундай бўлса, Умархон ўз девонини ўзбек мумтоз адабиётининг катта классик шоири Лутфий ва туркий адабиётда Навоийдан кейинги ўринда турувчи Фузулийдек улкан ижодкор девонларидан аввал келтиришидан қандай мақсадни кўзлаган? Жавобни ХIХ аср бошидаги Қўқон саройи муҳитидан, ундаги сиёсий ва маданий жараёнлардан излаш ўринли бўлади. Маълумки, Қўқон хонлари ўзларини насл-насабда Амир Темур авлодидан эканликларига урғу берардилар, яъни Бобур ўғилларидан бири билан қолдириб кетилган бешик билан боғлиқ “Олтин бешик” афсонаси тарихий асарларда такрор ва такрор келтирилар, айни ўша боладан Қўқон хонлари тарқаган, дейиларди. Мана шундай қондошлик асосида Темурийлар давомчиси бўлишнинг ўзи етарли бўлмай, Қўқон хонлигида маданий жиҳатдан ҳам Темурийлар билан бўйлашиш орқали улар вориси эканлигини исботлашга уринилади. Бунинг натижаси ўлароқ, “Мажмуаи шоирон” баёзи тузилган. Ундан сал аввал эса “Муҳаббатнома” кўчирилгани ва уни халифа – турк султонига юборилиши ҳам тасодифий эмас. “Муҳаббатнома” таркиби воситасида Умархон тахминан шундай демоқчи: «Шоир сифатида Темурийлар муҳитининг энг улкан туркигўй шоири Алишер Навоий ҳаммадан устун, туркий шеъриятда Навоийдан кейинги ўринда мен тураман; насл-насабда Темурийлар давомчиси эканлигим ва шоирлик маҳоратим шуни намоён қилади…» Дарҳақиқат, Умархон шеърлари билан туркий адабиётда ўзига хос ўрин эгаллаган шоир. Лекин унинг баёзда Лутфий ва Фузулийдан устунликка даъво қилишини фақатгина сиёсий мақсадлар асосидагина оқлаш мумкин бўлади”.

Бухоро амири Насруллонинг Қўқонга ҳарбий юриш қилиб, юртни қонга ботиришининг сабаблари хусусида ҳам айрича, қайси бирининг тўғри ёки нотўғрилигини аниқлаш қийин бўлган қарашлар мавжуд. Истеъдодли ёзувчи Алишер Ибодиновнинг “Худоёрхоннинг сўнгги кунлари” асарида қуйидаги маъхлумотлар келтирилади: “Милодий 1740 йилдан то 1875 йилгача, яъни 135 йил ичида тахтга қонуний тарзда ўтирган хонлардан ўн беш нафардан ортиғи ёлланган қотиллар, фитначи унсурлар, қиличи қонсираган жаллодлар қўлида жон беради. Абдураимбий, Сулаймонбий, Олимхон, Муҳаммадалихон, Султон Маҳмудхон, Шералихон, Султон Муродхон, Маллахон, Султон Саидхон, Шоҳмуродбек ва бошқалар тахтга ўтирганларидан кейин ўлдирилган, сўйилган хонлардир. Ҳатто амир Умархондай маърифатли подшоҳ ҳам ўз акаси Олимхоннинг жасади устидан юриб ҳукмронликка эришган эди”. Атоқли ёзувчи Чингиз Айтматов инсоният тарихидаги қонли одамкушликлар ҳақида ёзар экан, “Урушнинг даҳшати шуки, бу қирғинбаротларни бошлаган фотиҳлар, саркардаларнинг номи тарихда қолади, аммо бегуноҳ қурбон бўлган миллион-миллион кишилардан ном-нишон ҳам қолмайди” дейди. Мана шуниси алам қилади.

Хонликлар ўртасида ўзаро аҳиллик бўлмагани тарихдан яхши маълум. Россия императорлари Марказий Осиёни босиб олишда бу ҳолатдан унумли фойдаланганлари, янада аниқроғи, улар орасидаги зиддиятларни атайин кучайтирганлари ҳам сир эмас. Шариф Юсуповнинг “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида эълон қилинган йирик тадқиқот мақоласида (2005 йил, 24-сон) 1842 йил баҳорида Қўқон хонлиги амир Насрулло томонидан босиб олиниб, оммавий қатл ўтказилгани, хонлик ҳудуди Бухоро амирлигининг таркибий қисми, дея расман эълон этилиши ва император Николай 1 томонидан амирга мактуб йўлланиши кенг очиб берилган. “Амир Насрулло томонидан Қўқон хонлигида амалга оширилган хунрезликни мутлақо оқлаб бўлмайди,– дейди Шариф Юсупов.– Нега? Шунинг учунки, ўша вақтдаги Қўқон ҳукмдори ўз юртининг амирлик томонидан шафқатсизларча босиб олиниши, ўзи, укаси, волидаси, хотини, фарзандлари ва бошқа яқинлари билан оломон олдида ваҳшийларча қатл этишга арзийдиган бирор иш қилмаган эди. Ўша даврнинг ҳақгўй муаррихлари бу хусусда бизга аниқ маълумотлар қолдиришган. Улар бу мудҳиш босқинни тузатиб бўлмас хато сифатида баҳолашган. Тарихий манбалардан маълумки, амир Насрулло ўз босқинчилик юришини оқлаш учун гўё Муҳаммад Алихон отаси уйланмоқчи бўлган канизакни никоҳига олиб, шариатга хилоф иш тутди, деган даъво билан чиққан. Ўша даврнинг зукко муаррихи Исҳоқхон тўра Ибрат “Тарихи Фарғона” асарида амир Насруллонинг бу ишига аслида нималар сабаб бўлгани хусусида қуйидагича ёзади: “Муҳаммад Алихон аносини олди деган сўз рост бўлмай, бухорийлар қатллари айбини сатри учун қилған қабиҳаларини тавжиға чиқарилмиш сўзлари экан. Асл муддао бўлак экан. Чунончи, (Насрулло) Умархон “оламан” деган Пошшохон ойимни ҳуснини эшитуб, ғойибона мафтуни жамол бўлуб, муни анча сабаб қилиб келган экан… Муҳаммад Алихонни халқни кўзига осию гуноҳкор кўрсатиб, шариатни поймол қилди, танбеҳ даркор, деб келиб, қанча хонзодау мазлума ойимларни қатли бағайри ҳақ қилиб, охируламр мурод ўшал ойим экан, олуб, муддаосиға етиб, Бухороға олиб кетди”.

“Амир Насруллонинг бу ваҳшийлиги ва бошқа кўпдан ­кўп номатлуб ишлари борасида гап борганда,– давом этади Шариф Юсупов.– ўша давр тарихчилари халқ ундан қаттиқ норози бўлиб, амирни ўз исми билан эмас, балки “Ботир қассоб” лақаби билан атай бошлаганини қайд этадилар. Аксар муаррихлар(нинг) фикрича, амир Насрулло аъёнлари ичида унга маслаҳат кўрсатишга, ҳақиқий аҳволни юзига айтишга журъат эта оладиган бирор киши бўлмаган. Бироқ ўша даврда яратилган айрим тарихий асарларда бошқача маълумотлар ҳам учрайди: амир қанчалар ўжар, калтафаҳм ва жаллод табиат бўлмасин, унинг атрофида амирни даҳшатли ишлардан қайтаришга интилган, ҳатто унинг юзига тик боқиб, бу ишлар қандай мудҳиш оқибатларга олиб келиши мумкинлигини айта олган жасорат эгалари ҳам бўлган. Масалан, Исҳоқхон Ибрат “Тарихи Фарғона”да, Мулла Олим Махдум “Тарихи Туркистон”да бундай улкан жасорат, инсоф ва ақл эгаларидан иккитаси хусусида алоҳида тўхталади. Уларнинг биринчиси — саркарда Абдусамад ноиб, иккинчиси эса, шоир Жунайдулло Ҳозиқдир. Амир Насрулло босқинига тоб беролмай, укаси Маҳмудхон билан бирга қочган Муҳаммад Алихонни унинг ҳузурига тутиб келтирганларида рўй берган воқеани Ибрат қуйидагича тасвирлайди: “Амир дарҳол қатлға ҳукм қилғанда ўз вазирларидан Абдусамад ноиб деган ҳушманд киши амирга “Жаноби олийларига малоли хотир бўлмаса, бир калима сўз айтсам” деганда, амир “Нима сўздур?” деган экан. Айтибдурки, “Ҳоло Ҳўқанд забт ўлди, Фарғона катта мамлакатдур, қанча аскару, сипоҳу хазина сарф ўлуб олинди, алҳолда Русияни келмаги маҳали хавфдур. Агарда хонни онти акид бериб, тавба қилдуруб, Ҳўқандға қўюб, Бухороға тобеъ қилинса, бир мулк бўлуб, бизларга келган душманларга бир қалқон бўлур эрди”, деганда (унинг) сўзи амирга маъқул бўлмай, оғзиға кафш билан урдурғон экан”.

Амир Насруллонинг Қўқон хонлигига нуқта қўйиши, одамлар кўз ўнгида қатлиом ўтказиши, Англия ҳукумати томонидан таклиф билан юборилган элчилар Стоддарт ва Коноллини қатл эттириши ўлканинг чор Россияси томонидан забт этилишига йўл очиб берди.

Тарих сандиғида адолатли талқинини кутиб ётган бундай воқеа-ҳодисалар ҳаддан ташқари кўп. Уларни аниқлаштириш муҳтарам олимларимиз, ёш тадқиқотчилар олдида турган муҳим вазифалар ҳисобланади. Не бахтки, бу йўналишда зарур тадқиқотлар кўпаймоқда. Ушбу мақола айни шу янги изланишлар боис қоғозга тушди.

Таниқли олим Тоҳиржон Иминовнинг бундан икки йил аввал нашр этилган “Хотира саодати” китоби мен учун яхши янгилик бўлган эди. Таниқли иқтисодчи олим бир сулола тақдири мисолида шўролар даврида илм-маърифатли, имон-эътиқодли, диёнатли инсонлар бошига тушган азоб-уқубатлар, қулоқлаштириш сиёсати келтирган жабру жафоларни ғоят таъсирчан ифодалаб берган эди. Бу тузум дунё дунё бўлганидан бери ҳеч бир давлатда, ҳеч бир жамиятда ва ҳеч бир ҳолатда қўлланилмаган ғайриинсоний ишга қўл урди: диний эътиқод, диний саводхонлик учун жазо белгилади, тадбиркорликни таъқиқлади, илмли кишиларни “халқ душмани” деб эълон қилди, мол-мулкини мусодара қилиб, юртидан, оиласидан ажратиб, олис-олисларга жўнатди. Кўплари ном-нишонсиз бўлиб кетишди. Ўзбекистондан олис йўл босиб, не-не машаққат билан Украинанинг Херсон вилоятидаги Михайловка қишлоғига бориб, шу ердаги қабристонлардан бирида бобо ва бувилари, бошқа ҳамюртлари қабрини излаб топиб, уларга ёдгорлик ўрнатаётган, кўзда ёш билан Қуръон тиловат қилаётган жабрдийда ватандошларимизни кўз олдингизга келтиринг. Уларнинг чирқиллаб ётган руҳларини тасаввур қилинг. Муаллиф ушбу мураккаб мавзуни чуқур ўргангани эътирофга сазовор эди.

Яқинда ушбу муаллифнинг янги рисоласи – “Амир Умархон канизлари” босмадан чиқди. Бу гал ҳам кутилмаган мавзу: “Амир канизи Ойхонпошшага уйланиб, ундан иккита фарзанд кўргани ростми, Мадалихон ўзининг ўгай онасига уйланиб, шариатни оёқости қилгани, бу гуноҳи учун Қўқон қонга ботирилгани ҳақиқатми ёки бунинг бошқача сабаби борми? ” Бундай саволлар кўпларни қизиқтириб келади. Тоҳиржон Иминов қумдан тилла зарраларини қидиргандай кўпдан-кўп манбаларни ўрганиб, уларни ўзаро қиёслаб, ўз кузатувлари ва Абдулла Қодирий, Шариф Юсупов каби муаллифларнинг фикрлари асосида жиддий хулосага келади. “Ойхонпошша бахти қаро бўлиб дунёга келган экан,– деб ёзади муаллиф.– У бениҳоя гўзал эди, мана шу гўзаллиги бошига бало бўлди. Ўз замонидаги уч ҳукмдорнинг ишқи тушди, Унга “Турон Клеопатраси” деган ном бердилар. Ойхонпошша амир Насруллонинг Қўқон халқига ҳамда ўз оиласига етказган заҳматлари учун қулоғига симоб қуйиб ўлдирмоқчи бўлгани сабаб (Бу воқеани шаҳрисабзлик Кенагас хоним билан боғлиқ ҳам дейишади), халқ тилида “Қўқон шумқадами” деб ҳам номланди. Умархондан икки фарзанд кўрган аёлга, унинг вафотидан сўнг ўғли уйланган, деган гап тарқалиши оқибатида эса Мадалихоннинг юзига “кофир” деган қора бўёқ чапланади, унинг хонлик даври юртимиз тарихининг машъум йиллари сифатида таърифланади.

Манбаларда Насруллонинг Қўқонга келиши босқинчилик эканлиги кўп бор эътироф этилган. Китобда бу хусусда ишончли етарли даражада келтирилган. Насруллонинг Ойхонпошшони Бухорога олиб кетиши ва никоҳига олиши эса уруш ғолиби учун одатий ҳол эканлиги ҳам айтилади. Аммо Амир Умархоннинг ёш канизга уйланиши ва ундан иккита фарзанд кўриши масаласи баъзи муаллифларнинг наздида баҳсли бўлиб қолаверади. Тоҳиржон Иминов айни шу баҳсга ойдинлик киритишга ҳаракат қилади ва фикрини далиллаш учун кўплаб мисоллар келтиради.

Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” романида қуйидагиларни ўқиймиз: “Туркистон хонлиғи тарихидан хабардор кишиларга маълумдирким, Амир Умархон охир умрида ўз саройидаги ёш канизлардан бирига муҳаббат қўядир. Каниз ёш бўлғанлиғи ва балоғатка етмаганлиги учун уни никоҳига ололмай вақт кутадур. Шу кутиб юриш йилларида Умархон муродига еталмай вафот қиладир, тахтка ўғли Мадалихон минадир. Орадан бир неча йиллар ўтиб бояғи каниз қиз балоғатка эришадир ва бир ҳуснига ўн ҳусн қўшулиб, отанинг боласи бўлған Мадалихонни ҳам ўзига ошиқ қиладир. Ўз саройида ўскан бу қизни ёш хон ҳамиша кўз ўнгида юритса ҳам, бироқ…тарихънинг бизга хабар беришиға қарағанда, Мадалихон шу қизнинг дардида бир неча йиллар ёнадир. Чунки уламолар бу гўзални Мадалига она мақомида ҳисоблаб, нима учундир хоннинг орзусига кўндаланг келадирлар: “Отангиз, агарчанди канизни ўз никоҳларига олмаған бўлсалар ҳам ва лекин балоғатка эришгач оларман, деб ният қилғанлар. Бинобарин, бу каниз сизга она мақомида, шариъат рухсат бермайдир”, дейдирлар.

Мадалихон бу фатводан кейин дардини ичига ютишга мажбур бўлиб, аммо икинчи тарафдан ўзининг орзусиға қарши борған уламони секин-секин “илмий” ишлардан олиб, улар ўрниға янгиларини қўя бошлайдлир. Ўз орзусиға замин ҳозирлағач, бир неча йилни ўткариб, яна уламоға шу тўғрида фатво сўааб мурожаат қиладир. Табиъий, яқиндағина оғзи ошқа еткан янги уламолар ўз валийи неъматлари бўлған Мадалихонға хиёнат қилмайдирлар-да: “Ба назди мужтаҳидини киром асли эътибор ақди шаръийдир. Отангиз марҳум – никоҳланаман деб айткан бўлсалар ҳам никоҳландим, деб айтмаганлар. Бас, амрал мўъминин мазкурани худ нафслариға ақди шаръий (шаръий никоҳ) қилсалар жоиз ва дурустдир. Валлоҳи аълам биссавоб”, деб фатвономани “бинни муфти марҳум”, “бинни мударрис марҳум”, “бинни Хўқандий марҳум” – муҳри баҳайбатлари билан қалашдириб берадирлар ва Мадалихон тўй ва томошалар билан мурод-мақсадиға етадир…”

Манбаларда келтирилишича, Ойхонпошша 1810 йили Фарғона бекларидан бири Маҳмудбек оиласида туғилган, Умархон ўлимига яқин ҳарамга олинган. Хон 1822 йили вафот этган, демак, қизалоқ саройга келганида 10-11 ёшда бўлган. Бир қарашда баҳс-мунозарага ўрин қолмагандай.

Аммо Тоҳиржон Каримов изланишда давом этади. “Албатта, Абдулла Қодирий юқоридаги хулосани тўқиб чиқармаган, зеро адолатли адиб феълида бундайин қусур бўлмаганини кўпчилик яхши билади,– деб ёзади у,– қолаверса, романни ёзишдан аввал бир неча бор Қўқонда бўлган, ёши улуғ кексалар билан узоқ суҳбатлар қилган. Бундай инсонлар Қодирийга тарихни бузиб кўрсата олмас эди, ўз навбатида ёзувчи тарихъий фактларга ўта эҳтиёткор ва ўзига ниҳоятда талабчан бўлган, аниқ ишонч ҳосил қилгандагина воқеа-фактларни муомалага киритган.Мадалихон ва Ойхонпошша қисматидан шу қадар таъсирланганки, тезликда уларнинг тақдири билан боғлиқ учинчи йирик асари бўлмиш “Амир Умархоннинг канизи” номли романини ёзишга киришган. Бу роман ҳақида ёзувчининг ўзи Музайяна Алавияга: “Ўйлаб юрган романимни ёзиб битирса, китоб бўлиб чиқса, қўрқаманки, “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” романларимни ҳеч ким ўқимай қўяди”, деб айтган экан”.

Бундан кейинги воқеалар кўпчиликка аён. 1932 йили мамлакатда қама-қамалар бошланганида Қодирий сезгирлик қилиб роман қўлёзмаси ва тўпланган материалларни темир сандиққа солиб кўмиб қўяди. Орадан маълум вақт ўтгач, адиб сандиқни очиб, намиққан қоғозларни қуритаётганида орган ходимлари келиб қолишади ва ёзувчи билан бирга қоғозларни ҳам “вешдок” сифатида олиб кетишади. Қамоқхона мулозимлари уларга тамаки ўраб чекишган экан…

“Амир Умархон канизлари” рисоласининг муҳим жиҳати шундаки, муаллиф Ҳакимхон Тўранинг “Мунтахаб ут-таворих” асарида Амир Умархоннинг Ойхонпошша билан турмушда бўлгани ҳақида маълумот борлигини четлаб ўтмайди, баъзи муаллифлар Ҳакимхон Тўранинг хотиралари асосли, деган хулосада собит турганларини айтади. Тарихий асарда айтиб қўйилибдими, қарши фикр билдириш қийин. Шунга қарамай, Тоҳиржон Иминов “Борингки, Ойхонпошшанинг Умархонга никоҳлангани ва ундан икки фарзанд кўргани рост бўлсин, нега энди бу хусусда “Мунтахаб ут-таворих”ни жиддий ўрганган ва ундан кенг фойдаланган тарихчи олим В.П. Наливкин бу хусусда бир оғиз ҳам сўз айтмаган, наҳотки, Қўқон ва Марғилонда бир неча бор бўлган Абдулла Қодирий бу никоҳ ҳақида эшитмаган?”, деган ҳақли саволларни ўртага қўяди ва “Ҳакимхон Тўранинг қалбида Мадалихонга нисбатан чуқур кек ва адоват ҳам мавжуд эдики, улар, шубҳасиз, Ҳакимхон тўранинг қалами орқали битикларининг мазмунига таъсир этган. Шу боисдан ҳам “Мунтахаб ут-таворих”даги асоссиз иддаолар олим ва тадқиқотчилар назаридан четда қолган”, деган фикрни айтади.

Ғоят жиддий айблов! Бундай дейишга тарихий асос зарур. Тоҳиржон Иминов китобхонни ана шундай асослар билан таништиради. Биринчиси: “Мадалихон ва Ҳакимхон Тўра – яқин жон-жигар қариндошлар! Мадалихон –Умархоннинг ўғли, Норбўтабийнинг набираси, Ҳакимхон Тўра ҳам она томондан Норбўтабийга набира – қизи Офтоб ойимнинг ўғли, Олимхоннинг жияни. Демакки, бири ўғилнинг ўғли, иккинчиси қизнинг ўғли. Фарқ шунда. Хон авлоди бўлгандан кейин сулоланинг ҳар бир аъзоси пинҳона тахт орзуси билан яшайди.., тўсиқларни олиб ташлашга интилади, керак бўлса, ҳар қандай қабиҳ йўлдан ҳам қайтмайди. Саройда, мамлакатда жамики нотинчликлар, асосан шу сабабли юз беради”. Иккинчиси: “Мадалихон тахтга ўтирибоқ, аввал Олимхон даврида Қўқоннинг шайхулисломи даражасига кўтарилган, улуғ Махдуми Аъзам зотига мансуб Маъсумхўжани ҳажга юбориш баҳонасида узоқ муддатга сургун қилади. Кейинроқ унинг ўғли Ҳакимхон Тўранинг бошига ҳам шу кулфат тушади (Сургун сабаблари тарихий манбаларда турлича талқин қилинган). Ҳакимхон Тўра Россия, Миср, Сурия, Туркия, Фаластинда узоқ муддат бўлиб, 1828 йили Бухорога қайтади ва амирликка қарашли Шаҳрисабзда яшай бошлайди. Шу ерда онаси Офтобхон Мадалихон томонидан ўлдирганини эшитади. Бу ҳақсизликлар боис унда Мадалихонга нисбатан ашаддий душманлик кайфияти юзага келган бўлиши мумкин”.

“Амир Умархоннинг канизи” рисоласининг тўла мазмунини келтирмоқчи эмасман. Уни мутолаа қилган китобхон ўзи учун ғоят қимматли, яқин ўтмишимизга доир кўп янги маълумотлардан, қутлуғ ёшини нишонлаётган ҳурматли олимимизнинг илмий изланишлари натижаларидан баҳраманд бўлади. Хулоса шуки, тарихда, чиндан ҳам, очиқланмаган ҳолатлар, жавоби топилмаган саволлар кўп. Шундай экан, муҳтарам олимларимиз, “Балким бундай эмасдир, балким бошқачароқдир”, дея сўнгги саволнинг жавоби топилгунича изланишда давом этишлари зарур.

 

Аҳмаджон Мелибоев

“Ишонч”, 2020 йил, 16 июнь

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *