Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.

Давлат органлари зиммасидаги вазифа ва функцияларни бажаришда юзага келадиган коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолаш тизимини такомиллаштириш ҳамда давлат хизматига ҳалоллик стандартларини жорий этиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва “яширин иқтисодиёт”ни қисқартириш чоралари кўрилмоқда ҳамда “Коррупциясиз соҳа” лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини тубдан ошириш бўйича белгиланган вазифалар коррупция ҳолатларининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, уларни бартараф этишнинг таъсирчан тизимини яратишни тақозо этмоқда. Ушбу ишларга фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат секторнинг бошқа вакилларини ҳам кенг жалб этиш зарурати туғилмоқда.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурини изчил рўёбга чиқариш, шунингдек, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган давлат сиёсатининг самарадорлигини ошириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) ташкил этилсин.

Белгилаб қўйилсинки, Агентлик:

коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш, давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа нодавлат сектор вакилларининг биргаликдаги самарали фаолиятини таъминлаш, шунингдек, мазкур соҳадаги халқаро ҳамкорлик учун масъул бўлган махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади;

ўз фаолиятини қонунийлик, холислик, ҳисобдорлик, очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида бошқа давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади, Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари олдида ҳисобдордир;

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор томонидан бошқарилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Агентлик директорини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги фармонлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан тасдиқланади.

2. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

мамлакатда коррупция ҳолатини тизимли таҳлил қилишни таъминлаш, шунингдек, коррупцияга оид хавф-хатарлар юқори бўлган соҳалар ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш;

коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини, шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг тизимли сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш чораларининг самарадорлигини оширишга қаратилган давлат ва бошқа дастурларни шакллантириш ва амалга ошириш;

фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган комплекс дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш масалаларига оид ахборотларни тарқатиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқитишни ташкил этиш орқали жамиятда коррупциянинг барча кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантириш;

вазирлик ва идораларнинг коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш, давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа нодавлат сектор вакилларининг ушбу масалалар бўйича биргаликдаги самарали фаолиятини ташкил этиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари ва устав капиталида давлат улуши бўлган корхоналар, шу жумладан, банкларда коррупцияга қарши ички назорат тизими (“комплаенс-назорат”) ҳамда коррупцияга қарши курашишнинг бошқа халқаро воситаларини жорий этиш ва самарали фаолият кўрсатишини ташкиллаштириш, замонавий усуллар ва ахборот-коммуникация технологиялари асосида коррупцияга қарши мониторинг олиб бориш, шунингдек, уларнинг мазкур соҳадаги фаолияти бўйича рейтингини тузиш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизаси самарадорлигини таъминлаш, шунингдек, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, халқаро стандартларни ва илғор хорижий амалиётни жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

давлат хизматчиларининг даромад ва мол-мулкини декларация қилиш тизими жорий этилиши ва самарали фаолият кўрсатишини ҳамда декларацияларнинг ҳаққонийлиги текширилишини ташкил этиш, шунингдек, ушбу жараёнда аниқланган коррупция ҳолатларига ўз вақтида таъсир чоралари кўрилишини таъминлаш;

давлат хизматига ҳалоллик стандарти (“ҳалоллик вакцинаси”) ва манфаатлар тўқнашувини ҳал этиш стандартларини жорий этишда кўмаклашиш бўйича таъсирчан чораларни кўриш, шунингдек, уларга риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;

бюджет маблағлари, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг қарзларидан фойдаланиш, давлат активларини реализация қилиш ва давлат харидлари соҳасида коррупцияга қарши назорат тизимининг самарадорлигини таҳлил қилиш, шунингдек, уни такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда мамлакатнинг имижини мустаҳкамлаш ва унинг халқаро рейтинглардаги ўрнини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;

коррупциянинг ҳолати, тенденциялари ва сабаблари ҳамда коррупцияга қарши чоралар кўришнинг самарадорлиги юзасидан социологик, илмий ва бошқа тадқиқотларни ташкил этиш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг таъсирчанлигини ошириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, шу мақсадда оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат секторнинг бошқа вакиллари билан самарали ҳамкорликни амалга ошириш.

3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ Агентлик:

ҳар йили оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиниши лозим бўлган Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисида миллий маърузани тайёрлайди ҳамда уни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига киритади;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг коррупцияга қарши курашишга масъул бўлган қўмиталари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг тегишли қўмитаси, халқ депутатлари вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар Кенгашларининг коррупцияга қарши курашиш комиссиялари билан ҳамкорлик қилади;

коррупцияга оид, биринчи навбатда, Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларига ва халқаро имижига зарар етказувчи жиноятларни тергов қилиш натижаларини комплекс таҳлил қилади ҳамда натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ахборот беради;

коррупцияга оид жиноятлар оқибатида жамият ва давлат манфаатларига етказилган зарар тўлиқ қопланилишига эришиш устидан назоратни амалга оширади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш тизими самарадорлигини таҳлил қилади ва уни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади;

фуқаролик жамияти институтлари билан биргаликда ҳудудлар, иқтисодиёт тармоқлари ва бошқа соҳалар кесимида коррупциянинг даражасини баҳоловчи Коррупцияни қабул қилиш миллий индексини тузишни ташкиллаштиради;

давлат харидлари соҳасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш мақсадида давлат буюртмачиси ISO 37001 коррупцияга қарши стандартини қўллашни кўзда тутувчи талабни ўрнатади;

жойларда коррупциянинг олдини олишга қаратилган ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини ташкил этади;

коррупция ҳолатларига доир материалларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда оммавий ахборот воситаларига тақдим этади.

4. Агентликка қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

бюджет маблағларининг сарфланиши, давлат активларининг реализация қилиниши, давлат харидлари, инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ва давлат дастурлари бажарилиши билан боғлиқ материалларни талаб қилиш, олиш ва ўрганиш;

ўз ваколатига тааллуқли масалалар юзасидан ўрнатилган тартибда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупция масалалари бўйича мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўриш;

давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида коррупция ҳолатини ўрганиш;

коррупцияга оид жиноятлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, тизимли коррупциянинг ривожланиш тенденцияларини таҳлил қилиш мақсадида қонунчилик, шу жумладан, жиноят-процессуал қонунчилигига мувофиқ жиноят ишлари материалларини ўрганиш;

ўрганиш ва бошқа тадбирлар натижалари бўйича тўпланган материалларни фаолиятида коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик аломатлари бўлган шахсларга нисбатан қонунга мувофиқ чоралар кўриш, жумладан, жиноят ишларини қўзғатиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органларига тақдим этиш;

коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий суриштирувлар ўтказиш;

ижро ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари қарорларида коррупция белгилари аниқланган ҳолларда уларнинг ижросини тўхтатиш ёки бекор қилиш тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномаларни киритиш;

давлат органлари, ташкилотлари ва уларнинг мансабдор шахсларига кўриб чиқилиши мажбурий бўлган коррупцияга оид ҳуқуқбузарликка йўл қўймаслик тўғрисида огоҳлантиришлар ҳамда коррупцияни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш тўғрисида тақдимномалар киритиш.

Агентликнинг огоҳлантириш, тақдимнома ва мурожаатлари ўн кун ичида кўриб чиқилиши ва натижалари юзасидан ёзма ахборот берилиши шарт.

5. Белгилансинки:

Агентлик ходимларининг таркиби юриспруденция, иқтисодиёт, молия, солиқ, аудит, ахборот-коммуникация технологиялари ва Агентлик зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа соҳалар бўйича юқори малакали мутахассислар орасидан тўлдирилади;

Агентликнинг ҳужжатлар, материаллар ва бошқа маълумотларни тақдим этиш, тафтиш ва текширишлар ўтказиш, мутахассислар ажратиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисидаги талабларини бажариш давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, уларнинг мансабдор шахслари ва фуқаролар учун мажбурийдир;

Агентлик ходимлари ўз ваколатлари доирасида коррупциянинг сабаб ва шарт-шароитларини ўрганиш ҳамда таҳлил қилиш мақсадида давлат органлари ва ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ушлаб турилганларни ва қамоққа олинганларни сақлаш жойлари, жазони ижро этиш муассасаларига монеликсиз киришга ва ҳужжатлар билан танишишга ҳақли;

коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий равишда Агентлик билан келишилиши лозим.

6. Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ва унинг ҳудудий идоралараро комиссиялари Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши (кейинги ўринларда – Миллий кенгаш) ва унинг ҳудудий кенгашлари этиб қайта ташкил этилсин.

Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Агентлик Миллий кенгашнинг ишчи органи этиб белгилансин.

Агентлик Миллий кенгаш фаолиятини самарали ташкилий-услубий қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, иш режаларини ишлаб чиқиш ва уларнинг амалга оширилиши устидан назорат қилиш, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан биргаликда Миллий кенгаш томонидан қабул қилинган қарорларнинг ижросини ташкил этишни таъминласин.

7. Агентлик уч ой муддатда:

Агентликни юқори малакали кадрлар билан, биринчи навбатда, коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалий иш тажрибасига эга ва Агентлик зиммасига юклатилган вазифаларни профессионал даражада бажаришга қодир шахслар орасидан тўлдирилишини;

Агентлик фаолияти ташкил этилишини тартибга солувчи ҳужжатлар пакети, шу жумладан, Агентлик тузилмалари тўғрисида низомлар ва ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари ишлаб чиқилишини таъминласин.

Белгилаб қўйилсинки:

Агентликни ходимлар билан тўлдириш конкурс асосида халқаро стандартларга мувофиқ Агентлик томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади;

Агентликка биринчи марта ишга қабул қилинадиган ходимлар ишдан ажратилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академиясида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг назарий ва амалий масалалари, хорижий тажриба ва халқаро стандартларни ўрганишни қамраб олувчи махсус ўқув дастурлари бўйича таълим олади.

8. Агентлик:

а) Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамда бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда, шу жумладан, халқаро ташкилотларнинг маблағларини жалб қилган ҳолда, 2020-2021 йилларда барча давлат ва хўжалик бошқаруви органларида коррупцияга қарши ички назорат тизими (“комплаенс-назорат”)ни босқичма-босқич жорий этиш чораларини кўрсин;

б) давлат харидлари соҳасида масъулиятни ошириш ва коррупцияни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Бош прокуратураси билан биргаликда уч ой муддатда:

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуни талабларини, шу жумладан, харид қилиш тартиб-таомиллари турларини белгилаш ва ижрочини танлаш шартларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш;

давлат харидлари доирасида тузилган шартномаларни мажбурий равишда эълон қилиш, шунингдек, давлат харидларини танлов ва тендер савдолари орқали замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда фақат электрон шаклда амалга ошириш тартибини жорий этиш бўйича таклифларни киритсин;

в) Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Молия вазирлиги, Иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Адлия вазирлиги, Марказий банки ва Ҳисоб палатаси билан биргаликда уч ой муддатда, шу жумладан, уй-жой коммунал хўжалиги, сув хўжалиги, қурилиш ва энергетика соҳаларида давлат харидлари, давлат мулкини бошқариш ва ундан фойдаланишда қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати бўйича ўрганиш ўтказсин;

г) Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан биргаликда доимий асосда давлат харидларида аффилланганлик, шу жумладан, харидлар иштирокчиларининг охирги бенефициар эгаларига тааллуқли манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва олдини олиш чораларини кўриш мақсадида масофавий мониторинг ўтказсин.

9. Агентлик зиммасига:

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари учун коррупцияга қарши курашиш бўйича тармоғининг Истанбул ҳаракатлар дастури доирасидаги ишлар ҳамда ишлаб чиқилган тавсияларнинг амалга оширилишини таъминлаш;

БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси ва Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги бошқа халқаро шартномалари қоидаларининг бажарилиши билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда ушбу йўналишдаги фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий координатори вазифа ва ваколатлари юклатилсин.

10. Агентлик Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Бош прокуратураси билан биргаликда уч ой муддатда:

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги фаолияти, шунингдек, ушбу соҳадаги давлат ва бошқа дастурлар самарадорлигини мониторинг қилиш ҳамда баҳолаш имконини берувчи “E-Anticor.uz” электрон платформаси;

коррупция ҳолатлари ҳақида Агентликни хабардор қилиш имконини берувчи махсус мобиль дастурий таъминот;

Агентликка давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг маълумотлар базаларидан фойдаланиш имкониятини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши ва жорий этилишини таъминласин.

11. Агентлик Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Бош прокуратураси ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда, халқаро экспертларни жалб этган ҳолда:

икки ой муддатда – Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши курашиш соҳасида халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилишини ҳамда Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгашига киритилишини;

уч ой муддатда – “Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш агентлиги тўғрисида”ги, “Давлат хизматчиларининг даромадлари, мол-мулки ва манфаатлар тўқнашувини декларация қилиш тўғрисида”ги, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилишини ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритилишини;

уч ой муддатда – Коррупцияга қарши курашиш халқаро стандартларини Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига имплементация қилишни давом эттириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилишини ҳамда кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун Миллий кенгашга киритилишини таъминласин.

12. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

Агентлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар, шу жумладан, биноларни таъмирлаш, мебель ва бошқа моддий-техник воситалар билан жиҳозлаш учун ўрнатилган тартибда маблағлар ажратиш чораларини кўрсин;

2021 йилдан бошлаб ҳар йили Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети параметрларида алоҳида модда билан Агентлик фаолиятини ҳамда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш чораларини молиялаштириш учун зарур маблағларни назарда тутсин.

13. Вазирлар Маҳкамаси Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда Агентликни жойлаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таклиф киритсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардияси Агентлик зиммасига юклатилган вазифаларни амалга оширишда унга ҳар томонлама кўмаклашсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси оммавий ахборот воситаларида мунтазам равишда ушбу Фармоннинг мақсад ва вазифаларини ёритиш бўйича мақолалар чоп этилишини ва тематик телекўрсатувлар бериб борилишини ташкил этсин.

16. Агентлик Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифларни киритсин.

17. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

         Президенти                        Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2020 йил 29 июнь

http://uza.uz/oz/documents/zbekiston-respublikasida-korruptsiyaga-arshi-kurashish-tizim-29-06-2020

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *