Ёш таржимонлар маҳорат мактаби
Ижод турлари орасида энг “нозиги” ва масъулиятлиси – таржимонлик.
Таржимоннинг аввало қалами ўткир, жуда истеъдодли бўлиши, ўзга тилларни мукаммал билмоғи зарур. У бошқа миллат, мутлақо ёт жамият руҳига кира олиши ва ўша адабиёт вакилининг қалб дафтарини уқий олиши, қалбан ҳис этиши талаб этилади.
Шуни фахр билан айтиш жоизки, бизда таржимончилик мактаби аллақачон шаклланган. Ўша маҳорат мактабини яратган таржимонларимиз шарофати билан Лев Толстой, Чехов, Пушкин, Лермантов, Шолохов, Шукшин, Чингиз Айтматов, Александ Дюма, Мопассан, Жек Лондон каби ўнлаб дунёвий адибларнинг дурдона асарларини она тилимизда севиб ўқиганмиз.
Ана шу жаҳон адабиёти дурдоналарини ўз вақтида таржима қилиб берган улуғ устозларнинг кўпчилиги ёшини яшаб, ошини ошаб кетдилар. Ҳаёт бўлганлари ҳам саксоннинг сарҳадларида кексалик гаштини сурмоқдалар.
Хўш, уларнинг ўрнини босадиган авлод борми?
ЎзМУ Хорижий филология факультети “Бадиий таржима” маҳорат мактабига ижодий учрашувга таклиф этишганида шууримдан шундай ўйлар кечган эди. Ёш таржимонлар даврасида юқоридаги залворли саволга мухтасар жавоб топгандек бўлдим. Насиб этса, таржимончилик мактаби янада юксакроқ даражада давом этишига умид қилсак бўлади. Илгари жаҳон адабиёти дурдоналарини фақат рус тилидаги таржимасини ўзбекчага ўгириш орқали мақсадга эришилган бўлса, энди инглиз, француз, немис ва бошқа жаҳон тилларидан бевосита таржима қиладиган авлод улғаймоқда.
Шу машаққатли ишнинг уддасидан чиқиб, “Бадиий таржима” маҳорат мактабига бош-қош бўлаётган факультет декани Ирода Жўраева, Инглиз, Француз, Немис филологиялари кафедралари мудирлари Жамила Жумабоева, Раҳима Ширинова, Шухрат Имяминова ва бошқа фидойи Устозларга тасаннолар айтгим келади. Эътибор берсангиз, ижодкор талабалар учун ташкил этган http://uchildiz.uz сайтимизда, “Ўзбекистон Миллий университети” газетасида асосан Хорижий филология факультети талабаларининг ижод намуналари ёритилмоқда. Таржима асарларидан ташқари ўнлаб талабалар ўзлари шеърлар, бадиалар ёзаётгани жуда қувончли ҳол!
Ёш таржимонлар билан ижодий учрашувимиз қизиқарли бўлди. Улар билан Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни мазмун-моҳияти, унинг жамиятимиз тараққиёти тутган ўрни, она тилимиз жилолари ҳақида суҳбатлашдик. Интернет тизими бутун дунёни ягона ахборот маконига айлантирган бугунги кунда виртуал оламда ўзбек ёшларининг овози нафақат ўз она тилида, шу билан бир қаторда рус, инглиз, испан, немис, француз, хитой, япон, корейс, араб, форс ва бошқа дунёвий тилларда ҳам баралла жаранглаши мақсадга мувофиқдир. Ёшларимиз ана шу тилларни мукаммал эгаллаётганлари эртанги кунга янада кўпроқ умид уйғотади. Эътибор берган бўлсангиз, бугунги кунда интернет тизимида салмоқли ўрин тутаётган миллий сайтларимизда ўзбек тилида ранг-баранг мавзуларда мақолалар, бадиий асарлар ёритилмоқда. Она тилимизда битилган мақолалар дунё ахборот маконида кенг қулоч ёйишида лотин алифбосига асосланган ёзувимиз ҳам муҳим ўрин тутаётир. Бугунги кунда бу ёзувда бемалол қалам тебратаётган муаллифлар сони тобора ортиб бораётгани ҳам ўзига хос ютуғимиз эканлигини изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак.
Она тилимизга – давлат тили мақоми берилганидан буён ўтган давр мобайнида “Давлат тили ҳақида”ги қонунида белгиланган нормаларни амалга ошириш борасида кўп саъй-ҳаракатлар қилинди. Шу билан бир қаторда ҳали олдимизда амалга оширилиши зарур бўлган ишлар ҳам анчагина. Буюк мутафаккир аждодимиз Алишер Навоийнинг “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида сўз дурга қиёсланади. Демак, бу дуру гавҳарнинг асл маъно-моҳиятини билиб сўзлаш жуда муҳим аҳамият касб этади. Демоқчиманки, она тилимиздаги дурдона сўзларни тўғри қўллаш, адабий тилда сўзлашиш, ёзиш учун изоҳли луғатлардан фойдаланиш зарурлигини ёш авлодга ўргатишимиз, керак бўлса, доим эслатиб туришимиз зарур.
Исмларга турли замонларда турлича муносабатда бўлинганини тарихий асарлардан, халқ оғзаки ижодидан биламиз. Собиқ мустабид тузум даврида исмларимизга озми-кўпми нотўғри муносабатда бўлингани ҳам ёдимиздан чиқмайди. Яъни, айрим исмлар «Туғилганлик ҳақида гувоҳнома»га хато ёзилаверган. Бир жиҳатдан ўша даврда «ўзбекона исм бундоқ ёзилади» деб гапириш ҳам мумкин эмасди. Бу борада таниқли олим Эрнист Бегматовнинг 1998 йилда “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти томонидан чоп этилган «Ўзбек исмлари» китоби 604-бетида шундай жумлани ўқиймиз:
«Туғилганлик гувоҳномаларида, паспортлар ва бошқа хил расмий ҳужжатларда анъанавий шаклларда расмийлашган ёки хато ёзилган исми шарифлар анчагина. …Исми шарифлар билан алоқадор муаммоларнинг ҳал бўлиши кўп жиҳатдан Бахт уйлари, қишлоқ кенгашлари йиғинлари ва паспорт бўлимларида номларни расмий ҳужжатларда қайд қилувчи кишиларнинг мутахассислик малакаси ва имловий савиясига боғлиқ. Улар фуқароларнинг исми шарифларини қайд қилиш ва тўғри ёзишда оқилона иш тутишлари, ўз шахсий мулоҳазаларига ёки баъзи нотўғри маълумотларга ёпишиб олмасликлари лозим». Бағоят доно фикр. Афсуски, ҳаётимизнинг худди шу қатламида бир муаммо кўндаланг турибди. Яъни, ҳозир ҳам айрим жойларда янги туғилган чақалоқларнинг илк ҳужжати – «Туғилганлик ҳақида гувоҳнома»сига уларнинг исми шарифини ёзишда аввало ота-онасининг паспортларидан (имловий хатоларини ҳам) айнан кўчирган ҳолда ёзмоқдалар. Юртимиз мустақиллигига қарамай, бундай мудҳиш хатоликни давом эттираётган лоқайд кимсалар ҳақида нима дейиш мумкин?!
Бундай қўпол имловий хатоликлар бошқа ҳужжатларда ҳам давом этаётир. Ахир, ҳар куни юртимизда минглаб ўғил-қизларга «Туғилганлик ҳақида гувоҳнома» берилмоқда. Ўша ҳужжатга қараб «Фуқаролик паспорти», «Ўрта маълумоти тўғрисида шаҳодатнома», «Никоҳ қоғози», қайсидир ўқув юртини тамомлаганлиги ҳақида диплом (аксарият илмга чанқоқ инсонлар икки-уч ўқув юртидан диплом олмоқдалар), «Ҳарбий билет», бирор партия ё уюшмага аъзолик билети, «Ҳайдовчилик гувоҳномаси», «Техпаспорт», «Меҳнат дафтари», «Уй дафтари», даволаш муассасаларидаги махсус дафтарлар ва ҳоказолар янгидан ёзилаётир. Булардан ташқари, ҳар куни сон-саноқсиз «Турар жойдан маълумотнома», иш жойидан маълумотнома, тавсифнома, меҳнатга лаёқати бор ёки йўқлиги ҳақида варақа, тўловномалар, хизматсафар гувоҳномаси, нотариус ва бошқа ҳуқуқий идоралардан муҳим ҳужжатлар олинади. Ҳар бир ишхонада ҳисобчи, кадрлар бўлими, хазиначи ёзиб тўлдирадиган ҳужжатларга ҳам исми шарифингиз ёзилиши зарур. Албатта паспортдагидек ёзилиши шарт. Ана энди бошда, масалан, Холтоев Тоҳирнинг бир марта «адашиб» ёзилган «Халтаев Тахир»нинг шунча ҳужжатларда такрор-батакрор таҳқирланишини кўз олдингизга келтиринг!..
Бундай нозик муаммони ижобий ҳал этиш учун ҳуқуқий асосимиз етарли. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни 15-моддасида «Ўзбекистон Республикасида яшовчи шахслар, ўз миллатидан қатъи назар, ўз исмини, ота исми ва фами-лиясини миллий-тарихий анъаналарга мувофиқ ёзиш ҳуқуқига эгадирлар» деб ёзилган! Маълумки, 1995 йил 21 декабрда мазкур Қонун қайтадан янги таҳрирда қабул қилинган. Унгача амал қилган Қонунимизга мувофиқ ҳам кўпгина ватандошларимиз, миллатдошларимиз янги давр ҳужжатларини олиш шарафига мушарраф бўлганлар. “Давлат тили ҳақида”ги Қонунда аввало исми шарифларнинг ҳужжатларда ёзилиш масаласи оқилона ҳал этилгани сир эмас. Унда шундай жумлалар қайд этилган эди: «Исмлар, ота исми ва фамилияларининг ягона тўғри шакли махсус маълумотномаларда қайд этилади. Ўзбекча исмлар, ота исми ва фамилиялар бошқа тилларда берилганда, айни чоқда, дунёга машҳур кишиларнинг ота исми ва фамилияси ўзбек тилида берилганда уларнинг асл ёзилиш хусусияти сақланиб қолади. Исмлар, ота исми ва фамилияларни ёзишда ўзбек тилининг ифода ва талаффуз қонуниятларига риоя этилади».
Одилона Қонунларимизга монанд исми шарифларимизнинг тўғри ёзилиши учун «махсус маълумотнома» ҳам дунё юзини кўрди. Бу – «Ўзбек исмлари» қомусий китоби эканлиги кўпчиликка яхши маълум. Унда исмларнинг лотин алифбосида ёзилиш тартиби ҳам кўрсатилгани айни муддао бўлган.
Шу ўринда «Адолат» нашриёти томонидан 1999 йилда 5000 нусхада чоп этилган Ғафур Абдумажидовнинг «Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили ҳақида»ги Қонунига шарҳлар» деб номланган рисоласини ҳам эслаб ўтиш жоиз. Рисоланинг 26-бетида шундай ёзилган: «ўзбек исмлари, ота исмлари ва фамилияларида анъанавий, умум томонидан қабул қилинган ўзбек имлоси нормаларини сақлаб қолиш мақсадга мувофиқдир. Масалан: Жўраев, Эргашев, аммо «Джураев», «Иргашев» эмас». Ана сизга қонуний изоҳ! Унинг замирида мустақиллик берган неъматлар ҳам бўй кўрсатиб турибди.
«Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик кодекси»да ҳам ҳар бир фуқаронинг қонуний ҳақ-ҳуқуқлари етарли даражада кафолатланган.
Яна бир нозик масала: исмларни тўлиқ ёзиш лозим! Жабборни – Ж., Комилни – К. шаклида ёзиш ҳеч бир қуюшқонга сиғмайди.
Ижодкор ҳар бир сўзининг мантиқан, моҳиятан қанчалик тўғри эканлигини ишончли манбалардан ўз кўзи билан ўқиб-ўрганиб, кейин ёзиши мақсадга мувофиқ эканини ёш таржимонлар ҳам яхши тушунишидан енгил тортдим.
Ижодий учрашувда ёш таржимонлар ижод намунларидан ўқиб бердилар. Улар вақти келиб маънавий мулкимиз, адабий хазинамизга баракали ҳисса бўлиб қўшилишига ишонамиз.
Тўлқин ЭШБЕК,
ЎзМУ Журналистика факультети доценти,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Tarjimonlik bu eng ma’suliyatli kasblardan bir. Yosh tarjimonlar bilan bo’lgan uchrashuv qizg’in o’tgani, bildirilgan fikrlaringizda sezilib turibdi.
Бизга маълумки, таржима бу бир тилдаги матнни бошқа бир тилга ўгиришдир. Лекин чуқурроқ таҳлил қилинганда, таржима фақатгина матнни бир тилдан иккинчи тилга олиб ўтиш эмас, балки мавжуд тушунча ва фикрларни муайян тил воситалари – сўзлар ва гаплар орқали ифодалаш ҳамдир!
Домла таржимончилик мактаби янада юксалишига тилакдошмиз!
Филология факултети талабаларига ҳам омад тилаймиз!
Bilamizki tarijima bu eng qiyin va masulyatli ish.chunki tarjima degani bu bir tildan ikkinchi tilga õgirish emas,asarni tarjima qilayotgan inson asarni chuqur anglashi darkor. Chunki tarjima qilayotgan inson yozuvchi asardan nimani maqsad qilgani va uning õy hayolini his qilishi kerak .