“Ёшлар” телерадиоканалида ЎзМУ манзаралари
Миллий университетимиз фаолиятини кенг ёритаётган Ўзбекистон телерадиокомпанияси ижодкорларига самимий миннатдорчилик изҳор этамиз.
Истиқлол солномаси. ЎзМУ
2000 йил 28 январь. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент Давлат университетига “Ўзбекистон Миллий унверситети” мақомини бериш тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди. Мамлакатимиз олий ўқув юртларининг илмий-услубий таянчи ва етакчиси Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Ўрта Осиёдаги дастлабки олий таълим муассасаси ҳисобланади.
Ўзбекистон Миллий университети мустақиллик йилларида янги тараққиёт босқичига кўтарилди. Ҳозирги кунда университетда 35 йўналишда бакалаврлар ва 65 дан ортиқ мутахассисликлар бўйича магистрлар тайёрланмоқда. Таълим масканида 10 та факультет, 72 та кафедра фаолият кўрсатмоқда.
Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий маркази, Математика институти, Полимерлар кимёси ва физикаси илмий-тадқиқот маркази, қатор кафедралар қошида инновацион ҳамкорлик марказлари, ўқув-илмий комплекслар, 3 та академик лицей фаолияти йил сайин такомиллашиб бормоқда.
Мазкур таълим муассасасида “Ўзбекистон Миллий университети” газетаси, “ЎзМУ хабарлари” илмий журнали чоп этилади. Шунингдек, университет Ахборот хизмати, Интернет тизимида www.nuu.uz портали, ҳар бир факультет веб-сайти, телестудия, радиостудия ва фотолабораториялар мавжуддир.
Ўзбекистон Миллий университети давлат таълим стандартларини, малака талаблари асосида ўқув режалари ва дастурларини яратиш ҳамда республикамиздаги қатор университетларга татбиқ қилишда таянч таълим муассасаси бўлиб келган.
Айни пайтда талабаларга 1160 дан зиёд профессор-ўқитувчилар таълим-тарбия бермоқдалар. Уларнинг 8 нафари академик, 150 дан зиёди фан доктори ва профессор, 400 га яқини фан номзоди ва доцент даражасига эга эканлиги Ўзбекистон Миллий университетининг илмий салоҳияти нечоғлик юксаклигини кўрсатади.
Миллий университет халқаро андозаларга мос келадиган илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватламоқда ва дунёдаги машҳур хорижий таълим марказлари ҳамда университетлар билан ҳамкорликни кенг кўламда ривожлантирмоқда. Сўнгги йилларда АҚШ, Япония, Австрия, Греция, Хитой, Польша, Жанубий Корея, Германия, Чехия, Англия, Малайзия, Швеция, Италия каби қатор мамлакатлар университетлари билан алоқалар янада мустаҳкамланди.
Миллий университет олимлари ва ёш тадқиқотчилари 25 та лабораторияда турли илмий тадқиқот ишларини давом эттиришмоқда.
Ал Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби ўнлаб даҳо бобокалонларимиздан мерос қолган илмий мактаблар бугунги кунда ҳам бутун дунё илм ва ижод аҳли учун жуда қадрли. Бундай илмий мактаблар Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети олимлари томонидан изчил давом эттирилмоқда.
ЎзМУ Ахборот хизмати
Yaqinda ajoyib statistic ma’lumotga ko`zim tushdi : hozirga qadar universitetimizda ta’lim olgan 4 nafar talaba «O`zbekiston belgisi» ko`krak nishonini, 9 nafar talaba xalqaro fan olimpiadasida va 67 nafar talaba respublika fan olimpiadasida g`oliblikni qo`lga kiritibdi. Barchamizga mana shunday baxtli yoshlar safida bo`lish nasib etsin!
Butun jahon, O;zbekiston nomli mamlakatda ta’lim tizimi rivojlanib borayotganidan hayratda. Chunki mustaqil mamlakatimiz yoshlari jahon bo’ylab ta’lim borasida olimpiadalar g’olibi bolib kelmoqda. Bu bizlarni quvontiribgina qolmay, marrani baland olib ilim olishimizga turtki bo’ladi.
O`zMU barcha ijodkorlarni o`z bag`rida tarbiyalagan nufuzli o`quv yurti hisoblanadi. Shaxsan o`zim ham ushbu bilim yurtida ta`lim olayotganimdan baxtiyorman. Mazkur dargohda taxsil olayotgan ko`pgina talabalar turli darajadagi yutuqlarga erishmoqda va universitetimiz nufuzini yuksalarga ko`tarmoqda. Shunday ekan, mana shunday yoshlarni ilmli qilib tarbiyalayotgan oliy dargohimizga ko`z tegmasin.