Ёшлар қалбига йўл

Таълим самарадорлигини оширишнинг ёрқин йўлларидан бири – аввало ёшлар қалбига йўл топмоқ даркор.

м1

Миллий университетимизда азалдан турли мавзуларда давра суҳбатлари, очиқ мулоқот ва бошқа маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиб келинади. Интерфаол усулда ўтказиладиган мулоқотларда ташаббускор талабаларнинг фикрлари эътибор билан тингланади. Бироқ, бу жараёнда барча талабаларнинг таклифлари, баъзи муаммолар юзасидан мурожаатларини тўлақонли ўрганишнинг имкони бўлмайди. Яъни, талабалар ўзларини қийнаётган айрим муаммолар ҳақида деярли сўз очмайди. Ҳар қандай муаммони ўз вақтида ўрганиш ва уни ижобий ҳал этиш эса фақат яхши самара беради. Демак, талабалар қалбига йўл топиш учун янада кенгроқ имконият яратиш зарур. Худди шу мақсадда 2016 йил “Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректорининг виртуал қабулхонаси” ташкил этилди.

Виртуал қабулхона интернет тармоғининг rector@nuu.uz манзили орқали доимий равишда ўз фаолиятини олиб бориши ҳақида “Ахборот соатлари” машғулотларида талабаларга маълумот берилди. Яъни, университет ректорининг виртуал қабулхонасини ташкил этишдан мақсад – жисмоний ва юридик шахсларнинг университет фаолиятига оид ариза, шикоят ва таклифларини кўриб чиқиш жараёнини такомиллаштириш ҳамда уларни белгиланган тартибда қонун доирасида ўз вақтида ҳал этишдан иборат эканлиги тушунтирилди.

Ўз келажакларига, ҳаётга ҳечвақт бефарқ бўлмаган талабалардан аввало иннавацион лойиҳалар, халқаро илмий анжуманларда иштирок этиш, хорижда билим ва малакаларини ошириш юзасидан кўплаб таклифлар келиб тушди. Бу таклифлар, албатта, босқичма-босқич амалга оширилаётганини изоҳлаб ўтиришга ҳожат йўқ.

Шу билан бир қаторда 130 дан ортиқ турли масалалар юзасидан мурожаатлар келиб тушган. Улардан 107 таси ариза ва 24 таси шикоят ҳисобланади. Мазкур мурожаатлар тегишли мутасаддилар томонидан ўз вақтида синчковлик билан ўрганилди. Уларнинг 111 таси бўйича тегишли тартибда тушунтириш ишлари амалга оширилди. Талабалар бу тушунтиришлардан қаноат ҳосил қилдилар. Ечимини кутаётган 40 та масала ижобий ҳал этилди. Уларнинг бирортаси рад этилгани йўқ. Шу тариқа бирорта такрорий мурожаат қилишга ҳожат қолмади.

Виртуал қабулхонамизга республикамизнинг турли вилоятларидан ҳам мурожаатлар келиб тушмоқда. Чунончи, Қорақолпоғистон Республикасидан 6 та, Андижон вилоятидан 5 та, Бухоро вилоятидан 7 та, Жиззах вилоятидан 4 та, Қашқадарё вилоятидан 13 та, Навоий вилоятидан 3 та, Самарқанд вилоятидан 18 та, Сурхондарё вилоятидан 16 та, Фарғона вилоятидан 4 та, Хоразм вилоятидан 9 та, Тошкент вилоятидан 17 та, Тошкент шаҳридан 45 та ва Сирдарё вилоятидан 1 та мурожаат келиб тушган.

Виртуал қабулхонага қандай масалалар юзасидан мурожаатлар қилинаётгани ҳам кўпчиликни қизиқтиради, албатта. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, мурожаатларнинг аксарияти таълим соҳасида сиртқи ва кечки бўлимларни ташкил этиш, 2-мутахассислик бўйича таълим олишни йўлга қўйиш билан боғлиқ масалалар эди. Ушбу мурожаатлар юзасидан биз ҳам тегишли идораларга ўз таклифларимизни етказдик.

Шуни мамнуният билан айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 21 ноябрь куни қабул қилинган “Олий таълим муассасасида сиртқи (махсус сиртқи) ва кечки (сменали) таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори ана шу мурожаатларга муносиб жавобдир!

Қарорда қайд этилишича, олий таълим муассасасида сиртқи (махсус сиртқи) таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланган. Унга кўра, олий таълим муассасаларида сиртқи (махсус сиртқи) таълим Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори билан тасдиқланган қабул квоталарига мувофиқ ташкил этилади. Сиртқи (махсус сиртқи) таълим қуйидаги шаклларда олиб борилади: сиртқи шакл, махсус сиртқи шакл, иккинчи ва ундан кейинги олий маълумот беришнинг сиртқи шакли. Сиртқи шаклда – умумий ўрта (10-11-синфлар негизида), ўрта махсус, касб-ҳунар маълумоти тўғрисидаги тегишли ҳужжатга эга бўлган ва тест синовларидан (кириш имтиҳонларидан) муваффақиятли ўтган абитурентлар, махсус сиртқи шаклда – фақат тегишли ёки турдош таълим йўналиши бўйича ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига ва таълим йўналишига мувофиқ соҳа, касб, лавозимларда камида уч йиллик амалий иш стажига (педагогика йўналишлари учун педагогик стажга) эга бўлган, тегишли вазирликлар ва идоралар томонидан берилган тавсияномага эга, тест синовларидан (кириш имтиҳонлари ёки касбий суҳбатдан) муваффақиятли ўтганлар қабул қилинади. Иккинчи ва ундан кейинги олий маълумот беришнинг сиртқи шаклда – олий маълумотга эга бўлган (агар хорижий олий таълим муассасасини тугатган бўлса, олий маълумот тўғрисидаги ҳужжати белгиланган тартибда тан олинган (нострификация қилишган) бўлиши керак) ва тест синовларидан (кириш имтиҳонларидан ёки касбий суҳбатдан) муваффақиятли ўтган абитуриентлар ҳисобидан амалга оширилади.

Сиртқи (махсус сиртқи) таълимда ўқиш муддати ҳам белгилаб қўйилган. Яъни, сиртқи шаклда – камида 5 йил, махсус сиртқи шаклда – камида 3 йил, иккинчи ва ундан кейинги олий таълим негизидаги сиртқи шаклда – камида 3 йил таълим олинади. Бунда, ўқиш ўқув режаларидаги фанлар фарқидан қатъи назар, бакалавриат таълим йўналишининг 2-курсидан бошланади.

Ҳужжатда белгиланганидек, сиртқи (махсус сиртқи) таълим талабалари олий таълим муассасасининг барча ўқув жиҳозлари, аудиторияси, лабораторияси, кутубхонаси, ахборот-ресурс марказлари ҳамда ўқув-ёрдамчи тузилмалари хизматидан бепул фойдаланади. Сиртқи (махсус сиртқи) таълимда ўқиш бўйича олий таълим йўналишларига қараб бир ўқитувчига тўғри келадиган талабалар сони нисбати 1:20 этиб белгиланади. Шунингдек, олий таълим муассасасида кечки (сменали) таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, кечки (сменали) таълимда ўқиш муддати – камида 4,5 йил. Кечки (сменали) таълимда ўқиш бўйича олий таълим йўналишлари ва мутахассисликларига қараб бир ўқитувчига тўғри келадиган талабалар сони нисбати кундузги таълим билан бир хил нисбатда белгиланади.

Виртуал қабулхонага қилинган мурожаатлар орасида талабалар сафидан четлаштириш ва ўқишини қайта тиклаш масалаларида ҳам сўровлар бор эди. Бу масалада Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомда аниқ тартиб-қоидалар белгилаб қўйилгани атрофлича тушунтирилмоқда.

Магистратура босқичида ўқишни давом эттириш, шартнома тўлови тартиби ва стипендиялар, олий таълим муассасаларида ишлаш, диплом олиш, архив маълумотномаларига оид мурожаатлар ҳам ана шундай тегишли ҳужжатларда белгиланган тартиб-қоидалар асосида қаноатлантирилмоқда.

Талабалар турар-жойларидаги шарт-шароитлар юзасидан тушган мурожаатлар эса жойида ўрганилиб, турли муаммолар ижобий ҳал этилмоқда. Айтиш жоизки, талабалар таътилга кетган пайтларида бу масканларда жиҳозлаш, теварак-атрофларини ободонлаштириш каби қатор вазифалар амалга оширилди. Айни пайтда талабалар учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Бу борада уларнинг таклифлари теран ўрганилиб, айрим ечимини кутаётган масалалар ижобий ҳал этилмоқда.

Виртуал қабулхонага мурожаат қилган талабаларнинг талаби қай даражада қондирилаётгани уларнинг миннатдорчилик мактубларида ўз аксини топади. Жумладан, Геология ва география факультети 2-босқич талабаси Саидбонур Саидмуротов, Математика факультети 2-босқич талабаси Дилшод Шодиев, шунингдек, Феруза Расулова ва Дилафрўз Ҳошимоваларнинг 2-мутахассисликда таълим олиш тўғрисидаги мурожаатлари ижобий хал этилганидан мамнунликлари ҳақида ёзган дил сўзлари эътиборга моликдир.

Бугунги кунда юртимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга янгича ёндашувлар ўз самарасини бермоқда. Бу борада, биринчи галда, ёшлар қалбига муносиб йўл топиш, улар билан доимий мулоқот ўрнатиш ўз самарасини бераётир. Бу саъй-ҳаракатлар шак-шубҳасиз олий таълим самарадорлиги янада ошишига хизмат қилади.

 

Авазжон МАРАҲИМОВ,

Мирзо Улуғбек номидаги

Ўзбекистон Миллий университети ректори

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *