Ёшларни қўллаб-қувватлаш – юрт истиқболига кафолат

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга

ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида илгари сурилган ғоялар бутун ўзбек халқи, ёшлари қаторида Ўзбекистон Миллий университети профессор-ўқитувчилари ва талабаларига ҳам янада кўтаринки руҳ бахш этди.

1

2021 йил мамлакатимизда «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб эълон қилиниши зиммамизга қатор вазифалар юклайди. Ёшларни қўллаб-қувватлаш ғояси замирида, энг аввало, уларга муносиб таълим-тарбия бериш вазифаси туради. Мурожаатномада таъкидланганидек, «биз ислоҳотларимиз кўлами ва самарасини янада оширишда ҳар томонлама етук, замонавий билим ва ҳунарларни пухта эгаллаган, азму шижоатли, ташаббускор ёшларимизга таянамиз. Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Мирзо Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак». Баайни дилимиздаги орзу-умидлар ифодасидир. Ана шундай умидбахш орзуларга эришиш йўлида сўнгги йилларда университетимиз жамоаси дунёдаги энг нуфузли олий таълим муассасалари қаторидан ўрин эгаллаш учун астойдил курашга бел боғлаган эди.

Яқинда ОАВда «Ўзбекистоннинг икки университети халқаро Green Metric рейтингидан жой олди. ЎзМУ 500 таликда» сарлавҳали хабар кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Унда қайд этилишича, шу йил 7 декабрь куни UI Green Metric World University Ranking бўйича дунё университетларининг халқаро рейтинги эълон қилинган. Халқаро рейтинг натижаларига кўра, Ўзбекистон Миллий университети дунё бўйича 84 та мамлакатдаги 921 та университет орасидан 353-ўринни, Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалиги институти эса 621-ўринни эгаллагани қайд этилган. Айтиш ўринлики, ЎзМУ 2019 йилда ҳам UI GreenMetric World University Ranking халқаро рейтингида 374-ўринни эгаллаган эди.

Яна бир қувончли хабар, Лондонда Quacquarelli Symonds халқаро агентлиги томонидан Ривожланаётган Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича 2021 йил учун энг кучли университетлар рейтинги (QS Emerging Europe and Central Asia University Rankings) эълон қилинди. Мазкур рейтингда мустақил Ўзбекистон тарихида илк маротаба мамлакатимизнинг бир йўла тўртта олий таълим муассасаси энг кучли университетлар қаторидан ўрин эгаллагани қайд этилган. Яъни, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институти (251-300); Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети (351-400);Самарқанд давлат университети (351-400);Тошкент давлат техника университети (351-400).

QS халқаро рейтинг агентлиги кучли университетлар рейтингини тузишда уларнинг академик нуфузи (30%), иш берувчилар ўртасидаги нуфузи (20%), ўқитувчилар ва талабалар миқдори мутаносиблиги (10%), профессор-ўқитувчиларнинг илмий фаоллиги (10%), илмий мақолаларнинг ўқилиши, уларга нисбатан берилган иқтибослар сони (5%), хорижий ўқитувчи ва ходимлар (2.5%) ҳамда талабалар (2.5%) улуши ва шу каби бошқа муҳим жиҳатлар асос қилиб олинади.Рейтингни тузишда дунёнинг 102 минг нафардан ортиқ олимлар, ўқитувчи ва ОТМлар раҳбарлари, 52 минг нафардан зиёд иш берувчи компаниялар вакиллари, қолаверса, QS мутахассислари ҳам эксперт сифатида иштирок этган.

Сўнгги йилларда ўнлаб иқтидорли талабаларимиз қатор халқаро фан олимпиадаларида олтин медаль соҳибига айланишаётгани уларнинг Мирзо Улуғбек, ал Хоразмийдек буюк аждодларга муносиб ворис бўлаётганидан далолатдир.

Муҳтарам Юртбошимизнинг мазкур Мурожаатномасида таълим соҳаси, хусусан, олий таълим тизимини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилгани айни муддао бўлди. «Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади», деган ғояга монанд ЎзМУ жамоаси айни пайтда Олмазор туманидаги ўнлаб мактабларни оталиққа олиб, профессор-ўқитувчиларимиз ўша мактаб ўқитувчилари билан ҳамкорликда ўқувчиларга маҳорат дарслари ўтишни бошлаган.

Мурожаатномада олий таълимнинг қамрови ва сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилиши, кейинги йилдан бошлаб, олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони камида 25 фоизга оширилиши, олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сонини 2 баробарга кўпайтириб, 2 мингтага етказилиши, аъло баҳоларга ўқиётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар учун махсус стипендиялар жорий этилиши борасида илгари сурилган ғоялар, албатта, соҳамиз ривожида ғоят муҳим қадам бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур Мурожаатномасида илгари сурилган кўп ғоялар Миллий университетимиз фаолиятини янада такомиллаштиришда ғоят муҳим ўрин тутади. Хусусан, олийгоҳлар ва таълим тизимининг қуйи бўғинлари ўртасидаги узвийликни кучайтириш мақсадида 65 та академик лицей олий ўқув юртлари тасарруфига ўтказилиши, 187 та техникум ҳам ўз йўналиши бўйича турдош олийгоҳ ва тармоқ корхоналарига бириктирилиши ҳақидаги фикрлар бизга ҳам тааллуқлидир. Зотан, ЎзМУ тасарруфидаги учта академик лицейимиз билан узвийликни янада ривожлантириш асосий вазифаларимиздан бирига айланмоқда.

Университетимиз жамоаси нуфузли хорижий университетлар, илмий ва инновацион марказлар билан алоқаларни кучайтириш, улар билан кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтириш борасида янги-янги лойиҳаларни амалга оширади.

Мурожаатномада, мамлакат тараққиётининг замини, ҳеч шубҳасиз, илм-фан ва инновациялар эканлиги алоҳида таъкидланди.Келгуси йилда илм-фан соҳасида олийгоҳлар ва илмий ташкилотлардаги докторантлар сони 4,5 мингтага етказилиши ёки 2017 йилга нисбатан 3 баробарга оширилиши, ушбу мақсадлар учун бюджетдан қўшимча 240 миллиард сўм ажратилиши илм аҳлига янада ғурур бахш этади.

Илғор халқаро амалиёт асосида, академик ва молиявий мустақилликнинг шунингдек доцент ва профессор илмий унвонлари, фалсафа ва фан доктори илмий даражаларини бериш ваколати ўз йўналиши бўйича нуфузли бўлган олийгоҳларнинг илмий кенгашларига ўтказилиши илм аҳли учун улкан имкониятлар яратади.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, Давлатимиз раҳбарининг бевосита раҳнамолигида охирги 4 йилда олий таълим тизимида профессор-ўқитувчиларининг иш ҳақлари 3 баробардан ошиқ кўтарилди, илмий даражасига мос равишда 30 фоиз ва 60 фоизгача устама ҳақлар белгиланди, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича барча зарур шарт-шароитлар яратилди. Энди биз шунча яратилган шароитлардан руҳланиб, келаси йил университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан 2500 ўринли «Амалий математика ва интеллектуал технологиялар» факультети ўқув биносини қуришни, уни замонавий ўқув-лаборатория жиҳозлари билан таъминлаш, шунингдек давлат ва хусусий шериклик асосида 1000 ўринли иккита талабалар турар жойи биносини барпо этишни ражалаштирганмиз. Бу Президентимиз таъбири билан билан айтганда «Олий маълумот оламан, ўз устимда ишлаб, илмли бўламан, деган, юрагида ўти бор, жўшқин ёшларимизнинг таҳсил олиши учун ҳамма қулайликларни яратишимиз шарт. Шунинг учун мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини 2020 йилда камида 25 фоизга ва келгусида 50-60 фоизга» етказиш бўйича қўйилган улкан вазифаларни бажаришда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишига ишонамиз.

Шунингдек университетда таълим сифатини кескин ошириш ҳамда республикамиздаги олий таълим муассасаларининг флагмани сифатида университетни ўзини намойиш этиш мақсадида қуйидагилар стратегик вазифаларни белгилаб олганмиз:

— Халқаро экспертлар ва соҳа мутахассислари иштирокида ўқув жараёни мазмунини такомиллаштириш, шунинг билин бирга 2-курс якунларига кура талабалар илм-фанга, таълимга ва ишлаб-чиқаришга йўналтирилган гуруҳларга ажратиб олиниб, махсус ўқув дастурлари асосида ўқув жараёни ташкил этиш;

— Профессор-ўқитувчилар ва докторантларимизни ривожланган мамлакатлардаги нуфузли олий таълим муассасаларида малака оширишини ташкил этиш, ҳамда университет ўқув жараёнига таниқли хорижий профессорларни жалб этиш, ҳамкорликда инновацион-илмий лойиҳаларни бажариш ва илмий ишларимиз самарадорлиги ошириш;

— Олий таълим муассасаларининг дунё рейтингида 500 талик рўйхатига киритиш учун “2+500” лойиҳаларини ишлаб чиқиш. Бунда Миллий университет флагман сифатида бошқа ОТМлар билан ҳар бир кўрсаткич бўйича рейтингда ҳамкорликда юқорилаш бўйича «йўл харитасини» ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

— Профессор-ўқитувчилар таркибини иқтидорли ёш магистрлар ва PhD даражалилар ҳисобидан ёшартириш;

— Ўқув адабиётлари ва электрон таълим ресурсларининг янги авлодини яратиш;

— Университитнинг бутунлай янгиланган замонавий IT инфраструктурасини яратиш, “Smart” аудиториялари сонини кескин ошириш;

— Ўқув жараёнларини ташкил этиш ва бошқаришнинг тўлиқ автоматлаштирилган тизимини яратиш.

Мухтасар қилиб айтганда, муҳтарам Президентимизнинг мазкур Мурожаатномасида илгари сурилган ҳаётбахш ғоялар таълим соҳасида, умуман, мамлакатимиз тараққиётида муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилаверади. Биз илм аҳли ана шу ғоялар тўла-тўкис амалга ошишида мудом камарбастамиз.

 

Авазжон МАРАҲИМОВ,
Ўзбекистон Миллий университети ректори

https://www.uza.uz/uz/posts/yoshlarni-qollab-quvvatlash-yurt-istiqboliga-kafolat_230355

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *