Ўзбекдан неларни ўрганса бўлар?
edu24.uz телеграм каналида Япондан ўрганса арзийдиган хўб ажиб хислатлар
ҳақида ўқиб, «Ўзбекдан неларни ўрганса бўлар?» деган сатрлар қуйилиб келди, дейди Дониш домла. Биз ҳам камситиладиган миллат эмасмиз! Порахўрлик, коррупция деган иллатларни билмаймиз! Талабаларимиз олий таълим муассасасида таҳсил олаётганидан фахрланиб, дарсларга тўлиқ келишади, машғулотларга кечикиб келадиган илм толибини учратмайсиз! Таниш-билиш ва бошқа хатарли йўллар билан ўқишга кириш, деган гап йўқ. Ҳамма иқтидорли ёшлар шаффоф қабулда шараф билан ўқишга кираётганини кўриб, дилинг яйрайди. Устоз — отангдан улуғ, деган мақолга амал қилган талабалардан тортиб мактаб ўқувчиларигача домлалар ва муаллимларнинг ҳурматларини шу қадар жойига қўядиларки, уларни кўриб, ота-онангга балли, деб юборасан. Бугунги ўзбеклар орасида ғийбат, ғурбат, туҳмат, бўлмағур миш-мишлар, майда ва чиркин гапларга мутлақо ўрин қолмаган. Тўйларида исрофгарчиликка асло йўл қўйишмайди. Тўйда ичкиликбозлик, пул сочишлар ва бошқа салбий ҳолатларга кўзингиз тушмайди. Эрта тонгдан кечгача ҳамма шижоат билан, виждонан ишлайди! Ариққа тупурган ё ахлат ташлайдиган виждонсиз одам йўқ. Шаҳарнинг у бошидан кириб келган ариқнинг сувидан бу бошига чиққанида ҳам ҳовучлаб ичса бўладиган даражада тоза ва зилол! Шаҳару қишлоқларда беҳуда ётган пир парча ерга кўзингиз тушмайди: ҳаммаёқ боғ, дарахтзор, гулзору чаманзор! Биллурдек, чиннидек топ-тоза кўчалар, хиёбонлар, йўллар ва йўлакларга боқиб баҳри дилингиз очилади. Кўча-кўйда, жамоат жойларида ҳавони булғаб папирос чекадиган тарбиясизларни учратмайсиз. Ҳамманинг қўлида китоб, газета-журнал ва шунга яраша юксак маънавиятли ўзбекларни кўриб жумлаи жаҳоннинг ҳаваси келса ажабмас. Бу гапларим муболаға эмас, мабодо, салгина ошириб юборган бўлсак ҳам ажабланманг, бугун бўлмаса эртага шундоқ авлодни камолга етказишга бел боғлаганмиз, дейди ғурур билан Дониш домла. Ўшанда «ўрган Япондан» деб шеър ёзган дўстимиз «Ўргансанг фақат Ўзбекдан ўрган!» дея достон ёзиб юборишига ишонамиз!
Ҳозирча эса қуйидаги шеърни ўқиб, бир хуморидан чиқишга таклиф этамиз.
Сабрни ўрганса бўлади дунё,
Минглаб талофатлар кўрган Япондан,
Иймондан ҳабари йўқку-я ,аммо,
Инсоф нелигини ўрган Япондан.
Алмисоқдан қолган, яхшиям қолган,
Билмам, бу ҳислатни қаердан олган,
Нима бўлганда ҳам, ишлатмас ёлғон,
Тўғри сўзлик нима ўрган Япондан.
Касбларнинг улуғи, энг чиройлиги,
Японда ўқитувчи миллат бойлиги,
Обрўйидек баланд ҳатто ойлиги,
Устозга ҳурматни ўрган Япондан.
Бадавлат, ўртахол ёки фақирми?
Зиёли, ё оми, мутаффакирми?
Деҳқон, ишчи, ишсиз, ҳатто вазирми,
Тенглик нималигин ўрган Япондан.
Қаранг бошланғичда мактаб боласин,
Ўзи тозалайди синф хонасин,
Интизомин кўринг, жажжи боласин,
Фарзанд тарбиясин ўрган Япондан.
Метрода ёш, қари, ё гўдак бола,
Китоб ўқиб кетар кўзлари ёна,
Ҳар доим тиқилинч ҳар кутубхона,
Китобни севишни ўрган Япондан.
Аҳир асраш керак деб табиатни,
Тизимларга солиб тўкар аҳлатни,
Дейсан:
Аҳлат тўкишми бу ёки санъатми?
“Мусор тўкиш“ фанин ўрган Япондан.
“Тоза Токиолик“ деган гапи йўқ,
Қишлоқи, шаҳарлик деган гапи йўқ,
“Қуруқ“ ё “аватар“ дек лақаби йўқ,
Маҳаллийчилик йўқ, ўрган Япондан.
Ҳеч қачон бировни ғийбат қилмайди,
Тўпланиб нокерак суҳбат қилмайди,
Ичи қоралик йўқ, тухмат қилмайди,
Гўзал ҳислатларни ўрган Япондан.
Ҳозир борябман деб бир ярим соат,
Куттирмас , кутмайди, йўқ бунга тоқат,
Бир “минут“ кечикиш катта “фалокат“ ,
Дақиқа қадрини ўрган Япондан .
Ҳатто кампир, чоллар “ велик“да юрар,
Тўқсондан ўтса ҳам “диркиллаб“ турар,
Дунёда ҳаммадан кўп умр кўрар,
Соғлом турмуш тарзин ўрган Япондан.
Боқиманда бўлиб ўсмас ёшлари,
Қийналиб оёққа туради бари,
Балким, шунга кўпдир “Нобелчилари“,
Чиниқиш нелигин ўрган Япондан.
Қойилмақом жуда “сервис“у хизмат,
Харидор хурмати тоғлардан баланд,
Томиб гапиради оғзидан бол-қанд,
Бизнес нелигини ўрган Япондан.
Бою камбағали бари кибрсиз,
Бирор бир гапини айтмас “узр“сиз,
Мулойимлигидан топиб ҳузур, сиз.
Муомала маданиятин ўрган Япондан.
Исрофгарчиикдан ўйнамас пойга ,
Умуман ҳашамат қилмайди уйга,
Миллионлар сарфламас бир кунлик тўйга,
Бозор-Иқтисодни ўрган Япондан.
Меҳнат, меҳнат дея юрган Япондан,
Доим навбатларда турган Япондан,
Давлатини нольдан қурган япондан,
Ватанпарварликни ўрган Япондан.
Ватанпарварликни ўрган Япондан.
Ҳабари бўлганда агар Исломдан,
Буюк халқ бўлмасди аниқ Япондан….
Bahodir Iskandarov
edu24.uz телеграм каналидан олинди.
Сўнгги фикрлар