Ёшлар билан ишлаш самарадорлиги ошаверади

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда жамият ҳаётининг

маънавий-маърифий асосларини мустаҳкамлаш, миллий истиқлол ғоясининг асосий тушунча ва тамойилларини ҳаётга жорий этиш, юртдошларимиз, айниқса, ёш авлод қалбида Ватанимиз тақдири ва келажаги учун дахлдорлик ва масъулият ҳиссини ошириш, ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни кучайтиришга йўналтирилган тарғибот тизими шаклланди. Бу жараёнда ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосарлари, академгуруҳ мураббийлари томонидан муайян ишлар амалга оширилганини қайд этиш лозим. Бугунги кунда дунёда глобаллашув жараёнлари кучайиб, тинчлик ва барқарорликка қарши янги таҳдид ва хатарлар тобора кўпайиб бормоқда. Бундай мураккаб ва таҳликали вазият соҳада амалга оширилган ишларни танқидий баҳолаб, унинг фаолиятини замон талаблари асосида такомиллаштиришни тақозо этмоқда.

Тошкент молия институтида Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда ўтказилган “Ёшлар билан ишлаш ва маънавий-маърифий фаолият самарадорлигини янада ошириш” мавзусидаги ўқув семинарининг бош мақсади ҳам шу муаммоларга қаратилди.

м11 м12

Семинарда институт ректори Низомиддин Ҳайдаров бугунги кунда ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосарлари ва академгуруҳ мураббийлари олдида турган устувор вазифалар, асосан, ёшлар билан ишлаш ва маънавий-маърифий фаолият самарадорлигини янада оширишга қаратилган муҳим ва долзарб амалий ишлар юзасидан фикр юритди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари биринчи ўринбосари, педагогика фанлари доктори, профессор Муҳаммад Қуронов олий таълим муассасаларида ёшлар билан ишлашнинг янгича замонавий йўналишлари ва маънавий-маърифий фаолият самарадорлигини янада оширишга қаратилган инновацион ёндашувлар юзасидан ўз мулоҳазаларини баён этди.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети доценти, филология фанлари номзоди, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Тўлқин Эшбекнинг “Маънавият ва маърифат зиёси” мавзуидаги маърузаси анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

– Таълим соҳасида фаолият кўрсатаётган мураббийлар аввало ўқимишли инсон бўлиши зарур,– деди маърузачи.– Ўқимишли инсон айтмоқчи ёки ёзмоқчи бўлган ҳар бир фикрини аввало ишончли манбалардан ўқиб, ўрганиб, сўнг сўзлаши мақсадга мувофиқдир. Ўқимасдан гапирган одам хатоликка йўл қўйиши кўп кузатилган. Маълумки, ҳар бир фикр ёки сўзнинг қуйидаги учта муҳим асоси бўлади:

  1. Методологик асоси (Ўзбекистон Республикаси Президенти асарлари, нутқлари, интервьюларида баён этилган фикрлар);
  2. Ҳуқуқий асоси (Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармонлари ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ҳамда бошқа меъёрий ҳужжатлар);
  3. Назарий асоси (илмий асосланган китоблар, дарсликлар, қўлланмалар, мақолалар ва бошқа ёзма манбалар).

Маънавият бобида сўз юритганда ҳам аввало унинг ана шу асосларини пухта ўрганиб олиш лозим. Айниқса, сўзларнинг луғавий маъносини билмасдан сўзлаш – маънавиятимизга путур етказиши ҳеч гапмас. Она тилимиз жилоларини атоқли адиб Пиримқул Қодировнинг “Тил ва эл” илмий бадиасидан ўрганиш мақсадга мувофиқдир. Кундалик сўзларнинг ҳам мазмун-моҳиятини тушуниб олиш учун “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”га мурожаат қилиб турган зиёли ютқазмайди.

Бебаҳо маънавий хазинамиз – халқ мақоллари ҳақида сўз юритишдан илгари “Ўзбек халқ мақоллари” китобини ўқиб кўриш, бу борадаги билимларни бойитиш талаб этилади. Асрлар давомида миллий қадриятларимиз, бебаҳо маънавий бойликларимизни асраш ҳамда ривожлантиришда адабиёт, айниқса, халқ оғзаки ижодининг ўрни жуда катта бўлган. Эртаклар, достонлар замирида асосан миллий ўзликни ифода этувчи, қадриятларимизни қадрловчи ғоялар мужассам эканини изоҳлашга ҳожат йўқ. Ўзбек халқ мақоллари ҳам битмас-туганмас маънавий хазина ҳисобланади. Ана шу мақоллар ҳақида сўз юритганда аввало тегишли манбалар билан танишиб, сўнг асосли гапириш мақсадга мувофиқдир.

Суҳбат асносида маърузачи сўнгги пайтларда “Устоз – отангдан улуғ” мақолини баъзи кимсалар “Устоз – отангдек улуғ” шаклида бузуб талқин қилаётганини, ваҳоланки, “Ўзбек халқ мақоллари” китобида, 5-синфнинг “Одобнома” дарслигида ва бошқа қатор (илмий тасдиқланган) манбаларда мақол – “Устоз – отангдан улуғ” деб тўғри кўрсатилганини изоҳлаб берди. Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг “Сўз латофати” китобида ҳам “Устоз – отангдан улуғ” дейиш асносида аслида оталар яна бир карра улуғланаётгани жуда тўғри талқин қилинган. Улуғ адиб Ўткир Ҳошимовнинг “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” китобида ҳам “Устоз – отангдан улуғ” мақоли мазмуни теран ёритилган.

Ўтмишини унутган халқнинг келажаги қандай бўлишини изоҳлашга ҳожат йўқ. Бу борадаги билим ва маънавий оламимизни янада бойитиш учун ҳаётга теран нигоҳ билан боқиш билан бир қаторда ушбу мавзудаги ишончли манбаларни, китобларни чуқур ўрганиб боришимиз мақсадга мувофиқдир.

Анжуманда Тошкент молия институти “Устоз ва мураббийлар” Кенгаши раиси Нуриддин Очилов, Тошкент молия институти “Ижтимоий фанлар” кафедраси профессори Зиёд Давронов, Тошкент молия институти “Ижтимоий фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси Азиза Султонова ва бошқалар талабаларга “Ахборот ва мураббийлик соати”ни ўтишда мана шундай теран фикрлар ҳар бир мураббий учун ўзига хос дастуриламал бўлишини таъкидладилар.

 Ахборот хизмати

***

Ушбу мавзуда ЎзАда ҳам қуйидаги хабар ёритилди:

Ёшлар билан ишлаш масъулияти

  Ёшлар билан ишлаш масъулияти

Тошкент молия нститутида “Ёшлар билан ишлаш ва маънавий-маърифий фаолият самарадорлигини янада ошириш” мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда институт ректори Н.Ҳайдаров ва Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари М.Қуронов ва бошқалар ёш авлоднинг ҳар томонлама соғлом, етук бўлиб камол топиши аввало оила, ижтимоий муҳит ва энг муҳими таълим муассасалари билан боғлиқ эканлигини таъкидлади.
Онгу шуурида она Ватанга садоқат, ўзи яшаб турган жамиятга нисбатан ҳурмат шаклланган инсон қайси соҳада ёки қаерда фаолият юритишидан қатъи назар, мутахассис сифатида ҳаёти ва иш фаолиятини ибратли давом эттира олади. Талаба-ёшларда ана шундай билим ва кўникмаларни шаклантириш мақсадида амалий чора-тадбирлар кўрилаётир.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 июнда қабул қилинган “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, олий таълим муассасаларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори лавозими ўрнига ёшлар билан ишлаш бўйича проректори лавозими жорий этилиши белгиланган.
Семинарда ёшлар билан ишлаш бўйича проректор ва айни йўналиш бўйича декан муовини лавозимига номзодлар иштирок этди.
Улар учун янги бўлган мазкур лавозимнинг асл мақсади, қарорнинг мазмун-моҳияти, келгусида амалга оширилиши керак бўладиган ишлар, бугунги кун талаблари ва келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифалар таҳлил этилди.
Бугунги ахборот даврида ёшлар билан ишлай олиш, уларнинг қобилият ва истеъдодини тўғри йўналтириш, кенг имконият бериш баробарида назоратни ҳам кучайтириш муҳим вазифалардандир.
Мазкур тадбирни ўтказишдан асосий мақсад олий таълим муассасаларида янги 2018/2019 ўқув йилига тайёргарлик ҳамда ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосарлари ва академгуруҳ мураббийлари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган.
Ёшлар билан ишлаш бўйича қабул қилинган мутахассислар университетда талаба-ёшларга дарсдан бўш вақтини мазмунли ташкил этиши, замонавий билим ва кўникмаларни чуқурроқ эгаллаши, ўзини намоён этишида кўмаклашади.
Семинар давомида бу ҳақда батафсил маълумот берилди.
 Барно Мелиқулова, ЎзА
http://uza.uz/oz/society/-yeshlar-bilan-ishlash-masuliyati—04-07-2018

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *