ЁРУ ДИЁР ВАСФИ
Шеърият шайдоларига
“Адашган ит каби Фурқат, қаён боргум билолмасман,
Қачон бўлғайки топгайман хабар ёру диёримдан?”
Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат
Диёрим деб келар бир сўз Қашқардану Кобулдан,
Уфо, Қрим, Анқорадан, Ангараю Тобулдан.
Туркий улус қанот ёзса Ерни қучиб олгудек,
Хокос, ёқут, турку мўғил ўзбекка муқобилдан.
Ҳобилдек биродарига қўл кўтарган кибрдир,
Бизга кибр наҳожатдур, гарчи мерос Қобилдан?!
Ердан бўлган – ерга қайтар, тўқ бошоқнинг боши – хам,
Нима қолди, бир ўйлагин, минораи Бобилдан?!
Нуҳ кемаси бир тўфондан аранг омон чиқолди,
Дўстлик ила чиққумиздир омон мингта довулдан.
Етим ҳақи ғорат айлар, Чингизхондан ибрат бу –
Не-не шаҳар олди, чиқиб қора уйли овулдан.
Ер юзида бир қулочу, томирлари қирқ қулоч,
Ҳатто мовий гумбазлар ҳам қутилолмас ковулдан.
Қазағим-ғўй қўнақ этиб, сузиб келар бесбармақ,
Тотор бика ғоз гўштига шўрва солар шовулдан.
Борди-келди деганлари қиёматга қолмагай,
Олтой оғам салом йўллар бир қадам Барновулдан.
Меҳмон атойи Худо деб, рафиқони тожикон,
То қиёмат воз кечмагай бу кўҳна таомилдан.
“Олам аҳли билингиз-ким иш эмас душмонлиғ!”–
Тингла Румий, Эмро, Лутфий, Яссавийдан, Комилдан.
Дўстлик – катта тоқат асли, кайфу-сафо йўлига,
Омадинг шу – берган бўлса Оллоҳ сабри жамилдан.
Тўлқин Эшбек дўстлик ҳақда сўзни энди бошлади,
Улаб айтдим Пўлкан шоир, Эргаш Жуманбулбулдан.
Тўлқин ЭШБЕК,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Сўнгги фикрлар