Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида
1. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда жамоатчилик вакилларининг 2021 йилда Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
2. Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш бўйича ташкилий қўмита таркиби (кейинги ўринларда – Ташкилий қўмита) иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ташкилий қўмита (А.Арипов) бир ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиб, тасдиқласин:
2021 йил март ойининг учинчи ўн кунлигида Ўзбекистон Халқаро анжуманлар саройида Абдулла Орипов хотирасига бағишланган тантанали адабий-бадиий хотира кечасини ўтказиш;
Абдулла Ориповнинг ўзбек тилидаги икки жилдлик “Танланган асарлар”ини, қорақалпоқ, рус, инглиз ва бошқа тилларга таржима қилинган шеърий тўпламларини, шунингдек, “Абдулла Орипов замондошлари хотирасида” китобини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш;
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида “Абдулла Орипов ижодий меросининг ўзбек ва жаҳон адабий-эстетик тафаккури тараққиётидаги ўрни” мавзусида халқаро илмий-назарий конференция ўтказиш ҳамда анжуман материалларини алоҳида тўплам ҳолида чоп этиш;
Тошкент вилояти Қибрай тумани Арғин маҳалласидаги Абдулла Орипов яшаган хонадонда ёдгорлик лавҳаси ўрнатиш;
Абдулла Ориповнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратиш;
мамлакатимиз театрларида Абдулла Орипов асарлари асосида спектакллар саҳналаштириш;
умумий ўрта таълим муассасалари, ижод мактаблари ўқувчилари ҳамда олий таълим муассасалари талабалари ўртасида Абдулла Орипов ҳаёти ва ижодига бағишланган “Мен нечун севаман Ўзбекистонни?” мавзусида иншолар танловларини ўтказиш;
Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов номидаги ижод мактабида ижод мактаблари ўқувчилари ўртасида “Митти юлдуз жилолари” шеърият беллашувини ўтказиш;
таълим муассасалари, меҳнат жамоалари, маҳаллалар, ҳарбий қисмлар ҳамда Адиблар хиёбонида таниқли ижодкорлар, олимлар, маданият ва санъат намояндалари иштирокида Абдулла Орипов ижодига бағишланган учрашувлар, давра суҳбатлари, китобхонлик ва шеърият кечалари ташкил этиш.
Ташкилий қўмитага Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш доирасида ўтказиладиган тадбирларни юксак савияда ташкил этиш, мазкур қарор ва чора-тадбирлар дастурининг ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ амалга оширилишини мувофиқлаштириб бориш вазифалари юклатилсин.
4. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.
5. Мазкур қарорда назарда тутилган чора-тадбирларни молиялаштириш манбалари этиб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, ташкилотчиларнинг ўз маблағлари ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар белгилансин.
6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2020 йил 2 декабрь
https://uza.uz/uz/posts/ozbekiston-qahramoni-va-xalq-shoiri-abdulla-oripov-tavalludining-80-yilligini-keng-nishonlash-togrisida_191377
Мактабгача бўлган ёшдаги болалар учун табиий ози?-ов?ат ма?сулотлари тўплами, уларни ёшига доир физиологик э?тиёжларига мувофи? бўлган рационал ва мутаносиб ози?-ов?ат билан таъминлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Со?ли?ни са?лаш вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги билан биргаликда белгиланади.