Ёшларнинг маънавий қалқони

Билим ва тафаккур – ёшлар қалбида мафкуравий иммунитетни оширишда энг муҳим омилдир.

о9

Китоб ё газета-журнал ўқиш талаба тафаккурини қанчалик бойитса, юзма-юз мулоқотлар, давра суҳбатлари унинг тасаввурини янада кенгайтиради, билимини бойитади, дунёқарашини кенгайтиради. Яқинда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Маданият саройи катта залида ўтказилган “Диний экстремизм ва терроризмнинг олдини олиш ёхуд ниқоб ортидаги динимиз душманлари” мавзуида маънавий-маърифий тадбирда талаба-ёшларнинг бу борадаги тасаввурлари янада кенгайиши баробарида улар қалбида мафкуравий иммунитетлари ҳам ошгани шак-шубҳасиз.

        о2

Университет ректори Шуҳрат Сирожиддинов бугунги кунда курраи заминда юз бераётган воқеа-ҳодисаларга ҳеч ким бефарқ эмаслиги ҳақида сўз юритар экан, қалбида она Ватанга муҳаббат туйғуси жўш ураётган талаба-ёшлар энди оқ билан қорани, дунёни таҳликага солаётган ёвуз кучларга қарши тинчликпарвар инсонларнинг қарашлари қандай бўлиши зарурлигини теран нигоҳ билан англаши ҳақида алоҳида таъкидлади.

о7

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири Алишер Ваҳобов давлатимиз раҳбари Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган улуғвор ишлар, айниқса, ёшларга эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилганини алоҳида таъкидлади. Дарҳақиқат, мамлакатимизда бу йил олий таълимни янада ривожлантиришга 317 миллиард сўм ажратилгани ва шунга яраша қанчадан-қанча умидбахш лойиҳалар амалга оширилаётгани кимнинг қалбини тўлқинлантирмайди? Хўш, бу саъй-ҳаракатлар ким учун, нима мақсадда амалга оширилмоқда? Албатта, келажагимиз бўлмиш ёшларнинг келгусида бахтли-саодатли яшашлари, уларнинг дунёда ҳеч кимдан эмаслиги ва ҳеч кимдан кам бўлмаслиги учун шундай улуғвор йўл танланганини ҳис этмаслик мумкинми?

о6

Маърузада дунёнинг айрим ҳудудларида қонли тўқнашувлар, тўс-тўполонлар ҳамон давом этаётгани, айниқса, Ироқ ва Суриядаги воқеа-ҳодисалар бутун дунё аҳлини таликага солаётгани ҳақида таҳлилий фикрлар баён этилди. Муқаддас динимиз душманлари қўлида қўғирчоқ бўлаётган бир тўда террорчилар томонидан қилинаётган қўпорувчиликлар, ёвузликлар ҳар қандай кишининг қалбини ларзага солади…

о5

Маданият саройи саҳнасида диний экстремизм ва терроризмни акс эттирувчи видеолавҳалар намойиш этилиши асносида Вазир Маҳкамаси ҳузурудаги Дин ишлари бўйича қўмита маъсул ходими Баҳодиржон Даминов ИШИД террорчи ташкилоти ваҳшиёна ҳаракатларини ҳамон давом эттираётганини изоҳлаб берди.

о8

Айтиш жоизки, ҳар бир инсон тинч, хотиржам яшашни истайди. Бугунги таҳликали замонда ана шу тинчлик-осойишталикни қўмсаб яшаётганлар ҳам кам эмас. Неча йиллардан бери глобал муаммолар саналган диний экстремизм ва терроризм тарафдорлари ҳамон ўзларининг ғаразли ниятларини давом эттириб, қанчадан-қанча одамлар ёстиғини қуритмоқда, улар ҳаётига зомин бўлишмоқда. Маърузада қайд этилганидек, 2013 йилда “Ироқ ислом давлати” ва “ал-Қоида”нинг Сурия ҳудудларида фаолият юритаётган террорчи гуруҳлари бирлашувидан вужудга келган “Ироқ ва Шом ислом давлати (ИШИД)” бунинг яққол мисолидир. ИШИД газандалари “халифалик қуриш” шиори остида ҳокимиятни қўлга киритишни мақсад қилган. “ИШИД”чилар одамларга ўзларининг ғоялари ҳамда қарашларини мажбуран сингдирмоқдалар. Уларнинг “йўриғига” юрмаётганларни оммавий қатл қилиш билан бирга ва бу лавҳаларни Интернет орқали бутун дунёга намойиш этмоқдалар. Ҳозирги кунда “ИШИД”чилар ваҳшийлик ва оммавий қатл бўйича дунёда “етакчилик” қилмоқда. ИШИДнинг ваҳшийларча ҳаракати, минглаб бегуноҳ инсонларни шафқатсизларча қатл эттириши уларнинг асл башарасини очиб берди. Бу террорчиларнинг тинч аҳолига азоб бераётгани ва бошқа барча хатти-ҳаракатлари, даъволари Ислом дини моҳиятига буткул зид экани ҳужжат-далиллар асосида исботланган. Афсуски, ҳозирки кунда айрим ғўр ёшлар ўз юртини ташлаб турли жангари гуруҳлар сафига бориб қўшилаётгани ҳам сир эмас. Уларнинг хунрезликлари оқибатида ёшу қари бирдек қурбон бўлмоқда. Ҳозирги кунда Ироқ ва Суриянинг каттагина ҳудудини босиб олган ИШИД нафақат ён-атрофдаги мамлакатларга, балки бутун дунёга хавф солмоқда. Уларнинг асл мақсадлари ислом дини эътиқодчиларини кофирга чиқариш орқали йўқ қилиш, ўзлари яшайдиган ердан бошқа жойни куфр деб ҳижратга чорлаш, қабиҳ ниятларда “жиҳод” қилишга ундаш бўлиб, бу муносабатларда учинчи томон борлиги ҳам аниқ. Қачондир бу мамлакатларда ҳам тинчлик қарро топар, бироқ, уруш оқибатида ҳаётдан кўз юмган минглаб одамлар ҳаётини, ота-онасидан эрта жудо бўлган болалар изтиробларини, фарзандларидан айрилган ота-оналар фарёдларига ҳеч қандай малҳам йўқ. Тан жароҳати битса-да, қалб жароҳати битмайди…

Тинч, осойишта заминдагина ҳаёт фаровон бўлади, тараққиёт давом этади! Инсонлар қалбида келажакка ишонч туйғулари жўш уради. Мазкур маънавий-маърифий тадбирдан кўзланган мақсад ҳам шунга қаратилган. Энг муҳими, талаба-ёшларни дунёда кечаётган мудҳиш воқеа-ҳодисалардан огоҳ этиш баробарида уларни бундай оқимларга кириб кетишининг олдини олиш, ёт иллатларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш, доимо сергакликка ва огоҳликка даъват этишдир.

о4

Бугун биз дунёнинг бир чеккасида содир бўлаётган бундай хунрезликлар, қон тўкилишлар сабабини ҳам яхши тушунамиз. Шунга яраша ҳар бир талаба қалбида, онгу шуурида мафкуравий иммунитет ошиб бормоқда.

о1

Маънавий-маърифий тадбирда айтилган ҳар бир фикр талабаларда катта қизиқиш уйғотди. Хулоса ўрнида айтиш жоизки, юртимизда тинчликни сақлаш, осойишта ҳаётимизни қадрлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимизга айланмоғи лозим.

о3

 Эркин УСМОНОВ,

“Ўзбекистон Миллий университети” газетаси мухбири

Вам может также понравиться...

Ответов: 11

  1. Ёшларнинг онгида маънавий бўшлиқни тўлдириш учун биргина эзгу мақсадга қаратилган кўплаб турли тарғибот тадбирларини ўтказиш энг самарали усул ҳисобланади. Лекин сўнги пайтларда баъзи тенгдошларимиз тадбир деган сўзни эшитсалар, ундан-да муҳимроқ ишлари борлигини айтиб кетиб қолишади. Шу маънода ўйлаб қоласан киши, ёшларни тадбирларда иштирок этишга қизиқтириш учун ҳам алоҳида тадбирлар ўйлаб топиш керакмикин…аслида ҳар бир тадбир бизнинг фойдамизни кўзлаб ташкил этиладику…

  2. Darxaqiqat Ma’naviyat judayam keng va buyuk tushuncha. Prezidentimiz aytganlaridek Yuksak ma’naviyatli xalqni xech qachon yengib bo’lmaydi!

  3. Yorqinoy Nabiyeva:

    Bu kabi tadbirlarning mohiyatini jurnalist boshqalarga nisbatan ikki karra ko’proq anglashi kerak. Buning uchun ularni shunchaki yoritish emas, balki, yuragimizdan o’tkaza olishimiz kerak. Ana shunda o’z kasbiy burchimizni bajargan, jamiyatimiz hayotiga salmoqli hissa qo’shgan bo’lamiz.

  4. Bunday tadbirlar kishining ko’nglida yanada ogohlikka bo’lgan da’vat kuchaytiradi.Aniq statistik ma’lumotlarga ham ega bo’lamiz.

  5. Universitetimizda,balki jamiki tashkilotlarda o’tkaziladigan tadbirlar albatta biz yoshlarni ma’naviy jihatdan yuksaltirishga,vatanga,ona-yurtga bo’lgan mehr-muhabbatimizni yanada oshirishga qaratilmoqda bunday tashabbusdan biz juda xursand bo’lishimiz kerak.

  6. Jumamurodova Muyassar:

    Yurtimiz tinchligi, osoyishtaligi uchun barchamiz birdek mas’ulmiz. Ogohlik-davr talabi.

  7. Bunday tadbirlar,davra suhbatlari yoshlarga ijobiy ta’sir o’tkazib ularda mafkuraviy imunitet shakllanishini ta’minlaydi va barchamizni ogoh bo’lishga undaydi.

  8. Bunday tadbirlarni safni kengaytirish kerak. Qayoqdagi bo’lar-bo’lmas tadbirlardan ko’ra, shunga o’xshash davra suhbatlari yoshlar ongiga yetarlicha ta’sir o’tkazadi…

  9. YOSHLARNING MA’NAVIY QUROLI BU KITOB BO’LISHI KERAK.

  10. Men o’ylaymanki bu kabi tadbirla soni yanada osha xar bir talabaning ma’naviy savodxonligi yanada oshadi shu bilan bir qatorda ko’plab malumotlarga ega bo’ladi. Xorijda bo’layotgan turli xildagi yaxshi va yomon ma’lumotga aniq fakitlar deyarli ko’pi manashunday tadbirlada ega bolamiz. Shunday ekan bu tadbirla soni oshsa bilimlarimiz yanada takomillashishga turtki bo’ladi.

  11. Malika Ruziyeva:

    Har bir insonda mafkuraviy immunitet shakllansa dunyoda notinchliklarga chek qo’yilarmidi?!

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *