Ўзбекистон Республикасининг қонуни

РЕКЛАМА ТЎҒРИСИДА

Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 28 декабрда қабул қилинган
Сенат томонидан 2022 йил 17 мартда маъқулланган

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади рекламани тайёрлаш, жойлаштириш ва тарқатиш (бундан буён матнда рекламанинг айланиши деб юритилади) соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Ушбу Қонуннинг амал қилиш соҳаси

Ушбу Қонуннинг амал қилиши реклама тайёрланган жойдан қатъи назар, агар мазкур реклама Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланишга ва тарқатишга қаратилган бўлса, рекламанинг айланиши соҳасидаги барча муносабатларга нисбатан татбиқ этилади.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши:

1) сайловолди ташвиқоти материалларига;

2) ошкор этилиши ёки тарқатилиши ёхуд рекламадан фойдаланувчига етказилиши қонунчиликка мувофиқ мажбурий бўлган ахборотга;

3) товарни бозорда илгари суриш асосий мақсади бўлмаган ва ижтимоий ахборот ҳисобланмайдиган маълумот-ахборот материалларига ҳамда таҳлилий материалларга (ички ва ташқи бозорларнинг шарҳларига, илмий тадқиқотлар ҳамда синовлар натижаларига);

4) реклама хусусиятидаги маълумотларни ўз ичига олмаган пешлавҳалар ва кўрсаткичлар ахборотига;

5) жисмоний ёки юридик шахсларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган эълонларига;

6) товарда ёки унинг ўрамида жойлаштирилган, товар, уни ишлаб чиқарувчи, импорт қилувчи ёки экспорт қилувчи тўғрисидаги ахборотга;

7) товарда ёки унинг ўрамида жойлаштирилган ва бошқа товарга тааллуқли бўлмаган товар безагининг ҳар қандай қисмларига;

8) илм-фан, адабиёт ёки санъат асарларига узвий равишда уйғунлаштирилган ва ўз ҳолича реклама хусусиятидаги маълумотлар ҳисобланмайдиган, товар, уни индивидуаллаштириш воситалари, товарни ишлаб чиқарувчи ёки сотувчи тўғрисидаги эслатмаларга;

9) ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарлар ҳақида товарларни ишлаб чиқарувчиларнинг ва (ёки) сотувчиларнинг сайтларига ёки ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларга жойлаштирилган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ахборотга, агар кўрсатилган маълумотлар сайтга ёки ижтимоий тармоқдаги саҳифага кирувчиларни реализация қилинаётган товарлар, уларнинг ассортименти, улардан фойдаланиш қоидалари ва бошқа хусусиятлар (хоссалар) тўғрисида хабардор қилиш учун мўлжалланган бўлса;

10) Интернет жаҳон ахборот тармоғининг ахборот-қидирув тизимларидаги сўровлар бўйича берилган натижаларга нисбатан татбиқ этилмайди.

3-модда. Реклама тўғрисидаги қонунчилик

Реклама тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг реклама тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

 LexUZ шарҳи

Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги 104-сон «Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида»ги қарори.

4-модда. Рекламага бўлган муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар

Реклама тўлиқ ёки қисман муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар объекти бўлиши мумкин. Бу ҳолда муаллифлик ҳуқуқи ҳамда турдош ҳуқуқлар муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонунчиликка ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ ҳимоя қилиниши лозим.

 LexUZ шарҳи

Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 60-61-боблари; Ўзбекистон Республикасининг «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Қонуни.

5-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

аксилреклама — нотўғри (инсофсиз, била туриб ёлғон) реклама келтириб чиқарган ёки келтириб чиқариши мумкин бўлган оқибатларни тугатиш мақсадида тарқатиладиган раддия;

ахлоқсиз реклама — шахсларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеига дахлдор бўлган ҳақоратли сўзлар, тасвирлар ҳамда ўхшатишлардан, ҳақорат қилувчи тасвирлардан фойдаланиш орқали инсонийлик ва ахлоқнинг умумқабул қилинган нормаларини бузувчи, миллий ёки жаҳон маданий бойлигини ташкил этадиган санъат объектларига, тарихий ва архитектура ёдгорликларига тажовуз қилувчи, Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзларини (байроғини, гербини, мадҳиясини), миллий валютасини таҳқирловчи реклама;

ижтимоий ахборот — тарқатилиши бевосита ёки билвосита фойда (даромад) олишни мақсад қилиб олмаган, номуайян шахслар доирасига йўналтирилган ҳамда хайрия ва соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, энергетика ресурсларини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва унинг хавфсизлиги, маънавият ва маърифат, жамият ва давлат манфаатларини таъминлаш соҳаларида ижтимоий фойдали мақсадларга эришишга қаратилган ахборот, шунингдек нотижорат хусусиятидаги бошқа ахборот;

номақбул реклама — нотўғри, ахлоқсиз, яширин реклама, шунингдек ушбу Қонун талабларига мос келмайдиган бошқа реклама;

нотўғри (инсофсиз, била туриб ёлғон) реклама — ноаниқлиги, бир хил маъноли бўлмаганлиги, бўрттириб юборилиши, яшириб кетилиши, тарқатилиш вақти, жойи ва усулига нисбатан талабларнинг ҳамда қонунчиликда назарда тутилган бошқа талабларнинг бузилиши натижасида рекламадан фойдаланувчиларни чалғитадиган ёки чалғитиши мумкин бўлган, юридик ва жисмоний шахсларга, шунингдек жамият ҳамда давлат манфаатларига моддий зарар ва маънавий зиён етказиши мумкин бўлган реклама;

рағбатлантирувчи акция — рекламадан фойдаланувчиларни муайян ҳаракатларни бажаришга ундайдиган тадбир, танлов, ўйин ўтказиш шаклида амалга ошириладиган, шу жумладан уларда иштирок этиш шарти реклама қилинаётган товарларни олишдан иборат бўлган реклама;

реклама — ҳар қандай реклама воситаларидан фойдаланган ҳолда тарқатиладиган, мазмуни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган рекламадан фойдаланувчиларга қаратилган ва реклама объектига эътиборни жалб қилиш, унга бўлган қизиқишни шакллантириш ёки қўллаб-қувватлаш, шунингдек уни бозорда бевосита ёки билвосита фойда (даромад) олиш мақсадида илгари суриш учун мўлжалланган махсус ахборот;

реклама берувчи — реклама қилинадиган товарни ишлаб чиқаришни ёки сотишни амалга оширувчи, Ўзбекистон Республикасининг резиденти ёхуд норезиденти бўлган жисмоний ёки юридик шахс ёхуд реклама объектини ва (ёки) реклама мазмунини белгилаб берган бошқа шахс, шу жумладан ҳомий;

реклама воситалари — рекламадан фойдаланувчига рекламани етказиш учун фойдаланиладиган воситалар;

реклама жойи (ташқи реклама ва ахборот объекти (конструкцияси) ўрнатиладиган жой) — ташқи реклама ва ахборот объекти (конструкцияси) ўрнатиладиган махсус ажратилган ва (ёки) берилган ҳудуд (ер, асфальт, яшил ҳудуд ва бошқалар), бино, иншоот сиртқи қисмининг муайян юзаси;

реклама жойининг паспорти — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан бериладиган ҳужжат бўлиб, ушбу ҳужжат юридик ва жисмоний шахсларнинг ташқи реклама ва ахборот объектларини (конструкцияларини) унда кўрсатилган ер участкасига, бинога ёки иншоотга, мулк шаклидан қатъи назар, ўрнатиш ҳуқуқини тасдиқлайди;

реклама жойи паспортининг эгаси — давлат мулки бўлган ер участкасига, бинога ёки иншоотга ягона электрон савдо майдончаси орқали очиқ электрон аукцион асосида ёхуд хусусийлаштирилган ер участкаларига, шунингдек хусусий мулк бўлган биноларга ёки иншоотларга — хусусийлаштирилган ер участкасининг, бинонинг ёхуд иншоотнинг мулкдори билан тузилган шартнома асосида ташқи реклама ва ахборот объектини (конструкциясини) ўрнатиш ҳуқуқини олган юридик ёки жисмоний шахс;

реклама объекти — эътиборни жалб этиш учун реклама ўзига нисбатан йўналтирилган товар, шу жумладан тадбирлар, технологиялар, индивидуаллаштириш воситалари, интеллектуал фаолият натижалари, шунингдек жисмоний ёки юридик шахслар тўғрисидаги ахборот;

рекламага оид фаолият — рекламанинг айланиши соҳасида ишлар ҳамда хизматларни бажариш билан боғлиқ фаолият;

реклама тайёрловчи — рекламани тарқатиш (жойлаштириш) учун ахборотни тўлиқ ёхуд қисман тайёр шаклга келтиришни амалга оширадиган, Ўзбекистон Республикасининг резиденти ёки норезиденти бўлган жисмоний ёки юридик шахс;

реклама тарқатувчи — реклама воситалари орқали реклама тарқатишни амалга оширадиган, Ўзбекистон Республикасининг резиденти ёки норезиденти бўлган жисмоний ёки юридик шахс;

рекламадан фойдаланувчи — реклама ўзига нисбатан йўналтирилган шахс ёки шахслар гуруҳи;

ташқи реклама — номуайян шахслар доираси кўриши учун мўлжалланган, ташқи реклама ва ахборот объектларида (конструкцияларида) жойлаштириладиган графикли, матнли ёки бошқа реклама;

ташқи реклама ва ахборот объектларини (конструкцияларини) ўрнатиш чизмаси — ўрнатилишига йўл қўйиладиган ташқи реклама ва ахборот объектларини (конструкцияларини) ўрнатиш жойларини белгилайдиган, уларнинг турлари, шакллари, техник тавсифлари, ахборот майдонларининг сатҳи кўрсатилган ҳолдаги маълумотларни ўз ичига олган ҳамда ҳудудий режалаштириш чизмаси асосида ишлаб чиқиладиган ҳужжат;

товар — фаолиятнинг сотиш, айирбошлаш ёки бошқа йўл билан муомалага киритиш учун мўлжаллаган маҳсули (шу жумладан иш, хизмат);

уйғунлаштирилган реклама — товарларнинг кино, аудио ва видео маҳсулотлардаги, телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришлар эфиридаги, санъат асарларидаги, тасвирлардаги, компьютер ўйинларидаги ҳамда мавжуд товарга мувофиқ бўлган асосий ёки иккинчи даражали реквизит, товар белгисининг (хизмат кўрсатиш белгисининг) тасвири ёки у ҳақида ҳар қандай шаклдаги эслатма тарзида бошқа асарлардаги рекламаси;

яширин реклама — рекламадан фойдаланувчининг идрокига унинг ўзи англамаган ҳолда махсус видеоиловалардан (қўш овозли ёзувдан) фойдаланиш йўли билан ҳамда бошқа усуллар билан таъсир ўтказадиган реклама;

қиёсий реклама — рақобатчини ёки рақобатдош товарни бевосита ёки билвосита идентификацияловчи реклама;

ҳомий — спорт тадбирини, маданий ёки бошқа тадбирни ташкил этиш ва (ёки) ўтказиш, телекўрсатувни ёки радиоэшиттиришни яратиш ва (ёки) намойиш этиш (эшиттириш) ёхуд ижодий фаолиятнинг бошқа натижасини яратиш ва (ёки) ундан фойдаланиш учун мол-мулкни, пул маблағларини, интеллектуал фаолият натижаларини тақдим этиш, хизматлар кўрсатиш, ишларни бажариш тарзида ҳисса қўшишни амалга оширувчи жисмоний ёки юридик шахс;

ҳомийлик рекламаси — муайян шахсни мажбурий тарзда ҳомий сифатида эслатиб ўтиш шарти билан тарқатиладиган реклама.

6-модда. Рекламанинг тили

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида тарқатилади.

Реклама мазмунининг таржимаси қуйидаги талабларга риоя этган ҳолда бошқа тилларда такрор берилиши мумкин:

реклама мазмунининг бошқа тиллардаги таржимаси матни унинг Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги асосий маъносини бузиб кўрсатмаслиги керак;

ташқи реклама орқали жойлаштириладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги реклама матнининг пастки қисмида горизонтал ҳолда жойлаштирилиши ва умумий реклама майдонининг қирқ фоизидан ошмаслиги керак;

рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни ҳарфининг ўлчами Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги реклама матни ҳарфининг ўлчамидан кичик бўлиши керак;

теле- ва радиоканалларда, шунингдек босма нашрларда тарқатиладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси ҳар кунги умумий реклама ҳажмининг йигирма фоизидан ошмаслиги керак.

Ушбу модда биринчи ва иккинчи қисмларининг амал қилиши:

фақат чет тилларда эълон қилинадиган босма нашрларда ва ноширлик маҳсулотининг бошқа турларида жойлаштириладиган рекламага;

кўрсатувни (эшиттиришни) чет тилларда амалга оширувчи оммавий ахборот воситаларининг теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурларини намойиш этиш (эшиттириш) жараёнида жойлаштириладиган рекламага;

Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги материалларни фақат чет тилларда жойлаштирадиган веб-сайтларнинг ахборот ресурсларига жойлаштириладиган рекламага нисбатан татбиқ этилмайди.

Белгиланган тартибда рўйхатга олинган товар белгилари (хизмат кўрсатиш белгилари), босма усулда терилган бўғинли белгилар (логотиплар) асли қайси тилда бўлса, шу тилда келтирилиши мумкин.

2-боб. Рекламанинг айланиши соҳасини тартибга солиш

7-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг рекламанинг айланиши соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

рекламанинг айланиши соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

ташқи рекламани тайёрлаш ва жойлаштириш тартибини белгилайди;

ташқи рекламани жойлаштириш ҳуқуқи учун йиғимларнинг табақалаштирилган миқдорларини аниқлаш тартибини белгилайди;

Ташқи реклама ва ахборот объектлари (конструкциялари) хавфсизлигининг умумий техник регламентини тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

8-модда. Ваколатли давлат органининг рекламанинг айланиши соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги рекламанинг айланиши соҳасидаги ваколатли давлат органидир (бундан буён матнда ваколатли давлат органи деб юритилади).

Ваколатли давлат органи:

рекламанинг айланиши соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

реклама тўғрисидаги қонунчиликнинг ижросини таъминлайди;

рекламанинг айланиши соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқади ва уларнинг амалга оширилишини ташкил этади;

рекламанинг айланиши соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолиятини мувофиқлаштиради;

рекламанинг айланиши соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

реклама тўғрисидаги қонунчиликни қўллаш масалалари бўйича тушунтиришлар беради;

рекламанинг айланиши соҳасида маҳаллий ва хорижий илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда таълим ташкилотлари билан ҳамкорликни амалга оширади;

Ташқи реклама ва ахборот объектлари (конструкциялари) хавфсизлигининг умумий техник регламентини ишлаб чиқади;

рекламага оид фаолият субъектларига реклама ахбороти билан боғлиқ ҳужжатлар ва материалларни белгиланган муддатларда тақдим этишга доир сўров юборади;

рекламага оид фаолият субъектлари томонидан реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларининг бузилиши ҳолларини аниқлайди ва уларни бартараф этиш чораларини кўради;

зарур ҳолларда реклама тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилиши ҳолатларини аниқлаш мақсадида хулосалар ва изоҳлар олиш учун экспертлар ҳамда мутахассисларни жалб қилади;

рекламага оид фаолият субъектларига нисбатан молиявий санкциялар қўллаш ҳақида қонунчиликда белгиланган тартибда қарорлар қабул қилади;

рекламага оид фаолият субъектларининг бирлашмалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикасида ҳалол рақобат ҳамда қонунийликка риоя этиш принципларига асосланган реклама бозорини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга, шунингдек рекламанинг айланиши соҳасида ўзини ўзи тартибга солиш механизмларини жорий этишга кўмаклашади;

рекламанинг айланиши соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади.

Ваколатли давлат органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Ваколатли давлат органининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик юритувчи субъектлар, шу жумладан рекламага оид фаолият субъектлари томонидан ижро этилиши мажбурийдир.

 LexUZ шарҳи

Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 декабрдаги 1015-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги тўғрисидаги низом

9-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг рекламанинг айланиши соҳасидаги ваколатлари

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тегишли маъмурий-ҳудудий бирликлар доирасида:

рекламанинг айланиши соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширишда ваколатли давлат органига кўмаклашади;

рекламанинг айланиши соҳасидаги давлат дастурларини амалга оширишда иштирок этади;

ташқи реклама ва ахборот объектларини (конструкцияларини) ўрнатиш учун таклиф этилаётган ер участкаларининг, биноларнинг ва иншоотларнинг рўйхатларини шакллантиради;

давлат мулки бўлган ер участкаларига, биноларга ҳамда иншоотларга ташқи реклама ва ахборот объектларини (конструкцияларини) ўрнатиш ҳуқуқини олиш учун ягона электрон савдо майдончаси орқали очиқ электрон аукционлар асосида танловлар ўтказади;

рекламага оид фаолият субъектларига ташқи реклама объектларидан фойдаланиш билан боғлиқ ҳужжатлар ва материалларни белгиланган муддатларда тақдим этишга доир сўров юборади;

қонунчиликка мувофиқ ташқи реклама ва ахборот объектларининг (конструкцияларининг) реклама жойлари паспортини беради ҳамда мулкчилик шаклидан қатъи назар ер участкаларига, биноларга ва иншоотларга, ташқи реклама ҳамда ахборот объектларини (конструкцияларини) ўрнатиш учун шартномалар тузади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

 LexUZ шарҳи

Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуни.

10-модда. Рекламага оид фаолият субъектларининг бирлашмаси

Қонунда белгиланган тартибда рўйхатга олинган, рекламага оид фаолият субъектларини бирлаштирувчи нодавлат нотижорат ташкилоти рекламага оид фаолият субъектларининг бирлашмасидир.

Рекламага оид фаолият субъектларининг бирлашмаси Ўзбекистон Республикасида ҳалол рақобат ва қонунийликка риоя этиш принципларига асосланган реклама бозорини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратишга, шунингдек рекламага оид фаолият субъектларининг касбий манфаатларини ҳимоя қилишга кўмаклашишга қаратилгандир.

Рекламага оид фаолият субъектларининг бирлашмаси:

ўз аъзоларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширади;

рекламага оид фаолиятни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслар билан чиқади, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тегишли таклифлар киритади;

маркетинг ҳамда рекламага оид фаолиятни юритишнинг юксак ахлоқий мезонларини қўллаб-қувватлаш бўйича талабларни белгилайдиган қоидалар тўпламидан иборат бўлган реклама амалиёти кодексларини Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги асосида, ўзини ўзи тартибга солиш механизмларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқади ва қабул қилади;

рекламанинг айланиши соҳасидаги жамоатчилик мониторингига ва ҳисобга олишга доир тадбирларни ташкил қилишда иштирок этади;

ваколатли давлат органининг сўровига кўра рекламанинг қонунчилик талабларига мослиги ҳақида хулоса ва изоҳлар тақдим этади;

реклама тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди;

рекламага оид фаолият субъектлари бирлашмаси аъзоларининг реестрларини юритади ва уларни ўз расмий веб-сайтига жойлаштиради;

зарур ҳолларда, рекламанинг айланиши соҳасидаги ихтисослаштирилган тадбирларни (кўргазмалар, ярмаркалар, конференциялар ва бошқаларни) ташкил қилади ҳамда уларда иштирок этади, шу жумладан халқаро тадбирларда ҳам иштирок этади.

Рекламага оид фаолият субъектларининг бирлашмаси қонунчиликка мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.

3-боб. Рекламага оид фаолият субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

11-модда. Рекламага оид фаолият субъектлари

Реклама берувчилар, реклама тайёрловчилар, шунингдек реклама тарқатувчилар рекламага оид фаолият субъектларидир.

12-модда. Реклама берувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Реклама берувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

реклама тўғрисида шартнома тузиш ҳақида ошкора таклиф (оммавий оферта) киритиш, шу жумладан уни электрон шаклда киритиш;

реклама воситаларини, шунингдек реклама материалларининг ҳажмларини ва ушбу материалларни етказиб бериш шаклларини мустақил равишда белгилаш, бундан қонунда белгиланган ҳоллар мустасно.

Реклама берувчи:

зарур бўлган тақдирда, реклама тайёрловчининг ва (ёки) тарқатувчининг талабига кўра реклама ахборотининг ишончлилигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши;

агар реклама қилинаётган фаолият лицензияланиши лозим бўлса ёки унинг юритилиши тегишли равишда рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат олишни талаб қилса, реклама ишлаб чиқарувчи ва тарқатувчига тегишли лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни тақдим этиши, шунингдек мажбурий сертификатлаштирилиши лозим бўлган товар реклама қилинган тақдирда, сертификатни тақдим этиши;

реклама тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги ваколатли давлат органи томонидан аниқланган тақдирда, ваколатли давлат органининг қарорига кўра у кўрсатган муддатда аксилрекламани амалга ошириши;

ваколатли давлат органининг сўровига кўра реклама ахборотига доир ҳужжатлар ва материалларни белгиланган муддатда тақдим этиши;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг сўровига кўра ташқи реклама объектларидан фойдаланиш билан боғлиқ ҳужжатлар ҳамда материаллар тақдим этиши шарт.

Реклама берувчи қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва унинг зиммасида ўзга мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

13-модда. Реклама тайёрловчининг ва тарқатувчининг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари

Реклама тайёрловчи ва тарқатувчи рекламага оид фаолиятдаги ўз товарларини (ишларини, хизматларини) бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб мустақил равишда белгиланадиган нархлар ва тарифлар бўйича ёки шартнома асосида реализация қилиш ҳуқуқига эга, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Реклама тайёрловчи ва тарқатувчи:

реклама берувчидан ушбу Қонун 12-моддаси иккинчи қисмининг учинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолларда тегишли лицензияни, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни ва мувофиқлик сертификатини талаб қилиши;

рекламага оид фаолиятнинг бошқа субъектларидан махфийлик шартлари асосида олинган ахборотнинг ошкор қилинмаслигини таъминлаши;

ваколатли давлат органининг сўровига кўра реклама ахборотига доир ҳужжатлар ва материалларни у белгилаган муддатда тақдим этиши;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг сўровига кўра ташқи реклама объектларидан фойдаланиш билан боғлиқ ҳужжатлар ҳамда материаллар тақдим этиши шарт.

Реклама тайёрловчи ва тарқатувчи қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва уларнинг зиммасида ўзга мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

 LexUZ шарҳи

Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги 104-сон «Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида»ги қарори

14-модда. Рекламага оид фаолият субъектларининг ахборот тақдим этиш бўйича мажбурияти

Рекламага оид фаолият субъектлари ваколатли давлат органининг, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг асослантирилган талабига кўра ишончли ҳужжатларни ҳамда оғзаки ёки ёзма шаклдаги тушунтиришларни, видео- ва аудиоёзувларни, шунингдек ушбу органлар мазкур Қонунда назарда тутилган ваколатларини амалга ошириши учун зарур бўлган бошқа ахборотни бундай талаб келиб тушган кундан эътиборан етти кунлик муддатда тақдим этиши шарт.

15-модда. Реклама ахборотига доир ҳужжатлар ва материалларни сақлаш муддатлари

Реклама ахборотига доир ҳужжатлар ва материаллар рекламани тайёрлашга, тарқатишга (жойлаштиришга), рекламанинг натура ҳолидаги ва пулда ифодаланган миқдорига, босма материаллар ва нашр этилган материалларнинг (рекламанинг), намуналарнинг, видео- ва аудиоматериалларнинг, шунингдек ёзиб олинган бошқа воситаларнинг миқдорига оид шартномалардан иборатдир.

Рекламага оид фаолият субъектлари реклама ахборотига доир ҳужжатлар ва материалларни ёки уларнинг кўчирма нусхаларини, шу жумладан уларга киритиладиган кейинги барча ўзгартишларни реклама охирги марта эълон қилинган (узатилган, тарқатилган) кундан эътиборан уч йил мобайнида (бундан қонунчиликда рекламага доир ҳужжатлар ва материалларни сақлашнинг узоқроқ муддатлари назарда тутилган ҳоллар мустасно), рекламага нисбатан низо юзага келган тақдирда эса ушбу низо қонунчиликда назарда тутилган тартибда ҳал қилингунига қадар сақлаши шарт.

4-боб. Рекламага доир умумий ва махсус талаблар

16-модда. Рекламага доир асосий талаблар

Номақбул рекламага йўл қўйилмайди.

Агар реклама берувчи реклама қилинаётган қиёслаш ишончлилигининг фактик далилларини тақдим этиши мумкин бўлса, агар бунда реклама фойдаланувчисини реклама чалғитиб қўймаса ва чалғитиб қўйиши мумкин бўлмаса, рақобатчининг ишчанлик обрўсига ёки унинг товар белгисига (хизмат кўрсатиш белгисига), фирма номига, товарига ёки фаолиятига путур етказмаса, қиёсий рекламага йўл қўйилади.

Рекламада қуйидагилар тақиқланади:

жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеига қараб, бошқа ҳолатларга кўра камситиш ёки ўзга шахсларнинг товарларини бадном қилиш;

қонунчиликнинг бузилишига олиб келиши мумкин бўлган, фуқароларнинг ҳаётига ёки соғлиғига ва атроф-муҳитга зарар етказувчи ёхуд зарар етказиши мумкин бўлган, шунингдек хавфсизлик воситаларига эътиборсиз бўлишга ундовчи ҳаракатларга даъват қилиш;

агар муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонунчиликда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, бошқа товар рекламасида қўлланиладиган ёки видео ва кино маҳсулотларида, шунингдек бошқа илм-фан, адабиёт ва санъат асарларида (муаллифлик ҳуқуқи), эфир ёки кабель орқали кўрсатувлар (эшиттиришлар) берувчи ташкилотларнинг ижроларида, фонограммаларида фойдаланиладиган умумий ечимни, матнни, тасвирни, мусиқали ёки овозли эффектларни айнан такрорлаш;

жисмоний шахснинг номидан ёки тасвиридан унинг розилигисиз фойдаланиш;

порнография тусидаги ахборотдан фойдаланиш;

ахборот мазмунининг бузилишига олиб келиши мумкин бўлган чет эл сўзлари ва ибораларидан фойдаланиш;

товар давлат органлари ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан маъқулланганлигини кўрсатиш;

товар белгилари (хизмат кўрсатиш белгилари) реклама қилиниши тақиқланган ёхуд реклама қилинишига нисбатан тегишли чекловлар ёки талаблар белгиланган товарнинг товар белгилари (хизмат кўрсатиш белгилари) билан адаштириб юбориш даражасида бир хил ёхуд унга айнан ўхшаш бўлган бошқа товарнинг рекламаси кўринишида товарни реклама қилиш;

 LexUZ шарҳи

Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1781-моддаси

давлат рамзларидан, хусусан Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби, Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тасвиридан ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси оҳангидан фойдаланиш ёки уларни айнан такрорлаш;

мактабгача таълимда ҳамда тарбияда, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълимда фойдаланиладиган босма нашрларда (дарсликларда, мактаб кундаликларида, мактаб дафтарларида ва бошқаларда) товарларни реклама қилиш;

нархларни (тарифларни) чет эл валютасида кўрсатиш;

болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда ахборот маҳсулотини ёш таснифини кўрсатмасдан реклама қилиш;

товар тўғрисидаги, уни олиш ёки ундан фойдаланиш шартлари ҳақидаги муҳим маълумотларни яшириш ва (ёки) ўқиш учун фарқлаб олишни қийинлаштирадиган қилиб тасвирлаш, агар бунда ахборотнинг мазмуни бузиб кўрсатилса ва рекламадан фойдаланувчиларни чалғитса;

миллий ва оилавий анъаналарга, шунингдек ахлоқ ва маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид бўлган шакллар, иборалар ва образлардан фойдаланиш.

Қуйидагиларни:

ишлаб чиқарилиши ёки реализация қилиниши қонунда тақиқланган товарларни;

ишлаб чиқарилиши ва (ёки) реализация қилиниши учун тегишли сертификатлари ва лицензиялари, мажбурий сертификатлаштириш гувоҳномалари ёки махсус рухсатномалари мавжуд бўлмаган товарларни;

гиёҳвандлик воситаларини ёки психотроп ва (ёки) кучли таъсир қилувчи моддаларни;

порнография маҳсулотларини реклама қилиш тақиқланади.

 LexUZ шарҳи

Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 189-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 130-мoддаси.

Айрим турдаги товарлар рекламасига нисбатан мазкур рекламага қўшимча ахборот ва (ёки) огоҳлантиришларни илова қилиш зарурлиги тўғрисида талаблар белгиланиши мумкин.

Реклама берувчи ва реклама тарқатувчи бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари бўлган тақдирда, рекламани тарқатишга йўл қўйилмайди.

17-модда. Вояга етмаганларни рекламада ҳимоя қилиш

Вояга етмаганларни уларнинг ишончини ва тажрибаси етишмаслигини суиистеъмол қилишлардан ҳимоя этиш мақсадида рекламада қуйидагилар тақиқланади:

вояга етмаганларнинг истеъмол қилиши тақиқланган товарларни истеъмол қилаётган ёки улардан фойдаланаётган вояга етмаганларнинг тасвирларидан фойдаланиш;

хавфли вазиятларда, шу билан бирга уларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига таҳдид солувчи хатти-ҳаракатларни содир этишга, шу жумладан ўз соғлигига зарар етказишга ундовчи вазиятларда вояга етмаганларни намойиш этишдан фойдаланиш;

вояга етмаганларни товарларни олишга даъват қилиш ёки реклама қилинаётган товарларни олишни илтимос қилиб учинчи шахсларга мурожаат этишга ундаш;

ҳақиқий ёки ўйинчоқ қуролдан фойдаланиш;

ота-оналар ва тарбиячиларни обрўсизлантириш, вояга етмаганларнинг уларга бўлган ишончига путур етказиш;

вояга етмаганлар олиши ёки истеъмол қилиши тақиқланган товарларни вояга етмаганлар учун мўлжалланган телеканалларда, телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришларда реклама қилиш.

18-модда. Рекламани идентификация қилиш

Реклама, тарқатилиш шаклларидан ёки воситаларидан қатъи назар, уни реклама сифатида идентификация қилиш мумкин бўладиган тарзда бошқа ахборотдан ажратилган бўлиши керак. Мазкур талаб уйғунлаштирилган рекламага нисбатан татбиқ этилмайди.

Телевидение ва радиодаги реклама бошқа дастурлардан ўзининг бошланиши ва охирида аудио-, видео-, аралаш воситалар ёки бошловчиларнинг шарҳлари ёрдамида ажратиб қўйилиши керак.

Босма нашрлардаги реклама бошқа ахборотдан «Реклама» деган сўз кўрсатилган ҳолда ажратилган бўлиши керак.

Реклама берувчи томонидан бевосита ёки билвосита фойда (даромад) олиш мақсадида эълон қилинган, товарга қизиқишни шакллантириш ва уни реализация қилишга кўмаклашиш учун товарнинг муайян маркасига (номига, моделига, артикулига) ёхуд уни ишлаб чиқарувчига рекламадан фойдаланувчиларнинг эътиборини атайин жалб этадиган ёки мазкур товарни ишлаб чиқарувчи ёки тарқатувчи шахснинг нашрга оид маълумотларини (реквизитларини) ўз ичига олган ахборот материали, муаллифлик ва таҳририят материали реклама деб ҳисобланади ҳамда у «Реклама» рукни остида жойлаштирилган бўлиши керак.

19-модда. Рекламада ҳомийлик ва шериклик

Телекўрсатувларни, радиоэшиттиришларни яратишда, телевидение ва радиода намойиш этиладиган театр-концерт, спорт тадбирларини ҳамда бошқа тадбирларни ташкил қилишда ҳомийлар ва шериклар иштирок этиши мумкин.

Намойиш қилинаётган телекўрсатувлар, радиоэшиттиришларнинг ҳомийлари ва шериклари тўғрисидаги ахборот дастур бошида ҳамда охирида қисқа ва аниқ кўрсатилиши керак. Ҳомийнинг номи (номланиши) ёнида унинг товар белгиси (хизмат кўрсатиш белгиси) кўрсатилиши мумкин.

Ҳомийлик ва шериклик белгилари «Дастур ҳомийси» ва (ёки) «Дастур шериги» шаклида ҳомий ва (ёки) шерик ҳақидаги қайдни ўз ичига олган бўлиши мумкин.

Телеканалларда ҳомийлик ва шериклик белгиларининг хронометражи беш сониядан, радиоканалларда эса йигирма сониядан ошиши мумкин эмас.

20-модда. Ижтимоий ахборот

Рекламанинг айланиши учун белгиланган барча талаблар ижтимоий ахборотнинг айланишига нисбатан қўлланилади.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек жисмоний ва юридик шахслар ижтимоий ахборотнинг реклама берувчилари бўлиши мумкин.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг ижтимоий ахборотни бепул асосда тайёрлаш ҳамда тарқатишга (жойлаштиришга), ўз мол-мулкини (шу жумладан пул маблағларини) ижтимоий ахборот тайёрлаш ва тарқатиш (жойлаштириш) учун бошқа шахсларга беришга доир фаолияти ҳомийлик фаолияти деб эътироф этилади. Бундай шахслар қонунчиликда назарда тутилган имтиёзлардан фойдаланади.

Ижтимоий ахборотда товарларнинг муайян маркалари (номлари, моделлари, артикуллари), ишлаб чиқарувчиларнинг товар белгилари (хизмат кўрсатиш белгилари) ҳамда уларнинг бошқа индивидуаллаштириш воситалари тўғрисидаги эслатмага, шунингдек бевосита ёки билвосита фойда (даромад) олиш мақсадларини кўзлашга йўл қўйилмайди.

Радио ва теледастурларда тарқатиладиган ижтимоий ахборотда ҳомийлар тўғрисидаги эслатма уч сониядан ошиши мумкин эмас ва бундай эслатмага кадр майдонининг кўпи билан етти фоизи ажратилиши, бошқа воситалар орқали тарқатиладиган ижтимоий ахборотда эса реклама майдонининг (сатҳининг) кўпи билан беш фоизи ажратилиши керак.

Оммавий ахборот воситалари, ташқи реклама ва ахборотни тарқатувчилар реклама учун ажратилган эфир вақти, нашр ёки реклама майдони умумий ойлик ҳажмининг беш фоизидан кам бўлмаган ҳажмда ижтимоий ахборотни жойлаштириши шарт. Бунда фаолияти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўлиқ молиялаштириладиган ва (ёки) ўз устав фондида (устав капиталида) давлат улуши эллик фоиз ҳамда ундан ортиқ бўлган реклама тарқатувчилар давлат бошқаруви органларининг ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг буюртмасига кўра ижтимоий ахборотни бепул жойлаштиради.

21-модда. Рағбатлантирувчи акцияларни ташкил этиш ва ўтказиш

Қимматбаҳо совринлар тарқатиладиган ва (ёки) ўйналадиган рағбатлантирувчи акцияларни ёхуд ушбу акцияларда иштирок этиш учун рекламадан фойдаланувчи томонидан бирор-бир ҳаракатлар амалга оширилишини назарда тутадиган рағбатлантирувчи акцияларни ўтказиш чоғида реклама берувчи рағбатлантирувчи акцияни ўтказиш бошлангунига қадар оммавий ахборот воситаларида ва (ёки) эркин фойдаланиладиган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ахборот ресурсларида акцияда иштирок этиш шартларини эълон қилиши шарт.

Рағбатлантирувчи акцияларни ўтказиш шартларининг эълони қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

рағбатлантирувчи акцияни ўтказиш қоидаларини, уни ўтказиш муддатлари, совринлар ва ютуқларнинг номи, миқдори, уларни олиш жойи ҳамда тартиби кўрсатилган ҳолда, шунингдек рағбатлантирувчи акцияни ўтказиш шартларига тааллуқли бошқа ҳар қандай ахборотни;

реклама берувчининг номини, манзилини, алоқа боғлашга доир маълумотларини (телефон рақами, электрон почта манзили ва бошқа маълумотларни);

рағбатлантирувчи акция ташкилотчисининг юридик номини, жойлашган ерини (почта манзилини), алоқа боғлашга доир маълумотларини (телефон рақами, электрон почта манзили ва бошқа маълумотларни).

Иштирок этиш шартлари Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ахборот ресурсларида эълон қилинган тақдирда, эълон рағбатлантирувчи акция тугаганидан кейин камида олти ой давомида эркин фойдаланиш учун очиқ бўлиши керак.

Рағбатлантирувчи акциялар товарларни бепул тарқатиш ва рақобатдош товарларга (бундан ушбу Қонунда реклама қилиниши тақиқланган товарлар мустасно) айирбошлаш ёки хизматлар кўрсатиш билан бирга амалга оширилиши мумкин.

Рағбатлантирувчи акциялар доирасида қимматбаҳо совринлар ўйналиши қуйидаги ҳолларда лотерея ҳисобланмайди, башарти:

мукофот фонди, шунингдек рағбатлантирувчи акция ўтказилишини ташкил этиш харажатлари рағбатлантирувчи акция иштирокчиларининг тўғридан-тўғри пул бадаллари ҳисобига ёки чипталар сотиш ва реклама берувчининг реклама қилинаётган товари билан боғлиқ бўлмаган бошқа номинал бирликлар ҳисобидан шакллантирилмаган бўлса;

рағбатлантирувчи акцияда иштирок этиш фақат реклама хусусиятига ва реклама берувчининг реклама қилинаётган товари сотилишини кўпайтириш мақсадига эга бўлса.

Рағбатлантирувчи акциялар ўтказилиши тўғрисидаги ахборотда ютуқни олиш эҳтимолини ошириб кўрсатувчи иборалар бўлмаслиги керак.

Тегишли мукофот фонди мавжуд бўлмаган ҳолда рағбатлантирувчи акцияларни ташкил этиш ва ўтказиш тақиқланади.

22-модда. Аксилреклама

Реклама тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги ваколатли давлат органи томонидан аниқланган тақдирда, қонунбузар мазкур органнинг қарорига биноан ва у кўрсатган муддатда аксилрекламани амалга ошириши шарт.

Аксилреклама ихтиёрий равишда ёки ваколатли давлат органининг қарори ёхуд суднинг қарорига биноан амалга оширилиши мумкин.

Агар қонунбузар аксилрекламани белгиланган муддатда амалга оширмаса, ваколатли давлат органи қонунбузарнинг рекламасини у аксилрекламани амалга оширгунига қадар тўлиқ ёки қисман тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳамда бу ҳақда реклама тўғрисидаги қонунчиликни бузган шахс билан шартнома тузган тарафларни хабардор қилишга ҳақлидир.

Аксилреклама раддия берилаётган реклама қайси реклама воситаларида амалга оширилган бўлса, айни ўша реклама воситаларида, айни ўша давомийлик, макон, жой ва тартибдан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Аксилрекламанинг мазмуни қонунбузарлик ҳолатини аниқлаган ва уни тузатиш тўғрисида қарор қабул қилган ваколатли давлат органи билан келишилади. Айрим ҳолларда аксилреклама амалга ошириладиган реклама воситасини, давомийликни, жойни ва тартибни ушбу органнинг қарорига кўра ўзгартиришга йўл қўйилиши мумкин;

Аксилрекламани амалга ошириш билан боғлиқ барча харажатларнинг ўрни қонунбузар томонидан қопланади.

 LexUZ шарҳи

Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 1781-моддаси.

5-боб. Ташқи реклама

23-модда. Ташқи реклама ва ахборот объектлари (конструкциялари)

Ташқи рекламани жойлаштириш (тарқатиш) учун махсус ишлаб чиқилган ва қўлланиладиган воситалар, шунингдек ахборотни аҳолига етказиш вазифасини бажарувчи техник воситалар (конструкциялар) (пилонлар, кўчма реклама конструкциялари (устун, плакат), призматронлар, проекциявий конструкциялар, билбордлар, видеоэкранлар, электрон дисплейлар ва бошқа техник воситалар) ташқи реклама ва ахборот объектларидир (конструкцияларидир).

Ташқи реклама ва ахборот объектлари (конструкциялари):

ер участкаларига;

биноларнинг, иншоотларнинг ёки улар мажмуаларининг сиртига (томига, олд томонига, деворларига);

кўприкларга ва йўл ўтказгичларга;

жамоат транспорти бекатларига, шаҳар муҳити элементларига (паркинглар, тумбалар, таксофонларга ва бошқаларга);

муайян ҳудуддаги (шаҳар муҳити) ташқи инфратузилманинг бошқа объектларига ўрнатилиши мумкин.

Аҳолининг шаҳар доирасидаги яшаш ва (ёки) фаолият юритиш муҳити шаҳар муҳити жумласига кириб, у ишлаб чиқариш, ижтимоий, муҳандислик, транспорт инфратузилмаларининг моддий объектларини, ҳаво ва ер ости маконини (метрополитен инфратузилмасидан ташқари) ўз ичига олади ҳамда ташқи реклама ва ахборот объектларини (конструкцияларини) ўрнатиш мақсадлари учун тижорат аҳамиятига эга бўлади.

Ташқи реклама ва ахборотни жойлаштириш (тарқатиш) учун махсус мўлжалланган ҳамда фойдаланиладиган техник воситаларни ўрнатиш ёки ташқи реклама ва ахборотни жойлаштириш учун махсус мўлжалланмаган техник воситаларга жойлаштириш (тарқатиш) ташқи реклама ва ахборот объектини (конструкциясини) ўрнатиш ҳисобланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари ташқи реклама ва ахборот объектларини (конструкцияларини) жойлаштириш учун ер участкасининг тижорат қийматини акс эттирувчи ҳудудларнинг зоналар бўйича тақсимотини, ўрнатиладиган ташқи реклама ва ахборот объектлари (конструкциялари) орасидаги масофалар нормативларини тасдиқлайди, юқори технологияли ташқи реклама ва ахборот объектларининг (конструкцияларининг) янги турлари ўрнатилиши ҳамда улардан фойдаланилишини рағбатлантириш тартибини белгилайди, ташқи рекламани ўрнатганлик учун йиғимлар тўланиши устидан назоратни, реклама жойлари паспортларининг реестри юритилишини амалга оширади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ташқи реклама ва ахборот объектларини (конструкцияларини), мулк шаклидан қатъи назар, ер участкаларига, шунингдек биноларга ёки бошқа кўчмас мулкка ўрнатиш чизмаларини тасдиқлайди.

Ташқи реклама ва ахборот объектларини (конструкцияларини) ўрнатиш чизмаси шаҳарсозлик режалаштириш ҳужжатларига мувофиқ бўлиши ҳамда мавжуд биноларнинг ташқи меъморий қиёфасига, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига, хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаши ҳамда реклама конструкцияларининг турлари ва шакллари, ахборот майдонларининг сатҳи ҳамда реклама конструкцияларининг техник тавсифлари кўрсатилган ҳолда реклама конструкцияларини ўрнатиш хариталарини ўз ичига олган бўлиши керак.

Ташқи реклама ва ахборот объектларини (конструкцияларини) ўрнатиш чизмаси ва унга киритиладиган ўзгартишлар ваколатли давлат органи билан олдиндан келишиб олиниши лозим.

Ташқи реклама ва ахборот объектларини (конструкцияларини) ўрнатиш чизмаси ҳамда унга киритиладиган ўзгартишлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтларида эълон қилиниши лозим.

24-модда. Ер участкаларига, биноларга ҳамда иншоотларга ташқи реклама ва ахборот объектларини (конструкцияларини) ўрнатишга бўлган ҳуқуқ

Ер участкаларига, биноларга ҳамда иншоотларга ташқи реклама ва ахборот объектларини (конструкцияларини) ўрнатишга бўлган ҳуқуқ юридик ёки жисмоний шахсларга берилиши мумкин.

Давлат мулки бўлган ер участкаларига, биноларга ҳамда иншоотларга ташқи реклама ва ахборот объектларини (конструкцияларини) ўрнатишга бўлган ҳуқуқ ягона электрон савдо майдончаси орқали очиқ электрон аукционлар асосида берилади, бундан ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Ушбу Қонун кучга киргунига қадар ўзига реклама жойининг паспорти берилган пайтда амалда бўлган қонунчиликка мувофиқ мазкур паспорт берилган юридик ва жисмоний шахслар ер участкаларига, биноларга ҳамда иншоотларга ташқи реклама ва ахборот объектларини (конструкцияларини) ягона электрон савдо майдончаси орқали очиқ электрон аукционларни ўтказмасдан ўрнатиш ҳуқуқига эга бўлади. Реклама жойи паспорти муддати ўтганидан кейин юридик ёки жисмоний шахслар ташқи реклама ва ахборот объектларини (конструкцияларини) ягона электрон савдо майдончаси орқали очиқ электрон аукцион якунлари бўйича ўрнатиш ҳуқуқига эга бўлиши мумкин.

Хусусийлаштирилган ер участкаларига, шунингдек хусусий мулк бўлган биноларга ҳамда иншоотларга ташқи реклама ва ахборот объектларини (конструкцияларини) ўрнатишга бўлган ҳуқуқ хусусийлаштирилган ер участкаларининг, биноларнинг ҳамда иншоотларнинг мулкдорлари билан тузилган шартномалар асосида юридик ёки жисмоний шахсларга берилиши мумкин.

25-модда. Ер участкаларидаги, бинолардаги ҳамда иншоотлардаги ташқи реклама ва ахборот объектлари (конструкциялари) учун реклама жойининг паспорти

Юридик ёки жисмоний шахслар ягона электрон савдо майдончаси орқали очиқ электрон аукцион якунларига кўра ер участкаларидаги реклама жойининг паспортини ўн йил муддатга, давлат мулки бўлган бинолардаги ва иншоотлардаги реклама жойининг паспортини эса беш йил муддатга олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Юридик ёки жисмоний шахслар хусусийлаштирилган ер участкаларидаги, шунингдек хусусий мулк бўлган бинолар ва иншоотлардаги реклама жойининг паспортини хусусийлаштирилган ер участкаларининг, биноларнинг ҳамда иншоотларнинг мулкдорлари билан тузилган шартномалар асосида олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунда реклама жойининг паспорти ушбу шартномаларда белгиланган муддатга берилади, бироқ бу муддат ўн йилдан ошиши мумкин эмас.

Ташқи реклама ва ахборот объектини (конструкциясини) давлат мулки бўлган ер участкасига ўрнатиш учун реклама жойининг паспорти эгасига тегишли ер участкаси ижара ҳуқуқи асосида берилади, давлат мулки бўлган бинога ёки иншоотга ташқи реклама ва ахборот объектини (конструкциясини) ўрнатиш учун эса реклама жойи паспортининг эгаси билан ижара шартномаси тузилади.

Ташқи реклама ва ахборот объектларини (конструкцияларини) ўрнатиш учун реклама жойининг паспортида кўрсатилган, давлат мулки бўлган ер участкасидан, бинодан ёки иншоотдан вақтинчалик фойдаланиш имкони бўлмаган тақдирда (ер участкасида қурилиш ишлари олиб борилиши, бинолар ҳамда иншоотлар реконструкция қилиниши ҳамда таъмирланиши ва бошқалар) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қарорига кўра реклама жойи паспортининг эгасига ташқи реклама ва ахборот объектини (конструкциясини) монтаж қилганлик (ўрнатганлик), демонтаж қилганлик ҳамда кўчириб ўтказганлик учун компенсация тўланган ҳолда тенг қимматли жой берилади, ер участкаси, бино ёки иншоот берилмаган тақдирда эса ташқи реклама ҳамда ахборот объектини (конструкциясини) ўрнатиш ва демонтаж қилиш, электрон аукцион орқали ташқи реклама ва ахборот объектини (конструкциясини) ўрнатиш ҳуқуқини олиш, конструкциянинг баҳолаш қиймати билан боғлиқ харажатлар компенсация қилинади.

Агар ҳудудларда қурилиш, ободонлаштириш ишларини, биноларни (иншоотларни) қуриш, реконструкция қилиш ёки таъмирлаш ҳамда бошқа ишларни олиб бориш тугалланганидан сўнг ташқи реклама ва ахборот объектини (конструкциясини) аввалги жойига ўрнатиш имконияти мавжуд бўлса, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қарорига кўра реклама жойи паспортининг аввалги эгасига ўша реклама жойи учун паспорт унинг амал қилиш муддати бунгача амал қилган реклама жойининг паспорти бекор қилинган вақтга мутаносиб равишда узайтирилган ҳолда берилади ҳамда ташқи реклама ва ахборот объектини (конструкциясини) монтаж қилганлик (ўрнатганлик) ва демонтаж қилганлик учун ушбу Қонунга мувофиқ компенсация тўланади.

Реклама жойининг паспорти мавжуд бўлмаган ер участкаларига, биноларга ҳамда иншоотларга ўрнатилган ташқи реклама ва ахборот объектлари (конструкциялари) ваколатли давлат органининг қарорига мувофиқ демонтаж қилиниши лозим.

26-модда. Ташқи реклама ва ахборот объектларига (конструкцияларига) доир асосий талаблар

Ташқи реклама ва ахборот объектлари (конструкциялари):

Ташқи реклама ва ахборот объектлари (конструкциялари) хавфсизлигининг умумий техник регламентида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлиши;

реклама жойининг паспортига мувофиқ фақат реклама тарқатиш мақсадида фойдаланилиши;

реклама жойининг паспорти берилган кундан эътиборан олти ой ичида ўрнатилиши;

ташқи реклама ва ахборот объектларини (конструкцияларини) ўрнатиш чизмасига мувофиқ бўлиши керак.

Ташқи реклама ва ахборот объектларини (конструкцияларини) йўлнинг қатнов қисмига чиқариб ўрнатиш тақиқланади.

Ташқи рекламани моддий маданий мерос объектларига, йўл белгиларига ва светофорларга, уларнинг тиргакларига ёки ҳаракатни тартибга солиш учун мўлжалланган бошқа ҳар қандай қурилмага ўрнатиш, шунингдек туташ ҳудуддаги ободонлаштириш элементларини бузган ҳолда ўрнатиш тақиқланади.

Реклама жойи паспортининг эгалари ўрнатилган ташқи реклама ва ахборот объектлари (конструкциялари) учун тўловни ўз вақтида амалга ошириши шарт.

Реклама жойи паспортининг эгаси томонидан ушбу моддада назарда тутилган талабларга риоя этилмаслиги реклама жойи паспортини бекор қилиш учун асос бўлади. Реклама жойи паспорти бекор қилинган тақдирда, реклама жойининг паспортида кўрсатилган, давлат мулки бўлган ер участкаларига, биноларга ҳамда иншоотларга ташқи реклама ва ахборот объектларини (конструкцияларини) ўрнатишга бўлган ҳуқуқ ягона электрон савдо майдончаси орқали очиқ электрон аукционда сотувга қўйилади.

6-боб. Айрим турдаги реклама воситалари орқали реклама тарқатишнинг ўзига хос хусусиятлари

27-модда. Телевидениедаги реклама

Телеканаллар эфирида, теле-, видео-, кинохроникали дастурларда тарқатилаётган рекламанинг (шу жумладан теледўкон рекламаси каби рекламанинг) умумий давомийлиги кўрсатув вақтининг бир соати давомида йигирма фоиздан, бироқ бир суткада кўрсатув вақтининг ўн беш фоизидан ошиши мумкин эмас. Ушбу талаб фақат реклама теледастурларига ихтисослаштирилган телеканалларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Давомийлиги ўн дақиқадан кам бўлган телекўрсатувларни реклама билан узиб қўйишга ва реклама билан бирга намойиш этишга йўл қўйилмайди.

Спорт мусобақасининг (шу жумладан спорт беллашувлари, ўйинлари, жанглари, пойгаларининг) жонли эфирдаги ёки ёзиб олинган ҳолдаги намойиши, агар телеканалнинг ҳуқуқ эгаси билан тузилган шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, фақат спорт мусобақалари жараёнидаги танаффусларда ёки улар тўхтатиб турилган вақтда реклама билан, шу жумладан ҳомийлик рекламаси билан узиб қўйилиши мумкин.

Қуйидагилар тақиқланади:

реклама жойлаштириш мақсадида давлат тадбирлари ва маросимларининг намойишини узиб қўйиш;

реклама ва реклама ҳақидаги анонс, шу жумладан теледастур анонси товушининг баландлиги даражасини реклама ва реклама ҳақидаги анонс билан узиб қўйилган теледастур ва телекўрсатув товушига нисбатан баландроқ қилиб белгилаш;

телекўрсатувлар намойиш қилинаётганда реклама мақсадларида ҳаракатланувчи сатрдан фойдаланиш, бундан реклама блоки вақтида фойдаланиш мустасно;

телекўрсатувларга видеоплашкаларни (телекўрсатув намойиши вақтида кўриниб қоладиган тижорат ахборотини) жойлаштириш, бундан рекламанинг ўзини, шунингдек реклама ҳуқуқи асосида эфирга чиқариладиган кўрсатувни намойиш этиш вақти мустасно. Бунда видеоплашка ўлчами экран сатҳининг ўн фоизидан ошмаслиги ва унинг пастки қисмида горизонтал ҳолатда жойлаштирилган бўлиши керак.

Ушбу модда биринчи ва иккинчи қисмларининг талаблари:

тегишли телеканалда намойиш қилинаётган телекўрсатувлар тўғрисидаги теледастурларда жойлаштириладиган ахборотга;

теледастурнинг логотипига ва мазкур теледастур ҳақидаги ахборотга нисбатан татбиқ этилмайди.

Чет эл телеканаллари ретрансляция қилинаётганда тарқатиладиган реклама ахборотининг ушбу Қонуннинг 16-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқлигини таъминлаш имкони бўлмаган тақдирда, бундай каналларнинг дастурлари рекламадан фойдаланувчиларга реклама ахборотисиз тақдим этилади.

28-модда. Радиодаги реклама

Радиода тарқатилаётган рекламанинг, радиодастурларни реклама билан узиб қўйишнинг умумий давомийлиги эшиттириш вақтининг бир соати давомида йигирма фоиздан, бироқ бир суткада эшиттириш вақтининг ўн беш фоизидан ошиши мумкин эмас. Ушбу талаб эшиттиришлари фақат реклама радиодастурларига ихтисослаштирилган радиоканалларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Спорт мусобақасининг (шу жумладан спорт беллашувлари, ўйинлари, жанглари, пойгаларининг) жонли эфирдаги ёки ёзиб олинган ҳолдаги намойиши, агар радиоканалнинг ҳуқуқ эгаси билан тузилган шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, фақат спорт мусобақалари жараёнидаги танаффусларда ёки улар тўхтатиб турилган вақтда реклама билан, шу жумладан ҳомийлик рекламаси билан узиб қўйилиши мумкин.

Қуйидагилар тақиқланади:

реклама жойлаштириш мақсадида давлат тадбирлари ва маросимларининг намойишини узиб қўйиш;

реклама ва унинг анонси, шу жумладан радиоэшиттиришлар ҳақидаги анонс товушининг баландлиги даражасини реклама ва радиоэшиттиришлар рекламаси ҳақидаги анонс билан узиб қўйилган эшиттириш товушига нисбатан баландроқ қилиб белгилаш.

Чет эл радиоканаллари ретрансляция қилинаётганда тарқатиладиган реклама ахборотининг ушбу Қонуннинг 16-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқлигини таъминлаш имкони бўлмаган тақдирда, бундай каналларнинг дастурлари рекламадан фойдаланувчиларга реклама ахборотисиз тақдим этилади.

29-модда. Босма оммавий ахборот воситаларидаги реклама

Босма оммавий ахборот воситаларидаги рекламанинг ҳажми даврий нашр бир сони ҳажмининг қирқ фоизидан ошиб кетмаслиги керак. Ушбу талаб фақат рекламага ихтисослаштирилган босма оммавий ахборот воситаларига нисбатан татбиқ этилмайди.

30-модда. Телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш чоғидаги реклама

Телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш чоғида рекламани тарқатишга фақат, башарти абонент олдиндан розилик берса, йўл қўйилади.

Маълумотлар берувчи телефон хизмати кўрсатишда реклама фақат сўралган ахборот берилганидан кейин тақдим этилиши керак. Бунда реклама тақдим этиш вақти хизмат нархини белгилашда ҳисобга олинмаслиги керак.

Маҳаллий, шаҳарлараро ёки халқаро товушли телефон алоқасидан фойдаланган ҳолда ўзига реклама тақдим этиладиган рекламадан фойдаланувчи:

тақдим этиладиган ахборот реклама эканлиги тўғрисида;

реклама ахборотини тақдим этишнинг пулли ёки текинлиги ва унинг нархи ҳақида;

реклама қилинаётган товарга нисбатан қонунчиликда ва хизматлар кўрсатувчи томонидан белгиланган ёшга доир ҳамда бошқа чекловлар тўғрисида олдиндан хабардор қилиниши керак.

Шошилинч тезкор хизматларнинг (ёнғиндан сақлаш, ички ишлар органлари, тез тиббий ёрдам, газ тармоғининг авария хизмати ва бошқаларнинг) рақамларидан реклама тарқатиш учун фойдаланиш тақиқланади.

31-модда. Интернет жаҳон ахборот тармоғи воситасида тарқатиладиган реклама

Интернет жаҳон ахборот тармоғи воситасида тарқатиладиган реклама ушбу Қонуннинг 16-моддасида назарда тутилган рекламага қўйиладиган асосий талабларга, шу жумладан реклама берувчи ва реклама тарқатувчи бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари бўлган тақдирда рекламани тарқатишга йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги талабга мувофиқ бўлиши керак.

Қонунчиликда Интернет жаҳон ахборот тармоғининг «UZ» домен зонасидаги ахборот ресурсларида рекламанинг айланишига нисбатан қўшимча талаблар белгиланиши мумкин.

32-модда. Ички реклама

Биноларнинг ичига жойлаштириладиган реклама ички рекламадир.

Ички рекламани жойлаштириш ўлчамлари у жойлаштирилган жойнинг эгаси томонидан белгиланади.

Ички рекламани давлат органларининг ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, мактабгача таълим ташкилотларининг, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларининг биноларига жойлаштириш тақиқланади, бундан ижтимоий ахборот ва қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно.

33-модда. Транспортдаги реклама

Рекламани транспорт воситаларига жойлаштириш йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига риоя этилган ҳолда, транспорт воситалари эгалари ва транспорт воситаларига нисбатан бошқа ашёвий ҳуқуқларга эга бўлган шахслар билан тузилган шартномалар асосида амалга оширилади.

Рекламани умумий фойдаланишдаги транспорт воситаларида, метрополитен бекатларида, вокзалларда, портлар ва аэропортларда йўловчиларга хабар берувчи овозли тармоқлар орқали тарқатиш тақиқланади.

7-боб. Товарларнинг айрим турларини реклама қилишнинг ўзига хос хусусиятлари

34-модда. Дори воситаларини реклама қилиш

Қуйидаги дори воситаларини реклама қилиш тақиқланади:

фақат шифокорнинг рецепти бўйича тарқатиладиган дори воситаларини;

таркибида гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп ва (ёки) кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини;

Ўзбекистон Республикасида тиббиётда қўлланиш учун рухсат этилмаган дори воситаларини;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида давлат рўйхатдан ўтказилмаган дори воситаларини.

Дори воситаларини реклама қилишда қуйидагилар тақиқланади:

таниқли шахсларнинг, тиббиёт ходимларининг ёки ташқи кўриниши шифокорларнинг ташқи кўринишига ўхшаш шахсларнинг иштирок этиши. Мазкур талаб фойдаланувчилари фақат тиббиёт ва фармацевтика ходимлари бўлган рекламага, тиббиёт ёки фармацевтика кўргазмалари, семинарлари, конференциялари ва бошқа шунга ўхшаш тадбирлар ўтказиладиган жойларда тарқатиладиган рекламага, шунингдек босма нашрларга жойлаштирилган рекламага нисбатан татбиқ этилмайди;

олимларнинг, тиббиёт ходимларининг тавсияларидан, худди шунингдек алоҳида шахсларнинг миннатдорчилигидан, тавсияларидан ва реклама қилинаётган дори воситаларининг таъсири ҳақидаги ҳикояларидан иборат бўлган тавсиялардан фойдаланиш;

касаллик (жароҳат) ва (ёки) дори воситаларининг инсон организмига таъсири натижасида инсон организмида юз берадиган ўзгаришлар тўғрисидаги видеолавҳадан, тасвирдан ёки визуал намойишдан фойдаланиш. Мазкур талаб таъсири клиник жиҳатдан тасдиқланган, инсон организмидаги дори воситасини қабул қилиш ёки истеъмол қилиш билан боғлиқ бўлган ва инсон организмидаги тасвирланаётган ўзгаришлар жараёни дори воситасининг инсон организмига клиник жиҳатдан тасдиқланган таъсирини аниқ кўрсатадиган ўзгаришлар ҳақидаги тасвирга ёки визуал намойишга тааллуқли эмас;

дори воситаларини ҳаддан зиёд ва нотўғри ишлатишга ундаш;

шифокор маслаҳатини олмасдан мустақил равишда даволаниш ёки жарроҳлик аралашувини амалга ошириш имконияти тўғрисида таассурот (ишонч) уйғотиш;

дори воситалари муваффақиятли қўлланилганлигига доир муайян ҳолларга ҳавола қилинадиган реклама.

Рецептсиз бериладиган дори воситаларининг рекламаси:

дори воситасини ножўя таъсирлар мавжуд эмаслиги жиҳатидан ноёб, энг самарали, энг хавфсиз деб тақдим этмаслиги;

дори воситасининг таркибига, келиб чиқишига, янгилигига ёки патентланганлигига нисбатан янглишишларга олиб келмаслиги;

дори воситаси овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимча, косметик маҳсулот ёки гигиена воситаси ёхуд бошқа ҳар қандай турдаги товар эканлигини таъкидламаслиги;

реклама таъсирини кучайтириш мақсадида бошқа дори воситалари билан нотўғри таққослашларга йўл қўймаслиги;

мазкур дори воситасининг таъсири кафолатланганлиги тўғрисидаги тасдиқни ўз ичига олмаслиги;

инсон саломатлиги дори воситасини қабул қилмаслик оқибатида ёмонлашиши мумкинлигини уқтирмаслиги керак.

Рецептсиз бериладиган дори воситаларининг рекламаси ҳар бир ҳолда уларни қўллашга ва улардан фойдаланишга қарши кўрсатмалар мавжудлиги, қўллашга доир йўриқнома билан танишиш ёки мутахассислар маслаҳатини олиш зарурлиги тўғрисидаги огоҳлантириш билан бирга берилиши керак.

Дори воситаларининг рекламаси соҳасида рағбатлантирувчи акциялар ўтказиш тақиқланади.

Тиббиёт ходимлари ва тиббиёт муассасалари учун мўлжалланган дори воситаларининг рекламаси дори воситалари тўғрисидаги илмий маълумотлар рўйхатига тўлиқ мос келиши ҳамда унда қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

фаол модданинг номи;

ҳар бир доза учун фаол модданинг миқдори (чиқарилиш шакли);

ножўя ҳолатлар ва асосий номақбул таъсирлар;

қарши кўрсатмалар, огоҳлантиришлар ва мазкур дори воситасини эҳтиёткорлик билан қўллаш керак бўлган ҳолларга доир ахборот;

бошқа дори воситалари билан ўзаро таъсири;

тегишли илмий манбаларга, шунингдек қўшимча ахборот олиш имконияти ва манбаига ҳавола;

мазкур рекламадан фойдаланувчилар фақат тиббиёт ва фармацевтика ходимлари эканлиги тўғрисидаги ахборот.

35-модда. Овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчаларнинг ва озиқ-овқат қўшимчаларининг рекламаси

Овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчаларнинг ва озиқ-овқат қўшимчаларининг рекламаси:

улар дори воситалари ҳисобланади ва (ёки) даволаш хоссаларига эга деган таассуротни уйғотмаслиги;

уларни қўллаш натижасида одамлар даволанганлигига, уларнинг аҳволи яхшиланганлигига доир муайян ҳолларга ҳаволаларни ўз ичига олмаслиги;

уларнинг қўлланилганлиги муносабати билан жисмоний шахслар томонидан билдирилган миннатдорчилик изҳорини ўз ичига олмаслиги;

соғлом овқатланишни рад этишга ундамаслиги;

овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчаларнинг ва озиқ-овқат қўшимчаларининг тадқиқотлар ўтказилганлиги, давлат рўйхатига олинганлиги тўғрисидаги фактларга ҳаволалар қилиш, шунингдек бошқа тадқиқотлар натижаларидан уларни қўллаш учун тўғридан-тўғри тавсия шаклида фойдаланиш орқали дори воситаларига нисбатан афзалликлари ҳақидаги таассуротни юзага келтирмаслиги;

вояга етмаганлар олиши ёки истеъмол қилиши тақиқланган овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчалар ва озиқ-овқат қўшимчалари рекламасида болалар тасвиридан фойдаланилмаслиги керак.

Овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчалар ва озиқ-овқат қўшимчалари рекламаси ҳар бир ҳолда реклама объекти дори воситаси эмаслиги тўғрисидаги огоҳлантириш билан бирга берилиши керак.

Овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчалар ва озиқ-овқат қўшимчалари рекламаси бўйича рағбатлантирувчи акциялар ўтказиш тақиқланади.

36-модда. Она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотларни реклама қилишнинг тақиқланиши

Она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотларни реклама қилиш тақиқланади.

37-модда. Энергетик ичимликларнинг рекламаси

Энергетик ичимликларнинг рекламасида, ҳар бир ҳолда, бундай ичимликларни ҳаддан зиёд истеъмол қилишнинг зарари тўғрисидаги огоҳлантириш, шунингдек бундай ичимликларни истеъмол қилиш тавсия этилмайдиган шахслар ҳақидаги ахборот мавжуд бўлиши керак.

Энергетик ичимликларнинг рекламаси:

энергетик ичимликларни истеъмол қилиш жараёнларини намойиш этмаслиги;

спортда ютуқларга эришган инсонларнинг тасвирини ўз ичига олмаслиги;

энергетик ичимликларни истеъмол қилиш рекламадан фойдаланувчиларнинг ижтимоий ва спортга оид муваффақиятга эришиши ёки жисмоний ҳамда руҳий ҳолати яхшиланиши учун муҳим аҳамиятга эга деган таассуротни юзага келтирмаслиги керак.

Қуйидагилар тақиқланади:

соат 7.00 дан соат 22.00 га қадар энергетик ичимликларни телевидение ва радио орқали реклама қилиш;

ташқи реклама ва ахборот объектлари (конструкциялари) орқали энергетик ичимликларни реклама қилиш;

энергетик ичимликлар намуналарини вояга етмаганлар ўртасида реклама қилиш мақсадида бепул тарқатиш;

вояга етмаганларга энергетик ичимликларни реклама қилиш;

асосан вояга етмаганлар учун мўлжалланган тадбирларга ҳомийлик қилиш, агар бунда энергетик ичимликларнинг номидан, товар белгисидан (хизмат кўрсатиш белгисидан) ёки тасвиридан фойдаланиладиган бўлса;

вояга етмаганлар орасида энергетик ичимликларнинг номидан, товар белгисидан (хизмат кўрсатиш белгисидан) ёки тасвиридан фойдаланилган товарларни (футболкалар, бош кийимлар, ўйинларни ва бошқаларни) тарқатиш, шу жумладан сотиш;

асосан болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган босма нашрларда, шунингдек тиббиёт, спорт ва таълим муассасаларида ҳамда ташкилотларида энергетик ичимликларни реклама қилиш;

энергетик ичимликлардан фойдаланилган ҳолда рағбатлантирувчи акциялар ўтказиш.

38-модда. Алкоголь маҳсулотларининг рекламаси

Ҳар қандай қувватдаги алкоголь маҳсулотларининг рекламасига йўл қўйилмайди, бундан ушбу Қонуннинг 39-моддасида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Алкоголь маҳсулотларини сотишни қуйидаги йўллар орқали рағбатлантириш тақиқланади:

алкоголь маҳсулотлари намуналарини бепул тарқатиш;

алкоголь маҳсулотларининг номидан, товар белгисидан (хизмат кўрсатиш белгисидан) ёки тасвиридан фойдаланиладиган тадбирларга ҳомийлик қилиш;

алкоголь маҳсулотларининг номидан, товар белгисидан (хизмат кўрсатиш белгисидан) ёки тасвиридан фойдаланилган товарларни (футболкалар, бош кийимлар, ўйинларни ва бошқаларни), шунингдек болалар ўйинчоқларига, ширинликларга ёки болаларга мўлжалланган бошқа товарларга ўхшатиб чиқарилган алкоголь маҳсулотларини тарқатиш, шу жумладан сотиш;

бошқа ҳар қандай турдаги рағбатлантирувчи акциялар ўтказиш.

Бошқа ҳар қандай товарлар рекламасида алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш жараёнини намойиш этишга, шунингдек ушбу жараён рекламадан фойдаланувчиларнинг ижтимоий ва спортга оид муваффақиятга эришиши ёки жисмоний ҳамда руҳий ҳолати яхшиланиши учун муҳим аҳамиятга эга деган таассуротни юзага келтиришга йўл қўйилмайди.

39-модда. Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган пивони, табиий ва кўпикланадиган виноларни реклама қилиш

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган пивони, табиий ва кўпикланадиган виноларни реклама қилишга қуйидаги ҳолларда йўл қўйилади:

меҳмонхоналарда, савдо ва умумий овқатланиш корхоналарининг савдо залларида, шунингдек бундай маҳсулотларни намойиш қилиш ва татиб кўриш жойларида;

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган пивони, табиий ва кўпикланадиган виноларни ишлаб чиқарувчиларнинг ҳамда реализация қилишни амалга оширувчи шахсларнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-саҳифаларида, ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифини кўрсатган ҳолда;

темир йўл ва ҳаво транспорти воситаларида;

телевидение ва радио орқали маҳаллий вақт билан соат 23.00 дан соат 07.00 га қадар.

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган пивонинг, табиий ва кўпикланадиган виноларнинг рекламаси:

бундай маҳсулотларни ҳаддан зиёд истеъмол қилишнинг зарари ҳақида рекламанинг асосий майдони ва вақтининг камида ўн фоизини ташкил қилувчи огоҳлантириш ҳамда ушбу маҳсулотни истеъмол қилиши тавсия этилмайдиган шахслар тўғрисидаги ахборот билан бирга берилиши;

бундай маҳсулотларни истеъмол қилиш жараёнларини намойиш этмаслиги, бу жараёнлар ижтимоий ва спортга оид муваффақиятга эришиш ёки жисмоний ва руҳий ҳолатни яхшилаш учун муҳим аҳамиятга эга деган таассуротни юзага келтирмаслиги;

шахсда уларни истеъмол қилишнинг зарарсизлиги ҳақидаги тасаввурни шакллантирувчи ғоялар, қарашлар ва бадиий образларни очиқ ёки яширин шаклда тарқатишга қаратилган ҳаракатлардан иборат бўлмаслиги;

унда инсон образидан фойдаланилмаган бўлиши керак.

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган пивони, табиий ва кўпикланадиган виноларни реклама қилишда:

рағбатлантирувчи акциялар ёки шунга ўхшаш бошқа тадбирлар ўтказишга;

маданий-кўнгилочар, оммавий ва спорт тадбирларига ҳомийлик қилишга йўл қўйилмайди.

40-модда. Тамаки маҳсулотларини ҳамда тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларини реклама қилиш

Тамаки маҳсулотларини ҳамда тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларини реклама қилишга йўл қўйилмайди.

Тамаки маҳсулотларини ҳамда тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларини сотишни қуйидаги йўллар орқали рағбатлантиришга йўл қўйилмайди:

тамаки маҳсулотларининг ҳамда тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг намуналарини бепул тарқатиш, шунингдек уларга нисбатан чегирмалар қўллаш;

тамаки маҳсулотларининг ҳамда тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг номидан, товар белгисидан (хизмат кўрсатиш белгисидан) ёки тасвиридан фойдаланиладиган тадбирларга ҳомийлик қилиш;

тамаки маҳсулотларининг ҳамда тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг номидан, товар белгисидан (хизмат кўрсатиш белгисидан) ёки тасвиридан фойдаланилган товарларни (футболкалар, бош кийимлар, ўйинларни ва бошқа шу кабиларни), шунингдек болалар ўйинчоқларига, ширинликларга ёки болаларга мўлжалланган бошқа товарларга ўхшатиб чиқарилган тамаки маҳсулотларини ҳамда тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларини тарқатиш, шу жумладан сотиш;

савдо объектларининг олд томонида, кириш (чиқиш) жойларида, расталарида, ташқарига олиб чиқиладиган предметларида ҳамда бошқа жойларида тамаки маҳсулотларининг ҳамда тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг тасвирларини, номларини ҳамда улар ҳақидаги бошқа ахборотни жойлаштириш;

тамаки маҳсулотлари, тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламалари бўлмаган бошқа турдаги товарларни ишлаб чиқараётганда тамаки маҳсулотларига, тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларига, мазкур мосламаларнинг ашёларига ёки алоҳида қисмларига ўхшатиладиган ҳар қандай атамалар, таърифлар, белгилар, рамзлар, тасвирлардан ёки бошқа аломатлардан фойдаланиш;

рағбатлантирувчи акциялар ёки шунга ўхшаш бошқа тадбирлар ўтказиш.

Бошқа ҳар қандай товарларнинг рекламасида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш ҳамда тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларидан фойдаланиш жараёнини намойиш этишга, шунингдек ушбу жараён рекламадан фойдаланувчиларнинг ижтимоий ва спортга оид муваффақиятга эришиши ёки жисмоний ҳамда руҳий ҳолати яхшиланиши учун муҳим аҳамиятга эга деган таассуротни юзага келтиришга йўл қўйилмайди.

41-модда. Пиротехника воситалари, қурол ва унинг ўқ-дорилари, ҳарбий мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар рекламаси

Пиротехника воситаларини, қуролларнинг барча турларини ва унинг ўқ-дориларини, уларнинг таркибий қисмларини, портловчи моддаларни ва мосламаларни, техникани, ҳарбий мақсадга мўлжалланган маҳсулотни реклама қилиш тақиқланади, бундан сақлаш ҳамда фойдаланишга рухсат берилган ов ва спорт қуроллари мустасно.

Ов ва спорт қуролларини реклама қилиш фақат ихтисослаштирилган нашрларда, шунингдек бевосита бундай қуролни реализация қиладиган савдо ташкилотларининг хоналарида ёки тегишли кўргазмаларда (тадбирларда) амалга оширилади.

Ов ва спорт қуроллари рекламаси:

вояга етмаганларга қаратилмаган бўлиши;

унда вояга етмаганларнинг тасвиридан фойдаланилмаган бўлиши керак.

42-модда. Қимматли қоғозларнинг ва аҳоли маблағларини жалб этиш билан боғлиқ хизматларнинг рекламаси

Қимматли қоғозлар ва аҳоли маблағларини жалб этиш билан боғлиқ хизматлар (банк, суғурта хизматлари ва кўрсатилиши лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олишни талаб қиладиган фаолият билан боғлиқ бошқа хизматлар) ёки ушбу хизматларни кўрсатувчи шахслар фақат шундай фаолият турини амалга ошириш ҳуқуқини тасдиқловчи тегишли лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат мавжуд бўлган тақдирда реклама қилиниши мумкин.

Қимматли қоғозларнинг ва аҳоли маблағларини жалб этиш билан боғлиқ хизматларнинг (бундан банк омонатлари мустасно) ёки ушбу хизматларни кўрсатувчи шахсларнинг рекламасида қуйидагилар тақиқланади:

реклама қилинаётган хизматларга ёки қимматли қоғозларга бевосита алоқаси бўлмаган ахборотни кўрсатиш;

оддий акциялар бўйича даромад олишни ва дивидендлар миқдорини кафолатлаш;

кутилаётган даромад миқдорлари ва истиқболдаги фойда (даромад) тўғрисидаги ахборотни маълум қилиш;

эмиссияси рўйхатдан ўтказилмаган, шунингдек эмиссияси тўхтатиб турилган ёки амалга ошмаган деб топилган қимматли қоғозларни реклама қилиш.

Қимматли қоғозларнинг ва аҳоли маблағларини жалб этиш билан боғлиқ хизматларнинг (бундан банк омонатлари мустасно) ёки ушбу хизматларни кўрсатувчи шахсларнинг рекламасида мазкур хизматлардан фойдаланиш сармоя йўқотилишига олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантириш бўлиши керак.

43-модда. Молиявий хизматлар рекламаси

Молиявий хизматлар рекламаси ёки улар ҳақидаги реклама тарзидаги ахборот:

рекламадан фойдаланувчининг ишончини суиистеъмол қилмайдиган ва (ёки) рекламадан фойдаланувчининг тажрибаси ва билими етишмаслигидан фойдаланиш ниятини кўзламайдиган усулда тақдим этилиши;

реклама қилинаётган хизматларга бевосита алоқадор бўлмаган ахборотга эга бўлмаслиги керак;

ушбу молиявий хизматлар кўрсатиш учун шартномаларнинг муҳим шартларини очиб бериши керак.

44-модда. Театр-концерт тадбирлари рекламасида фонограммадан фойдаланилиши тўғрисидаги ахборот

Театр-концерт тадбирларида фонограммадан фойдаланилганда ушбу тадбир рекламасида бу ҳақда маълумот келтирилиши керак.

45-модда. Халқ табобати товарлари рекламаси

Халқ табобати товарлари рекламаси:

халқ табобати товарларини қўллаш натижасида касалликлардан тузалганликнинг, инсон соғлиғи ҳолати яхшиланганлигининг муайян ҳолларига ҳаволаларни ўз ичига олмаслиги;

шифокорга мурожаат этиш керак эмаслиги тўғрисида таассурот уйғотмаслиги;

халқ табобати товарларини дори воситалари, овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчалар ва озиқ-овқат қўшимчалари сифатида тақдим этмаслиги;

соғлом одамда халқ табобати товарларини қўллаш зарурлиги тўғрисида таассурот уйғотмаслиги;

вояга етмаганларга қаратилмаслиги;

халқ табобати товарларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун мажбурий бўлган тадқиқотлар олиб борилганлиги фактига ҳавола қилиш йўли билан халқ табобати товарларининг афзалликлари тўғрисида тасаввур ҳосил қилмаслиги;

рекламадан фойдаланувчиларнинг соғлиғида муаммолар ва (ёки) касалликлари мавжудлиги ҳақидаги таъкидларни ўз ичига олмаслиги;

халқ табобати товарларининг ижобий таъсирини, хавфсизлигини, самарадорлигини ва ножўя таъсирлари мавжуд эмаслигини кафолатламаслиги;

халқ табобати товарларининг хавфсизлиги ва (ёки) самарадорлиги уларнинг табиий келиб чиқиши билан кафолатланганлиги тўғрисидаги таъкидларни ўз ичига олмаслиги керак.

Халқ табобати товарлари рекламаси ҳар бир ҳолда уларни қўллашга ва улардан фойдаланишга қарши кўрсатмалар мавжудлиги, қўллашга доир йўриқнома билан танишиш ёки мутахассислардан маслаҳатлар олиш зарурлиги тўғрисидаги огоҳлантириш билан бирга берилиши керак.

Халқ табобати товарлари рекламаси бўйича рағбатлантирувчи акцияларни ўтказиш тақиқланади.

46-модда. Лотереялар, қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар рекламаси

Қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар, шу жумладан телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда ташкил этиладиган қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар рекламасига йўл қўйилмайди.

Лотереялар рекламаси ҳар бир ҳолда вояга етмаганларнинг лотереяларда иштирок этишига йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги огоҳлантириш билан бирга берилиши керак.

8-боб. Якунловчи қоидалар

47-модда. Реклама тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун молиявий санкциялар

Реклама тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун молиявий санкциялар қуйидаги миқдорларда пул ундириш (жарималар) тарзида қўлланилади:

ишлаб чиқарилиши, реализация қилиниши ёки реклама қилиниши қонунчиликда тақиқланган ёки чекланган маҳсулот тўғрисида реклама тарқатганлик — базавий ҳисоблаш миқдорининг юз баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади;

номақбул реклама берганлик, аксилрекламани беришни рад этганлик — базавий ҳисоблаш миқдорининг етмиш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади;

энергетик ичимликлар, алкоголли ичимликлар, тамаки маҳсулотларини ҳамда тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламалари, пиротехника воситалари, қурол ва унинг ўқ-дорилари, ҳарбий мақсаддаги маҳсулотлар рекламасига доир талабларни бузганлик, шунингдек ташқи реклама ва ахборотни жойлаштириш тартибини бузганлик — базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади;

вояга етмаганлар учун мўлжалланган рекламага, дори воситалари, биологик фаол ва озиқ-овқат қўшимчалари, шунингдек болалар озиқ-овқат маҳсулотлари рекламасига доир талабларни бузганлик — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Рекламага оид фаолият субъектлари бўлган юридик шахслар реклама тўғрисидаги қонунчилик соҳасидаги аниқланган ҳуқуқбузарликлардаги айбини тан олган тақдирда молиявий санкцияларни қўллаш ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади, низо мавжуд бўлган тақдирда эса молиявий санкцияларни қўллаш тўғрисидаги масала суд тартибида ҳал этилади.

Молиявий санкцияларни қўллаш рекламага оид фаолият субъектлари бўлган юридик шахсларни ваколатли давлат органининг қарорини ёки кўрсатмасини бажариш ёхуд реклама тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳаракатларни бажариш мажбуриятидан озод этмайди.

48-модда. Низоларни ҳал этиш

Рекламанинг айланиши соҳасида юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.

49-модда. Реклама тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Реклама тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Реклама берувчи реклама тўғрисидаги қонунчиликнинг реклама тайёрлаш учун тақдим этиладиган ахборот мазмунига доир қисми бузилганлиги учун, агар ушбу қонунбузарлик реклама тайёрловчининг ёки реклама тарқатувчининг айби билан юз берганлиги исботланмаса, жавобгар бўлади.

Реклама тайёрловчи реклама тўғрисидаги қонунчиликнинг реклама тайёрлашга доир қисми бузилганлиги учун жавобгар бўлади.

Реклама тарқатувчи реклама тўғрисидаги қонунчиликнинг рекламани тарқатиш вақти, жойи ва воситаларига доир қисми бузилганлиги учун жавобгар бўлади.

 LexUZ шарҳи

Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг, 1781-моддаси ва 189-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 130-мoддаси.

50-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш

Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:

1) Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 25 декабрда қабул қилинган «Реклама тўғрисида»ги 723-I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, № 1, 14-модда);

2) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1998 йил 25 декабрда қабул қилинган «Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида»ги 724-I-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, № 1, 15-модда);

3) Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 30 августда қабул қилинган «Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги 404-II-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 йил, № 9, 164-модда);

4) Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 25 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 482-II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 йил, № 5, 67-модда) XXV бўлими;

5) Ўзбекистон Республикасининг 2005 йил 19 декабрда қабул қилинган «Баъзи давлат бошқарув органларининг қайта ташкил этилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-14-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, № 12, 413-модда) 5-моддаси;

6) Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 4 апрелда қабул қилинган «Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун рухсат бериш тартиб-таомиллари турлари қисқартирилганлиги ҳамда соддалаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-28-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, № 4, 154-модда) 5-моддаси;

7) Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 10 октябрда қабул қилинган «Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилганлиги ҳамда уларнинг молиявий жавобгарлиги эркинлаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-59-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, № 10, 536-модда) 23-моддаси;

8) Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 10 апрелда қабул қилинган «Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 16-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги ЎРҚ-150-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2008 йил, № 4, 186-модда);

9) Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 17 сентябрда қабул қилинган «Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1781-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ЎРҚ-259-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2010 йил, № 9, 339-модда) 1-моддаси;

10) Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 6 октябрда қабул қилинган «Монополияга қарши давлат органи қайта ташкил этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-264-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2010 йил, № 10, 380-модда) 3-моддаси;

11) Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-352-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2013 йил, № 4, 98-модда) 28-моддаси;

12) Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги ЎРҚ-355-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2013 йил, № 10, 263-модда) 23-моддаси;

13) Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 20 январда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-365-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2014 йил, № 1, 2-модда) 19-моддаси;

14) Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 3 январда қабул қилинган «Айрим давлат органлари фаолияти такомиллаштирилиши, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-456-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, № 1, 1-модда) 21-моддаси;

15) Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 18 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-476-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, № 4, 224-модда) 34-моддаси;

16) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 9 январда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат тартибини таъминлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-514-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, №1, 3-модда) 6-моддаси;

17) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 23 майда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-542-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, № 5, 267-модда) 17-моддаси;

18) Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-683-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, 4-сонга илова) 100-моддаси.

51-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

52-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

53-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

 

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2022 йил 7 июнь,

ЎРҚ-776-сон

 

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.06.2022 й., 03/22/776/0498-сон)

 

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *