Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонасида Ўзбекистон Президенти сайловларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди
Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонасида республикада бўлиб ўтадиган
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди, деб ёзади «Жаҳон» ахборот агентлиги.
Унда Малайзия ижтимоий-сиёсий ва илмий-таҳлил доираларининг таниқли намояндалари, соҳага алоқадор муассасалар, йирик савдо ва ишлаб чиқариш компаниялари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди.
Учрашув чоғида таъкидланганидек, 2016 йил 4 декабрь кунига белгиланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловлари ошкоралик, очиқлик ва шаффофлик сингари демократик тамойиллар асосида ўтади.
Шунингдек, давра суҳбати қатнашчилари республикада миллий сайлов қонунчилигининг мазмун-моҳиятини аҳолига, шу жумладан, ёшларга тушунтириш юзасидан кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани билан ҳам яқиндан танишди.
Тадбир интиҳосида унинг айрим иштирокчилари «Жаҳон» ахборот агентлигига интервью берди.
Жумладан, RHA Sdn. Bhd. ноширлик уйининг асосчиси ва бош ижрочи директори Рамачандран Раджендран Ўзбекистонда демократик талабларга тўла жавоб берадиган замонавий сайлов тизими яратилгани, мамлакат фуқароларининг ўз хоҳиш-иродаларини эркин ифода этишларини таъминлайдиган ҳамда халқаро сайлов меъёрлари ва тамойилларига мувофиқ келадиган самарали сайлов қонунчилигининг асоси шаклланганини қайд этди.
Унинг фикр билдиришича, ҳозирги муҳим ва масъулиятли паллада мамлакат ҳукумати томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳамда ўзбек халқининг бирдамлиги бўлажак Президент сайловлари сайловчиларнинг юқори фаоллигида, уюшқоқлик билан ва муваффақиятли ўтади, дея хулоса чиқаришга имкон беради.
Шунингдек, Р.Раджендран Ўзбекистон ҳамда Малайзия ўртасидаги кўп йиллик ва самарали ҳамкорлик барча муҳим йўналишларда бундан кейин ҳам равнақ топажагига комил ишонч билдирди.
Ўз навбатида, OIC Today журнали ношири ва бош муҳаррири Муҳаммад Раджа Талиб Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов раҳбарлигида халқаро ва минтақавий барқарорликни мустаҳкамлаш ишига қўшган салмоқли ҳиссаси туфайли мамлакат дунё миқёсида катта ҳурмат ва обрў-эътибор қозонганини алоҳида таъкидлади. Унинг айтишича, Ўзбекистоннинг 2016 йилда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашига раислик қилиши ҳам бу фикрни тасдиқлайди.
Шунингдек, нашр бош муҳаррирининг айтишича, мамлакатда аҳолини миллий сайлов қонунчилиги ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар моҳияти билан яқиндан таништириш борасидаги ишлар самарали йўлга қўйилгани ҳам катта эътиборга молик жиҳатдир.
Муҳаммад Раджа Талиб республикада аҳолининг сайловларда кенг иштирок этиши ҳамда улар ўзларининг сайлов ҳуқуқини амалга ошириши учун барча зарур ҳуқуқий асослар яратилгани эътироф этди.
Сўнгги фикрлар