ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНИМ

(Устоз Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” қасидасига назира)

Тарихингда қолмади пинҳон,

Армон ила эслайдиган гап.

Задалар ҳам кетди кўнгилдан,

Надоматдан чиқмайди ҳеч наф.

Истиқлолдан мунаввар ҳаёт,

Дилларимиз бўлди чароғон.

Энди янги Ўзбекистонда,

Яшамоқда элим фаровон!

Афросиёб – ноёб ёдгорлик,

Ўрхун хатин қадри жойида.

Ал Беруний, ал Хоразмий,

Ҳайкалларин туринг пойида.

“Ўзбегим”га сиғмаган эди,

Амир Темур, Бухорий бобо.

Эъзоздадир бугун барчаси,

Ҳатто Одам ва Ҳаво момо.

Кўҳна Турон номи абадий,

Фидо бўлсин мозийга жоним.

Бу кун жаҳон бермоқдадир тан,

Сенга – янги Ўзбекистоним!

Шаҳарларинг “Сити”га монанд,

Қишлоқларинг бамисли шаҳар.

Тараққиёт бобида сенга,

Ҳавас қилса арзийди башар.

Ақл бовар қилмас метролар,

Айланмоқда мисли фалакда.

“Афросиёб” – ердаги учоқ,

Ҳеч ким демас: “жоним ҳалак-да…”

Таърифлари бўлмайди адо,

Ўзбек элим кўрган бахтини.

“Йўл харита” манзили порлоқ,

Кўринг халқим шахдам аҳдини.

Ғанимлар ҳам кўриб қўйсинлар,

Ўзбекнинг ҳеч ёмони бўлмас.

Умид боғи яшнайди абад,

Эл орзуси ҳеч қачон сўлмас!

Амриқо ҳам бугун бир қадам,

Берунийнинг руҳи кезар шод.

“Ўзбегим”га битар қасида,

Замондошим, ҳар янги авлод.

 4

Тўлқин ЭШБЕК

“Миллий Тикланиш” газетаси, 2020 йил 16 сентябрь

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *