Анжуман қатнашчилари таъкидлаганларидек, мустақиллик йилларида мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида туб ўзгаришлар амалга оширилди. Миллий давлатчилигимизнинг мустаҳкам асослари яратилди. Демократик ҳуқуқий давлат, кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, бозор иқтисодиёти тамойилларига ўтиш, аҳоли ҳаёт даражасини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Қонун устуворлиги, кўппартиявийлик, демократик сайловлар мамлакатимиз сиёсий-ижтимоий ҳаётининг ажралмас таркибий қисмига айланди.
Съезд иштирокчилари томонидан юртимизда ҳар томонлама ўзини оқлаган ислоҳотларнинг давомийлигини, Ватанимиздаги тинчлик ва осойишталик, халқимиз фаровонлигини таъминлаш йўлида фаол иш олиб бориш вакиллик органларида энг кўп депутатлик ўринларига эга бўлган етакчи сиёсий куч сифатида O‘zLiDeP учун бундан буён ҳам асосий мақсад бўлиб қолиши таъкидланди.
Мамлакатимиз тараққиётининг хозирги босқичида O‘zLiDePдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, ўтган йиллар давомида юртимизда амалга оширилган ривожланиш йўлини янги, юксак босқичга кўтаришга қодир, ислоҳотларнинг туб моҳиятини аниқ биладиган, уларни амалга ошириш жараёнларининг фаол иштирокчиси бўлган, халқ тақдирини ўз тақдири билан чамбарчас боғлаб, доимо эл-юрт ташвиши билан яшайдиган, ташаббускор ва ташкилотчи шахс номзодини илгари суриш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Ана шу ҳолатларни ҳамда съезд делегатларининг чиқишларида ўз аксини топган сайловчилар ва кўп сонли партия электорати вакиллари фикрларини инобатга олган ҳолда, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон-либерал демократик партиясининг Съезди бўлажак сайловларда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кенг миқёсли ислоҳотларни амалга ошириш, мустақил давлатчилик асосларини барпо этиш ва мустаҳкамлашда, бозор тамойилларига асосланган мутлақо янги иқтисодий тизимни шакллантиришда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовга узоқ йиллар елкадош бўлиб ишлаган, ўзининг бутун меҳнат фаолиятини Ватанимиз равнақига бағишлаб келаётган инсон, ўзининг амалий фаолияти билан юртдошларимиз орасида ҳақли равишда катта ҳурмат ва обрў-эътибор қозонган, партия Сиёсий Кенгашининг аъзоси Шавкат Миромонович Мирзиёев номзодини кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Тадбирда O‘zLiDeP томонидан кўрсатилаётган номзод шу йилнинг 4 декабрида бўлиб ўтадиган сайловларда халқимиз томонидан қўллаб-қувватланишига ишонч билдирилди.
Съездда Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига номзод Ш.М.Мирзиёев ўз сайловолди дастурининг асосий йўналишлари ҳақида маъруза қилди.
Съезд қарорига кўра O‘zLiDeP қонунда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига партия номзодини рўйхатга олишни сўраб Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига мурожаат этади.
Съездда кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Қонунчиликка кўра, партия умумий сайловчилар сонидан камида 1 фоизининг (214,35 минг имзо) имзосини йиғиши лозим.
Тез орада партия Марказий сайлов комиссиясига номзод рўйхатга олиниши учун у ҳақдаги маълумотларни тақдим этади.
Маълумот учун, номзодларни рўйхатдан ўтказиш ва рўйхатдан ўтганлик гувоҳномаларини бериш 30 октябргача Марказий сайлов қўмитаси томонидан амалга оширилади.
Бугунгача Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан парламент қуйи палатаси спикери ўринбосари Сарвар Отамуродов, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ҳотамжон Кетмонов, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан Наримон Умаров Президентликка номзод этиб тасдиқланганди.
ЎзЛиДеП партияси 2016 йилнинг 16 сентябрь кунида Ўзбекистон президентлиги учун Шавкат Мирзиёев номзодини илгари сурганди.
Дастлаб номзод партиянинг 14 октябрдаги қурултойида тасдиқланиши, сўнгра эса ҳужжатлар Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясига топширилиши керак эди.
Кейинроқ Шавкат Мирзиёев президентлик сайловларига номзод этиб тасдиқланиши режалаштирилган партия қурултойини 19 октябрга кўчиришга қарор қилинганди.
***
ХДП Қурултойи Ўзбекистон Президентлигига Ҳотамжон Кетмонов номзодини тасдиқланди
Ўзбекистон Халқ демократик партияси қурултойи делегатлари Ўзбекистон Президентлиги учун Ҳотамжон Кетмонов номзодини кўрсатиш фикрини маъқуллашди. Партия қурултойи 14 октябрда Тошкентда бўлиб ўтди. Унинг ишида Ўзбекистон вилоятлари, Қорақалпоғистон ва Тошкент шаҳридан келган 98 нафар делегат иштирок этди.
Қурултой ишида қатнашган Ҳотамжон Кетмонов ўзининг сайловолди дастури билан маъруза қилиб, давлат раҳбарлигига сайланса, қандай сиёсат юритишига тўхталган.
Қурултой якунига кўра, делегатлар Ўзбекистон Президентлиги учун Ҳотамжон Кетмонов номзодини илгари суришни тасдиқлашди. Шу билан бирга, партия давлат раҳбарлигига номзодни илгари суриш учун талаб этилган имзолар тўплангани қайд этилган.
***
«Миллий тикланиш» партиясидан Ўзбекистон Президентлигига Сарвар Отамуратов номзоди тасдиқланди
Тошкентда 15 октябрь куни Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг навбатдаги съезди бўлиб ўтди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар берди.
Унда партия Уставига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар партия ташкилотлари конференцияларида сайланган делегатлар, партия Марказий Кенгаши, Марказий назорат-тафтиш комиссияси ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари иштирок этди.
Съездда 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Президенти сайловига партия номзодини илгари суриш масаласи кўриб чиқилди.
Делегатлар партия Марказий кенгаши VII пленумида тавсия этилган номзод — кенгаш раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Сарвар Садуллаевич Отамуратовни Ўзбекистон Президентлигига номзод этиб тасдиқлади.
Номзод делегатларни ўзининг сайловолди дастури билан таништирди. Делегатлар мазкур дастур юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Шунингдек, съездда кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. Сайлов кампаниясини юқори ташкилий даражада ўтказиш юзасидан қатор вазифалар белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, бунгача ЎзХДПдан Ҳотамжон Кетмонов, «Адолат» СДПдан Наримон Умаров Ўзбекистон Президентлигига номзод сифатида илгари сурилган эди.
***
«Адолат» СДПдан Ўзбекистон Президентлигига Наримон Умаров номзоди тасдиқланди
15 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси (СДП)нинг VIII қурултойи бўлиб ўтди.
Қурултойда Ўзбекистон партиянинг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоди ва унинг сайловолди дастури тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.
195 нафар делегат иштирок этган қурултойда партия сиёсий кенгашининг 17 сентябрида бўлиб ўтган пленуми қарорига мувофиқ, кенгаш раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Наримон Умаровни Ўзбекистон Президентлигига номзод сифатида илгари суриш масаласи муҳокама қилинди.
Делегатлар партиянинг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоди Н.Умаров етарли ҳаётий тажрибага эга экани, сафдошлари орасида обрў-эътибор қозонганини инобатга олган ҳолда бўлажак сайловда иштирок этиш учун муносиб номзод эканини қайд этди.
Делегатлар «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонуннинг 24 ва 242-моддаларига мувофиқ, «Адолат» СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Наримон Мажитович Умаровни номзод этиб кўрсатиш тўғрисидаги таклифни қўллаб-қувватлади.
Шундан сўнг қурултой қатнашчилари номзоднинг сайловолди дастури билан танишди. Улар томонидан маъқулланган дастур партиянинг марказий ва қуйи бўлинмаларига сайловолди тарғиботи ўтказишда фойдаланиш учун тавсия этилди.
Қурултой якунида делегатлар «Адолат» СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни рўйхатга олишни сўраб Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига белгиланган ҳужжатларни ўз вақтида тақдим қилиш масаласига тўхталиб ўтди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Президенти сайлови 4 декабрь куни бўлиб ўтади. Бунгача Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Президентлигига Ҳотамжон Кетмонов номзоди тасдиқланган эди.
***
Ўзбекистон Президентлиги сайловига кўрсатилган барча номзодлар — битта суратда
Ўзбекистондаги барча 4 партия 2016 йилнинг 4 декабрь санасида ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президентлиги учун бўладиган сайловда иштирок этадиган номзодларини тасдиқлаб бўлди.
14 октябрь куни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Ҳотамжон Кетмоновни Президентликка номзод этиб кўрсатди.
15 октябрь куни Наримон Умаров «Адолат» социал-демократик партиясидан, Сарвар Отамуратов эса «Миллий тикланиш» демократик партиясидан президентликка номзод сифатида кўрсатилди.
19 октябрь куни ЎзЛиДеП делегатлари Ўзбекистон Президенти лавозимига Шавкат Мирзиёевномзодини тасдиқлади.
Сўнгги фикрлар