“Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва Темурийлар даври ренесанси»
2022 йил 9 апрел куни Яккасарой туманида жойлашган Алишер Навоий
номидаги Тошкент Давлат Ўзбек тили ва адабиёт унверситетида “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва Темурийлар даври ренесанси» мавзусида, давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда Маънавият ва маърифат маркази Яккасарой тумани бўлинмаси раҳбари Нодиржон Халилов, Яккасарой туман ҳокимининг ёшлар сиёсати бўйича ўринбосари Илҳомжон Раҳимов, туман маънавият ва маърифат бўлинмаси бош мутахасиси Собиржон Норқулов Тошкент Давлат Ўзбек тили ва адабиёт унверситети Ёшлар сиёсати ва маънавий маърифий масалалар бўйича биринчи проректор Баҳодир Холиқов, амалий филология факултети декан ўринбосари Сайёра Худойбердиева ҳамда талабалар иштирок этдилар.
Тадбирда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети доценти, филология фанлари номзоди, халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, «Дўстлик» ордени, «Олтин қалам» мукофоти соҳиби Тўлқин Эшбекнинг “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида Темурийлар ренисанси” мавзуидаги маърузаси тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Маърузада қайд этилганидек, “Ренессанс” луғавий французча “қайта туғилиш” деган маънони англатади. Атама сифатида унинг мазмуни анча кенг: маданиятда, илм-фанда, санъатда, таълим-тарбияда, умуман, жамият ҳаётида узоқ муддатли турғунликдан кейин қайта жонланиб, тез ривожланишни, ижтимоий онг ва қадриятлар тизими янги сифат босқичига чиқишини билдиради. Илк бор атама Европада ўрта асрлар мутаассиблигидан кейин 15-16 асрлардаги ривожланиш даврига нисбатан қўлланилган. Ренессанс аталмиш мазкур ижтимоий ҳодиса ўзбек тилига Уйғониш даври деб ўгирилган.
Олий Мажлис Сенати аъзоси Абдураҳим Эркаевнинг «Учинчи Ренессанс — миллий ғоя сифатида» сарлавҳали мақоласида қайд этилишича, юртимиз мустақилликка эришганидан кейин дастлаб чорак аср давомида миллий тикланиш билан шуғулланишга тўғри келди. Эндиликда миллий тикланишдан миллий юксалишга ўтганимиздан кейин, учинчи Ренессансга эришишни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев стратегик вазифа этиб қўйди. Ҳақиқатан тарихан олганда биз икки Ренессансни бошдан кечирдик: биринчиси IX — XII асрлар, иккинчиси XIV аср охирги чораги — XVI аср биринчи чораги. Биринчи Ренессансда юртимиздан Фарғоний, Хоразмий, Форобий, Беруний, Ибн Сино, Юсуф Хос Ҳожиб, Маҳмуд Қошғарий, Маҳмуд Замахшарий каби буюк даҳолар, буюк муҳаддислар — Бухорий, Термизий, мутакаллимлар — Мотуридий ва Абул Муин Насафий ҳамда бошқа атоқли дунёвий ва диний алломалар шуури оламни ёритди.
Иккинчи Ренессансда — Улуғбек, Ғиёсиддин Жамшид Коший, Қозизода Румий, Али Қушчи, Лутфий, Жомий, Навоий, Беҳзод, буюк меъморлар, бастакорлар, мусаввирлар, тарихчилар чиқиб, бугун ҳам дунёни лол қолдираётган асарлар яратдилар.
Ҳар икки Ренессанс даврида биз дунёнинг илғор, мутараққий халқлари қаторида эдик. Агар яна шундай даражага эришмоқчи бўлсак, Учинчи Ренессансни амалга оширмоғимиз зарур. Биз Учинчи Ренессансни амалга ошириб, биз озод ва обод Ватанда эркин ва фаровон ҳаётни барпо эта оламиз. Ёки, яна қулайроғи, Учинчи Ренессансга эришишни миллий ғоянинг янги ифодаси, деб эълон қилиш мақсадга мувофиқ. Учинчи Ренессанс ғояси миллий руҳиятимизга, халқимиз армон-орзусига яқин. Зотан, халқ илгари оққан дарёси яна оқишини астойдил истайди.
Аввалги иккала Ренессанс мустаҳкам маънавий-мафкуравий негизда, биринчи галда юксак ахлоқийлик, адолат, илмга ташналик ва бағрикенглик асосида юз берган. Ислом ҳалоллик ва тўғриликни, инсоф ва адолатни, илм ва амалий фаолликни ҳамма нарсадан устун қўйган. “Илм излаб Чинга бўлса-да, бор”, “Сендан ҳаракат — мендан баракат”, “Бир соатлик адолат барча инсу жинсларнинг қирқ кунлик ибодатидан устун” ва кўплаб шу каби ҳадислар, нақллар аждодларимизнинг ижтимоий мўлжалига айланган эди.
Учинчи Ренессанс биздан халқаро ҳамжамиятга илм-фан, технологиялар, ахборот, маданият ва иқтисодиёт соҳаларида янада чуқурроқ интеграция бўлишини талаб этади. Аммо ўзлигимизни, тилимизни, миллий хусусиятларимизни, маънавиятимизни сақлаб қолишимиз шарт. Бу эса таълим-тарбия тизимига жиддий эътибор қаратишни билдиради.
***
“Амир Темур сиймоси” – уйдирмаларга қарши зарба
Буюк бобокалонимиз Соҳибқирон Амир Темур сиймоси асрлар оша авлодларда катта қизиқиш уйғотиб келган. Бу улуғ сиймо ҳақида нафақат ўзимизда, балки жаҳондаги турли мамлакатларда ҳам катта эътибор билан қаралиб, турли даврларда унинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган юзлаб асарлар яратилган.
Истиқлол йилларида Тошкент, Самарқанд ва Шаҳрисабзда унинг маҳобатли ҳайкаллари қад ростлади. Сўнгги ўн йилликлар мобайнида Соҳибқирон сиймоси акс этган салмоқли китоблар орасида Бўрибой Аҳмедовнинг «Амир Темур», Абдулла Ориповнинг «Соҳибқирон», Муҳаммад Алининг «Улуғ салтанат», Пиримқул Қодировнинг «Амир Темур сиймоси» асарлари алоҳида ўрин тутади.
Пиримқул Қодировнинг 2007 йилда «Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан чоп этилган «Амир Темур сиймоси» асари «илмий бадиа» деб номланган бўлсада, у асли адабиёт мухлислари учун чинакам романдир. Ўқувчи уни зўр иштиёқ ва ҳаяжон билан мутолаа қиларкан, кўз ўнгида аввало буюк Амир Темурнинг улуғвор сиймоси гавдаланади. Соҳибқироннинг замондошлари, ўғиллари ва бошқа тарихий шахслар жонли образларга айланади. Не-не тақдирлар, турфа характерлар, ҳаётда учрайдиган зиддиятлар ва уларнинг ечимлари китобхонни ҳаяжонга солади.
Соҳибқироннинг 660 йиллиги нафақат унинг туғилиб ўсган диёри – Ўзбекистонда, балки Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Париждаги қароргоҳи бўлмиш ЮНЕСКОнинг муҳташам саройида юксак эҳтиром билан нишонлангани чинакам тарихий воқеадир. Бу ҳақда тўлқинланиб сўз юритган адиб Амир Темурга нисбатан тарихий адолатни тиклашда бош ташаббускор ва ташкилотчи бўлган Биринчи Президентимиз Ислом Каримов Соҳибқирон Амир Темурнинг фаолиятидаги устувор йўналиш фақат жаҳонгирлик ва фотиҳлик эмас, балки она Ватанни мустамлака зулмидан қутқариш, истиқлол ва адолатни қарор топтириш бўлганини эътироф этган. Бу қуйма фикрлар адибга қанчалик улкан маънавий куч баишлаганини асарни мутолаа қилиш жараёнида англаб етасиз.Адиб ва олим илмий бадиасида Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига оид фактларга теран илмий нуқтаи назардан ёндашади. Тарих осмонида мангу нур таратиб турган улуғ сиймо ҳақида турли даврларда тарихчилар ва тадқиқотчилар томонидан жуда кўп холис фикрлар ёзилганини эҳтиром билан тилга олади. Айтайлик, Амир Темурнинг ўз ота-онасига меҳру оқибати машҳур Оқсарой тимсолида кўринишини, испан элчиси Клавихонинг китобида ёзилишича «Амир Темур Кешда қурдирган муҳташам Оқсаройни отасининг хотирасига атаб бунёд этганини» эътиборга моликдир. Яна бир тарихий манбада эса «бу гўзал ва бетакрор бино Амир Темурнинг онаси шарафига 1404 йилда қуриб битирилган»и баён қилинган. Бу манбалардан иқтибослар келтириш асносида муаллиф ўз ўқувчиларининг тафаккурини янада бойитишга аракат қилади.Темурбек ёшлигида қанчалик зеҳни ўткир, заковати тенгсиз бола бўлгани, у камолга етганда ҳам буюк ақл-идрок соҳиби, донишманд сиймо, адолатли амир сифатида ном қозонгани ҳақида кейинчалик унинг саройида котиб бўлиб ишлаган Ҳафизи Абрўнинг «Зубдат-ут таворих», Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома», Низомиддин Шомийнинг «Зафарнома», темурийлар хизматида бўлган Муйиниддин Натанзийнинг «Мунтахаб-ут таворих», француз олими Люсьен Кэрэннинг «Амир Темур салтанати», Бошқирд халқ ёзувчиси Ахияр Ҳакимовнинг «Карвон», рус тарихчиси Михаил Арнольднинг «Бир муҳораба сири» асарларида, француз ёзувчиси Марсель Брюннинг «Мен жаҳонни очган Темурман» романига Эрон олими Р.Мансурий ёзган сўзбошисида, Озарбайжон олими Абулфайз Раҳимовнинг «Амир Темур Озарбайжонда» асарида эътиборга молик фикрлар баён этилганини муаллиф эҳтиром билан тилга олади. Кўплаб тарихий асарлар билан бир қаторда Алишер Навоийнинг «Мажолисун нафоис», Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асарларида ҳам Амир Темур шахси қанчалик улуғланганини зукко адиб теран таҳлил қилган.
Турли даврларда Амир Темур ҳақида яратилган асарлар орасида тарих ҳақиқатини бузиб талқин қилинганлари ҳам кам эмас. Улар нечоғли асосли бўлганини илмий таҳлил қилиш, пировардида, Соҳибқирон сиймоси ҳақида ҳаққоний хулосалар чиқариш мақсадида адиб «ишимиз давомида «Темур тузуклари»дан иқтибослар келтириш орқали унинг ўзини сўзлатишга, маънавий дунёсини ўз нутқи орқали очишга ҳаракат қиламиз» дея масалага тўғри ёндашиш йўлини танлайди.
Бугунги кунда беқиёс маънавий хазинамизга айланган «Темур тузуклари»ни Амир Темур умрининг охирларида ёзиб тугатгани ва унда ўз хулосаларини авлодларига васият тарзида ёзиб қолдиргани, бу китоб асрлар давомида махфий сақлангани ва бизга етиб келгунича ажойиб ҳодисаларга дуч келгани ўзи бир тарих эканини муаллиф қатор тарихий мисоллар воситасида тасвирлайди. Соҳибқирондан сўнг темурий шаҳзодаларнинг тенгсиз маънавий мулкига айланган бу китобга Мирзо Бобур чексиз эҳтиром ила қарагани борасида кўплаб далиллар келтирилган. «Бобур Мирзо умрининг охирида ўғли Ҳумоюнга ёзган махфий васиятномасида «Ҳазрат Соҳибқирон Амир Темурнинг корномасини доим ёдингда тутгил» дегани унинг «Темур тузуклари»ни назарда тутганидан далолат беради, – деб ёзади муаллиф. – Истиқлол шарофати билан тарихий адолат тикланганидан сўнг Бобур Мирзонинг Амир Темурга бўлган садоқат ва ихлосига бағишлаб «Юлдузли тунлар» романининг тўлдирилган нашрига янги боблар киритдим. Бу мавзу «Она лочин видоси» романи ҳамда «Тил ва Эл» номли бадиада баҳоли қудрат давом эттирилди».
Юқорида таъкидлаганимиздек, Амир Темур ҳаётига оид асарлар орасида қайсидир маънода «тўқиб-бичилган» гаплар, шошма-шошарлик билан «яратилган образлар», улуғ инсон шахсиятига тўғри келмайдиган «лавҳалар» ҳам кам эмас. Буюк тарихий шахс ҳаёти, зафарли юришлари ҳақида ортиқча эҳтиросга берилиб ёзиш «одати» ўтган асрларда ҳам кам бўлмаган… Бундай адабиётлар тарих ҳақиқатини бузиб кўрсатиш баробарида ўқувчини чалғитади.
Соҳибқирон ҳақидаги асарларнинг қай бири ҳаёт ҳақиқатига монанд-у қайсида англашилмовчиликлар, уйдирмалар, сохта гаплар борлиги «Амир Темур сиймоси» китобида аниқ далиллар билан исботлаб берилган. Жонкуяр адиб тарихий манбалардаги Амир Темур шахси билан боғлиқ ҳар бир деталга синчковлик билан ёндошади. «Сўнгги асрларда пайдо бўлган баъзи китобларда Тарағай баҳодирнинг номини «Тўрғай» деб ёзиш ҳоллари ҳам учрайди. Бу ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди,– деб изоҳлайди у.– Тўрғай – кичкина сайроқи қуш. Баҳодирлар авлодидан бўлган амирга бундай нисбат бериш тўғри эмас. Туркий тилда Тарағай сўзи «нурдай таралсин, кўпайсин, катта ҳудудларни эгалласин» деган маъноларни билдиради». Бундай тилаклар ижобат бўлишига урғу берган муаллиф шу ўринда Амир Темур ўзининг суюкли невараси Улуғбекка дастлаб Тарағай деб исм қўйганини ҳам эслатиб ўтади.
Мевали дарахтга тош отилиши азалий қисмат эканини Амир Темурга нисбатан турли тарихчи олимларнинг уйдирмаларидан ҳам билса бўлади. Жумладан, Ибн Арабшоҳнинг «Темур тарихида тақдир ажойиботлари», М.Брюннинг «Мен жаҳонни очган Темурман», 1992 йилда Москвада босилиб чиққан «Тамерлан», инглиз адибаси Хильде Хуккемнинг «Етти иқлим султони», А.Ю.Якубовскийнинг «Темур» деб номланган китобларида ҳақиқатга тўғри келмайдиган хаёлий уйдирмалар кўп учраши, академик В.В.Бартольднинг айрим сўзларида Амир Темурни «саводсиз бўлган» деган гаплари мутлақо ассоссиз эканлиги «Амир Темур сиймоси» китобида теран илмий таҳлиллар воситасида очиб берилган. Бу билан ўша чалкашликларга катта нуқта қўйилганини ҳис этасиз.
Айрим тарихчиларнинг Чингизхон ва Амир Темур сиёсатидаги бир-бирига «ўхшаш жиҳатлари»ни кашф қилганлари ҳақида ўқиганмиз. Аслида бу икки тарихий шахс саъй-ҳаракатларида, мақсадларида мутлақо ўзгача ҳолатлар юз берганини ҳам муаллиф аниқ далиллар билан асослаб берган. «Чингизийлар ҳукмронлиги даврида айниқса, сипоҳийлар ва беку амирлар орасида субутсизлик, беқарорлик, алдамчилик авжига чиққан эди,– деб ёзади адиб.– Шуни яхши биладиган Амир Темур энди одамларга нисбатан иложи борича кечиримли бўлиш ва яхшилик қилиш йўли билан уларни оғир иллатлардан қутқариб олишга астойдил ҳаракат қилади». Бир ўринда, Чингизхон лашкарларини ярим оч ҳолда жанг қилдиргани ва улар оч бўридек одамларни талагани, Амир Темур эса лашкарларига яхши маош тўлаб, уларни адолат учун курашга чорлагани ҳақида мароқ билан ҳикоя қилинган.
Соҳибқироннинг улуғвор ишлари, бунёдкорлиги, буюк инсоний фазилатлари, замондошларига, илм аҳлига нисбатан оқилона муносабатлари, зафарли юришлари ва қудратли давлат бунёд этиши, авлодларига қолдирган тенгсиз мерослари ҳақида юксак бадиий маҳорат билан ёзилган китобни мутолаа қиларкансиз, хаёлан ўтмиш билан юзма-юз бўлгандек ҳис этасиз ўзингизни.
Сўнгги фикрлар