Ёш олимлар тадқиқотларида инновацион ғоялар ва технологияларнинг ўрни
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрь
куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида “интеллектуал ва маданий салоҳиятнинг қандай ноёб бойлик экани, нодир талант эгаларини тарбиялаб камолга етказиш ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини унутишга ҳаққимиз йўқ” деган сўзлари ҳар бир тадқиқотчини ўз устида янада кўпроқ ишлашга, тинмай изланишга илҳомлантиради.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Ёш олимлар тадқиқотларида инновацион ғоялар ва технологияларнинг ўрни” мавзуида бўлиб ўтган республика илмий-амалий конференциясида асосий эътибор ёш тадқиқотчиларнинг янги, илғор ғояларига қаратилди.
ЎзМУ илмий ишлар бўйича проректори Олимжон Холмуҳамедов ва бошқалар 2018 йилга юртимизда – Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб ном берилгани замирида ҳамда бу борада қабул қилинган давлат дастури ва бошқа муҳим ҳужжатларда таълим тизимида инновацион ғоялар ва технологияларни тадқиқ этишга алоҳида эътибор қаратилганини алоҳида таъкидладилар.
– Давлатимиз раҳбарининг “Инновация – бу келажак дегани. Биз буюк келажагимизни барпо этишни бугундан бошлайдиган бўлсак, уни айнан инновацион ғоялар, инновацион ёндашув асосида бошлашимиз керак. Илмий тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, бунинг учун зарур молиявий ресурсларни сафарбар этиш, ушбу жараёнда иқтидорли ёшлар иштирокини, ижодий ғоя ва ишланмаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш вазифаси эътиборимиз марказида бўлади” деган даъваткорона сўзлари ҳар бир ёш тадқиқотчида умид ва ишонч уйғотмоқда,– дейди Математика факультети магистранти Шомурод Шопўлатов.– Мен ўз тадқиқотларимда академик Азимбой Саъдуллаевнинг илмий мактабини давом эттиришга ҳаракат қиляпман. Математика йўналишидаги бу илмий мактабнинг фан тараққиётидаги ўрни қанчалик беқиёс эканлигини дунёга намойиш қилиш мақсадида илмий мақолаларимни ҳамда диссертациямни инглиз тилида ёзяпман.
Дарҳақиқат, ҳар бир тадқиқот бирор фан ёки соҳанинг назарий жиҳатдан янада ривожлантиришга хизмат қилади. Инновацион ғоялар ва технологиялар эса уларни янада такомиллаштиради ва амалиётда у ўз самарасини кўрсатади. Ривожланган мамлакатлар бугунги юксак тараққиёт даражасига айнан инновацион ғоялар ва технологияларни ўз вақтида такомиллаштириш ҳисобидан етгани ҳам ҳақиқат. Инновация – тараққиётга хизмат қилар экан, илмга чанқоқ ёш иқтидор соҳиблари фанда янги кашфиётлар, инновацион ғоялар яратишга интилаверади.
Тўлқин Эшбек,
ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари
Сўнгги фикрлар