Ёшлар масаласи «Муносабат» кўрсатувида

Бугун ёшларимизга, уларнинг ҳаётда муносиб ўрниларини топишларига

қанчалик эътибор қаратсак, эртага жамиятимиз тараққиёти шунга яраша бўлади. Ўзбекистон Телерадиокомпанияси  «Ўзбекистон» телеканали «Муносабат» кўрсатувининг 2021 йил 16 апрелдаги навбатдаги сони ҳам айнан Ёшлар мавзусига бағишланиши режалаштирилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида шу йил 13 апрель куни ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу борада ғоят муҳим таҳлилий фикрлар билдирилди. Шу билан бир қаторда яна қатор вазифалар белгиланди.

Ана шу вазифаларни тўлақонли амалга ошириш кўплаб мутасаддилар, шу билан бир қаторда маҳаллий Кенгашлар депутатлари зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди. Тўғридан-тўғри эфирга узатиладиган «Муносабат» кўрсатувида ушбу мавзуда кенг жамоатчилигимизни қизиқтираётган масалалар юзасидан ҳам фикрлар ўртага ташланади ва таҳлил этилади.

Ҳар қандай муаммони ҳал этиш учун аввало унинг борлигини тан олиш керак, дейди «Муносабат» кўрсатуви муаллифи ва бошловчиси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Қуддус Аъзам.

Демак, жонли эфирда муаммолар ошкора айтилади ва уларнинг ечимини топишда жамоатчилик фикри ўрганилади. Энг муҳими, эзги ниятда ташланган қадамлар хайрли бўлғусидир.

Тўлқин ЭШБЕК,

халқ депутатлари Тошкент шаҳар Олмазор туман Кенгаши депутати

1 2 3 4

Ёшлар сиёсатига оид вазифалар ижроси таҳлил қилинди

СиёсатТанлаш

21:18 / 13.04.2021

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 13 апрель куни ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Маълумки, 2021 йил мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб номланиб, бу борада давлат дастури қабул қилинди. 27 январь ҳамда 10 февраль кунлари бўлиб ўтган йиғилишларда жорий йилги муҳим вазифалар яна бир бор қайд этилиб, масъуллар белгиланган эди.

Бугунги йиғилишда ушбу вазифалар ижросининг бориши, вазирлар, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари, олий таълим муассасалари ректорлари ёшларга оид ишларни қандай ташкил этгани кўриб чиқилди.

Мамлакатимиз бўйича 648 минг нафар ишсиз “Ёшлар дафтари”га киритилган бўлса, биринчи чоракда шундан 283 мингининг бандлиги таъминланган. Хусусан, 175 минг нафар ёшга 45 минг гектар ер майдони ажратилган.

Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида 36 мингта қўшимча тўгарак ташкил этилиб, 874 мингга яқин ўғил-қиз жалб этилган. “Беш муҳим ташаббус” доирасида таълим муассасалари, кутубхона ва ўқув марказларига 97 мингта санъат ва спорт инвентари, компьютерлар, 562 мингта бадиий китоб етказиб берилган.

Лекин, айрим ҳудуд ва соҳаларда ёшлар масалаларига эътибор ҳали ҳам талаб даражасида эмаслиги кўрсатиб ўтилди. Мисол учун, Андижон вилоятида биринчи чоракда атиги 5 мингга яқин ёш доимий ишга жойлаштирилган. Аммо, айни пайтда ҳудуддаги саноат корхоналари ва кластерларда 7 мингта доимий вакант иш ўрни мавжуд.

Ишсиз ёшларни касб ва тадбиркорликка ўқитиш, маблағ билан таъминлашда ҳам камчиликларга йўл қўйилмоқда. Хусусан, “1+1” дастури доирасида 100 минг нафар ёшни ўқитиб, кейин уларга имтиёзли кредит ажратиш белгиланган бўлса-да, Савдо-саноат палатасининг қуйи тузилмалари бу ишларни тизимли ташкил эта олмаяпти.

Мисол учун, уч ойда республика бўйича 21 минг нафар ёш тадбиркорликка ўқитилган. Тошкент шаҳрида атиги мингта, Наманганда эса 1 100 та сертификат берилган. Бухорода эса бор-йўғи 216 нафар ёш касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилган.

Бундан ташқари, ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш Сурхондарё вилоятида 30 фоизни ташкил этиб, бу республикадаги энг паст кўрсаткич. Худди шу каби Хўжайлида атиги 16 нафар, Фурқатда 27 нафар, Улуғнорда 78 нафар, Ангорда 82 нафар ишсиз ёшлар “1+1” лойиҳаси билан қамраб олинган.

Йиғилишда бундай ўзибўларчилик ҳолатлари қаттиқ танқид қилинди. Ёшлар билан ишлашни лозим даражада ташкил этмагани учун Сурхондарё вилояти ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари, Фурқат ва Улуғнор тумани ҳокимлари, Шофиркон, Қамаши, Хива, Чуст, Хўжайли ва Ангор туманларидаги айрим сектор раҳбарлари лавозимидан озод этиладиган бўлди. Яна қатор мутасаддилар қатъий огоҳлантирилиб, вазиятни ўнглаши учун муҳлат берилди.

Галдаги вазифалар ижросини ташкил этиш, ёшлар билан ишлайдиган муассасаларга имкониятларни кенгайтириш чора-тадбирлари белгиланди.

– Энг муҳим вазифа, аввало, ёшлар бандлигини таъминлаш, муносиб даромад олиши учун уларга шароит яратиб бериш. Бу борадаги энг катта имконият ва захирамиз бу – тадбиркорлик, айниқса, кичик ва ўрта бизнесдир, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шундан келиб чиқиб, мутасаддиларга ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасидаги имкониятларни янада кенгайтириш ва бандлигини таъминлаш бўйича янги механизм жорий этиш вазифаси қўйилди. Бу тизимда халққа ҳам, ташкилотларга ҳам маъқул бўладиган бир қанча имтиёзлар белгиланади.

Жумладан, 1 майдан бошлаб ёшларни ишга қабул қилган корхона ва компанияларга ушбу ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ қайтариб берилади.

Шунингдек, 1 июндан бошлаб, “ёшлар дафтари”га кирган талабалар корхона ва компанияларда амалиёт ўтаганда, уларга 500 минг сўмгача субсидия ажратилади.

Биринчи марта ишга кирган касб-ҳунар маркази битирувчилари 6 ойгача даромад солиғи тўлашдан озод этилади.

“Ёшлар дафтари”га кирган 5 нафардан ортиқ ишсизлар бандлигини таъминлаган тадбиркорларга 1 майдан бошлаб давлат мулки ижараси учун 50 фоизгача имтиёз берилади.

Шунингдек, ижарага бино олиб, ўз бизнесини бошлаётган ёшларга, бир йиллик ижара суммасининг 30 фоизигача қисми қоплаб берилади.

“Ёшлар дафтари”га киритилган йигитлар ва меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш, бир ойлик ҳарбий хизматни ўташ харажатлари бюджетдан тўлаб берилади.

Шунингдек, 1 июндан бошлаб “ёшлар дафтари”га кирганларнинг хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат таълим ташкилотларида ўқиши харажатининг бир қисми қоплаб берилади.

Шу билан бирга, 1 июлдан бошлаб хусусий корхоналарда янги иш бошлаган ходимларни  қайта тайёрлаш харажатининг 1 миллион сўмгача бўлган қисмига субсидия берилади.

Бундан ташқари, ёшларнинг профессионал таълим мактаблари, техникумларда ўқиши учун тўланадиган контракт суммаси даромад солиғидан озод қилинади.

бандлигини таъминлашдаги яна бир муҳим йўналиш – қишлоқ хўжалиги. Бугунги кунда республика бўйича 21 та туманда 2 мингдан 4,5 минг нафаргача ёшга деҳқончилик учун ер ажратилган.

Давлатимиз раҳбари ер олган ёшлар агротехник тадбирларни бажариб, даромад ола бошлагунча фермер ва кластерлар амалий ёрдам кўрсатиши муҳимлигини таъкидлади.

Бу соҳада ҳам аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида “ёшлар дафтари”га кирганларга уруғлик ва кўчатлар хариди учун 2 миллион сўмгача субсидия бериш зарурлиги қайд этилди.

Молия вазирлигига субсидиялар беришнинг очиқ-ошкоралигини таъминлаш мақсадида “электрон платформа” яратиш вазифаси қўйилди.

Яна бир масала – ҳар бир маҳалла ва хонадонни сифатли тиббий хизматлар билан қамраб олиш учун малакали ўрта бўғин тиббиёт ходимларини кўпайтириш зарур бўлмоқда. Биргина тиббий бригадаларга камида 7 минг нафар ўрта тиббиёт ходимлари керак.

Шунинг учун, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг давоми сифатида жорий йилда қўшимча 20 минггача ўрта тиббиёт ва ижтимоий ходимлар штатини ташкил этиш ҳисобига минглаб ёшлар учун янги иш ўринлари яратиш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Бугунги кунда “Баркамол авлод” болалар марказлари бор-йўғи 175 минг нафар ёшларни қамраб олган холос. Шу боис ушбу муассасалар имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш, ҳар бир мактабда уларнинг тармоқ филиалларини ташкил этиш орқали қамровни ошириш бўйича топшириқлар берилди.

Турли фестивал ва мусобақалар ўтказиб, ёшларни спорт, маданият ва санъатга қизиқтириш, нуфузли халқаро танловларга олиб чиқиш изчил давом эттирилади.

Давлатимиз раҳбари ҳар бир олий ўқув юрти ён-атрофидаги маҳаллалар учун маънавият маркази, маданият ўчоғи бўлиши кераклиги, бу борада ректорларнинг ўрни умуман сезилмаётганини таъкидлади.

Йиғилишда талабаларнинг яшаш шароитлари масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Бугунги кунда 130 мингдан зиёд талаба ижарада яшамоқда. Бу масала бўйича ҳукумат томонидан алоҳида дастур тайёрланмоқда. Унга кўра, бундай ёшларга 1 майдан бошлаб ижара тўловининг ярми давлат томонидан қоплаб берилади. Дастлабки босқичда ушбу тизим орқали 60 минг нафар ёшлар қамраб олинади. Шу билан бирга, эҳтиёжманд талабаларга ушбу харажатлар ҳокимликлар ва олийгоҳлар маблағи ҳисобидан ҳам қоплаб берилади.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ҳисоботи эшитилди.

 

https://uza.uz/uz/posts/yoshlar-siyosatiga-oid-vazifalar-izhrosi-tahlil-qilindi_257469

 

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *