Ўзбекистон парламент делегацияси Акмал Саидов бошчилигида Швейцарияга ташриф буюрди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат
ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Акмал Саидов бошчилигидаги парламент делегацияси Швейцарияга ташриф буюрди.
Парламент вакилларининг ташриф дастури Женева шаҳридаги мамлакатимиз элчихонасида ўтказилган брифинг билан якунланди.
Тадбирда халқаро ташкилотлар (БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, Халқаро меҳнат ташкилоти, Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти, БМТ Европа иқтисодий комиссияси), Женева шаҳрида аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, хусусан, Озарбайжон, Жазоир, Беларусь, Испания, Исроил, Қозоғистон, Қирғизистон, Малайзия, Панама, Тожикистон, Туркия, Япония ва бошқа мамлакатлар, шунингдек, Швейцариянинг жамоат, академик ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.
Брифингда, шунингдек, Парламентлараро иттифоқ тадбири доирасида Женева шаҳрига ташриф буюрган Беларусь Республикаси Миллий йиғини Республика Кенгаши (юқори палата) спикери ўринбосари М.Щеткина меҳмон сифатида иштирок этди.
Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистонда сиёсий, суд-ҳуқуқ ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар хусусида маълумот берилди. Мамлакат сиёсий модернизация, ҳуқуқий, дунёвий, демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлидан барқарор бораётгани таъкидланди.
Республикада амалга оширилаётган чора-тадбирлар энг аввало фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ишлар Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов номи билан бевосита боғлиқ эканига урғу берилди. Мустақилликнинг илк йиллариданоқ Ўзбекистон раҳбарияти томонидан олдинга сурилган мамлакатимиз давлат сиёсатининг фундаментал тамойиллари ўзгармаслиги алоҳида қайд этилди.
Шундан келиб чиққан ҳолда брифингда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарининг жорий йил 8 сентябрдаги қўшма йиғилишидаги маърузасининг асосий йўналишлари ҳамда 2016 йил 4 декабрда ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнлари тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон бўлажак сайловнинг очиқлик ва шаффофлигини таъминлаш, уни тенглик тамойилларига мувофиқ тарзда ташкил этиш, шунингдек, мазкур муҳим сиёсий тадбирга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларига кенг жамоатчилик, фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларини жалб этиш орқали фуқароларнинг сиёсий фаоллигини ошириш масалаларига устувор аҳамият бермоқда.
Брифинг қатнашчиларининг диққат-эътибори бўлажак сайловдаги буткул янги омил – ЕХҲТ ДИИҲБнинг Ўзбекистоннинг Президент сайловини умумэътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқ тарзда очиқ ва ошкора ўтказишга тайёрлигини инобатга олган ҳолда сайловни кузатиш бўйича тўлиқ таркибдаги миссиясини юборишга қарор қилганига қаратилди.
Шу билан бирга иштирокчилар жорий йилнинг 20 октябрь куни Тошкент шаҳрида “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашнинг миллий тизими: мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар” мавзусида бўлиб ўтган халқаро конференция ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази ва Тошкентдаги БМТТД ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандумнинг имзоланиши, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига катта қизиқиш билдирди.
Брифинг чоғида шу йил 18 октябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессияси очилиш маросимидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш.Мирзиёев нутқининг асосий йўналишлари ҳамда Ўзбекистоннинг ташкилотга раислиги давридаги мақсад ва устувор йўналишлари, шунингдек, Ўзбекистон томонидан олдинга сурилган ташаббуслар баён қилинди.
Қатнашчилар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 24 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги фармонлари мазмун-моҳиятига бағишланган маълумотларни катта қизиқиш билан тинглади.
Брифингда Ўзбекистон халқ фаровонлигини ошириш, аҳолининг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини ҳимоялашни таъминлаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар юқори баҳоланиб, бу ютуқларга эришишда ўтган йилларда мамлакатда қонун устуворлигига асосланган очиқ ва барқарор сиёсий тизимни барпо этилгани муҳим омил бўлгани таъкидланди.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси инсон ҳуқуқлари ва битимлар бўйича кенгаши ишлари бўлими директори А.Абделмоула Олий комиссар офиси Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимоясини яхшилаш соҳасидаги демократик ислоҳотларнинг боришига катта қизиқиш билан қарашини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, республикада суд-ҳуқуқ тизими янги концепциясини шакллантиришга қаратилган ислоҳотлар, хусусан, прокуратура, ички ишлар органлари ва адвокатура фаолиятини такомиллаштириш, ўлим жазосининг бекор қилиниши, ярашув институтининг жорий этилиши, қамоққа олишга санкция беришни судларга ўтказилиши, уй қамоғини қўллаш чорасининг амалга татбиқ этилиши эътиборга ва ҳар томонлама ўрганишга сазовордир.
Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директорининг махсус маслаҳатчиси К.Тапиоланинг таъкидлашича, брифинг йирик халқаро ташкилотлар вакилларига республикадаги вазият тўғрисида энг биринчи манбалар орқали билиш имконини яратиб, Ўзбекистоннинг сиёсий, иқтисодий ва демократик тараққиёти имкониятларини муҳокама қилиш учун қулай майдон бўлган.
К.Тапиола Ўзбекистонда ХМТнинг қатор конвенциялари йўриқномаларини амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси билан болалар ва мажбурий меҳнатини тақиқлаш масаласидаги ҳамкорликни ривожлантиришда эришилган натижаларни қайд этди. Шу билан бирга у жорий йилнинг 25 октябрь куни ХМТнинг бирлашмалар эркинлиги ҳамда касаба уюшмалари бирлашмалари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича 87-рақамли конвенциясини ратификация қилгани учун Ўзбекистон раҳбариятига ўз миннатдорчилигини билдирди.
БМТ Европа иқтисодий комиссияси ижрочи котиби ўринбосари А.Васильевнинг фикрича, Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш.Мирзиёевнинг мамлакатда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, кичик ва ўрта бизнес учун қўшимча қулай имкониятлар яратишга қаратилган ташаббуслари сезиларли ижобий натижаларга олиб келади. Унда 2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда арзон уй-жойлар қуриш дастури алоҳида қизиқиш уйғотди.
Женевадаги БМТ бўлинмаси қошидаги ИҲТ доимий ваколатхонаси вакили Я.Эрен Ўзбекистон Ислом динини унинг обрўсини тўкишга уринаётганлардан ҳимоя қилиб, халқаро жамоатчиликка ислом қадриятлари ва маданияти тўғрисидаги ҳақиқий маълумотларни етказишда улкан ишларни амалга ошираётганини таъкидлади. Унинг билдиришича, бугунги кунда мамлакат таълим, маърифат ва ҳақиқий ислом қадриятларини тиклаш сингари соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали глобал хавфсизликни мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда.
Женева Дипломатик доираси президенти Р.Блюм Ўзбекистондаги вақт синовидан ўтган ва сўнгги вақтларда ўзини тўла намоён этган сиёсий ва иқтисодий барқарорлик ўз фаолиятини кенгайтиришдан манфаатдор бўлган хорижий компанияларни жалб этишда асосий устунлик эканини маълум қилди. “Иқтисодиёт соҳасидаги сўнгги ташаббуслар ва тегишли қонунчилик актлари мамлакатнинг барқарор тараққий этиши кафолатлайди ҳамда давлат ва бизнес ўртасидаги очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилади”, — деди у.
Унинг таъкидлашича, барқарор юқори макроиқтисодий кўрсаткичларга эга республика дунё бозорига ишончли савдо-инвестициявий ҳамкор сифатида чиқмоқда. Мамлакат кичик ва ўрта бизнес ва етакчи саноат корхоналари ҳиссаси ортиб бораётган диверсификацияланган иқтисодиётга эга.
Мухтасар айтганда, брифинг қатнашчилари бўлажак сайлов миллий қонунчилик ва умумэътироф этилган халқаро тамойилларга тўла мувофиқ тарзда очиқ ва ошкора ўтказилишига ишонч билдирди.
Сўнгги фикрлар