Янги фикр, янги ғоя, инновацияга таянган давлат тараққиётга юз тутади
Муносабат
Ўзбекистонда илм-фан тараққиёти янги босқичга кўтарилди. Аммо шиддат билан кечаётган даврда юртимизда халқ манфаати йўлида самарали ўзгаришлар қилинаётганини эътиборга олсак, амалга оширилаётган тадқиқотлар, илм-фаннинг бугунги ҳолати талаб ва эҳтиёжга жавоб бермайди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 24 май куни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан учрашувида илмий-тадқиқот ишларини тижоратлаштириш, кадрлар тайёрлаш ва уларни моддий, ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратган эди.
Хусусан, истеъдодли ёшларни излаб топиш ва уларни мақсадли тарбиялаш борасидаги ишларни янада кучайтириш зарурлигини таъкидлаб, илмни, тарбияни тўғри қилсак, ҳамма соҳаларни малакали мутахассисларнинг ўзлари ривожлантиришини, янги фикр, янги ғоя, инновацияга таянган давлат тараққиётга юз тутишини қайд этганди.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 18 июндаги “2019-2023йилларда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида талаб юқори бўлган малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳадаги мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
ЎзМУ фаолиятини тубдан яхшилашга қаратилган махсус қарор қабул қилиниши замирида ҳам рамзий маъно бор. Чунки университет мамлакатимиздаги барча таълим даргоҳларининг карвонбошиси саналади. Таълим ва илм-фанни ривожлантириш, республика иқтисодиётининг барча тармоқлари учун кадрлар тайёрлашга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Ўтган даврда университетдан 100 дан ортиқ академик ва 2,5 минг нафар фан докторлари, фан номзодлари етишиб чиқди. Кейинги 10 йилда турли йўналиш ва мутахассисликлар бўйича 26 мингдан ортиқ малакали битирувчилар университет дипломини олди. Ҳозирги вақтда 114 та, шу жумладан, 18 та халқаро илмий ва илмий-таълим лойиҳалари амалга оширилмоқда. Уларда университетнинг 50 фоиздан ортиқ ўқитувчиси иштирок этаётгани эътиборга молик.
Давлат томонидан кўрилаётган ҳар томонлама ёрдам ва қўллаб-қувватлаш университет фаолиятида фақат ижодий ва тизимли фикрлайдиган, ностандарт қарорлар қабул қилишга қодир бўлган, мамлакат манфаатини ҳамма нарсадан устун қўядиган юқори малакали мутахассислар тайёрлашгагина эмас, балки қобилиятли ва истеъдодли талаба-ёшларнинг тарбиясига ҳам сўзсиз кўмаклашмоқда.
Бироқ ўрганишлар жараёнида “отахон” университетда ҳам юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илмий ва кўп қиррали инсон капиталини ривожлантириш соҳасида жиддий тўғаноқ ва тўсиқ бўлаётган комплекс камчилик, муаммолар аниқланди. Кейинги йилларда олий билим юртининг Миллий университет мақомига муносиб бўлиши учун амалий ва самарали чора-тадбирлар таъминланмади. Қабул квоталари реал эҳтиёждан анча орқада қолмоқда. Университетда таҳсил олган ёш мутахассислар билим савияси баъзан меҳнат бозори буюртмачиларининг эҳтиёжларига мос келмайди. Шу сабаб, уларнинг ишга жойлаштирилиши ҳамма вақт ҳам эгаллаган мутахассислигига мувофиқ эмас.
Синовдан ўтган ва халқаро стандартларга мувофиқ бўлган замонавий педагогик технологияларни жорий этиш даражаси паст. Таълим жараёни инновацион ва технологик ривожланишидан орқада қолмоқда, талабаларнинг назарий ва ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш самарали эмас. Кадрлар захирасини тайёрлашнинг аниқ ифодаланган тизими йўқ. Университет ўқитувчиларининг атиги 59 фоизи илмий даражага эга, фан докторларининг ўртача ёши 61, фан номзодларининг ўртача ёши эса 54 ёшни ташкил этмоқда. Университет нуфузли халқаро агентликлар рейтингига ҳам киритилмаган, IT мутахассисларининг ўз ишини билиши паст даражада қолмоқда. Юқори тезликдаги интернет тармоғидан фойдаланиш имконияти йўқ.
Ўтказилган социологик тадқиқотлар йигитлар ва қизлар, шунингдек, ёш педагоглар билан олиб борилаётган маънавий-маърифий ишларни аниқ мазмун билан тўлдириш, уларда билимга интилишнигина эмас, балки инсонпарварликнинг миллий анъаналарига содиқлик ва юксак маънавиятни тарбиялаш, ёт ғоялар ва мафкураларга нисбатан танқидий тафаккур ва иммунитетни мустаҳкамлаш зарурлигини кўрсатмоқда. Талабалар яшаш жойларида ўринлар тақчиллиги мавжуд, университет ходимлари ва чет элдан таклиф қилинадиган мутахассислар учун турар жой етарли эмас.
Қарорда кўрсатиб ўтилган муаммо ва камчиликларни тезроқ бартараф этиш, 2019-2023 йилларда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетини комплекс ривожлантириш дастури ишлаб чиқилишини таъминлаш мақсадида университет ректорати, тегишли вазирлик ва идоларга талаб юқори бўлган малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, университетнинг илмий салоҳиятини ривожлантиришнинг мустаҳкам асоси, амалий механизми ва кафолати бўлишга қаратилган 9 та мақсадли дастурни ишлаб чиқиш тўғрисидаги таклиф маъқулланди. Мақсадли дастурларнинг асосий йўналишлари тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та ташаббусини барча курсларда, университетнинг таркибий бўлинмаларида амалга ошириш тартибини ва чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқиш вазифаси топширилди. С.Сирожиддинов номидаги академик лицей табиий ва аниқ фанларга ихтисослаштирилган республика академик лицейи этиб қайта ташкил этилиши белгиланди.
Ходимлар ва профессор-ўқитувчиларни моддий рағбатлантириш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида белгиланган топшириқлар келгусида ўз самарасини беради. Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимида тайёргарлик босқичи сифатида 2020 йил 1 январдан бошлаб стажёр-тадқиқотчилар институтининг жорий этилиши эса илм йўлидан бораётган ёшлар учун яна бир яхши имкониятдир.
Қаҳрамон КАРИМОВ,
ЎзМТДПдан халқ депутатлари
Миробод тумани Кенгаши депутати.
http://uza.uz/oz/culture/yangi-fikr-yangi-oya-innovatsiyaga-tayangan-davlat-tara-iyet-01-07-2019
Сўнгги фикрлар