Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш концепцияси лойиҳаси – умумхалқ муҳокамасида

Ёшларга оид давлат сиёсати 12 / 12 / 2017

Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш концепцияси  лойиҳаси –умумхалқ муҳокамасида

Мамлакатимизда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини бу соҳага кенг жалб этиш, Ўзбекистон фуқароларининг ижтимоий-сиёсий онги ва дунёқараши, фуқаролик позицияларини ватанпарварлик асосида камол топтириш мақсадида Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Шу муносабат билан ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш концепцияси лойиҳаси ҳусусидаги фикр, мулоҳаза, таклиф ва истакларингизни шу йилнинг 20 декабрь кунига қадар қуйидаги манзилларга юборишингиз сўралади:

Мудофаа вазирлиги электрон манзили: vatan@evo.uz, mv-vatan@mail.ru.

ЛОЙИҲА

I. Умумий қоидалар

Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш Концепцияси (кейинги ўринларда – Концепция) – мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий тамойил ва устувор йўналишлари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, ҳозирги мураккаб глобаллашув даврида, ахборот-коммуникация технологиялари шиддат билан ривожланиб бораётган бир шароитда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш билан боғлиқ долзарб вазифалар ва уларни ҳал этиш йўллари, давлат ва нодавлат ташкилотлар, оила, маҳалла, таълим-тарбия институтларининг бу борадаги роли ва аҳамиятини, ўзаро ҳамкорлигини миллий ва халқаро ҳуқуқий нормаларни ҳисобга олган ҳолда белгилаб беради.

Концепцияда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга оид мавжуд тизимга танқидий баҳо берилиб, уни мамлакатимизни 2017-2021 йилларда ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси талаблари асосида миллий ва жаҳондаги илғор тажрибалар, бугунги Ўзбекистон ҳаётидаги реал ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан уйғун равишда такомиллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилади.

Мазкур Концепцияда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масаласига жисмонан ва маънан соғлом авлодни тарбиялашга оид яхлит таълим-тарбия тизимининг узвий ва ажралмас бир қисми сифатида қаралади.

Она Ватанимизни кўз қорачиғидек асраш, унинг шуҳратини дунёга тараннум этиш билан боғлиқ энг муҳим тушунчалар, ҳаётий ва профессионал кўникмаларни илму маърифат асосида ёшларнинг қалби ва онгига илк болалик давридан бошлаб сингдириб бориш ва шу тариқа Ўзбекистоннинг ҳақиқий ватанпарвар фуқароларини тарбиялаш Концепциянинг асосий маъно-мазмунини ташкил этади.

II. Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг мақсад ва вазифалари

Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш – миллати, тили ва касбидан қатъи назар, ёшларда Ватанга садоқат туйғусини шакллантириш, уларни ўз фуқаролик бурчи ва конституцион мажбуриятларини бажаришга, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишга қодир шахслар этиб тарбиялашга йўналтирилган давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва ташкилотларининг кўп босқичли, тизимли, мақсадли ва мувофиқлаштирилган фаолиятидир.

Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашдан кўзланган асосий мақсад – ёшларда жамиятнинг турли тармоқлари, айниқса, ҳарбий соҳа билан алоқадор бўлган давлат хизмати турларида фаоллик кўрсатиш, тинч ва ҳарбий шароитда Конституция ва ҳарбий бурчга садоқатли бўлиш, уларда ўз юрти ва халқи тақдири учун юксак масъулият ва жавобгарлик каби муҳим хусусиятларни шакллантиришдан иборат.

Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашда қуйидагилар асосий вазифалар этиб белгиланади:

ёшларни миллий ғоя ва Ўзбекистон Республикасига, унинг халқи ва Президентига садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг қалби ва онгига Ватан ҳимояси шарафли ва муқаддас бурч эканини чуқур сингдириш;

қадимий тарихимиз ва маданиятимиз, жонажон Ватанимизнинг мустақиллиги ва равнақи йўлида фидокорона курашган миллий қаҳрамонларимиз билан фахрланиш, уларга муносиб бўлиш туйғусини шакллантириш, миллий армиямизнинг қудрати ва салоҳиятига бўлган ишончни кучайтириш;

миллий армиямизга жисмонан бақувват ва маънан етук ёшлар зарурлиги, ҳарбий хизмат ҳар бир Ўзбекистон фуқароси учун муқаддас бурч экани ҳақидаги тушунча ҳамда бу борадаги назарий-амалий кўникмаларни мустаҳкамлаш;

ёшларда ён-атрофимиз ва жаҳонда рўй бераётган сиёсий-ижтимоий жараёнларга миллий манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда ёндашиш кўникмаларини, турли ички ва ташқи таҳдидларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш;

жанговар ҳаракатларга мослашиш, ҳар қандай мураккаб вазиятларда тезкор ва мустақил қарор қабул қилиш, замонавий ҳарбий техника воситаларидан самарали фойдаланиш малакасига эга ёшларни тарбиялаш;

Ўзбекистон манфаатларини нафақат ҳарбий соҳада, балки ҳаётнинг барча жабҳаларида, ҳар бир қадамда ҳимоя қилишга тайёр туриш, юрт учун фидоий бўлиш – бу бугунги кун талаби эканини ҳаётий мисоллар ва таъсирчан воситалар билан ёшлар онгига сингдириб бориш.

III. Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тизими ва унинг асосий тамойиллари

Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тизими узлуксиз жараён бўлиб, у бир-бирига боғлиқ сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, ғоявий-мафкуравий, маданий-маърифий тадбирлар мажмуасидан иборат.

Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари, Қуролли Кучларнинг умумий ҳарбий низомлари, Мудофаа вазирлиги, Қуролли Кучлар тизимидаги идораларнинг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари асосида олиб борилади.

Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тизими қуйидаги тузилмаларни қамраб олади:

таълим-тарбия жараёнининг энг муҳим ва асосий бўғини бўлган болалар боғчасидан бошлаб ижтимоий-маънавий аҳамиятга молик қадриятларни, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳини шакллантириш ва ривожлантиришга қаратилган мактабгача таълим, умумий ўрта таълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва олий таълим муассасалари;

оммавий ва ҳарбий-ватанпарварлик ишларини амалга оширадиган давлат ва нодавлат ташкилотлари, маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари, Қуролли Кучлар тузилмалари, мудофаа ишлари бошқармалари, ҳарбий қисмлар ва муассасалар, ҳуқуқ-тартибот органлари, фахрийлар кенгашлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тузилмалари ва бошқа ташкилотлар.

Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишлари мунтазам равишда тизимли ва илмий асосда олиб борилиб, унинг самарадорлиги учун жамиятнинг барча субъектлари масъул ҳисобланади. Хусусан, унинг асосий субъектларини қуйидагилар ташкил этади:

давлат ва маҳаллий ҳокимият органлари;

нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари;

оила;

мактабгача таълим, умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва олий таълим муассасалари;

маданият ва спорт муассасалари (театр, музей, тарихий обидалар, кинотеатр, кутубхона ва бошқалар);

оммавий ахборот воситалари;

миллий ва умумбашарий қадриятлар, маданият, адабиёт, санъат;

маданият ва истироҳат боғлари;

болаларни соғломлаштириш оромгоҳлари;

ҳарбий бошқарув органлари ва бошқалар.

Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш объектлари миллати, тили, жинси, ижтимоий мансублигидан қатъи назар, барча ёшлардан, хусусан, қуйидагилардан иборат бўлади:

мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларидан;

умумий ўрта таълим муассасалари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ва олий таълим муассасалари талабаларидан;

уюшмаган ёшлардан;

олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари ва тингловчиларидан;

ҳарбий хизматчилардан;

ташкилот ва корхоналарда фаолият олиб бораётган ёшлардан.

Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг асосий тамойиллари мазкур жараённинг илмий жиҳатдан асослангани, унинг мунтазамлиги, таълим-тарбия ва амалиётнинг ўзаро уйғунлиги, тарихийлик ва замонавийликнинг узвий боғлиқлиги билан ифодаланади ва қуйидагилардан иборат бўлади:

илмийлик;

тарихийлик;

аниқлик ва тезкорлик;

мунтазамлик;

фаоллик;

таълим-тарбия ишларининг уйғунлиги;

тарбия жараёнининг изчиллиги;

ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясида эришилган ижобий натижа ва ютуқларга таяниш тамойиллари.

IV. Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг усул ва шакллари

Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш усуллари – ёшларда зарур ҳаётий билим, кўникма, маҳорати ва мустаҳкам иродани, жумладан, юксак маънавий-ахлоқий, жанговар руҳ ва фуқаролик фазилатини шакллантиришга қаратилган, уларнинг онги, руҳияти ва фаолиятига таъсир кўрсатадиган усул ва услубларни англатади.

Қуйидагилар ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг асосий усулларидан ҳисобланади:

ишонтириш;

машқ қилдириш ва мустақил ишлаш;

кузатиш;

рағбатлантириш;

ўрнак кўрсатиш, шахсий намуна ва бошқалар.

Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг шакллари. Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш турли шаклларда, жумладан, илмий, амалий анжуманлар, савол-жавоб кечалари, китобхонлик, электрон ўйинлар, машҳур кишилар билан учрашувлар тарзида ва бошқа шаклларда ташкил этилади ва улар маънавий-маърифий ишларнинг ранг-баранглигини таъминлайди, пировард натижада жамиятда соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантиришга хизмат қилади. Бунда қуйидаги шакллар устувор аҳамиятга эга бўлади:

маъруза ўқиш, савол-жавоб кечалари, якка ва жамоавий суҳбатлар;

бой ҳаётий тажрибага эга бўлган ҳарбий хизматчи ва фахрийлар, илм-фан, маданият ва спорт соҳаларида, турли мусобақа ва танловларда ғолибликни қўлга киритган шахслар билан учрашувлар;

илмий-назарий ва амалий конференциялар, семинар-тренинглар, муайян мавзуга бағишланган кечалар, баҳс-мунозаралар, викториналар, давра суҳбатлари;

тўпланган илғор тажрибаларни ўрганиш ва оммалаштириш;

жамоатчилик фикри ва ҳарбий жамоалардаги маънавий-руҳий муҳитни ўрганиш;

телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар, фильм ва мультфильмлар, бадиий ва мусиқий асарлар, аскар қўшиқлари, ОАВ, веб-сайтлар ва электрон ўйинлар, турли гаджетлар ва бошқа техник воситалардан фойдаланиш;

уруш ва меҳнат фахрийлари, жанговар ҳаракатлар иштирокчилари, давлат ва жамоат ташкилотлари, жамғармалар вакиллари билан учрашувлар;

ҳарбий хизматга чақирилувчилар куни, мардлик сабоқлари ва экскурсиялар.

V. Ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг босқич ва йўналишлари

Давлат ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тизимини ташкил этиш, унинг натижаларини мониторинг қилиб боришни таъминлайдиган асосий институт ҳисобланади. Давлат ёш авлоднинг тарбия жараёнини оилада, мактабгача таълим, умумтаълим мактаблари, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида, ҳарбий хизмат давомида, шунингдек, ўзини ўзи бошқариш органлари, турли давлат ва жамоат ташкилотлари миқёсида ташкил этади.

Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишлари асосан тўрт босқичда амалга оширилади:

Биринчи босқич (3-7 ёшдагилар) атрофдаги олам, Ватан ҳақида дастлабки тасаввурлар пайдо бўладиган босқич ҳисобланиб, унда оила ва мактабгача таълим муассасаларида болаларга турли шеърлар, куй ва қўшиқлар ўргатиш, мультфильм ва электрон ўйинлар намойиш этиш, расмлар чизиш орқали дунёни англаш, давлат рамзлари (байроқ, герб, мадҳия) билан танишиш асосида уларда она юртга муҳаббатни шакллантиришни ўз ичига олади.

Ушбу босқичда қуйидагиларга алоҳида эътибор бериш талаб этилади:

ҳарбий-ватанпарварлик йўналишида дастлабки тасаввурларни шакллантириш мақсадида эртак ва ҳикояларни айтиб бериш;

она Ватанга муҳаббат, Ватан ҳимояси муқаддас бурч экани билан боғлиқ мавзулардаги шеър ва қўшиқларни ёд олдириш;

болаларнинг тасаввурини кенгайтиришга қаратилган расмлар чиздириш ва жисмоний қобилиятини мустаҳкамлаш учун турли мусобақа ва танловлар ташкил этиш, шу орқали уларни маънавий рағбатлантириш;

ҳарбий-ватанпарварлик мавзусидаги мультфильмлар ва электрон ўйинлар намойиш этиш;

ҳарбий музейлар ва ҳарбий-ватанпарварлик мавзуси билан боғлиқ маданият ва истироҳат боғларига экскурсиялар уюштириш.

Иккинчи босқичда (7-16 ёшдаги болалар) ўқувчиларнинг Ватанга муҳаббати ва садоқатини мустаҳкамлаш, она юрт олдидаги фарзандлик бурчини юксак масъулият билан бажариш, уларда Қуролли Кучларимизга бўлган ижобий фикрларни янада кучайтириш, ҳарбий хизмат нуфузини кўтариш, ёшларнинг жисмонан соғлом, маънавий етук, кенг дунёқарашли, мустақил фикр юритадиган баркамол инсон сифатида шакллантириш каби эзгу ишларга даъват этилади.

Бу босқичда:

замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги мақолалар, бадиий адабиётларни мутолаа қилиш;

умумий ўрта таълим мактабларида ҳарбий-ватанпарварлик йўналишида маданий-маърифий тадбирлар, тематик кечалар ва қўшиқ танловларини ташкил этиш, спектакллардан лавҳалар намойиш этиш;

ўқувчи ёшлар иштирокида “Ватанимни кўз қорачиғидек асрайман”, “Юрт тақдири – менинг тақдирим” мавзуларида иншолар танловини ташкил этиш;

соғломлаштириш оромгоҳларида “Темурбекнинг издошлари”, “Ўзбекистон фарзандлари ботир бўлур” каби мавзуларда спорт мусобақалари ва тадбирлар ташкил этиш;

ҳарбий-ватанпарварлик мавзусида бадиий ва ҳужжатли фильмлар, мультфильмлар намойиш этиш ва уларнинг муҳокамасини ўтказиш;

дарслик ва ўқув-методик қўлланмаларга буюк саркардаларимизнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги маълумотларни киритиш, уларнинг жасорати, фидойилиги ва қаҳрамонликлари тўғрисида ёрқин мисоллар асосида ҳикоя қилиб бериш;

“Темурбеклар мактаблари”, олий ҳарбий таълим муассасалари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларнинг махсус гуруҳлари ва ҳарбий қисмларга экскурсиялар ташкил этиш;

“Мард ўғлонлар” давлат мукофотига сазовор бўлган юртдошларимиз билан учрашувлар ўтказиш, улар эришган ютуқ ва натижаларни ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш;

умумий ўрта таълим мактабларининг юқори синф ўқувчилари иштирокида “Темурбек ворислари” ҳарбий-спорт ўйинларини босқичма-босқич ташкил этишга алоҳида аҳамият қаратилади.

Учинчи босқич (16-18 ёшдаги ўсмирлар) ёшларда Ватанга ва унинг ҳимояси учун муносиб хизмат қилишга руҳан ва жисмонан тайёрликни таъминлашга йўналтирилади.

Мазкур босқичда юқоридаги вазифаларга қўшимча равишда қуйидаги масалаларга эътибор қаратилади:

ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлаш, ҳарбий хизматга нисбатан уларнинг мустақил фикри ва ижобий қарашларини шакллантириш, ватанпарварлик туйғуларини кучайтириб бориш;

ўқувчи ёшларнинг назарий ва амалий билим ва кўникмаларини бойитиш мақсадида мудофаа ишлари бўлимлари ва ҳарбий қисмлар, ўзини ўзи бошқариш органлари, давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда турли сермазмун ва қизиқарли тадбирлар ташкил этиш;

миллий армиямиз учун жисмонан бақувват ва маънан етук ёшлар зарурлиги, ҳарбий хизматнинг аҳамияти, Қуролли Кучларда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот бериб бориш.

Тўртинчи босқич (18-30 ёшдагилар) ёшларнинг жисмоний ва маънавий қобилияти, етакчилик кўникмалари ва интеллектуал салоҳияти, умумий ва профессионал малакасини ошириш, уларни ўз устида мунтазам ишлаш, соғлом ҳаёт кечиришга ундаш ва шунга эришишни назарда тутади. Ушбу босқичда қуйидаги жиҳатларга эътибор қаратиш талаб этилади:

ёш авлодни ҳар томонлама етук, интеллектуал ва маънавий салоҳияти юксак, ота-она ва Ватанига садоқатли инсонлар этиб тарбиялашнинг аҳамияти тўғрисидаги тасаввур ва билимларни янада бойитиш;

Ватан ҳимоясига доимо тайёр бўлиш ва Қуролли Кучлар сафида хизмат бурчини ўтаётган ёшлар билан фахрланиш, конституцион бурч ва ҳарбий қасамёдга содиқлик туйғуларини шакллантириш;

ҳарбий хизмат шароитларига мослашиш ва ҳарбий ихтисосликларни пухта эгаллаш, ҳар қандай қийинчиликка тайёр туриш, матонат ва жасорат фазилатларини мустаҳкамлаш, қурол-аслаҳа, ҳарбий техника, давлат ва ҳарбий мулкни асраб-авайлаш кўникмаларини ривожлантириш;

жанговар тайёргарлик ва ҳарбий маҳоратни мунтазам ошириб бориш, ҳарбий жамоада қарор топган ўзаро ёрдам ва дўстона муносабатларни қадрлаш каби фазилатларни шакллантириш;

китобхонликни кенг тарғиб этиш, жамиятда юксак маънавиятни қарор топтиришда бадиий асарларнинг роли ва аҳамиятини ёшлар онгига сингдириш;

ёшларнинг ўз танлаган касбини пухта эгаллаши ва етук мутахассис бўлиб етишиши учун яқиндан кўмаклашиш;

миллий мафкурамизга зид бўлган ёт ғояларга қарши танқидий қараш ва мафкуравий иммунитетни, ўзига ишонч, ҳушёрлик ва огоҳлик туйғуларини мустаҳкамлаш;

ёшларда фаол ҳаётий позиция ва ўзининг мустақил фикр-мулоҳазаларини аниқ баён эта олиш, масъулиятни ҳис этиш, қатъий тартиб ва интизомга риоя қилиш фазилатларини шакллантириш, уларни қатъиятли бўлишга ўргатиш.

V. Ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш самарадорлиги ва мезонлари

Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг самарадорлиги, аввало, бу жараённинг баркамол авлод тарбиясига, ёшларнинг ватанпарварлик даражасига қай даражада ижобий таъсир этгани билан белгиланади.

Ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясидаги самарадорлик даражасини аниқлашнинг муҳим шарти ёшларда ватанпарварлик, ҳарбий бурч, жанговар анъаналарга содиқлик каби хислатларнинг реал ҳолатда янада ривожланиши ва такомиллашувига ижобий таъсир этадиган омилларни мунтазам равишда ҳисобга олиб, таҳлил этиб боришдан иборат.

Ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг муҳим мезонларидан бири – ўсиб келаётган ёш авлод олдига жамият томонидан қўйилган талаблар бу борада олиб борилаётган тарбиявий ишларнинг маъно-мазмуни, шакл ва усуллари билан қай даражада мутаносиб экани билан белгиланади.

VI. Кутилаётган натижа

Мазкур Концепция ёшлар ўртасида ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясининг самарадорлигини ошириш, уларда юксак маънавий-ахлоқий фазилатлар, фуқаролик позицияси, Ватанни севиш ва уни кўз қорачиғидек асрашга қаратилган билим ва кўникмаларни ошириш учун услубий асос бўлиб хизмат қилади.

Концепциянинг амалга оширилиши Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ватанпарварлик туйғусини юксалтириш, миллий армиямиз сафларини замонавий билим ва профессионал малакага, мустаҳкам ирода , фаол гражданлик позициясига эга бўлган ёшлар билан тўлдириб бориш имконини беради.

Ушбу Концепция очиқлик ва ошкоралик принципларига асосланган бўлиб, уни такомиллаштиришда давлат ва нодавлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, барча юртдошларимиз ўз таклиф ва тавсиялари билан иштирок этишлари мумкин.

http://marifat.uz/marifat/ruknlar/yoshlar/00-12.htm

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *