Янги Ўзбекистонни ёшлар билан бирга қурамиз!

Бугунги ёшлар қанчалик билимли, тарбияли, дунёқараши кенг, фаол

фуқаролик позициясига эга ватанпарвар бўлиб камолга етса, янги Ўзбекистонни қуришга шу қадар камарбаста бўлади.

3

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларининг талабалар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқоти “Янги Ўзбекистонни ёшлар билан бирга қурамиз!” мавзуига бағишланди. Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Тошкент шаҳар Ёшлар маркази катта залида ташкил этилган тадбирда Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Сенат аъзолари – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси В. И. Романовский номидаги Математика институти директори Шавкат Аюпов, республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурилган ғоялар мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича сўз юритдилар.

1 2

– Мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар Ўзбекистоннинг жаҳонда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган тараққиёти йўлидаги улуғвор мақсадларга қаратилган,– деди ЎзМУ ректори, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Авазжон Мараҳимов.– Янги Ўзбекистонни халқимиз билан биргаликда барпо этамиз, деган улуғвор мақсадлар замирида эртанги келажагимиз, юртимиз тараққиёти масаласи турибди. Бу эзгу мақсадларга, албатта, сиз талаба-ёшлар билан биргаликда эришишимиз мумкин. Демак, бу сизларнинг ҳам фаол саъй-ҳаракатларингизга боғлиқ. Муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидланганидек, 2019 йилда мутлақо янгича мазмун ва шаклдаги 4 та Президент мактаби, 3 та Ижод мактаби иш бошлади. Олий таълимни ривожлантириш учун ўтган йили 19 та янги олий ўқув юрти, жумладан, 9 та нуфузли хорижий университетнинг филиали очилди. Етакчи хорижий университетлар билан ҳамкорликда 141 та қўшма таълим дастури бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Олий таълим муассасаларига жами 146 минг 500 нафар ёки 2016 йилга нисбатан 2 баробар кўп талаба ўқишга қабул қилинди.

1

Дарҳақиқат, Мурожаатномада қайд этилганидек, нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун аввало илм-маърифат, юксак маънавият керак. Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади. Шарқ донишмандлари айтганидек, “Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир!” Шу сабабли ҳаммамиз учун замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши керак. Тараққиётга эришиш учун рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллашимиз зарур ва шарт. Бу бизга юксалишнинг энг қисқа йўлидан бориш имкониятини беради.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда илм-фанни янада равнақ топтириш, ёшларимизни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси этиб тарбиялаш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш борасида бошлаган ишларимизни жадал давом эттириш ва янги, замонавий босқичга кўтариш мақсадида юртимизда 2020 йилга “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб ном беришни таклиф этар экан, 2020 йил номида белгиланган соҳаларни устувор даражада ривожлантириш ва ислоҳ этиш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширишимиз лозимлигини алоҳида таъкидлади.

Мурожаатномада баён этилган умидбахш ғоялар ва режалар салмоғи ғоятда улкан. Бугун кўпчилик “Ён дафтар”ига, бинобарин, қалб дафтарига қуйидаги эзгу мақсадларни қайд этиб олган бўлган ажабмас:

– Мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражаси 2020 йилда камида 25 фоизга ва келгусида 50-60 фоизга етказилади.

– Олий ўқув юртларига талабалар қабул қилиш давлат грантлари 2 баробар кўпайтирилади.

– Қизларимиз учун алоҳида грантлар ҳам ажратилади.

– Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари оптималлаштирилади.

– Олий ўқув юртларида чинакам билим ва тарбия олишга қаратилади.

– Она тили бўйича билимни баҳолашнинг миллий тест тизимини яратилади.

– Таълим йўналишлари ва ўқитиладиган фанлар қайта кўриб чиқилади. Мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар сони 2 баробар қисқартирилади.

– Олий таълимда ўқув жараёнини кредит-модуль тизимига ўтказиш талаб этилади.

– Жорий йилдан педагогик таълимнинг 6 та йўналиши бўйича ўқиш муддати 3 йил қилиб белгиланади.

– Олий ўқув юртларига босқичма-босқич академик ва молиявий мустақиллик берилади. Жорий йилда уларнинг 10 таси ўзини ўзи молиявий таъминлашга ўтади.

– Камида 5 та олий таълим муассасасини конкурс асосида танлаб, нуфузли хорижий олий таълим даргоҳлари билан ҳамкорликда уларни трансформация қилиш бошланади.

– Жорий йилда математика, кимё-биология, геология каби йўналишларда фундаментал ва амалий тадқиқотлар фаоллаштирилиб, олимларга барча шарт-шароитлар яратиб берилади.

– Илм-фан соҳасида фундаментал ва инновацион тадқиқотлар учун мақсадли грант маблағларини ажратиш механизми тубдан қайта кўриб чиқилади.

– Илм-фан ютуқларининг электрон платформаси, маҳаллий ва хорижий илмий ишланмалар базаси шакллантирилади.

– Ҳар бир олий таълим ва илмий-тадқиқот даргоҳи нуфузли чет эл университетлари ва илмий марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўяди.

– Жорий йилда “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан 700 дан зиёд олимлар, профессор-ўқитувчилар чет элга илмий изланиш ва малака ошириш учун юборилади.

– Таълимнинг барча босқичларида халқаро андозаларга тўлиқ жавоб берадиган ахборот технологиялари жорий этилади.

Бу каби кўплаб эзгу мақсадларга қаратилган устувор вазифаларни амалга ошириш учун ҳар ким ўз вазифасини сидқи-дилдан адо этмоғи зарур.

Тадбирда университетда таҳсил олаётган Давлат мукофоти совриндорлари, халқаро ва республика фан олимпиадалар, турли кўрик-танловлар ҳамда спорт мусобақалари ғолиблари, номдор стипендия совриндорлари, фаол иқтидорли талаба-ёшлар иштирок этишиб, ўзларининг таклифларини ўртага ташладилар.

Уларнинг таклифлари билан яқин кунларда бир гуруҳ фаол талаба-ёшлар Орол бўйлаб саёҳатга бориши, ЎзМУда мактаб ўқувчилари ўртасида математика фанидан ёзда фан олимпиада ўтказилиши режалаштирилди.

Фаол ва ташаббускор ёшлардан иборат тарғибот гуруҳлари тузилиб, бошқа таълим муассасалари, маҳаллаларда мазкур Мурожаатнома мазмун-моҳияти юзасидан суҳбатлар, очиқ мулоқотлар ўтказиш таклифи қўллаб-қувватланди.

Сенат аъзолари бу мавзуда талабаларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб бердилар.

Умид билан суқулган таёқ, бир кун берар мева-ю япроқ, деганларидек, бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурилган ғоялар мазмун-моҳиятини теран англаб етган талаба-ёшлар эртанги кунга умид ва ишонч ила дадил қадам ташлайдилар.

4

Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ Журналистика кафедраси мудири, халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *