Ёшларга қанот бахш этган 5 ташаббус

Оналар тета-поя қила бошлаган гўдакларини суюб-эркалаш баробарида

бадантарбия (спорт) билан шуғулланишга, расм чизишга, санъатга ошно этишга, уйдаги майда-чуйда ишларга қўл солишга ўргатади. Ҳозирги давр гўдаклари мобил телефони, яъни, ахборот-коммуникация технологияларидан кўз узмасдан улғаяётганлари ҳам бор гап. Буларнинг барчаси кичкинтойлар дунёқарашини шунга яраша шакллантирмоқда, фикрлашга ўргатмоқда. Шу тариқа камолга етаётган ўғил-қизлар ҳаётда муносиб ўрнини топишидан умидвормиз. Оиладаги бу тарбия мактабда изчил давом эттириш учун нима қилмоқ керак? Бу саволга Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган 5 ташаббус ғоясидан аниқ жавоб топамиз. Бу ташаббуслар замирида қанчалик эзгу мақсадлар мужассам эканини унинг моҳиятини тўғри тушунганлар теран ҳис этади.

1

Беш ташаббусга кўра ёшларни муносиб равишда камолга етказиш учун уларни маданият ва санъатга, жисмоний тарбия ва спортга жалб қилиш, компьютер технологиялари ҳамда интернетдан самарали фойдаланишларига имкониятлар яратиш, китобхонликни кенг тарғиб қилиш, ҳар бир ҳудудга бадиий, тарихий, илмий, оммабоп мавзулардаги китоблар етказиб бериш, қизларни тикув-трикотаж ва бошқа хайрли ишлар билан банд этиш зарур.

Оила тарбиясининг мантиқий давоми ҳисобланган ана шу 5 ташаббусни тўлақонли амалга ошириш учун нима қилмоқ керак? Телевизор, радио ёки газета орқали фақат тарғиб-ташвиқ қилиш билан амалда кутилган натижага эришиб бўлмайди. Демак, биз ҳам енг шимариб амалий ишга киришмоғимиз зарур. Беш ташаббусни тўла амалга оширишни биз зиёлилар ўз зиммамизга олишимиз мақсадга мувофиқдир.

3

Бугун ўзини жамият тараққиёти учун бурчлиман, деган инсон уйғонмаса бўлмайди! Уйғоқлик – жамият ҳаётига бефарқ бўлмаслик, лоқайд яшамаслик демакдир! Бу борада қилишимиз зарур бўлган ишларимиз кўп. Бугун кимдандир кўрсатма кутиб ўтирадиган давр ўтди. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг бир гуруҳ фаол профессор-ўқитувчилари қалб амри ила шу эзгу ишга бел боғладик. Бу улуғвор йўлда давлатимиз раҳбарининг “Зиё нури – олийгоҳдан бошланади” деган сўзларини ўзимизга шиор қилиб олдик.

Вазифалар аниқ белгиланди. Яъни, мактаб ўқувчилари маданият ва санъат, жисмоний тарбия ва спортга мунтазам жалб қилиниши зарур. Компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишга ўргатиш жараёнида ўқувчилар энг аввало саводхон бўлмоқлари, тўғри фикрлаб, бехато ёзишга ўрганмоқлари зарур. Ҳар бир мактабда ташкил этилган кутубхоналарда тез-тез “Китобхонлик соатлари” ташкил этилиб, унга адиб ва шоирлар таклиф этилиши мақсадга мувофиқдир. Биз ана шу ташкилий ишларга яқиндан беришга киришдик.

Қизалоқлар гўдаклигидаёқ қўғирчоқларига чиройли кўйлакчалар тикиб кийгизишга қизиқишларини кузатганмисиз? Демак, уларда бу касб-ҳунарга бўлган иштиёқ “қон билан кирган” бўлади. Ташаббуснинг бешинчиси айнан шу масалага қаратилган. Вояга етаётган қизларнинг тикув-трикотаж ишлари билан банд этиш, бунинг учун зарур имкониятлар яратиш лозим.

Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси мактаб ўқувчиларини муносиб тарбия қилишга, уларнинг етук инсон бўлиб камолга етишларига хизмат қилади.

Олмазор туманида жойлашган республика заиф эшитувчи болалар 106-мактаб-интернатидамиз. Бу масканда имконияти чекланган, яъни, эшитиши қийин бўлган ўғил-қизлар тарбияланишади. Ҳаётда табиатан мана шундай имконияти чекланган болаларнинг бошқа жиҳатдан қобилияти кучли бўлади.

– Мактаб интернатимизда таълим-тарбия олаётган 357 нафар ўқувчи ҳам эртага ҳаётда муносиб ўрнини топиши керак,– деди манавий-марифий ишлар бўйича деректор ўринбосари Феруза Мадаминова.– Улар ҳозирданоқ турли касб-ҳунарларга жуда қизиқадилар. Юртбошимиз илгари сурган 5 ташаббус бўйича биз алоҳида тўгараклар ташкил этдик.

Биз ҳам ана шу тўгарак ишларига яқиндан ёрдам беришга жазм қилдик. Аввало шу пайтгача амалга оширилган ишлар билан танишдик. Очиғи, бу борада анча ишлар қилинган, эришилган натижалар ҳам чакки эмас.

Биринчиси, спорт тўгараги ўқувчиларнинг чинакам чиниқиш мактабига айланган. Болаларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун зарур жиҳозлар келтирилган. Шу тариқа 10 та спорт тўгарагига энг тажрибали ўқитувчилар жалб этилган. Бунинг натижасида “Спорт – мустаҳкам оиламиз пойдевори” шиори остида Олмазор туманида ўтказилган спорт мусобақасида мактаб-интернат ўқувчилари фахрли 2-ўринни эгаллашди. Шахмат-шашка бўйича ўтказилган мусобақа ҳам фахрли 2-ўринга муносиб кўрилди.

Иккинчиси, санъатнинг қатор турлари бўйича тўгараклар ташкил этилган. Ўқувчилар дарсдан бўш пайтларида расм чизиш, наққошлик, ганч-ўймакорлик ишлари билан машғул бўладилар. Куй, қўшиқ ва рақс санъати тўгарагида заиф эшитувчи ўқувчиларга махсус эшитиш мосламаси берилади. Яъни, улар оҳангларни қисман махсус аппаратлар воситасида тингласа, асосан тегишли дастур асосида тайёрланган имо-ишоралар орқали англаб етадилар. Шу аснода улар соғлом тенгдошлари каби куй-қўшиқларни мароқ билан тинглаш, завқ олиш имконига эга бўладилар ва оҳангларга ҳамоҳанг рақсга тушадилар. Расм чизиш ва ижодий ишлар бўйича “Ватан менинг нигоҳимда” деб номланган мусобақада улар тумандаги тенгдошлари ўртасида ғолиб деб топилиб, шаҳар босқичига йўлланма олган.

Учинчиси, ўғил-қизлар қайси касб-ҳунарга қизиқишини ўрганган ҳолда пазандачилик, ҳунармандлик ва бошқа йўналишлар бўйича тўгараклар ташкил этилган. Унда бирор касбни ўзлаштираётган болаларга алоҳида эътибор қаратилади. Ҳар бир ўқувчини рағбатлантириш чоралари кўрилади. Шу аснода “Балли қизлар ва шунқорлар” деб номланган тадбирлар ўтказиб турилади. Тадбирда ўқувчилар оилавий ҳаётга тайёрлашга қаратилган турли шартлар бўйича беллашдилар.

Тўртинчиси, мактаб-интернат кутубхонаси турли китоблар билан бойитилмоқда. Ўқувчиларда китобга меҳр ва қизиқиш уйғотиш учун тез-тез маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилади. “Китоб менинг дўстимсан” деб номланган навбатдаги давра суҳбатида дунё тарихида яратилган илк китоблардан бири – “Авесто”нинг бош ғояси: эзгу фикр, эзгу сўз ва эзгу амал моҳияти изоҳлаб берилди. Ўз даврида “Авесто”ни ўқиган улуғ аждодларимиз Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Термиз, Тошкент каби меъморий обидаларга бой шаҳарларни бунёд этганлари ҳақидаги фикрлар ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди. Ўтмишда буюк шахслар китоблар ёзиб ўз замондошларининг илмий тафаккури ва маънавий оламини бойитганларини теран англаган ўқувчилар бундай дурдона асарларга ўзгача меҳр билан қарайдилар.

Бешинчиси, Баркамол авлод болалар ижодиёт уйи билан ҳамкорликда ташкил этилган тўқиш, бичиш, тикиш, нақш ва мунчоқли безаклар ясаш каби тўгаракларида чевар қизлар рўзғорбоп фаолият турларини ўрганадилар.

Бу даргоҳда рақс тўгараги раҳбари Меҳрибон Абдуллаева, пазандалик сирлари тўгараги раҳбари Наргиза Собирова, дурадгорлик тўгараги раҳбари Ойбек Қиличев, чилангарлик тўгараги раҳбари Йўлдош Қосимов Ёш табиатшунослар тўгараги раҳбари Насиба Расулова, ёш математик тўгараги раҳбари Улугбек Шокиров, рус тили тўгараги раҳбари Муҳайё Саминжанова, ёш актерлар тўгараги раҳбари Мукамбар Юсуповаларнинг шогирдларига ҳавасинг келади. Ҳар бир ўқувчи ўз иқдорига яраша ана шу тўгаракларда қизиққан соҳалари сир-асрорларини мукаммал эгалламоқдалар.

Инсоннинг энг катта бахти – ҳаётидан рози бўлиб яшашидир. Табиатан заиф этишувчи ўғил-қизлар ҳаётда соғлом инсонлар қаторида бахтиёр яшаши учун мазкур масканда кўп хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Юртбошимиз илгари сурган 5 ташаббус асосида амалга оширилаётган хайри ишлар уларга янада қанот бахш этмоқда.

Табиатан заиф эшитадиган ўғил-қизларнинг бу масканда таълим-тарбия олиш баробарида ҳаётда муносиб ўрнини топиш учун астойдил интилаётгани кишида умид уйғотади. Уларнинг орзу-интилишлари, саъй-ҳаракатларини кўриб, шоирнинг қуйидаги сатрлари ёдга тушади:

Инсонга аввало берилган сабот,

Ташаббус ёшларга бахш этар қанот.

Ўқиган, интилган адашмас йўлда,

Поёндоз тўшайди бахтдан бу ҳаёт!

Олмазор туманидаги 29-мактабда ўтказилган тадбир ҳам ўқувчиларда 5 ташаббусга бўлган иштиёқини орттирди.

Мактаб саҳнасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва оммалаштиришга қаратилган бадиий чиқишлар ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди. ЎзМУ Таэквондо ва спорт фаолияти факультети талабалари Сафия Абдураҳимова, Шоҳсанам Азамова, Улуғбек Равшанов, Баҳодир Ўлмасов, Файёзбек Ғаниев, Фарруҳ Солиевларнинг чиқишлари ўқувчиларда спортга қанчалик иштиёқ уйғотгани уларнинг чақноқ кўзларида акс этиб турарди.

Олмазор туманидаги 28-мактабда ЎзМУ профессор-ўқитувчилари беш ташаббусда белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун аввало зарур шарт-шароитларни яратишга яқиндан кўмаклашдилар. ЎзМУ жамоаси саъй-ҳаракатлари билан бир нечта тўгарак ташкил этилди. Мактабда режа асосида ўқувчилар спорт, касб-ҳунар, санъат тўгаракларига мунтазам жалб этилиши йўлга қўйилади. Китобхонлик кунларига таниқли ёзувчи-шоирлар таклиф этилади. Қизлар асосан тикув-трикотаж маҳоратини ўрганадилар.

– Бу саъй-ҳаракатлар бизнинг фарзандларимиз, набираларимиз учунлиги яхши маълум,– дейди Қорасарой маҳалласида истиқомат қилувчи онахон Дилдора Ризаева.– Шундай экан, бу хайрли ишларга биз ҳам ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз шарт. Юртбошимиз фарзандларимиз келажагини ўйлаб илгари сурган 5 ташаббус фақат мактабда қолиб кетмаслиги керак. Биз ота-оналар уни оилалаларимизда, ўрни келганда маҳаллаларда ҳам давом эттиришимиз зарур. Мақсад – ўғил-қизларимизни соғлом, бақувват, касб-ҳунарли, китобхон ва энг муҳими, тарбияли инсон қилиб вояга етказишми, демак, бу масалада ота-оналар мактаб ўқитувчилари билан бир сафда, елкама-елка туриб курашмоғимиз шарт! Бугун ЎзМУ профессор-ўқитувчиларининг шу мактабда ўтказган тадбирларини кузатиб, жуда руҳланиб кетдим. Миллий университет вакилларининг барча саъй-ҳаракатлари ота-оналарда ҳам ўзгача умид уйғотди. Ҳар бир ота-она эртага вояга етган фарзандини олий маълумотли ёки жамиятимиз учун фойдали касб эгаси бўлишини, муҳими, ҳаётда муносиб ўрнини топишини истайди. 5 ташаббусдан кўзланган мақсадларни баҳамжиҳатлик билан амалга оширсак, ўғил-қизларимиз шунга яраша бахтли-саодатли бўладилар.

Ёшларни тўғри тарбиялаш, ҳаётда муносиб ўрнини топишлари учун уларга пухта билим бериш, турли соҳаларга қизиқтириш ғоят муҳим ўрин тутади. Бунинг учун уларни ЎзМУдек улуғ даргоҳларга таклиф этиб, турли замонавий жиҳозларга эга бўлган лабораторияларда, ўқув хоналарида суҳбат қилиш мақсадга мувофиқдир. Ёшликда олинган билим – тошга ўйиб ёзилган каби мустаҳкам бўлади, деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Навбатдаги ана шундай тадбирда Тошкент туманидаги 2-сонли умумий ўрта мактаб ўқувчилари иштирок этдилар.

“Ҳаракатлар стратегияси” хонасида ўтказилган очиқ мулоқотда ўқувчи-ёшлар Миллий университет тарихи ва бугунги истиқболлари, ривожланган давлатларнинг университетлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар, хусусан, талабалар алмашинуви, икки давлат университетида таҳсил олган иқтидорли талабаларга қўшма диплом берилиши ҳақидаги суҳбатларни катта қизиқиш билан тингладилар. Тадбир давомида ўқувчилар Миллий университет маърифат ўчоғига айланган “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон доимий экспозицияси”, “Ўзбекистон қаҳрамонлари” экспозицияси, кутубхоналар, компюьтер хоналари билан танишдилар.

Қизиқарли давра суҳбатига айланган тадбирда Президент стипендияси соҳиби, 2-босқич магистри Озодбек Ражабов, Навоий номидаги давлат мукофоти совриндори Феруза Бекмуродова, Таэквондо ва спорт фаолияти факультети талабаси, Комбат Айкидо спорт тури бўйича жаҳон чемпионати совриндори, Осиё чемпиони, икки карра Ўзбекистон чемпиони, спорт устаси Амирбек Олимов, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Баҳора Абдусатторовалар илм-фан сирларини пухта эгаллаш йўлида устозларидан қандай сабоқ олаётганлари, келгусида қандай марраларни кўзлаётганлари, орзу-интилишлари ҳақида сўзлаб бердилар. Уларнинг асл орзуси – келгусида она юртимиз шуҳратини мудом дунё қадар кўтариш эканлиги мактаб ўқувчиларини ҳам илҳомлантириб юборди. Улар қалбида келгусида мана шундай олий даргоҳларда илм олиш иштиёқи қанчалик ортгани сезилиб турарди.

Ўқувчилар Тарих факультети “Археология музейи”да ноёб топилмалар, асори-атиқалар ҳамда Биология факультети “Зоология музейи”да она табиат мўъжизалари саналмиш турли қушлар, жониворлар билан танишар эканлар, бир олам таассурот олганлари юз-кўзларида акс этиб турарди.

Ташаббус фақат кенг қулоч ёяверсин, деган пурмаъно ҳикмат бежиз айтилмаган. Юртбошимизнинг ёшлар келажагига қаратилган 5 ташаббуси то абад фарзандларимизга қанот бахш этаверади.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати,

ЎзМУ Журналистика факультети доценти

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *