Ўзбекистонда жамоатчилик билан алоқалар – халқ билан мулоқот ижтимоий институт сифатида

ЎзМУ Журналистика факультети талабаларига «Ахборот хизматлари» фанидан

доцент Тўлқин Эшбекнинг маърузалари

а5

2-мавзу: Ўзбекистонда жамоатчилик билан алоқалар – халқ билан мулоқот ижтимоий институт сифатида

Режа:

  1. Мустақил Ўзбекистон тараққиётида жамоатчилик билан алоқаларнинг ўрни.
  2. Ўзбекистон Республикаси Президенти маърузалари ва асарларида жамоатчилик билан алоқалар, оммавий ахборот воситалари ҳамда ахборот хизмати фаолиятига оид фикрлар талқини.
  3. Жамоатчилик билан алоқалар – жамият тараққиётининг муҳим омили.
  4. Жамоатчилик билан алоқаларнинг янги босқичи

 

Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришган кундан буён ўзимизга хос ва жаҳон андозаларига монанд тараққиёт йўли танлаб олинди. Давлат ва жамият бошқарувида жамоатчилик билан алоқалар муҳим ижтимоий институтга айланди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2002 йил 29 август куни иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ўн тўртинчи сессиясидаги “Ўзбекистонда демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамияти асосларини шакллантиришнинг асосий йўналишлари” мавзуидаги маърузасида мамлакатимизни, жамиятимизни демократлаштириш ҳамда янгилаш йўлидаги ҳаракатларимизни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш мақсадида қуйидаги устувор вазифалар белгиланган:

Биринчи устувор йўналиш – мустақилликни бундан буён ҳам асраб-авайлаш, ҳимоя қилиш ва мустаҳкамлаш;

Иккинчи устувор йўналиш – мамлакатимизда хавфсизлик ва барқарорликни, давлатимизнинг ҳудудий яхлитлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини, фуқароларимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш;

Учинчи устувор йўналиш – бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш, кучли бозор инфратузилмасини яратиш;

Тўртинчи устувор йўналиш – инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини, сўз ва матбуот эркинлигини, шунингдек, ошкораликни, жамиятда ўтказилаётган ислоҳотларнинг очиқлигини таъминлаш;

Бешинчи устувор йўналиш – фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг муҳим шарти бўлиб, бу жамият ҳаётида нодавлат ва жамоат ташкилотларининг ўрни ва аҳамиятини кескин кучайтиришдан иборат. Бошқача қилиб айтганда, бу – “Кучли давлатдан кучли жамият сари” деган тамойилни амалда ҳаётга жорий этиш демакдир.

Маърузада таъкидлаганидек, жамиятимизни янада ривожлантириш ва сифат жиҳатидан янгилаш борасидаги тўртинчи устувор йўналиш – бу инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини, сўз ва матбуот эркинлигини, шунингдек, ошкораликни, жамиятда ўтказилаётган ислоҳотларнинг очиқлигини таъминлайдиган демократик тамойилларни сўзда ёки қоғозда эмас, амалий ҳаётда жорий қилишдир. Ахборот соҳасини жадал ривожлантириш, оммавий ахборот воситалари – матбуот, радио-телевидение фаолиятини эркинлаштириш фуқаролик жамияти асосларини барпо этиш жараёнининг узвий таркибий қисмига айланиши зарур.

Ҳаёт кўзгуси ҳисобланмиш матбуот “тўртинчи ҳокимият” даражасига кўтарилмоғи лозимлиги кўп бора таъкидланган. Бу борада ҳали олдимизда турган, қилиниши лозим бўлган ишлар жуда кўп. Шуни очиқ айтишимиз керакки, мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари узоқ вақтлар давомида мафкуравий ва маъмурий назорат остида ишлагани туфайли уларнинг ҳали-бери бу ҳолатдан чиқиши, аввало психологик жиҳатдан ўзини эркин ҳис этиши қийин кечмоқда. Шу сабабли улар ўзи учун янги бўлган ҳозирги вазиятда баъзан ҳали ҳам нима қилиш ёки нима қилмаслик ҳақида юқоридан кўрсатма кутиб ўтиргандек кўриниши тўғри танқид қилинмоқда.

Ошкоралик минбарига айланиши зарур бўлган ОАВ кўрсатма асосида яшай олмайди ва яшаши ҳам мумкин эмаслигини изоҳлашга ҳожат йўқ. ОАВ ошкоралик минбарига айланмоғи учун Ахборот хизматлари унга қанот бўлиши, ишончли ахборот манбаларини тақдим этиб бормоғи зарур. Эркин ОАВ реал вазият шароитида фаолият кўрсатиши, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётнинг долзарб муаммоларини дадил кўтариб чиқиши, одамларни безовта қилаётган барча масалаларни жамоатчилик муҳокамасига ҳавола этиши, ҳокимият ва бошқарув тузилмаларининг қабул қилаётган қарорлари ва фаолиятига танқидий, шу билан бирга, холис баҳо бериб бориши керак.

Жамиятда ошкоралик ва очиқликни таъминлаш масаласи жамоатчилик фикрини ўрганиш усул-услубларининг қай даражада ривожлангани билан ҳам бевосита боғлиқ. Жамиятимизни янада демократлаштириш ва фуқаролик институтларини шакллантириш аввало аҳоли сиёсий фаоллигининг ўсиши, унинг сиёсий, ижтимоий ва давлат ҳаётида нечоғли фаол иштирок этиши билан узвий боғлиқдир. Биринчи Президентимиз қайд этганидек, мавжуд сиёсий партия ва ҳаракатлар – буни тан олиб айтишимиз керак – ҳозирги заиф ва мўрт ҳолатдан чиқиб, ўз фаолиятини жонлантириши, тараққий топган демократик давлатлар тажрибаси асосида юртимизда ҳақиқий кўппартиявийлик, демократик парламентаризм тизими, ижобий сиёсий рақобат муҳитини қарор топтиришга ва жамиятимиз сиёсий майдонида тан олинган оппозиция пайдо бўлишига ҳисса қўшиши лозим1.

Биринчи Президентимизнинг 2010 йил 27 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш – устувор мақсадимиздир” сарлавҳали маърузасида биринчи бор 2004 йилда сайланган икки палатали парламентимизнинг фаолияти ҳаётимизнинг муҳим бир даврига – мамлакатимизда чуқур ўзгаришлар, сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг барча томонларини изчил ислоҳ этиш ва либераллаштириш, жамиятимизни демократик янгилаш ва модернизация қилиш жараёнлари жадал суръатлар билан ривожланаётган бир даврга тўғри келгани қайд этилар экан, сиёсий партияларнинг мамлакатимиз олий қонунчилик органи, жойлардаги ҳокимият вакиллик органлари фаолиятидаги роли ва таъсири сезиларли даражада ошгани ҳам эътироф этилади. “Қонунчилик палатасида биринчи марта парламентдаги кўпчилик – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, “Миллий тикланиш” демократик партияси ва шунингдек, “Адолат” социал-демократик партияси фракцияларини бирлаштирган Демократик блок шаклланди. Айни вақтда Ўзбекистон халқ демократик партияси фракцияси тимсолида парламентдаги мухолифат ташкил топди,– деб таъкидлаган эди Биринчи Президентимиз.– Демократик ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисми бўлган фуқаролик жамияти институтларини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, мустақил оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш бўйича ҳам кўп ишлар амалга оширилди”2. Кейинги йилларда оммавий ахборот воситаларини янада демократлаштириш ва либераллаштириш, олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашда уларнинг фаоллигини ошириш, медиа маконга илғор ахборот-коммуникация технологияларини бевосита жорий этишга қаратилган қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. 2008 йилнинг июль ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳар икки палатаси кенгашларининг “Нодавлат нотижорат ташкилотларини, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қўшма қарори қабул қилинди. Бу ҳужжат нодавлат нотижорат ташкилотларнинг, фуқаролик жамияти институтларининг мустақил ривожланишини босқичма-босқич таъминлаш, мамлакатимизни демократик янгилаш жараёнида уларнинг роли ва аҳамиятини кучайтириш йўлида яна бир муҳим қадам бўлди. Маърузада қайд этилганидек, мазкур қўшма қарорга биноан нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятини молиялаштириш манбаларини шакллантиришнинг мустақил, демократик принципларга асосланган тизими яратилди.

Биринчи Президентимиз “Сенат, унинг аъзолари қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга эмаслигини”3 таъкидлаб, унинг вазифалари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтади. Сенат – бу вакиллик органи ва унинг кўпчилик қисми халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг депутатлари сифатида мамлакатимиз олий қонун чиқарувчи органида ана шу маҳаллий Кенгашларнинг ваколатли вакиллари ҳисобланади ва уларга ҳисоб беради. Ва шу сабабли ҳам сенаторларнинг ўз фаолиятида, қонунларни муҳокама этиш ва қарорлар қабул қилишда, биринчи навбатда, умумдавлат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, бу қонунларни ўзлари вакили бўлган ҳудуд ва минтақалар манфаатлари нуқтаи назаридан кўриб чиқишлари тўлиқ қонуний асосга эгадир4. Бундан кўриниб турибдики, парламентнинг юқори палатаси фаолияти асосан жамоатчилик билан алоқаларга асосланади.

Илгари, яъни, парламент фаолиятида жамоатчилик билан алоқалар талаб даражасида йўлга қўйилмаган даврда қандай ҳол юз берганини Биринчи Президентимизнинг қуйидаги сўзларидан англаш мумкин: “Олий Мажлиснинг ўтган даврдаги фаолиятини талабчанлик руҳида, танқидий баҳолар эканмиз, парламент ишида йўл қўйилган камчилик ва нуқсонларни бартараф этмасдан, сусткашлик ва ўзибўларчилик ҳолатларига барҳам бермасдан туриб, депутат ва сенаторлар ўз олдида турган вазифаларни самарали ҳал этишга, сайлов пайтида сайловчиларига берган юксак ваъдаларининг устидан чиқишга эриша олмаслигини яққол англаб, тушуниб олишимиз керак”5.

Жамоатчилик билан алоқалар замирида асосан баҳс-мунозаралар ётади. Маърузада қайд этилганидек, “Партиялар ўртасидаги баҳс-мунозаралар жиддий, профессионал ва амалий негизда олиб борилиши даркор. Айнан шунинг учун ҳам сиёсий партиялар ўз электоратини ўйлантираётган социал-иқтисодий муаммоларни янада чуқурроқ ўрганишга ва уларни ҳал этиш бўйича зарур чораларни кўришга бутун диққат-эътиборини қаратиши керак”6. Бу фикрлар замирида одамларнинг фикрларига, уларни ўйлантираётган муаммоларга жиддий эътибор қатариш ғояси мужассамдир. Ҳар қандай муаммо ва масаланинг ечимини топишда жамоатчилик билан алоқалар ғоят муҳим ўрин тутишини қуйидаги фикрлардан билса бўлади: “Бунда жойларда ислоҳотларнинг ижтимоий самарасини оширишга халақит бераётган жиддий камчилик ва нуқсонларни аниқлаш, уларни очиқ, ошкора ва амалий руҳда муҳокама қилиш, ўз хизмат жойида зиммасига юкланган мажбуриятларни уддалай олмаётган давлат органлари, хўжалик бошқаруви, назорат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимларининг раҳбарларини асосли танқид қилиш муҳим аҳамият касб этади”7. Масаланинг моҳияти қуйидаги фикрлар замирида акс этган: “Албатта, электорат билан иш олиб боришнинг замонавий усулларидан, умумэътироф этилган сиёсий технологиялардан кенг фойдаланиш, партиявий нашрларни партиялараро қизғин баҳс-мунозаралар минбарига айлантириш зарурлигини ҳаммамиз яхши тушунамиз”8.

Жамоатчилик билан алоқаларни ривожлантиришда оммавий ахборот воситалари ғоят муҳим ўрин тутади. Бироқ, ОАВ бу муҳим вазифани етарли даражада бажармаётгани тўғри танқид қилинган. “Ижро этувчи ҳокимият устидан парламент назоратини кучайтириш вазифасини муваффақиятли ҳал этиш кўп жиҳатдан оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчиликнинг бу жараёндаги фаол иштирокига боғлиқдир… Бу борада партияларнинг матбуот нашрлари олдида катта ва масъулиятли вазифалар турибди. Лекин, афсуски, бундай нашрлар ҳали-бери заиф бўлиб, содда қилиб айтганда, “тиш-тирноқсиз” бўлиб қолаётганини қайд этиш лозим”9.

Жамоатчилик билан алоқалар ҳақида сўз борганда унинг замирида – фуқароларнинг мамлакат бошқарувидаги ролини ошириб бориш ғояси ҳам ўз ифодасини топади. “Мазмун-моҳиятига кўра, социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни, биз танлаган давлат ва жамият қурилиши моделини татбиқ этиш жараёнида фуқароларнинг мамлакат бошқарувидаги ролини ошириб боришни асосий ўринга қўядиган “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” дастурини амалга ошириш бўйича ишларни янада фаоллаштириш масаласини бугун ҳаётнинг ўзи кун тартибига тобора қатъий қилиб қўймоқда,– деб таъкидлаган эди Биринчи Президентимиз.– Бу амалда фуқаролик жамияти институтларининг бутун тизимини ривожлантиришни, унинг мамлакатни, маъмурий-ҳудудий тузилмаларни бошқариш жараёнига уйғун равишда интеграциялашувини англатади”10. Зеро, ҳаётнинг ўзи олдимизга фуқаролик жамияти институтлари тизимида оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва ролини янада мустаҳкамлаш вазифасини қатъий қилиб қўймоқда. Оммавий ахборот воситаларини янада эркинлаштириш, нодавлат матбуот нашрлари, радио, телевидение фаолиятини жонлантириш, уларнинг Интернет глобал тармоғига кириш имкониятларини кенгайтириш олиб борилаётган ислоҳотлар сиёсатининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашга, кучли фуқаролик жамиятининг изчил шаклланишига мадад бериши даркор. Миллий матбуотимизнинг сифатини, маҳорат ва таъсирчанлигини ошириш, уни ривожланган давлатларнинг оммавий ахборот воситалари эришган юксак талаб ва мезонлар даражасига кўтариш учун имкон берадиган шарт-шароитларни яратиш мақсадида оммавий ахборот воситалари соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштиришни таъминлаш зарур. Оммавий ахборот воситаларига мамлакатимизда амалга оширилаётган ички ва ташқи сиёсатни, юртимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеаларни фикрлар хилма-хиллигини ҳисобга олган ҳолда янада фаолроқ ёритиш учун қўшимча шарт-шароитлар туғдириб бериш лозим11.

Мамлакатимизда жамоатчилик билан алоқаларни ривожлантириш билан боғлиқ масалалар моҳиятини эътибор билан ўрганар эканмиз, бу борадаги қатор вазифалар босқичма-босқич амалга оширилаётгани кўриниб турибди. Биринчи Президентимизнинг 2010 йил 12 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” сарлавҳали маърузасида учинчи устувор вазифа: “Ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш” деб номланади. Унда, бугун биз демократик жараёнларни чуқурлаштириш, аҳолининг сиёсий фаоллигини ошириш, фуқароларнинг мамлакатимиз сиёсий ва ижтимоий ҳаётидаги амалий иштироки ҳақида сўз юритар эканмиз, албатта, ахборот эркинлигини таъминламасдан, оммавий ахборот воситаларини одамлар ўз фикр ва ғояларини, содир бўлаётган воқеаларга ўз муносабати ва позициясини эркин ифода этадиган минбарга айлантирмасдан туриб, бу мақсадларга эришиб бўлмаслигини ўзимизга яхши тасаввур этамиз12, деган фикрлардан жамиятда жамоатчилик билан алоқалар масаласи навбатдаги босқичига кўтарилганини теран англашимиз мумкин.

Дунёдаги етакчи мамлакатлар тажрибасига таянган ҳолда, кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш миллий тизимининг такомиллаштирилиши ахборот соҳасидаги фаолиятнинг сифати ва савиясини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тизимида кўп жиҳатдан ҳал қилувчи аҳамиятга. “Оммавий ахборот воситаларининг давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолияти устидан жамоатчилик ва парламент назоратини таъминлаш, ҳокимият ва жамоатчилик ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатиш борасидаги ролини кучайтиришга қаратилган самарали ҳуқуқий механизмларни яратиш мақсадида «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида», «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилади,– деб таъкидланган эди мазкур маърузада. – Бунда, хусусан, давлат ва жамоат бирлашмалари ахборот хизматлари, медиа-тузилмалар ишини фаоллаштириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирларни кўзда тутиш лозим”13.

 

Жамоатчилик билан алоқаларнинг янги босқичи

 

Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев мамлакатимиз ҳаётида жамоатчилик билан алоқалар жараёнини янада юксакроқ пағонага кўтаргани наинки мамлакатимиз, шу билан бир қаторда жаҳон аҳли томонидан ҳам эътироф этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 24 йил тўлиши муносабати билан “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида 7 декабрь куни бўлиб ўтган тантанали йиғилишда давлатимиз раҳбарининг таклифи билан 2017 йил мамлакатимизда – «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилинди.

“Асосий қонунимизда умумэътироф этилган демократик принциплар билан бирга, халқимизнинг бебаҳо қадриятлари ва бой давлатчилик тажрибасини ифодалаш муҳим эди”14 деб таъкидлади Юртбошимиз мазкур анжуманда.

Мамлакатимизда иқтисодий мустақиллик “ўзбек модели” деб ном олган улкан ислоҳотлар дастурига асосланганди. У мамлакатимизда бозор иқтисодиётини қарор топтириш учун услубий асос ва жамият ривожига мутлақо янгича назарнинг аниқ-равшан ифодаси бўлди. Ўзбекистоннинг чорак асрлик мустақил тараққиёти давомида амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлар барча соҳадаги муваффақиятларимиз тамал тоши эди. Катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган авлод вакиллари ўтган кунларимизга холисона баҳо бериб, “Ким эдигу ким бўлдик?” деган саволга асосли жавоб бера оладилар. Улар ҳозирги дориламон кунларга қанчалик машаққатлар, қандай саъй-ҳаракатлар эвазига етиб келганимизни теран изоҳлаб берадилар. Ўтган давр айни бир авлод кўз ўнгида асрларга татигулик воқеалар юз берди. Улар ўша воқеликларнинг иштирокчисига айланиб, турли вазифалар, дастурлар муваффақиятли амалга оширилишида фаоллик ҳам кўрсатдилар.

“Ўзбек модели” асосида паст ва ўрта даромадли аҳоли қатламларининг турмуш даражасини кўтариш бўйича пухта ўйланган сиёсатни амалга ошириш асносида жамиятда кескин табақаланишга йўл қўймаслик чоралари кўрилди. Унга ҳамоҳанг равишда истиқболли вазифалар белгилаб олинди. Халқнинг қўллаб-қувватлаши туфайли келгуси тараққиёт ва иқтисодиётнинг барқарор ривожланишига мустаҳкам пойдевор яратди. Бунинг самарасини халқимиз жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози даврида республикамиз ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар дастури асосида уни бартараф этганини ҳам кўрди. Бозор иқтисодиётига ўтиш осон кечмайди. Мустақиллик илгари мавжуд бўлмаган имкониятлар майдонини яратди. Меҳнатга муносабатлар тубдан ўзгарди. Одамларда эртанги кунига умид ва ишонч уйғонди. Бозор муносабатлари шароитида меҳнаткаш халқ ўзининг тадбиркорлик қобилияти ва салоҳиятини ишга солди. Бу эзгу йўлда қўшимча даромадлар манбаига эга бўлди. Ана шундай улуғвор воқеликлар, истиқлол берган неъматларга бўлган муносабатлар одамларнинг онгу тафаккурини тамомила ўзгартириб юборди. Замондошларимизда фаоллик, ташаббускорлик, ўз кучига ишониш ҳисси кучайди.

Мамлакатимизда бошланган оқилона ва узоқни кўзлаган сиёсат бугунги кунда изчил давом эттирилаётганини аввало халқимиз эътироф этмоқда. Шу билан бир қаторда давримиз ишбилармонлари, тадбиркорлари, зиёлилари ва турли соҳа фидойилари галдаги ислоҳотларни ҳам сўзсиз амалга оширишда камарбаста бўлмоқдалар.

“Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак ва бу ҳақиқатни аввало барча бўғиндаги раҳбарлар яхши тушуниб олиши зарур,– деб таъкидлади Президентимиз.– Шу муносабат билан тадбиркорлик фаолияти ва хусусий мулкни ҳимоя қилиш юзасидан яқинда қабул қилинган Фармон талабларига сўзсиз амал қилишни таъминлаш шарт. Нега деганда, халқ бой бўлса, давлат ҳам албатта бой ва қудратли бўлади.

Шу нуқтаи назардан қараганда, халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари тушунчалари ўзаро шунчалик боғланиб кетганки, уларни бир-биридан асло ажратиб бўлмайди. Ана шу заруратдан келиб чиққан ҳолда, барча қонун ҳужжатларида халқ билан мулоқот тизими ҳақидаги нормаларни аниқ белгилаб қўйиш лозим, деб ҳисоблайман”15.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февраль куни қабул қилинган “Ўзбекистон республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармонини халқимиз кўтаринки руҳ билан кутиб олди.

Фармонда қайд этилганидек, аҳоли ва тадбиркорларни ўйлантираётган долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, амалдаги қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш, шунингдек кенг жамоатчилик муҳокамаси натижасида ишлаб чиқилган ҳамда қуйидагиларни назарда тутадиган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тасдиқланган:

давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга йўналтирилган демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда парламентнинг ҳамда сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш, давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш, давлат хизматининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш, «Электрон ҳукумат» тизимини такомиллаштириш, давлат хизматлари сифати ва самарасини ошириш, жамоатчилик назорати механизмларини амалда татбиқ этиш, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш;

қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга йўналтирилган суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, маъмурий, жиноят, фуқаролик ва хўжалик қонунчилигини, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизими самарасини ошириш, суд жараёнида тортишув тамойилини тўлақонли жорий этиш, юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар сифатини тубдан яхшилаш;

иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштиришга йўналтирилган макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш бўйича институционал ва таркибий ислоҳотларни давом эттириш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантириш, ҳудудлар, туман ва шаҳарларни комплекс ва мутаносиб ҳолда ижтимоий-иқтисодий тараққий эттириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш орқали мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқлари ва ҳудудларига хорижий сармояларни фаол жалб этиш;

ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилган аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириб бориш, ижтимоий ҳимояси ва соғлиғини сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, арзон уй-жойлар барпо этиш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш бўйича мақсадли дастурларни амалга ошириш, таълим, маданият, илм-фан, адабиёт, санъат ва спорт соҳаларини ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш;

хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритишга йўналтирилган давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш, мамлакатимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш.

Ҳужжатда халқ билан мулоқотни самарали ўрнатиш, давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш, давлат хизматлари сифатини ошириш ислоҳотларнинг асосий омили сифатида белгиланган.

Ҳаракатлар стратегиясининг асоси инсон манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ вазифалардан иборат. Бу вазифлар давлатимиз раҳбарининг Сайловолди дастурида, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги, Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисларидаги маърузаларида, айниқса, 2017 йил 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида яққол белгилаб берилган.

Мухтасар қилиб айтганда, мазкур Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимизни кейинги беш йилда ислоҳ қилишнинг ўзига хос “йўл харитаси”га айланади. Халқимиз ушбу ҳужжатнинг кенг муҳокамасида фаол иштирок этиш орқали келажак орзу-умидларини, ривожланишнинг аниқ мақсад ва вазифаларини илгари сурмоқда. Зеро, Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш беш босқичда таклиф қилиниб, бу бўйича ҳар йили алоҳида давлат дастурлари қабул қилиниши кўзда тутилган. Ҳаракатлар стратегияси лойиҳасида давлат органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш, давлат аҳамиятига молик муҳим қарорларнинг қабул қилинишида жамоатчиликнинг кенг иштирок этиши, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати механизмларини мустаҳкамлаш, аҳолига кўрсатиладиган давлат хизматлари сифатини ошириш, “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар муҳим ўрин эгаллаган. Бу дастуриламал ҳужжатнинг рўёбга чиқарилиши учун давлат ва жамият саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш, бинобарин, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни баҳамжиҳатликда амалга ошириш тақозо этилади.

Мамлакатимизда ижтимоий институт сифатида шаклланган халқ билан мулоқот шак-шубҳасиз жамият тараққиётига хизмат қилади. Давлатимиз раҳбарининг академиклар, шифокорлар ва бошқа турли соҳа вакиллари билан учрашувлари, жойларда одамлар билан юзма-юз суҳбатлари, муаммоларни ўрганиш ҳамда уларнинг ечимларини топиш борасидаги саъй-ҳаракатлари халқ билан мулоқотни йўлга қўйишнинг ўзига хос намунаси сифатида эътироф этилмоқда. Шунга монанд бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати, вазирликлардан тортиб мамлакатимиздаги барча идора, ташкилот ҳамда муассасаларда ўтказилаётган матбуот анжуманлари, давра суҳбатлари, юзма-юз мулоқотлар, виртуал қабулхоналар фаолияти изчил давом этмоқда.

Айни вақтда республикамизнинг кўплаб етакчи идора ва ташкилотлари виртуал қабулхоналарини ташкил этди. Шу билан бир қаторда медиа-форум, матбуот анжуманлари, юзма-юз мулоқот ва бошқа тадбирлар ўтказилмоқда. Буларнинг барчаси халқ билан мулоқотни самарали амалга ошириш йўлидаги муҳим қадамлардир.

Халқ билан мулоқот қилишдек ғоят масъулиятли ва залворли ишларни кенг ёритиб боришда оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс. Ўзига хос мулоқот майдонига айланган “Ўзбекистон” телеканалининг “Муносабат” кўрсатувини кенг жамоатчилик катта қизиқиш билан кузатмоқда. Кўрсатувда академиклар, мутахассислар, турли соҳа вакиллари жамиятдаги муаммолар ҳақида очиқ-ойдин сўз юритишиб, уларнинг ечими ва ижобий ҳал этиш борасидаги таклифларини ўртага ташламоқда. Кўрсатувда айтилганидек, ҳар қандай муаммони ҳал этиш учун аввало уни тан олиш керак!

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан “Тошкент” телеканалида ҳозиржавоблик билан ёритилаётган “Халқ фикри” кўрсатуви ҳақида ҳам шундай ижобий фикрлар айтиш мумкин. “Ёшлар”, “Маданият ва маърифат”, “Маҳалла” каби телерадиоканаллар ўз дастурларини халқ билан мулоқот мавзулари билан бойитаётганини ижобий баҳолаш мумкин.

Мамлакатимизда халқ билан мулоқот самарали амалга оширилмоқда. Бу муҳим жараёнларни ОАВда ҳозиржавоблик билан холисона ёритиб бориш журналистлардан катта масъулият, муайян билим ва тажриба талаб этади. Демак, ОАВ ходимлари бу борада ҳам кўпроқ ишланишлари, ҳаёт билан ҳамнафас ҳолда ижод қилишлари, воқеликни кенг ёритиб боришлари ғоят муҳим аҳамият касб этади.

Жамоатчилик фикрини шакллантиришда ОАВнинг роли беқиёс. Бундай улкан ва масъулиятли вазифани бажариш учун журналист чуқур билим ва тажрибага эга бўлиши лозим. Мамлакатимизда жамоатчилик билан алоқалар, жамоатчилик фикрини изчил ўрганиб бориш масаласи қай даражада ҳал этилаётгани шак-шубҳасиз оммавий ахборот воситаларида ўз аксини топаверади. Бу муҳим вазифалар босқичма-босқич амалга оширилиши мумкин. Оммавий ахборот воситаларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик ва парламент назоратини таъминлаш, уларнинг ҳокимият ва жамоатчилик ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатиш борасидаги ролини кучайтиришга қаратилган қонунлар ижросини таъминлаб бориш ҳар бир журналистдан улкан масъулият талаб қилади.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси доирасида қатор дастур ва тадбирлар амалга оширилмоқда. “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун фуқароларимизнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилади. У давлат ва жамоатчилик ўртасида очиқ ҳамда самарали мулоқот олиб бориш баробарида оммавий ахборот воситаларининг роли ва таъсирини оширишда ғоят муҳим ўрин тутади. Бу ўз навбатида мамлакатимиз ахборот майдонида соғлом рақобат муҳитини яратиш, фикрлар хилма-хиллигига эришиш, матбуот минбари орқали аҳолининг фикр ва қарашларини ифода этиш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратади.

Эътироф этиш жоизки, мамлакатимизда жамоатчилик билан алоқалар – халқ билан мулоқот ўзига хос ижтимоий институтга айланишида ОАВ ва Ахборот хизматлари ходимлари зиммасига улкан масъулият юкланади. Бу масъулиятли вазифани тўлақонли адо этиш учун масъул ходимлар аввало етарли даражада билим ва малакага, ижодий маҳоратга эга бўлишлари лозим.

_____________________________________

1 Қаранг: Каримов И.А. Ўзбекистонда деморатик ўзгаришларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамияти асосларини шакллантиришнинг асосий йўналишлари. – Т.: Ўзбекистон, 2002. – 21-24 бетлар.

2 Каримов И.А. Мамлакатимизни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш – устувор мақсадимиздир. – Т.: Ўзбекистон, 2010. – 9-11 бетлар.

3 Каримов И.А. Мамлакатимизни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш – устувор мақсадимиздир. – Т.: Ўзбекистон, 2010. – 16 бет.

4 Каримов И.А. Мамлакатимизни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш – устувор мақсадимиздир. – Т.: Ўзбекистон, 2010. – 16 бет.

5 Каримов И.А. Мамлакатимизни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш – устувор мақсадимиздир. – Т.: Ўзбекистон, 2010. – 17 бет.

6 Каримов И.А. Мамлакатимизни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш – устувор мақсадимиздир. – Т.: Ўзбекистон, 2010. – 23-24 бетлар.

7 Каримов И.А. Мамлакатимизни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш – устувор мақсадимиздир. – Т.: Ўзбекистон, 2010. – 24 бет.

8 Қаранг: ўша жойда.

9 Каримов И.А. Мамлакатимизни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш – устувор мақсадимиздир. – Т.: Ўзбекистон, 2010. – 27 бет.

10 Каримов И.А. Мамлакатимизни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш – устувор мақсадимиздир. – Т.: Ўзбекистон, 2010. – 27-28 бетлар.

11 Қаранг: ўша маъруза, 31-бет.

12 Каримов И.А. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси. www.uza.uz. 12.11.2010

13 Каримов И.А. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси. www.uza.uz. 12.11.2010

14 Мирзиёев Ш.М. Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш – юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови. //Халқ сўзи, 2016 й. 8 декабрь.

15 Мирзиёев Ш.М. Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш – юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови. //Халқ сўзи, 2016 й. 8 декабрь.

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *