Ёшлар ўз салоҳиятини намойиш этаверади

Эртанги кунимизни ҳал этишга қодир ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириб бориш бугунги куннинг энг долзаб вазифаларидан биридир.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси “вируси” тарқалишининг олдини олишдир” мавзуида ўтказилган давра суҳбатида асосий эътибор Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 19 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 72-сессиясида ҳамда 14 октябрь куни халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида сўзлаган нутқларида илгари сурилган энг муҳим ғоялар мазмун-моҳиятини теран нигоҳ билан ўрганишга қаратилди.

ё2 ё ё1

– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида сўзлаган нутқида Миллий университетимиз талабаси ҳақида айтган сўзлари қалбларимизни тўлқинлантириб юборди,– деди ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов.– Келинг, айнан шу жойини сизларга яна бир бора ўқиб бераман:

“Айни пайтда биз улуғ аллома ва мутафаккирларимизнинг хотирасини абадийлаштириш, уларнинг илмий, маданий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш бўйича бошлаган ишларимизни изчил давом эттирмоқдамиз. Хусусан, Тошкент ахборот технологиялари университетига Муҳаммад Хоразмийнинг номи берилиб, унинг фаолияти янада кенгайтирилгани, шунингдек, буюк бобомиз номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишида ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилгани шулар жумласидандир.

Хабарингиз бўлса, биз Ислом ҳамкорлик ташкилотининг яқинда Остона шаҳрида бўлиб ўтган саммитида Ал-Хоразмий номида ёш математикларнинг халқаро олимпиадасини ташкил этиш ва уни Ўзбекистонда ўтказиш ташаббуси билан чиқдик.

Ўйлайманки, ушбу олимпиадани айнан алгоритм ватани бўлмиш Хоразмда, Хоразм Маъмун академиясида ўтказиш ҳар жиҳатдан тўғри бўлади.

Энг муҳими, бугунги кунда юртимиздан Хоразмий бобомизнинг муносиб издошлари етишиб чиқаётгани барчамизни қувонтиради.

Ана шундай ёшлардан бири, Ўзбекистон Миллий университетининг математика факультети талабаси, Хоразм фарзанди Ҳакимбой Эгамберганов бунга яққол мисолдир. Бу истеъдодли йигитимиз қаторасига уч йил – 2014, 2015, 2016 йилларда математика бўйича чет мамлакатларда бўлиб ўтган халқаро фан олимпиадаларида олтин медални қўлга киритган.

Бундай ёшлар тимсолида биз Хоразмий бобомизнинг ҳақиқий набираларини кўрамиз. Шундай билимли, баркамол, Ватанга садоқатли фарзандларимиз қанча кўпайса, Ўзбекистоннинг келажаги шунчалик буюк бўлиши муқаррар”.

Давлатимиз раҳбарининг бу умидбахш, илҳомбахш сўзлари барча талабаларимиз қалбида ғурур, фахр ва ифтихор туйғуларини янада жўш урдиришига ишонаман.

Давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоевнинг “Глобаллашув ва ахборот – коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга ошириш”, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита мутахассиси Жаҳонгир Жўраевнинг “Ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш энг муҳим вазифадир”, Ички ишлар вазирлиги бўлим бошлиғи Исломиддин Холиқовнинг “Ёш авлодни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари” мавзуидаги маърузалари талабаларда катта қизиқиш уйғотди.

Маърузаларда таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев БМТ минбаридан сўзлаган нутқида юртимиз ёшлари ҳаётида жиддий ўзгаришларни бошлаб берган ислоҳотларни жаҳон миқёсида татбиқ этишни – БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқишни таклиф этди. Бугун дунёда ёшлар 2 миллиардни ташкил этишини ҳисобга олсак, уларнинг нақадар катта куч эканини яққолроқ англаймиз. Зеро, жаҳоннинг эртанги куни, эртанги ҳаёти айнан ана шу ёшлар билан боғлиқ. Ҳозир жаҳонда юз бераётган турли кўнгилсизликлар, можароларнинг туб моҳияти ёш авлоднинг билимсизлиги, маърифатсизлигига бориб тақалади. Ота-боболаримиз, улуғларимиз “Нажот – илмда” деган ҳикматга амал қилиб келган. Аждодларимиз дунёвий илмларда ҳам, диний илмларда ҳам етакчи бўлиб келган. Бугун замонавий дунё эришган баланд марраларнинг замирида илм ётади. Маънавий баркамоллик, комил ахлоқ замирида ҳам илм ётади.

Президентимиз муқаддас Ислом динимиз эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этишини таъкидларкан, БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифини билдирди. Бу ҳужжат барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишни бош мақсад қилади.

БМТ биносида Регистон майдонининг макети ўрнатилгани биз учун тарихий воқеалардан бири бўлди. Бу барча ўзбекистонликлар қалбида чексиз ғурур ва ифтихор туйғусини жўш урдиради. Бетакрор юртимиз қадимдан илм-фан, маданият, савдо, меъморлик ва ҳунармандлик маркази бўлиб келган. Регистон эса кўҳна ва навқирон Самарқанднинг юраги, маданият ва маърифатнинг рамзидир. Бу майдоннинг гир айланасида жойлашган мадрасаларда ўз замонида энг замонавий илмлар ўргатилган. Марказий Осиё ва Шарқнинг жуда кўп алломалари, адиблари, олиму фозиллари айнан шу ерда таълим олган. БМТ Хавфсизлик кенгаши ва Бош Ассамблея заллари ўртасидаги фойега ўрнатилган ушбу макет Ўзбекистон тинчлик-осойишталик, илм-маърифат ва тараққиёт тарғиботчиси эканини таъкидлаб тургандек.

Давра суҳбатида талабалар бу мавзуда ўзларингизни қизиқтирган саволларингизга атрофлича жавоблар олдилар.

 

Улуғбек Усмонов,

ЎзМУ газетаси мухбири

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *