Ёшлар ҳуқуқлари БМТ ҳимоясида

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида БМТнинг “Ёшлар

ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенция лойиҳаси тарғиботига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда университетнинг барча факультетларидан фаол талабалар иштирок этдилар.

ЎзМУ Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Нажмиддин Қодиров, Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Аброр Хидиров ва бошқалар мазкур конвенция лойиҳаси мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритар экан, бунда талаба-ёшларнинг фаоллиги муҳим ўрин тутишини таъкидладилар.

б1 б2 б3

– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни ишлаб чиқишни таклиф этишини жаҳон аҳли, айниқса, миллионлаб ёшлар қўллаб-қувватлаган эдилар,– деди ЎзМУ Журналистика факультети доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси Тўлқин Эшбек.– Маълумки, БМТда 1989 йилда бола ҳуқуқлари бўйича конвенция қабул қилинган эди. Бироқ ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида ўйлаб кўрилгани ҳам йўқ эди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ юксак минбаридан туриб жаҳондаги барча ёшларни турли ёт ғоялардан ҳимоя қилиш лозимлигини куюниб гапириши, уларга ҳуқуқлар берилиши тўғрисидаги таклифни илгари суриши бутун жаҳон аҳлида, айниқса, камолот ёшидаги барча йигит-қизларда катта қизиқиш уйғотди. Айтиш жоизки, бугун дунёда бўлаётган турли жиноятлар, терроризм, бузғунчилик ҳаракатлари асосан 30 ёшга етмаган ёшлар томонидан содир этилаётгани сир эмас. Бундай бузғунчиликлар баъзи манфур кучлар томонидан бошқарилаётгани, ёшларнинг улар домига билиб-билмай, ўз ҳақ-ҳуқуқларини тушунмай илиниб қолаётганини давлатимиз раҳбари атрофлича асослаб, таҳлил қилиб бераркан, ёшлар келажагини ҳимоя қилиш борасида қатор таклифларини илгари сурган эди.

Ҳозирги пайтда дунё аҳолисининг икки миллиардини ёшлар ташкил этади. Демак, жаҳон ёшларининг ҳақ-ҳуқуқлари бугун ҳимоя қилинмас экан, эртага дунёнинг келажаги хавф остида қолади. Ўзбекистонда ёшлар ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган эзгу ишлар ҳақида ҳар бир талаба билмоғи ва бу борада тенгдошларига тарғиб қилмоғи зарур. Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг ташкил этилиши, унга мамлакатимизнинг барча ёшлари қамраб олиниши бу йўлдаги ишларни янги босқичга олиб чиқди. Ёшлар иттифоқи нафақат юртимиз ёшларини, балки чет мамлакатларда ўқиб, меҳнат қилаётган йигит-қизларимиз билан ҳам алоқа ўрнатиб, уларнинг муаммолари ва таклифларини ўрганиб чиқаётгани эътиборга моликдир. Кези келганда уларнинг ҳуқуқларини чет элда ҳам ҳимоя қилиш имкониятлари яратилмоқда.

Ҳар бир йигит ва қиз ўз ҳақ-ҳуқуқларини теран билишлари, ҳаётда муносиб ўрниларини топишлари учун аввало кўп китоб ўқишлари зарур. Маърузада талабалар ўқишлари зарур бўлган муҳим адабиётлар ҳақида ҳам батафсил маълумотлар берилди.

Очиқ мулоқот шаклида ташкил этилган давра суҳбатида талабаларнинг бу мавзудаги саволларига жавоблар берилди ва уларнинг таклифлари асосида тавсиялар ишлаб чиқишга келишиб олинди.

 

Дилобар Аслиддин қизи,

ЎзМУ Олий Журналистика курси магистранти

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *