2019 йилнинг 16 февраль куни пойтахтнинг 25 нафар профессор-олимлари
республика Маънавият ва маърифат марказининг автобусида Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ тумани аҳолиси билан бевосита мулоқотга отландилар.
Қуёш чиққан томон шитоб билан ҳаракатланган автобусдаги “Олимлар клуби”нинг аъзолари тилида ва дилида “Қучоқ очиб халқ ичига борайлик”, деган янги шиор янграб турди. Ўнг томонда гуллашни бошлаб юборган дарахтлар, чап томонда майсалар кўз очган далалар. Бизни оппоқ қорга бурканган пурвиқор, донишманд Чимён чорлар эди.
ҲАМКОРЛИККА УЗАТИЛГАН ҚЎЛЛАР
Халқимиз азалдан илм-зиёга шайдо. Олимларни эъзозлайди. Бу гал ҳам шундай бўлди. Туман марказидаги 24-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабига етиб келганимизда, иқтидорли ёшлар оркестри ижросидаги чиройли куйлар садоси туманни тутди. Мактаб жамоаси ва туман фаоллари тўла муҳташам зал олимларни гулдурос қарсаклар, ёниб турган,интизор кўзлар билан кутиб олди.
Ана шундай кўтаринки кайфият билан бошланган учрашувни туман ҳокими ўринбосари А.Тастанбеков очиб берди. Шундан сўнг, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари, профессор М.Қуронов сўз олди. Нотиқ муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак”, деган ғояларининг мазмун-моҳиятини тушунтириб берди. Бугунги кунда ҳар бир оила, хонадонга кириб бориш нафақат ҳокимлик, идораларнинг, балки илм аҳли, олимларнинг ҳам бурчи эканлигини уқтирди. Республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти қошида ташкил этилган “Олимлар клуби”нинг мақсад-вазифаларини ойдин қилиб очиб берди. Клубнинг “Қучоқ очиб халқ ичига борайлик!” шиорининг олийжаноб мақсади ҳақида гапирди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти раиси А.Камалов ушбу амалий ташаббусдан кўзланган асосий мақсад – Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис палаталарига Мурожаатномасининг ҳикматлари, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурининг мазмун моҳияти, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, Инсон капиталининг моҳиятини аҳоли, айниқса ёшларга тушунтириш, иқтидорли ёшлар билан суҳбатлашиш, олий таълим ва мактаблар билан “Устоз-шогирд” ришталарини боғлаш, шунингдек уларни катта фан йўлларига бошлашдан иборат эканлигини айтди.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетидан профессор А.Ўтамуродов, сиёсий фанлар доктори, профессор И.Эргашев ҳамда Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетидан тарих фанлари доктори, профессор Р.Холиқовалар сўз олишди.
Қизғин мулоқот бошланди. Бири биридан яхши таклиф ва ташаббуслар ўртага ташланди.
Юқори Чирчиқнинг адабиётга, ижодга ошно болаларнинг кўп эканлиги маълум бўлди. Ва Миллий университет олимлари бундай ёшларга ҳам назарий ҳам амалий кўмак беришда ҳамкорлик қўлларини узатдилар. Ўша заҳоти таълим, ёшларнинг тумандаги масъуллари амалий ишлар режаларини белгилашга киришишди. Бундай амалий ҳамкорлик келишувлари йиғилганларни дилдан қувонтирди. Илҳомлантирди.
ҲАЙРАТ
Куннинг иккинчи ярмида меҳмонлар икки гуруҳга бўлиниб корхона ва ташкилотлардаги меҳнат жамоалари, таълим муассасаларига йўл олишди. Бир гуруҳ чақалоқларга махсус тагликлар ишлаб чиқарувчи корхонага жам бўлди. Катта майдонни эгаллаган корхона. 100 дан зиёд Юқори Чирчиқлик опа-сингилларимиз, ака-укаларимизнинг қўли-қўлига тегмайди. Натижа ҳам шунга яраша – бир минутда 260 дона таглик ишлаб чиқарилиб, машиналарга юкланаётир. Замонавий технологиялар шиддати, суръати мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар шиддатини, суръатини эслатади. Меҳмонларнинг юзу-кўзини ҳайрат эгаллади.
Дарҳол ишчилар билан жонли мулоқотга киришиб кетишди. Ишчиларга яратилган шароит зўр. Маош – юқори. Ҳатто полигача иситилган корхона ходимларининг кўзларида уларнинг бугун бахтли эканлиги, розилиги, эртасига қатъий ишончи балқиб, кўрганнинг ҳавасини келтирар эди.
Бундан илҳомланган “Олимлар клуби” аъзолари мамлакатимиздаги ўзгаришлар, ислоҳотлар, айниқса ишлаб чиқаришнинг халқ фаровонлигига қўшаётган ҳиссасини алоҳида таъкидлаб ўтишди. Ҳалол меҳнат мадҳ қилинди. Ишчи-ходимларни қизиқтирган кўп саволларга жавоблар, маслаҳатлар берилди.
Юқори Чирчиқ туман тиббиёт бирлашмасида меҳмонларни бирлашма бошлиғи Х.Бабаханов қарши олди. Қисқа муддатда тиббиётда рўй берган ўзгаришларни туман мисолида тушунтириб берди.
“УСМОНОБОД”, “ДАРХОН”ДА
Иккинчи гуруҳдаги олимлар тумандаги “Усмонобод” ҳамда “Дархон” маҳаллалари аҳолиси билан учрашишди. Нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшлар вакиллари иштирок этишган тадбирда клуб аъзолари “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган ғоянинг шарофати, мазмун-моҳиятини очиб беришди.
Кўпмиллатли бу маҳаллаларда инсонларнинг турмуш даражаси, ёшларнинг таълим олиши билан боғлиқ масалалар борасида кенг фикр алмашилди. Олимлар томонидан муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан Марказий Осиё халқлари ўртасидаги миллатлараро тотувлик янги босқичга кўтарилаётгани якдил эътироф этилди. Қатнашчилар бу ўз навбатида юртимизнинг маданий-гуманитар, илмий-техникавий ва савдо-иқтисодий соҳалари ҳамкорлигига кенг йўл очаётганини завқ билан сўзлашди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис палаталарига Мурожаатномасида билдирилган фикрлар мазмуни тушунтирилди. 2019 йилда таълим соҳасида, “Обод қишлоқ” ҳамда “Обод маҳалла” дастури доирасида туманда амалга ошириладиган ишлардан мамнун фикрлар айтилди. Айниқса, ҳар бир хонадонга кириб боришнинг йўлга қўйилаётгани халқ бахтига хизмат қилаётгани Юқори Чирчиқ туманидаги мисоллар билан таъкидланди.
Олимлар маҳаллалардаги мактабларга ҳамкорлик қўлини узатиб, олий ва ўрта таълимни бир-бирига боғлаш, нуфузли университетларда ташкил этилган тўгараклар филиалларини Юқори Чирчиқ туман мактабларида очиш ташаббусини кўтаришди. Туман таълим мутасаддилари буни миннатдорлик билан қабул қилиб, ҳамкорликнинг ташкилий ишларини бошлаб юборишди.
ҲАР ИШГА ИЛМИЙ ЁНДАШИШ НИМА УЧУН ШАРТ?
Жонли мулоқотларда олимлар йигирма биринчи асрда инсон капитали инсон бахтини белгилашнинг асосий шарти эканлиги тушунтиришди. Бунинг учун фарзандни узлуксиз маънавий тарбиялашни йўлга қўйиш лозимлиги, оилани қандай мустаҳкам сақлаш мумкинлиги, миллий ғоя ва ҳатто қайнона-келин муносабатларигача илмий асосланган маслаҳатларини беришди. Бу бежиз эмас. Чунки ҳар бир масалага илмий ёндашиш ягона тўғри йўл. Чунки илмий ёндашиш бу ҳар бир соҳада“етти ўлчаб, бир кесиш” демак.
Ташрифнинг энг қимматли жиҳати шу бўлдики, тумандаги таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар билан ўнлаб ўзаро келишувларга ҳамкорлик қўллари узатилди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги “Маърифат” тарғиботчилар жамиятининг “Олимлар клуби”доимий ҳаракатда. Март ойида Сирдарё вилоятига чиқиб, жонли, маърифий мулоқотлар ўтказишга тайёрланмоқда.
Зеро, “Олимлар клубининг шиори аниқ ва амалий – “ҚУЧОҚ ОЧИБ, ХАЛҚ ИЧИГА БОРАЙЛИК!”.
З.Нурмонова,
Республика Маънавият ва
маърифат маркази матбуот котиби
http://uza.uz/oz/society/yakhshi-taklif-va-tashabbuslar-rtaga-tashlandi-18-02-2019?m=y&ELEMENT_CODE=yakhshi-taklif-va-tashabbuslar-rtaga-tashlandi-18-02-2019&SECTION_CODE=society
Сўнгги фикрлар