Янги Ўзбекистон – халқимиз, айниқса, ёшларимиз ва келгуси авлодларимиз бахту иқболидир!

“Янги Ўзбекистон” деган ғояни қандай тушунасиз?

Маънавият тарғиботчиларининг бир ўқув-семинарида шу саволга турлича жавоблар қайтарилди, турфа фикрлар билдирилди. Бу мавзудаги мухтасар фикрларимизни биз Чўлпон таъбири билан айтганда, халқ ичига қучоқ очиб борганда изоҳлаб беришга ҳаракат қилаяпмиз.

1 2

Тошкент шаҳар Яккасарой туманидаги “Бошлиқ” маҳалла фуқаролар йиғинида 2022 йил 15 март куни “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсад ва устувор вазифалар” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда Маънавият ва маърифат маркази Яккасарой тумани бўлинмаси раҳбари Нодир Халилов, “Бошлиқ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдулла Юнусов, туман ҳокими ёрдамчиси Жасур Қосимов, Ёшлар етакчиси Дилшод Норбўтаев ҳамда маҳалла фаоллари, кексалар, ёшлардан иборат 40 нафарга яқин фуқаролар ҳамда ёшлар иштирок этдилар.

Тадбирда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети доценти, филология фанлари номзоди, халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, «Дўстлик» ордени соҳиби, «Олтин қалам» мукофоти совриндори Тўлқин Эшбекнинг “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсад ва устувор вазифалар” мавзуидаги маърузаси тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Таъкидлаш ўринлики, мамлакатимизда “Янги Ўзбекистон” деган тушунча реал воқеликка айланмоқда. Хўш, “янги” деган сўзнинг биз учун алоҳида аҳамияти бор? Масалан, энг кўҳна байрамларимиздан бири Наврўз – Янги кун деб аталишини эсга олайлик. Ушбу қадимий байрам билан боғлиқ қадрият ва анъаналар ҳаётимизга шу қадар сингиб кетганки, халқимиз асрлар давомида, буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий айтганларидек, “Ҳар тунинг қадр ўлубон, ҳар кунинг бўлсин Наврўз!” деган эзгу тилаклар, пок ниятлар билан яшаб келади.

Яна бир муҳим фикр: ўтган аср бошларида юртпарвар, миллатпарвар боболаримиз “жадидчилик”, яъни, янгиланиш ва эркинлик, адолат ва тенглик, илм-маърифат ва миллий ўзликни англаш ғояларини байроқ қилиб, кураш майдонига мардона чиққанларини барчамиз яхши биламиз. Бу улуғ зотларнинг мақсади – жаҳолат ва қолоқлик гирдобида қолиб келаётган Туркистон халқини дунёвий илм-фан, илғор касб-ҳунарлар билан қуроллантириб, умумбашарий ривожланиш йўлига олиб чиқишдан иборат эди. Жадидлар томонидан ташкил этилган янги усулдаги мактаблар, театр, кутубхона ва музейлар, газета ва журналлар, Туркистон фарзандларини чет элларга ўқишга юбориш мақсадида тузилган хайрия жамиятлари халқимизни неча асрлик ғафлат уйқусидан уйғотди, миллий озодлик ҳаракати учун беқиёс куч берди. Афсуски, юртимизда большевиклар диктатураси ўрнатилгани, чор мустамлакачилик сиёсати янгича шаклда давом эттирилгани маърифатпарвар боболаримизга ўз мақсад-муддаоларини тўлиқ амалга ошириш имконини бермади. Лекин уларнинг эзгу орзу-ниятлари халқимизнинг қон-қонида, тарихий хотирасида сақланиб қолди ва ҳануз яшамоқда, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Шу маънода, бугунги кунда бутун халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган, умуммиллий ҳаракатга айланиб бораётган “Янги Ўзбекистон” ғояси замирида ана шундай улуғ аждодларимиз, умуман олганда, миллий тарихимизда Биринчи ва Иккинчи уйғониш даврларига асос солган аллома боболаримизнинг орзу-интилишлари ва армонлари ҳам мужассам, десак, адашмаган бўламиз.

Инсоният тарихи шундан далолат берадики, ҳар қайси халқ ҳаётидаги маънавий уйғониш жараёнлари миллий ўзликни англашга олиб келади ҳамда мамлакатнинг иқтисодий, маданий тараққиётини янги босқичга кўтаради. Бундай ижтимоий ноёб ҳодиса “Ренессанс” – уйғониш, қайта тикланиш, юксалиш деб аталиши барчамизга аён.

Маълумки, бугунги Ўзбекистон замини қадимда икки буюк уйғониш даврига – Биринчи (маърифий – IX-XII асрлар) ва Иккинчи (Темурийлар – XIV-XV асрлар) Ренессансга бешик бўлган. Бу – жаҳон илм-фанида ўз исботини топган ва тан олинган тарихий ҳақиқатдир.

Ҳозирги вақтда мамлакатимизда яна бир муҳим Уйғониш жараёни кечмоқда. Шунинг учун “Янги Ўзбекистон” ва “Учинчи Ренессанс” сўзлари ҳаётимизда ўзаро уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб янграмоқда, халқимизни улуғ мақсадлар сари руҳлантирмоқда.

Бундан беш йил олдин қабул қилган Ҳаракатлар стратегиясининг туб мазмун-моҳиятини мухтасар ифода этадиган бўлсак, ушбу ноёб ҳужжатда ўз олдимизга Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек буюк вазифаларни стратегик мақсад қилиб қўйган эдик. Таъкидлаш керакки, Янги Ўзбекистонни барпо этиш – бу шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир.

Янги Ўзбекистон – демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган норма ва принципларга қатъий амал қилган ҳолда, жаҳон ҳамжамияти билан дўстона ҳамкорлик тамойиллари асосида ривожланадиган, пировард мақсади халқимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлатдир.

Биз демократик ўзгаришларни халқимиз, авваламбор, ёш авлодимизнинг бугунги ҳаёти ва эртанги истиқболини ўйлаб, миллий манфаатларимиз йўлида амалга оширмоқдамиз.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, мамлакатимиз тараққиётини янги, юксак босқичга кўтариш, бунинг учун янги ислоҳотларни амалга ошириш объектив зарурат, энг муҳим стратегик вазифага айланди.

Биз – Ўзбекистон фуқаролари жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий қиёфаси шиддат билан ўзгариб, ҳаётимизда янгича муносабатлар, янги имконият ва қадриятлар шаклланаётганини ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳис этмоқдамиз. Айниқса, “инсон ҳуқуқ ва эркинликлари”, “қонун устуворлиги”, “очиқлик ва ошкоралик”, “сўз эркинлиги”, “дин ва эътиқод эркинлиги”, “жамоатчилик назорати”, “гендер тенглик”, “хусусий мулк дахлсизлиги”, “иқтисодий фаолият эркинлиги” сингари фундаментал демократик тушунчалар ва ҳаётий кўникмалар ҳозирги вақтда реал воқеликка айланиб бораётгани эътиборлидир.

Бир ҳақиқатни очиқ тан олишимиз лозим: вақт ўтиши билан ислоҳот жараёнлари тобора кенгайиб бормоқда, шиддатли замон олдимизга янада улкан вазифаларни қўймоқда. Ҳаётнинг ўзи бизни кўп нарсага ўргатмоқда. Шу сабабли биз доимий изланишдамиз. Изланиш бор жойда ютуқлар билан бирга камчилик ва нуқсонлар ҳам бўлиши табиийдир.

Энг асосийси, “Ҳаракатда – баракат” деганларидек, биз энг қийин босқичдан ўтдик, яъни, йўлимизни аниқ белгилаб, катта ишларни бошладик. Энди ҳамма гап ислоҳотлар йўлини қатъият билан давом эттириш ва мантиқий якунига етказишда. Бу албатта осон эмас, аммо биз бунга қодирмиз. Муҳими, кейинги йилларда бундай улкан ва мураккаб вазифани амалга ошириш учун етарли сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, ташкилий-институционал замин яратилди.

Мамлакатимизда давлат органлари фаолиятида очиқлик ва ошкоралик тобора кенгайиб бормоқда. Сенатор ва депутатлар, вазир ва ҳокимлар, барча бўғиндаги мансабдор шахслар фуқаролар билан юзма-юз учрашиб, уларнинг дарду ташвишлари билан қоғозда эмас, амалда жиддий шуғулланмоқда. Яъни, авваламбор, давлат органлари халқ учун, ҳар бир фуқаро учун очилиб, улар билан фаол мулоқот олиб бормоқда.

Биз ҳаётимизда мажбурий меҳнат, хусусан, болалар меҳнати, ишсизлик, камбағаллик, коррупция, аҳолини уй-жой билан таъминлаш, таълим ва тиббиёт билан боғлиқ муаммолар мавжудлигини очиқ тан олиб, уларни кенг жамоатчилигимиз билан биргаликда бартараф этмоқдамиз.

Бугун одамларда адолатга, ҳақиқатга ишонч пайдо бўлмоқда. Улар турли даражадаги раҳбар ва мансабдорларнинг иш фаолиятига холисона баҳо бермоқда, камчиликларни ошкора танқид қилмоқда. Миллий тараққиётимиз учун бу жуда муҳим аҳамиятга эга. Чунки, атоқли шоиримиз Эркин Воҳидов айтганидек, “Яхшидир аччиқ ҳақиқат, лек ширин ёлғон ёмон”.

Бугун одамлар уйғонмоқда, жамият уйғонмоқда. Маънавий уйғоқ жамият – бу, ҳеч шубҳасиз, қудратли кучдир.

Айни пайтда яна бир ҳақиқатни унутмаслигимиз лозим: бугунги Ўзбекистон – бу ҳали том маънодаги, биз орзу қилаётган, интилаётган Янги Ўзбекистон эмас. Ҳали бу маррага етиш учун олдимизда жуда олис ва машаққатли йўл турибди. Йўлимиз шу пайтгача осон бўлгани йўқ, бундан кейин ҳам осон бўлмайди. Лекин биз дадил олдинга боришдан, керак бўлса, кутилмаган, аммо пировард натижаси самарали ва халқимиз манфаатларига жавоб берадиган ноанъанавий қарорлар қабул қилишдан чўчимаслигимиз зарур.

Янги Ўзбекистон – бу, аввало, янгича иқтисодий муносабатлар, янгича иқтисодий дунёқараш демакдир. Шу боис мамлакатимиз иқтисодий тизими тўлиқ қайта қурилмоқда, қанчалик оғир бўлмасин, бозор механизмларини амалда жорий этишни бошладик.

Ҳозирги вақтда электрон карточкадаги пулларни банкоматлар орқали нақд пулга айлантириш, миллий валюта курсининг “қора бозор”да – бир хил, банкларда эса бошқача бўлиши, хорижий валюталарни сотиб олиш, фуқароликка эга бўлиш, Ўзбекистоннинг исталган ҳудудидан уй-жой ва мол-мулк сотиб олиш ҳамда уларни рўйхатга қўйиш билан боғлиқ муаммолар тарихда қолди.

Ислоҳотлар аҳолининг барча қатламлари манфаатларига ижобий таъсир кўрсатмоқда: тадбиркорлар ўз бизнесини ривожлантириш учун эркинлик ва янги-янги имкониятларга эга бўлмоқда, деҳқон ва фермерлар, кластер хўжаликлари ўзлари етиштирган ҳосилнинг ҳақиқий эгасига айланмоқда.

Бугунги кунда халқ фаровонлигини, одамларнинг ҳаёт даражасини ҳар томонлама ошириш, бунинг учун янги иш ўринлари, даромад манбаларини яратиш, камбағалликни қисқартириш, қишлоқ ва шаҳарларимизни обод қилиш иқтисодий стратегиямизнинг энг муҳим йўналишлари ҳисобланади.

Биргина “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 2021 йилда барча шаҳар ва туманлардаги жами 7 минг 794 та қишлоқ ва маҳаллада умумий қиймати 20,8 триллион сўмлик қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Миллий тарихимизда қишлоқ ва маҳаллаларимизни ободонлаштиришга ҳеч қачон бунчалик катта маблағ ажратилмаган, энг муҳими, уларнинг ривожига бу қадар жиддий эътибор берилмаган.

Юртимиз мустақиллиги даврида, яъни, кейинги 30 йилда Ўзбекистон аҳолиси 15 миллион нафарга кўпайди. Бу ўртача бир мамлакат аҳолиси, демакдир. Қолаверса, вақт ўтиши, ҳаёт ўзгариши билан одамларнинг истеъмол талаби ва эҳтиёжлари ҳам муттасил ортиб бормоқда. Еримиз, сувимиз эса кўпаймаслиги табиий, албатта. Бундай ресурслар нафақат бизда, бутун дунёда чекланган. Бинобарин, биз энди ақлимизни, интеллектуал салоҳиятимизни, билим ва тажрибамизни оширишимиз, айнан ана шу омилларни иқтисодий ўсиш нуқталари ва ресурс манбаларига айлантиришимиз шарт. Бу ниманинг ҳисобидан бўлади? Албатта, бунга билим ва тажриба, тинимсиз ўқиб-ўрганиш, изланиш, янгиликка интилиш, юқори технологияларни жорий этиш, ислоҳотларни самарали олиб бориш ҳисобидан эришиш мумкин.

Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, одамлар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг тарғиб этиш нафақат тиббиёт соҳаси, балки бутун жамиятимиз олдидаги долзарб вазифадир. Ҳар бир инсон ўз соғлиги ҳақида аввало ўзи ўйлаши, ғамхўрлик қилиши керак.

Биз маънавий-маърифий ишларни кучайтиришга интилмоқдамиз. Бундай ёндашув – бугунги ва келгуси ривожланишимиз учун мустаҳкам пойдевордир. Янги Ўзбекистонни барпо этиш – яқин ва олис тарихимиз, бетакрор ва ноёб маданий бойликларимизни янада чуқур ўрганиб, уларга таяниб, мустақил миллий тараққиёт йўлимизни янги босқичда давом эттириш демакдир.

Дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш ва улар билан алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш мақсадида “Ватандошлар” жамғармаси ташкил этилди.

Жамиятимизда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган ишларимиз сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда. Ҳар йили Халқаро дўстлик куни сифатида кенг нишонланадиган 30 июль санаси Ўзбекистонда “Халқлар дўстлиги куни” деб эълон қилинди. Бу йил ушбу байрам мамлакатимизда биринчи бор кенг нишонланди. Буни ҳам ички ва ташқи сиёсат омиллари бирлашадиган муштарак ҳодиса сифатида қабул қилиш мумкин.

Ҳозирги кунда одамларни қийнаётган муаммоларни жойларда, маҳалланинг ўзида ҳал этишга алоҳида эътибор беряпмиз. Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳафтада икки кунни фуқароларни қабул қилишга ажратмоқда. Шунингдек, кунлик қабуллар ўтказиш тизими йўлга қўйилмоқда.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ҳар бир ҳокимнинг кабинети “Халқ қабулхонаси”га айланиши лозим. Шунда ҳар қайси раҳбар ҳудуддаги ҳақиқий аҳволдан тўла хабардор бўлади, ишида унум ва самарага эришади.

Албатта, бугунги кунда одамларни қандай масала ва муаммолар ўйлантираётгани, ташвишга солаётганини яқиндан билишда ёрдам берадиган очиқ манбалар, ахборот тармоқлари кўп. Айниқса, телевидение, матбуот, Интернет ҳаёт нафасини, таъбир жоиз бўлса, ҳар бир соҳанинг “юрак уриши”ни аниқ-равшан ҳис қилишда муҳим аҳамиятга эга. Шахсан ўзим оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда берилаётган янгиликлар, улар орқали билдирилаётган долзарб фикрлар, жамоатчиликнинг диққат-эътиборини тортаётган воқеа-ҳодисалар билан имкон қадар бевосита танишиб боришга ҳаракат қиламан.

Бир сўз билан айтганда, замонавий ахборот технологиялари ривожланган бизнинг давримизда реал ҳаётдан бутунлай узилиб қолиш мумкин эмас. Шунга қарамасдан, халқ билан турли кўринишдаги, дейлик, бу режадаги тадбир бўладими ёки маҳалла, туман, қайсидир муассасага кутилмаган ҳолатда кириб бориш орқали бўладими, умуман, бевосита мулоқот ҳамиша керак, деб ҳисоблайман.

Фуқаролар, кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинаётган барча муаммолар эътибор қаратишни талаб этади. Уларни инкор қилиш мумкин ҳам эмас. Албатта, жамиятдаги қонун бузилиши, адолатсизлик, инсон ҳуқуқларига беписанд муносабат, коррупция билан боғлиқ ҳолатларга бепарво қараб бўлмайди. Тизимли тус олган ёки жузъий муаммо бўладими, уларнинг барчасига дарҳол муносабат билдириб, тагига етиш ва ҳал этиш зарур.

Масалан, кейинги йилларда туб ислоҳотлар даврига қадам қўйган мамлакатимизда тараққиёт кушандаси бўлган иллат – коррупцияга қарши изчил кураш олиб борилмоқда. Мисолларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2020 йилда турли даражадаги мансабдорлар томонидан содир этилган жиноятлар учун 1723 шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Улар томонидан етказилган зарар 500 миллиард сўмни ташкил этган. 2021 йилнинг беш ойида эса 1696 нафар мансабдорга нисбатан жиноий иш очилган. Етказилган зарар 450 миллиард сўмни ташкил этмоқда.

Бу моддий зарарлар айбдорлардан ундириб олинади. Коррупция балосини жамиятимиз ҳаётидан йўқ қилишга қаратилган сиёсат келгусида ҳам қатъий давом эттирилади.

Мамлакатимизда кейинги йилларда замонавий уй-жойлар қуриш бўйича янги давр бошланди, деб бемалол айтиш мумкин. Бунинг тасдиғини сўнгги тўрт йилда аввалги йилларга нисбатан 4-5 баробар кўп уй-жойлар барпо этилди. Барча ҳудудларимизда аҳоли учун қулай ва шинам, барча замонавий шароитларга эга бўлган уй-жойлар барпо этилмоқда. Ипотека бозори ривожланмоқда. Ҳаётимизга “арзон уй-жойлар”, “ақлли уй”, “ақлли шаҳар”, “рақамли хизматлар” деган янги тушунча ва кўникмалар кириб келмоқда.

Келгусида уй-жой фондини шундай даражага олиб чиқишимиз керакки, аҳолининг барча қатламлари уй-жой сотиб олиш ва бу борада танлаш имконига эга бўлиши лозим.

Ёшлар янгича фикрлашга, янги-янги ғояларни дадил ўртага ташлаб, уларни амалга оширишга, муаммоларни ижодий ва ностандарт ёндашувлар асосида ҳал этишга мойил бўлади. Шунинг учун ҳозирги кунда ёш авлод вакилларининг билим олиши, илм-фан, инновациялар, адабиёт, санъат ва спорт соҳасидаги истеъдод ва салоҳиятини юзага чиқариши, уларнинг жамиятимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиши учун барча шароитларни яратишга устувор аҳамият бермоқдамиз.

Юртимизда янги хоразмийлар, фарғонийлар, берунийлар, ибн синолар, мирзо улуғбеклар, навоийларни тарбиялаб етказиш – нафақат вазифамиз, балки тарих ва келажак олдидаги муқаддас бурчимиздир.

Биз бу йўлда катта ишларни бошладик. Мамлакатимизда юқори билим ва малакага эга бўлган, рақобатдош кадрлар тайёрлаш мақсадида олийгоҳлар сони 141 тага етказилди, 26 та хорижий олий таълим муассасасининг филиаллари очилди. 2016 йилда республикамиздаги олийгоҳларнинг сони 77 та эди. Қисқа муддатда бу борада қарийб икки баробар ўсишга эришганимиз, ҳеч шубҳасиз, ёшларимиз, бутун жамиятимизнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, замонавий билим, касб-ҳунарларга янада яқинлаштириш йўлидаги ҳаракатларимиз натижасидир.

Кейинги беш йилда олий таълимга қабул квотаси 3 баробар оширилиб, ўтган йили 200 мингга яқин ёшлар учун талаба бўлиш имконияти яратилди. Бу – умумий қамров 28 фоизга етди, деганидир. Ўзингиз қиёслаб кўринг, 4 йил аввал бу рақам атиги 9 фоизни ташкил этарди. Бу борада давлат грантлари 21 мингтадан 47 мингтага кўпайтирилгани, ўтган йилги тажрибамизни янги босқичга кўтариб, эҳтиёжманд оилаларга мансуб 2 минг нафар қизларга бу йил олийгоҳларга кириш учун алоҳида грантлар ажратилгани ёшларимиз келажагини таъминлашга қаратилган амалий эътиборимиз намунасидир.

Биз 2030 йилга қадар мактаб, лицей ва коллеж битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини 50 фоизга етказишни режа қилганмиз ва бунга албатта эришамиз.

Ҳозирги вақтда юртимизда “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” деган ғоя асосида мактаб таълими тизимида ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Тошкент шаҳрида ва ҳудудларимизда Президент мактаблари, ижод ва ихтисослашган мактаблар сони кўпайиб бормоқда.

Навқирон ўғил-қизларимизнинг тадбиркорлик соҳасидаги ғоя ва ташаббусларини рўёбга чиқариш, уларни иш ва даромад манбаи билан таъминлашга давлат миқёсида катта аҳамият берилмоқда. Ана шундай эътибор туфайли сўнгги тўрт йилда 30 ёшгача бўлган тадбиркорлар сони 5 баробар кўпайиб, 500 мингдан ошгани, ҳеч шубҳасиз, ушбу соҳа ривожида муҳим роль ўйнамоқда.

Маҳаллаларда ташкил этилаётган касб-ҳунарга ўқитиш курсларида минглаб ўғил-қизларимиз меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларни эгалламоқда.

Ҳар бир туманнинг имконияти ва ривожланиш йўналишидан келиб чиқиб, қишлоқларда ёшларга 10 сотихдан 1 гектаргача ер майдонлари ажратиш бошланди. Натижада қишлоқда яшаётган 230 мингдан ортиқ ёшга 61 минг гектар ер майдони ажратиб берилди. Шунингдек, ғалладан бўшаган ерлардан яна 75 минг гектари 170 минг нафар ёшларга такрорий экинлар экиш учун ажратилди.

Ёшлар ўртасида камбағалликни камайтириш, уларни ўзини ўзи банд қилишга рағбатлантиришда “Ёшлар дафтари”, ёшлар дастурлари доирасида амалга оширилаётган ишларимиз муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Талаба ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги тизим асосида ётоқхона билан таъминланмаган 62 минг нафар ўғил-қизларимизга ойлик ижара тўловининг 50 фоизи бюджетдан тўлаб берилди.

Албатта, бу борадаги ишларимиз нафақат изчил давом эттирилмоқда, балки янада юқори босқичга кўтарилмоқда. Шу мақсадда 2021 йил 13 июлда қабул қилинган “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон бу фикрни тасдиқлайди.

Юртимизда ота-онасидан ажраган, меҳрга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг таълим-тарбия олиши, иш жойи ва уйига эга бўлиши, жамиятда муносиб ўрин топиши, “Меҳрибонлик уйлари”, махсус мактаб-интернатлар ва “Болалар шаҳарчаси”нинг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга жиддий эътибор берилмоқда.

Айниқса, “Меҳрибонлик уйлари”даги болаларни оилага яқин муҳитда тарбиялаш, билимли, касб-ҳунарли ва маънавиятли, ватанпарвар инсонлар этиб вояга етказиш – ҳаммамизнинг муқаддас бурчимиз. Шуларнинг барчасини ҳисобга олиб, “Меҳрибонлик уйлари” ва махсус мактаб-интернатларда таълим-тарбия самарадорлигини ошириш бўйича янги тизимни жорий этмоқдамиз.

Ана шундай ўқув-тарбия муассасалари тарбияланувчиларининг муаммоларини ўрганиш ҳамда ҳал этиш, уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқариш бўйича янги тизим – “Меҳр дафтари” жорий этилмоқда. Шунингдек, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш тартиби белгиланди. Унга кўра, ўзига бириктирилган уй-жойга эга бўлмаган ва тураржойга муҳтож сифатида ҳисобда турган ана шундай болаларга улар 18 ёшга тўлган йили умумий майдони 25 квадрат метрдан кам бўлмаган 1 хонали, вояга етган болалар ўртасида никоҳ тузилган ҳолатларда эса 50 квадрат метрдан кам бўлмаган 2 хонали квартиралар ажратилмоқда.

Инсонпарварлик руҳи билан йўғрилган бундай ислоҳотларимиз буюк Алишер Навоий бобомизнинг битта кўнгли ўксик одамни хурсанд қилиш – Каъбани обод этиш билан баробар, деган теран маъноли сўзларига, меҳр-оқибат, саховат ва олижаноблик каби фазилатларни доимо қадрлаб, улуғлаб яшайдиган халқимизнинг орзу-интилишларига ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳангдир.

Янги Ўзбекистоннинг нафаси, суръати ва шиддатини аввало азиз ўғил-қизларимизнинг азму шижоати, дадил фикр ва таклифларида, эришаётган дастлабки ютуқларида кўраман.

Дунёдаги ҳар қандай халқ, давлат ва жамиятнинг тараққиёт ва маданият даражаси аввало уларнинг хотин-қизларга бўлган муносабати билан белгиланади. Аёл бор экан, оила деган муқаддас қўрғон, фарзанд деган бебаҳо неъмат бор. Аёлларимиз бахтли бўлса албатта оиламиз, жамиятимиз ҳам бахтли бўлади. Хотин-қизлар барча соҳа ва тармоқларда эркаклар билан тенг ҳуқуққа эга бўлиб, юксак ҳурмат-эҳтиромда яшаган мамлакатда албатта тинчлик ва ҳамжиҳатлик, ўсиш ва юксалиш бўлади. Шунинг учун ҳам биз учун буюк Она тимсоли бўлган аёл зотини халқимиз азал-азалдан улуғлаб, эъзозлайди. Одамзотга асрлар давомида меҳр туйғусини сингдириб, уни гўзаллик, вафо ва садоқат, ватанпарварлик руҳида тарбиялаб келаётган азиз ва мукаррам зот ҳам оналаримиздир.

Бугунги кунда мамлакатимизда Гендер тенгликни таъминлаш бўйича комиссия, Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Республика Хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши каби тузилмалар опа-сингилларимизнинг манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим роль ўйнамоқда. Мамлакатимизда хотин-қизларни иш ўринлари, уй-жой билан таъминлаш, уларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда. Бу борада аёлларни касб-ҳунарларга қайта ўқитиш марказлари жорий этилгани, арзон уй-жойлар дастури амалга оширилаётгани муҳим аҳамиятга эгадир. Ҳар йили оғир турмуш шароитида яшаётган аёлларнинг уй-жой бўйича бошланғич бадаллари давлат бюджети ҳисобидан тўлаб берилмоқда.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, барчамизга ризқ-насиба берган, оқ ювиб, оқ тараб вояга етказган эл-юртимиз олдида биз ҳамиша қарздормиз. Азиз ва ардоқли халқимизнинг розилигига эришиш – биз учун энг буюк саодатдир. Чунки халқ биздан рози бўлса, Яратган ҳам рози бўлади.

 

Президент Шавкат Мирзиёев асарлари,

нутқлари ва суҳбатлари асосида

Тўлқин Эшбек тайёрлади.

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *