Ўзбекистон ва Туркия университетлари ўртасида ҳамкорликнинг янги босқичи
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва Туркиянинг 4 та олий таълим муассасаси ўртасида имзоланган меморандум навбатдаги умидбахш қадамлардир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг таклифига биноан 2017 йил 25-26 октябрь кунлари Туркияга давлат ташрифи давомида ўтказилган олий даражадаги учрашувларда эришилган натижалар босқичма-босқич ўз самарасини кўрсатмоқда. Айниқса, икки мамлакат ҳамкорлигини янги, стратегик босқичга кўтаришга замин яратадиган қўшма баёнот имзоланиши, фан, таълим, маданият соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилиши ҳаётимизда янги саҳифалар очилишига замин яратди.
Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги музокараларда эришилган келишувларга мувофиқ, Туркия олий таълим бўйича кенгаши (YÖK) қатор лойиҳаларни амалга оширишга киришгани ҳақидаги ахборотлар кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотган бўлса, унга ҳамоҳанг ҳамқадамлар Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети томонидан изчил давом эттирилмоқда.
Чапдан ўнгга: Кафкас университети ректори профессор Сами Озжан ва ЎзМУ проректори Расул Рахмонов.
Ўзбекнинг тўни дўстлик эҳтироми рамзидир.
Яқинда ЎзМУнинг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари Туркия олий таълим муассасаларига ташриф буюрдилар.
Чапдан ўнгга: Ибн Холдун университети ректори профессор Режеп Шентурк ва ЎзМУ проректори Расул Раҳмонов.
Чапдан ўнгга: ЎзМУ проректори Расул Раҳмонов ва Фотиҳ Султон Мехмет унвиерситети Халқаро алоқалар бўйича проректори профессор Южел Огурлу
– Ташрифдан асосий мақсад Миллий университетимизнинг Туркия олий таълим муассасалари билан илмий ҳамкорлигини янада кенгайтиришдир,– дейди ЎзМУ Халқаро алоқалар бўйича проректори Расул Раҳмонов.– Турк ҳамкасблар билан учрашувлар кенг қамровли бўлди. Карс шаҳрида жойлашган Кафкас университети ректори профессор Сами Озжан ўз олий таълим муассасаси ҳақида сўз юритар экан, улкан салоҳиятга эга Ўзбекистон Миллий университети билан йўлга қўйиладиган ҳамкорликлар ижобий самара беришига умид билдирди. Қатор истиқболли лойиҳалар хусусида ўтказилган суҳбатлар, келишувлар икки томонлама манфаат келтириши алоҳида таъкидланди. “Илмий, фан ва маданият фестивали” доирасида илмий ва маданий ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ибн Холдун университети ректори, профессор Режеп Шентурк билан ўтказилган суҳбатда тарихи, тили, дини, миллий қадриятлари бир-бирига пайқаста бўлган ўзбек ва турк ёшлари ўртасида дўстлик алоқалари, ёш тадқиқотчиларнинг илмий ҳамкорликларини йўлга қўйиш олий мақсадимиз бўлиши зарурлигини таъкидлади. Туркиянинг иқтисодиёт, менежмент ва тадбиркорлик соҳасида етакчи олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланган Истамбул Тижорат университетида ҳам қатор лойиҳалар ҳақида фикрлашиб олинди. Истамбул шаҳрида жойлашган Фотиҳ Султон Меҳмет университети ва Ибн Холдун университетлари билан ҳамкорликни янада такомиллаштириш бўйича олиб борилган музокараларда “энг муҳими, кутилган натижаларга эришиш лозим”лиги таъкидланди. Фотиҳ Султон Меҳмет университети Халқаро алоқалар бўйича ректор маслаҳатчиси Бедиа Текин хоним ва проректор Южел Огурлулар билан суҳбатларимизда ҳам асосий эътибор – келажак бунёдкорлари ҳисобланмиш талабаларимизнинг замон талабларига мос кадрлар, комил инсонлар этиб камолга етказиш масалаларига қаратилди. Мазкур университетлар билан ҳам ўзаро англашув меморандумлари имзоланди.
Чапдан ўнгга: ЎзМУ проректори Расул Раҳмонов ва Фотиҳ Султон Мехмет университети Халқаро алоқалар бўйича Ректор маслаҳатчиси Бедиа Текин хоним.
Шундай қилиб ЎзМУ делегацияси тўрт кунлик сафари мобайнида Туркиянинг Кафкас университети (Kafkas universiteti), Истамбул Тижорат университети (Istambul Ticaret universiteti), Фотиҳ Султон Мехмет университети (Fatih Sulton Mehmet universiteti) ва Ибн Холдун университетлари (Ibn Haldun universitet) билан истиқболли режалар белгилаб олинди. Мазкур режаларга асосан ЎзМУ ҳамда Туркиянинг 4 та университети ўртасида талабалар ва профессорлар алмашинуви йўлга қўйилади. Яъни, ЎзМУ профессор-ўқитувчилари Туркия университетларида ўзбек адабиёти, математика ва бошқа фанлардан сабоқ берсалар, ўз навбатида туркиялик олимлар бизнинг талабаларимизга замонавий фанлардан сабоқ берадилар. Ҳамкорликда илмий-амалий конференциялар, маънавий-маърифий тадбирлар ва бошқа анжуманлар ўтказилади. Икки давлат илмий журналларида мақолаларимиз ёритилади. Шу билан бир қаторда бир гуруҳ талабаларимиз ҳар йили Туркия университетларида ва ўз навбатида турк талабалари ЎзМУда маълум муддат таҳсил олиб, билим ва маҳоратларини оширадилар. Бундай ҳамкорликлар қатор илмий, истиқболли лойиҳалар, инновацион ғояларни амалга оширишда муҳим ўрин тутади.
Шу ўринда айтиш жоизки, хорижлик талабаларни, тадқиқотчи ва профессор-ўқитувчиларни муносиб кутиб олиш, ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш учун Ўзбекистон Миллий университетида зарур шарт-шароитлар етарлидир. Шу ўқув йилининг ўзида АҚШ, Жанубий Корея, Хитой каби давлатларнинг олий таълим муассасаларидан келишган талабалар ЎзМУ илмий мактабларини, замонавий лабораторияларини, илғор технологиялар-у тадқиқотчилар учун яратилган шарт-шароитларини, уларга сабоқ берган академиклар, профессорлар фаолиятини юксак баҳолаб кетдилар. Бир неча кун мобайнида ўзбекистонлик тенгқурлари билан ҳамнафас бўлишган хорижлик талабалар “Ёшлик” шаҳарчасининг фусункор манзаралари, соғломлаштириш масканига айланган замонавий спорт иншоотлари, “Сув спорти саройи”га ҳавас билан қараганларини кузатиш ўзи мароқли эди.
Навбатда Исроил ва Туркия давлатларининг университетлари билан ана шундай ҳамкорликда истиқболли лойиҳалар амалга оширилади.
Буларнинг барчаси аср тенгдоши бўлган ЎзМУнинг халқаро нуфузини дунё қадар кўтаришга хизмат қилади, деган умиддамиз.
Тўлқин ЭШБЕК,
ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари
Сўнгги фикрлар