ЯХШИЛИК ШУКРОНАСИ

Шеърият шайдоларига!

photo_2023-03-14_23-22-58

“Яхшилик қилмоқлик яхшидир, бироқ,

Яхшиликни қадрлаш ундан яхшироқ”.

Абдулла Орипов

 

Ҳаёт неъматларин ҳис этган онда,

Насибам озми-кўп териб юрибман.

Бир-бир ҳисобласам ўтган умрни

Яхшилик карвонин обдон кўрибман.

 

Катта оиланинг эрка ўғлони,

Оға-иниларим меҳрига тўйдим.

Ота-онажоним азиз сиймосин

Ўчмайдиган тарзда қалбимга ўйдим.

 

Ҳаёт мактабининг остонасидан

Дўстларим ҳисоби ошгандан ошди.

Кимнинг иқболига гар шошар бўлсам,

Етиб бормасимдан эшигин очди.

 

Ишқнинг кўчасида бўлмадим Мажнун,

Яратганнинг ўзи ато этди бахт!

Бу кун набиралар иқболин кўриб,

Ижобат бўлганин билдик дуо, аҳд!

 

Устозлардан мудом кулди омадим:

Катта-ю кичикми ёки тенгмўйсам,

Ҳар бири ўзига айлади надим,

Арзийди бошимни пойига қўйсам.

 

Юртим истиқлолин кўриш – катта бахт,

Фаровон ҳаёт ҳам элимизга нақд!

Шаҳар-у қишлоқлар жамолин кўриб,

Нелигин англадим – инсон учун бахт!

 

Лутф қилганидай Абдулла Ориф:

“Давримдан қайга ҳам тушардим йироқ”.

Мардона шерларнинг изидан бориб,

Ёқолдим буюклар шамъидан чироқ.

 

Катта анжуманлар шукуҳи ўзга,

Катта бир карвоннинг бўлолдим нори.

Шукронага чорлар асрлар оша

Ҳазрати Бобурнинг ғуссали зори.

 

Файзи аримасин давру даврамдан,

Набиралар тортар этак узгудек.

Шукрлар тўкилгай астар-аврамдан,

Шеърим бўла қолсин сизга кўзгудек.

 

Ортда қолган олтмиш ёшим – яхшилик,

Ҳаётда тобланган бошим – яхшилик.

Оллоҳ Ўзи берган бардош – яхшилик,

Ризқим бутунлиги, ошим – яхшилик!

***

Эсим танигандан кўрдим замондин яхшилик,

Ҳаёт тегирмонидан чиқдим бутун яхшилик!

Гар тиласанг ўзингга, ўзгага икки ҳисса,

Истасанг астойдил чиққай ёмондан яхшилик.

 

Тўлқин ЭШБЕК

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *