Ёшлар таълимига янгича ёндашув – Янги Ўзбекистон тараққиётининг кафолати!

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига

Мурожаатномасида 2021 йилга “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилинди.

7

Юртбошимиз ўтган йилда амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилиб келгуси йилда амалга оширилиш лозим бўлган устивор вазифаларни белгилаб бердилар. Айниқса, олий ва ўрта махсус таълим тизимида жорий этиладиган бир қанча тизимли ислоҳотлар бизни қувонтирди. Жумладан, кейинги йилдан бошлаб олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони камида 25 фоизга оширилиши, қолаверса, олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сонини 2 баробарга кўпайтириб, 2 мингтага етказилиши юртбошимизнинг хотин қизларга ва айниқса, эҳтиёжманд оила фарзандларига бўлган юксак эътибордан далолат беради. Ўтган йили Ўзбекистон Миллий университетига худди шундай грант асосида 26 нафар қизлар ўқишга қабул қилинди. Бу йил бу кўрсаткичнинг оширилиши ҳам жуда яхши бўлди. Боиси, талабаликка қабул қилинган қизларнинг орасида ҳақиқий истеъдодлилари кўп. Айниқса, аъло баҳоларга ўқиётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қизларга стипендиялар жорий қилингани ҳам кўпчиликнинг кўнглидаги гап бўлди. Яна бир томони шуки, университетга халқаро рейтингда ўрин эгаллаш вазифаси қўйилган. Халқаро рейтинг агентликлари томонидан университетларда имконияти чекланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларни жалб қилинишига алоҳида баҳо берилади.

“Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали етакчи хорижий олий ўқув юртларига магистратура ва докторантурага ўқишга юбориладиган ёшлар сонини 5 баробарга оширилиши масалси ҳам бизни жуда қувонтирди. Чунки бугунги кунда университетимиз дунёнинг энг кучли университетлар қаторидан жой олишга интиладиган бир пайтда ёшларни дунёнинг нуфузли университет ва илмий тадқиқот институтларига магистратура, докторантурга жўнатиш жаҳон меҳнат бозорида рақобатбардош ва юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга эришиш имконини беради. 2019 йилда Ўзбекистон Миллий университетидан 32 нафар ёшлар “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиясини қўлга киритиб хорижда малака ошириб, магистратура ва докторантурада таҳсил олиб қайтдилар. Бугун мурожаатномада ушбу кўрсаткичнинг 5 бараварга оширилиши университетнинг юксалишида яна бир йўлни очиб берди.
Ҳозирги пайтда физика ва хорижий тилларни ўқитиш устувор фан сифатида белгилаб берилиши бизнинг “Университет-мактаб” ҳамкорлигидаги ишларимизни кучайтиришга бир туртки бўлди, десам тўғри бўлади. Юртбошимизнинг даъвати билан яқиндагина йўлга қўйилган ушбу ҳамкорлик доирасида пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 10 та, Тошкент вилояти юқори Чирчиқ туманидан 4 та мактаб, яъни битирувчиларнинг олий таълимга кириш кўрсаткичлари паст бўлган муассасалар бириктирилди. Бугунги кунда мазкур йўналишда университетимиз математика, химия, биология ва физика факультети профессор-ўқитувчилари билан мактабларда маҳорат дарслари, фан тўгараклари, турли хил тадбирлар олиб бормоқдалар. Мактаб ўқитувчилари учун университет базасида малака ошириш курслари, ўқувчилар учун якшанба мактаблари ташкил қилинди. Ўқувчилар учун замонавий дарсликлар яратиш мақсадида Кембридж университети мутахассислари билан ҳамкорликда дарсликлар ёзиш, ўқувчилар билимини ошириш қаратилган интерфаол методлар ишлаб чиқиш борасида келишувлар олиб борилди. Эндиликда мана шу жараённи янада кенгайтириш мақсадида бугун ҳамкор мактабларга физика ва хорижий тилларни ўқитишга эътибор қаратишни ўз олдимизга вазифа сифатида белгилаб олдик. Мурожаатномада «Физика» ва «Хорижий тилларни ўқитиш» кейинги йил учун устувор фан йўналишлари сифатида белгилангани айни шу ишларнинг мақсадли давоми бўлди.
Юртбошимиз нутқида таъкидланганидек, рақобатбардош миллий кадрларнинг янги авлодини тайёрлаш мақсадида Тошкент шаҳрида алоҳида университет ташкил этилиши ёшларни бир-бирлари билан беллашиб соғлом  рақобатга киришишига имкон яратади. Хорижий мутахассисларни юртимиздаги олийгоҳларга келиб ўз тажрибалари ўртоқлашиши ёки талабаларга сабоқ беришлари ҳам катта ютуқларга дебоча бўлади. Маълумки, университетимизда бугунги кунда хорижнинг етакчи университетлари билан ҳамкорликда ташкил қилинган 1 та  яъни Ўзбек-Израил қўшма факультети  ва 12 та қўшма таълим дастурлари мавжуд. Булар Москва давлат университети, Белоруссия давлат университети, Қозон давлат университети, Томск давлат университети, Россия ҳукумати қошидаги молия институтлари билан ҳамкорликда очилган бакалавр таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари. Юртбошимиз айтганларидек, хорижий университетларни юртимизда очиш ёшларимизни ўз уйида, ота-онаси бағрида туриб хорижий мутахассислар қўлида таҳсил олиш имкониятини яратади. Чунки бизнинг қўшма таълим дастурларимизда хорижий университетлардан профессор-ўқитувчилар ўқув жараёнига мунтазам жалб этиб борилади.
Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида келтирилган давлатимиз раҳбарининг ташаббус ва таклифларини Ўзбекистон Миллий университети профессор-ўқитувчилари жамоаси мамнуният билан қабул қилдик. Биз ўйлаймизки, келаётган 2021 йил “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”  Ўзбекистон илм-фани тараққиётида ҳақиқий Реннесанснинг бошланишига асос бўлиб хизмат қилади деб  ишонамиз.
Раима ШИРИНОВА,
Ўзбекистон Миллий университети
Халқаро алоқалар бўйича проректори

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *