Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференциядаги нутқи
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
16.07.2021
Хонимлар ва жаноблар!
Қадрли меҳмонлар!
Авваламбор, “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” халқаро конференциясининг барча иштирокчиларини чин қалбимдан самимий қутлайман.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш жанобларига Форумни қўллаб-қувватлаганлари учун алоҳида раҳмат айтмоқчиман.
Бугунги даврамизда Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани Жаноби Олийларини ҳамда
Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон Жаноби Олийларини кўриб турганимдан хурсандман ва уларга чуқур миннатдорлик изҳор этаман.
Фурсатдан фойдаланиб, анжуманимизда бевосита қатнашаётган, асосий ҳамкор давлатларнинг ташқи ишлар вазирлари ва юқори мартабали вакилларига, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар, жаҳоннинг етакчи молия институтлари раҳбарларига ҳам ташаккур билдираман.
Мураккаб пандемия шароитига қарамасдан, сиз, азизларнинг Форумимиздаги иштирокингиз икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга бўлган юксак эътибор ҳамда қатъий интилишингизни яққол тасдиқлайди.
Саховатли ва серқуёш Ўзбекистон заминига хуш келибсиз!
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Марказий ва Жанубий Осиё узоқ асрлар давомида халқлар ва цивилизациялар ўртасида фаол мулоқотга хизмат қилди.
Икки минтақанинг ўзаро яқин ҳамкорлиги натижасида янги билим ва фалсафий қарашлар, тиббиёт ва астрономия, жўғрофия ва математика, геодезия ва меъморчилик, дипломатия санъати ва давлат бошқаруви соҳасидаги ютуқлар, юксак маданий ва маънавий-маърифий қадриятлар кенг ёйилди.
Минтақаларимиз халқлари бир неча бор умумий давлатчилик тузилмалари таркибида, шу билан бирга, сиёсий, иқтисодий ва гуманитар маконда ўзаро ҳамжиҳатликда умр кечирганлар.
Ушбу ҳудудда вужудга келган Хараппа цивилизацияси, Юнон-Бақтрия ва Кушон подшоҳлиги, Турк хоқонлиги, Хуросон ва Мовароуннаҳр, Ғазнавийлар, Темурийлар, Бобурийлар ва бошқа давлатлар инсоният тарихида чуқур из қолдирган.
Марказий ва Жанубий Осиё азалдан ишончли савдо йўллари билан боғланиб, Яқин Шарқ, Европа ва Хитой мамлакатлари учун ўзига хос кўприк вазифасини ўтаган.
Бу ҳақда қадимги юнон тарихчиси Страбон ҳам ўз асарларида Окс дарёси – ҳозирги Амударё бўйлаб “Каспий ва Қора денгиз орқали Европага маҳсулотлар етказилган”ини қайд этган.
Эрамиздан аввалги учинчи-иккинчи минг йилликлардаёқ Ҳайбар ва Болан довонлари орқали ўтган савдо йўллари тармоғи бизларни ўзаро боғлаб турган.
Марказий ва Жанубий Осиёда ислом, буддавийлик, ҳиндуийлик динлари ва турли халқларнинг ноёб анъаналари тарқалиши туфайли буюк этномаданий муштараклик қарор топган, Шарқнинг бой ва ранг-баранг маданияти шаклланган.
Халқларимиз ўртасидаги ана шундай ўзаро қалин алоқалар жадал интеллектуал ва маърифий юксалишни таъминлади.
Бу жараён дунёга Чарака ва Сушрута, Брахмагупта ва Ал-Хоразмий, Ал-Фарғоний ва Форобий, Беруний, Ибн Сино сингари яна кўплаб етук олим ва мутафаккирларни етказиб берди.
Улар инсоният илмий ва фалсафий тафаккурининг бўлғуси ривожини бир неча аср олдиндан белгилаб бердилар.
Миллий адабиётларимиз мумтоз намояндаларининг номлари бутун дунёга маълум ва машҳурдир.
Бу биринчи навбатда Хусрав Деҳлавий, Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Муҳаммад Ҳайдар, Махтумқули, Мирзо Ғолиб, Абай, Рабиндранат Тагор, Садриддин Айний, Чингиз Айтматов ижодига дахлдордир.
Улар ўлмас асарлари билан жаҳон халқлари ўртасида тинчлик, озодлик ва инсонпарварлик тамойилларини, дўстлик ва ўзаро ишонч ғояларини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшдилар.
Буюк олимлар – Абу Райҳон Беруний ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарлари Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари тарихи, илм-фани ва маданиятининг чинакам энциклопедиясидир.
Ҳиндистоннинг биринчи Бош вазири Жаваҳарлаъл Нерунинг Бобур ҳақидаги “у дилбар шахс, Уйғониш даврининг типик ҳукмдори”, деган таърифи кўпчиликка яхши маълум.
Хусусан, Бобур ўзининг фундаментал асари “Бобурнома”да қайд этганидек, “ўн олтинчи асрда Афғонистон ҳудуди орқали Ҳиндистон ва Марказий Осиё ўртасида турли моллар ортилган минглаб туялардан иборат карвонларнинг мунтазам қатновлари йўлга қўйилган”.
Унинг фармонига биноан савдо йўллари бўйлаб карвонсаройлар, қудуқ ва сардобалар бунёд этилган.
Бобурнинг набираси – Буюк Акбаршоҳ ҳам бобосининг ишларини давом эттирган ҳолда, Ҳиндистон тарихида бағрикенг ва узоқни кўра биладиган ҳукмдор сифатида ёрқин из қолдирган.
Таъкидлаш жоизки, ўша вақтларда Марказий ва Жанубий Осиёнинг савдо алоқалари Эрон, Арабистон, Усмонийлар давлати, Хитой, Россия сингари бошқа мамлакатлар билан ҳам фаол олиб борилган.
Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Ҳиндистон ҳукмдори Аврангзеб 1695 йилда рус савдогари Семён Маленькойга мамлакатда савдо қилиш учун рухсатнома беради. Мазкур фармон эски ўзбек тилида ёзилгани диққатга сазовордир.
Афсуски, тарихий вазият тақозоси билан ўн тўққизинчи асрда икки қўшни минтақанинг алоқалари узилиб қолди.
Ўзаро зиддиятлар кучайиб, кескин можароларга айланиши туфайли Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида тўсиқлар пайдо бўлиб, чегаралар ёпилди.
Ҳамкорлик ва бир-бирини англаш даври тугаб, унинг ўрнини қарама-қаршилик ҳамда ишончсизлик муҳити эгаллади.
Бунинг салбий оқибатларини биз ҳозирги вақтда самарали трансчегаравий йўллар мавжуд эмаслиги, савдо-иқтисодий алоқалар яхши ривожланмагани ҳамда маданий-гуманитар муносабатлар салоҳияти тўлиқ ишга солинмагани мисолида ҳам сезиб, ҳис этиб турибмиз.
Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!
Бугунги кунда дунё турли таҳдидлар, шу билан бирга, янги имкониятларни ўзида мужассам этган глобал геосиёсий ўзгаришлар даврига қадам қўйди.
Шундай мураккаб шароитда қарийб икки миллиард аҳоли яшайдиган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро алоқаларни қайта тиклаш муҳим ҳаётий зарурат ва табиий жараёнга айланмоқда.
Ўйлайманки, халқларимизнинг улкан тарихий, илмий, маданий-маърифий мероси ҳамда иқтисодиётларимизнинг ўзаро бир-бирини тўлдириш имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, мавжуд интеллектуал салоҳиятни, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизни ўзаро мувофиқлаштириш вақти келди.
Бу эса, ҳеч шубҳасиз, ўзининг қудратли таъсир кучини намоён этади.
Биз ўзаро боғлиқлик, ҳамкорлик, мулоқот ва энг асосийси, ишонч изчил ва барқарор ривожланиш, минтақаларимиз аҳолисининг турмуш даражаси ҳамда фаровонлигини оширишнинг ҳаракатлантирувчи кучига айланишига аминмиз.
Бундай ёндашув – давр талабидир.
Буларнинг барчаси бир томондан, зиддият ва ижтимоий-иқтисодий ларзалардан холи бўлган минтақалараро ҳамкорлик ва шериклик майдонини, иккинчи томондан, маҳсулотлар, хизматлар, инвестиция ва инновацияларнинг кенг бозори шаклланиши учун зарур шароитларни яратади.
Биз ушбу халқаро конференцияни ўтказиш ташаббусини илгари сурар эканмиз, қуйидаги омиллардан келиб чиққанимизни таъкидлашни истар эдим.
Биринчидан, қўшни мамлакатлар билан тинчлик ва дўстлик, ишонч ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, конструктив сиёсат олиб бориш Марказий ва Жанубий Осиёдаги барча давлатларнинг умумий манфаатларига жавоб беради.
Иккинчидан, биз мамлакатларимиз ва минтақанинг узоқ муддатли истиқболи, келгуси ривожланишининг асосий драйвери бўлиб хизмат қиладиган барқарор савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация алоқаларини шакллантириш тарафдоримиз.
Пандемия инсоният дуч келаётган янги таҳдидларни кучларимизни бирлаштириш ва мувофиқлаштириш орқалигина енгиш мумкинлигини кўрсатди.
Биз ўзаро ҳамкорликни иқтисодиётни рақамлаштириш, электрон савдони ривожлантириш ва инновацияларни кенг жорий этиш орқали мустаҳкамлашга объектив эҳтиёж сезмоқдамиз.
Учинчидан, Афғонистон Ислом Республикаси Марказий ва Жанубий Осиё минтақавий боғлиқлигини амалда таъминлашнинг муҳим бўғинларидан бири ҳисобланади.
Ишонамизки, минтақавий шериклигимиз ушбу мамлакатда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш, унинг иқтисодий тикланиши учун муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Бугун Афғонистон ўзининг энг янги тарихидаги муҳим бурилиш даврини бошдан кечирмоқда.
Биз донишманд афғон халқи умуммиллий муросага эришиш йўлида ўзаро келишувларга тайёр эканини намойиш этишига аминмиз.
Афғон заминида кўпдан буён кутилаётган тинчликка эришиш учун можарони сиёсий йўл билан ҳал этиш ва бу жараён халқаро ҳамжамият томонидан ҳар тарафлама қўллаб-қувватланиши принципиал муҳим аҳамиятга эга.
Бу Афғонистоннинг умумминтақавий жараёнларга интеграцияси учун янги истиқболлар эшигини очади.
Тўртинчидан, хавфсизлик ва барқарорлик – минтақаларимизнинг изчил ривожланиши ва ўзаро алоқаларимиз мустаҳкамланишининг асосий шартидир.
Бизнинг хавфсизлигимиз бўлинмасдир ва уни фақат конструктив мулоқот ҳамда биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз орқали таъминлаш мумкин.
Ҳурматли форум қатнашчилари!
Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги фаол ва очиқ мулоқот улкан савдо-иқтисодий ва маданий-цивилизацион салоҳиятимизни тўлиқ рўёбга чиқариш учун беқиёс имкониятлар яратишига ишончим комил.
Шу муносабат билан қуйидаги таклифларни билдирмоқчиман.
Биринчи. Бизнинг устувор вазифамиз савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва ўзаро сармояларни кўпайтириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш ҳисобланади.
Маҳсулот ва хизматлар ҳамда инвестицияларнинг эркин ҳаракати учун, транспорт-коммуникация ва энергетика инфратузилмаларини шакллантириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш ушбу масалалар ечимига амалий ҳисса қўшган бўлур эди.
Бунинг учун ота-боболаримиз мажлис ва қурултойлар, лойя жирға, васи мушаварат ва сабха каби йиғинларда тўпланганларидек, биз ҳам мамлакатларимиз ўртасида долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун инвестициявий ҳамкорлик ва кооперацияни чуқурлаштириш, иқтисодий алоқаларни кенгайтириш бўйича йиллик минтақалараро форум ўтказишни таклиф этамиз.
Бундай мулоқотлар доирасида ишлаб чиқилган таклиф ва тавсиялар янги иш ўринларини яратиш, иқтисодиётларимиз салоҳиятини ривожлантириш ва уларнинг барқарор ўсишини таъминлашга қаратилган аниқ дастур ва лойиҳаларни уйғунлаштириш имкониятини беради.
Шунингдек, минтақаларимиз давлатлари ўртасида кўптомонлама Иқтисодий ҳамкорлик битимини тузиш масаласини қўшма экспертлик таҳлилидан ўтказишга доир ташаббусни илгари сурамиз.
Иккинчи. Марказий ва Жанубий Осиёда замонавий, самарадор ва хавфсиз транспорт-логистика инфратузилмасини яратиш.
Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар темир йўл тармоғи минтақаларимиз ўртасидаги ўзаро боғлиқлик архитектурасининг асосий бўғинига айланиши керак.
Ушбу лойиҳа етакчи халқаро молия институтлари томонидан ҳам фаол қўллаб-қувватланмоқда.
Бу темир йўл тармоғининг қурилиши ҳар икки минтақанинг транзит салоҳиятини тўла рўёбга чиқариш, Жанубий Осиё ва Европа мамлакатлари ўртасида Марказий Осиё ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳудуди орқали ўтадиган энг қисқа йўлни очиш, шу билан бирга, юкларнинг туриб қолиши ва ташиш муддатларини сезиларли даражада қисқартиришга хизмат қилади.
Умуман олганда, ушбу трансчегаравий темир йўлни фойдаланишга топшириш Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг инклюзив иқтисодий ривожи учун мустаҳкам замин яратади.
Мазкур темир йўл тармоғи Ҳинд-Ганг текислигини Таксила, Гандара, Термиз сингари тарихий шаҳарлар орқали Евроосиёнинг жанубий ҳудуди билан боғлаган, Уттарапатха номи билан маълум қадимги шимолий савдо йўлининг ўзига хос замонавий шакли бўлади.
Ҳиндистонни Марказий Осиё мамлакатлари билан боғлайдиган “Шимол – Жануб” транспорт коридори мана шундай трансминтақавий инфратузилмани ҳаётга муваффақиятли татбиқ этишнинг ёрқин намунасидир.
Бундан ташқари, Трансафғон темир йўл қурилиши лойиҳаси келгусида мамлакатларимизни Хитой ва Осиё-Тинч океани минтақасининг бошқа етакчи давлатлари билан боғлаши мумкин. Бу эса “Бир макон, бир йўл” ташаббуси мақсадлари билан ҳам уйғундир.
Учинчи. Истиқболли рақамли платформаларни жорий этиш Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларини иқтисодий ривожлантиришнинг локомотивига айланиши даркор.
Савдо, транзит, чегаралардан ўтиш борасида рақамли ҳамкорликни кучайтириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва Қўшма ҳаракатлар стратегиясини қабул қилиш зарур.
Бу жараёнга мамлакатларимиз ва БМТнинг ихтисослашган тузилмалари етакчи экспертларини кенг жалб этиш муҳимдир.
Тўртинчи. Бепоён минтақаларимиз ҳудудида ҳамкорликда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўлларини излаш.
Сўнгги вақтда асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи жадал ўсиб бораётгани, дунёнинг баъзи минтақаларида аҳоли кескин озиқ-овқат тақчиллигини бошидан кечираётгани кузатилмоқда.
Бундай таҳдидларни бартараф этиш бўйича Дастур ишлаб чиқиш учун БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) шафелигида мамлакатларимиз қишлоқ хўжалиги вазирларининг учрашувини ўтказишни таклиф этамиз.
Мазкур ҳужжат ишлаб чиқариш кооперацияларига оид лойиҳаларни амалга ошириш, илғор технологияларни татбиқ этиш, қўшма лойиҳаларни тайёрлаш ва тегишли тадқиқотлар ўтказиш каби вазифаларни назарда тутиши зарур.
Бешинчи. Хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашишда кучларни бирлаштириш.
Биз терроризм, экстремизм, трансмиллий, хусусан, кибермакондаги жиноятчиликка қарши фақат биргаликда самарали кураш олиб боришимиз мумкин.
Бу борада дастлабки қадам сифатида БМТнинг Гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси иштирокида Гиёҳвандликка қарши қўшма ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишни таклиф этамиз.
Кучларни бирлаштириш зарур бўлган асосий йўналишлардан яна бири – терроризм хавфига қарши кураш, деб ҳисоблаймиз.
Биз ушбу масалалар бўйича икки минтақа вакиллари иштирокида махсус экспертлик учрашувини ташкил этишга тайёрмиз.
Бу мулоқотни жорий йил ноябрь ойида БМТнинг Марказий Осиёда глобал терроризмга қарши стратегиясини амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режаси қабул қилинганининг ўн йиллигига бағишлаб Тошкентда ўтказиладиган халқаро конференция доирасида уюштириш ҳам мумкин.
Олтинчи. “Яшил” иқтисодиётни ривожлантиришни рағбатлантириш ва экология масалалари алоҳида эътиборни талаб этади.
Марказий ва Жанубий Осиёнинг барча мамлакатларида жадал саноат ва демографик ўсиш жараёни глобал иқлим ўзгаришлари шароитида юз бермоқда.
Бундай вазиятда сув ресурслари тақчиллиги, атроф-муҳит ва атмосферанинг ифлосланиши, тупроқ қатламининг емирилиши ва чўлланиш барчамизга дахлдор муаммолар ҳисобланади.
Тобора умумбашарий тус олиб бораётган Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ вазият экологик таҳдидларнинг ўта салбий таъсирига яққол мисол бўла олади.
Бу фожианинг оқибатларини юмшатиш, келгусида инсониятни бундай офатлардан огоҳ этиш учун барча чораларни кўришимиз керак. Бу борада табиат билан уйғун бўлишга интилиб яшаган аждодларимизнинг тажрибасига таянишимиз зарур.
Еттинчи. Биз Марказий ва Жанубий Осиёнинг улкан сайёҳлик салоҳиятини тўлиқ ишга солиш тарафдоримиз.
Бу ҳақда сўз юритганда, машҳур сайёҳлик брендларини, янги ва қулай сайёҳлик маҳсулотлари ва йўналишларини, жумладан, қизиқиш тобора ортиб бораётган “зиёрат туризми”ни ривожлантириш, вакцинация бўйича ўзаро тан олинган сертификатлар асосида “Янги шароитдаги туризм” концепциясини кенг жорий этиш зарур.
Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти доирасида Марказий ва Жанубий Осиё бўйича халқларимизнинг тарихий ва маданий меросини оммалаштиришга қаратилган Дастур ишлаб чиқишни таклиф қиламиз.
Саккизинчи. Илмий ва маданий-гуманитар алмашувларни кенгайтириш дўстлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашнинг муҳим шартларидан биридир.
Шу муносабат билан Ўзбекистонда, Термиз шаҳрида ЮНЕСКО шафелигида “Марказий ва Жанубий Осиёнинг тарихий мероси” мавзусида халқаро форум ўтказишни таклиф этамиз.
Мамлакатларимиз аҳолисининг катта қисмини ташкил этадиган ёшларни жалб этган ҳолда, таълим ва илм-фан, маданият ва спорт соҳаларида қўшма дастурларни амалга ошириш устувор аҳамият касб этмоқда.
Ёшлар – бизнинг бебаҳо бойлигимиз эканини барчамиз яхши англаймиз.
Мамлакатларимиз ва халқларимизнинг тақдири ва келажаги – айнан ёш авлоднинг қандай таълим ва тарбия олиши, улар учун қандай шарт-шароит ва “социал лифт”ларни яратиб беришимизга бевосита боғлиқ.
Ёшлар масаласида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида доимий фаолият юритадиган Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ёшлари кенгашини тузишни таклиф қиламан.
Тўққизинчи. Бугунги кунда илм-фан, технология ва инновациялар соҳасида юксак марраларга эришиш мамлакатларимизнинг жадал ривожи йўлидаги муҳим омил ҳисобланади.
Биргаликда қўшма тадқиқотлар ва инновацион ишларни олиб бориш, илмий ва ўқув стажировкаларини, тажриба алмашиш дастурларини рағбатлантириш зарур.
Шу муносабат билан Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг олим ва тадқиқотчилари учун соддалаштирилган виза тартибини жорий этиш, шунингдек, университетлар ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича онлайн-платформа яратишни таклиф этамиз.
Ўнинчи. Минтақаларимизнинг ўзаро боғлиқлиги ва тараққиёти суръатини тизимли ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида чуқур ўйланган қарорлар қабул қилиш ҳозирги пайтда ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир.
Мазкур Форум арафасида Тошкентда Марказий Осиё халқаро институти очилди.
Минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ушбу таҳлил маркази қошида мамлакатларимизнинг таниқли олимлари, тадқиқотчи ва таҳлилчиларидан иборат Экспертлар кенгашини тузишни таклиф қиламиз.
Бундан ташқари, бугунги конференция якунлари бўйича Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида, умуман, Евроосиё маконида доимий ва барқарор ривожланишнинг муҳим омили сифатида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш тўғрисида махсус резолюция лойиҳасини ишлаб чиқиб, БМТ Бош Ассамблеясига тақдим этишни таклиф қиламан.
Ушбу ҳужжатда мулоқотларимизнинг умумий ёндашувлари, асосий тамойил ва йўналишларини акс эттириш лозим.
Резолюция лойиҳасида бизнинг Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари минтақавий боғлиқлиги бўйича юқори даражадаги доимий форумларни мунтазам ўтказиб боришга тайёрлигимизни акс эттириш ҳам мақсадга мувофиқдир.
Ҳурматли конференция иштирокчилари!
Ушбу жараёнларда мамлакатимизнинг тутган ўрни ҳақида сўз юритиб, қуйидаги фикрларни алоҳида таъкидламоқчиман.
Бизнинг бугунги анжуманимиз янги Ўзбекистоннинг шаклланиши ва ривожланиши билан боғлиқ муҳим тарихий даврда бўлиб ўтмоқда.
Биз жамиятимизнинг барча соҳаларида тизимли ва туб демократик ислоҳотларни босқичма-босқич амалга оширмоқдамиз.
Бу ўзгаришлар кенг кўламли ва ортга қайтмайдиган муқаррар тус олди. Бу – халқимизнинг принципиал танловидир.
Марказий Осиё минтақасида – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш бўйича амалга оширилган туб ўзгаришлар Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий ютуғидир.
Умумий саъй-ҳаракатларимиз натижасида минтақамизда ўзаро ишонч ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш руҳига асосланган мутлақо янги муҳит шаклланди.
Биз ривожланиш драйверлари ҳамда “янги ўсиш нуқталари”ни биргаликда аниқлаш ва мунтазам мулоқотлар учун самарали майдон яратдик. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувини август ойи бошида Туркманистонда ўтказишни режалаштирганмиз.
Шуни алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман: Ўзбекистон конструктив ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга доимо тайёр бўлган ишончли ва барқарор, қатъий позицияга эга шерикдир.
Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!
Азиз меҳмонлар!
Марказий ва Жанубий Осиёнинг тарихий ва цивилизациявий муштараклиги, халқларимиз ва мамлакатларимизнинг умумий манфаатлари биргаликда фаровон келажакни бунёд этишимиз учун мустаҳкам замин яратади.
Ўзаро алоқаларни ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамламасдан туриб, бугунги кунда мамлакатларимиз дуч келаётган хавф-хатар ва таҳдидларни енгиб бўлмаслигини чуқур англаш вақти келди.
Биз фаровонлик ва тараққиётга эришиш йўлида биргаликда ривожланиш истиқболлари бўйича яхлит ёндашувларни ишлаб чиқишимиз лозим.
Бизнинг олдимизда Марказий ва Жанубий Осиё, умуман, бутун Евроосиё минтақасини барқарор, иқтисодий ривожланган фаровон ҳудудга айлантириш вазифаси турибди.
Анжуманимизнинг барча иштирокчиларига самарали фаолият тилайман.
Эътиборингиз учун ташаккур.
https://president.uz/uz/lists/view/4484
***
16.07.2021
Тошкент шаҳрида 16 июль куни “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусида халқаро конференция ўз ишини бошлади.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган анжуманда Афғонистон Ислом Республикаси Президенти, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири, Марказий ва Жанубий Осиё давлатларининг ташқи ишлар вазирлари, жами 44 та мамлакат ва 30 га яқин халқаро ташкилот делегациялари, нуфузли хорижий илмий-тадқиқот ва таҳлил марказлари раҳбарлари иштирок этмоқда.
Конференцияни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев очиб, Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасидаги тарихий яқинлик, уни бугунги кунда ўзаро ишонч ва манфаатдорлик асосида мустаҳкамлашнинг аҳамияти ҳақида нутқ сўзлади.
Марказий ва Жанубий Осиё азалдан бир-бирининг маданиятини бойитган. Буюк ипак йўли ва бошқа йўллар орқали маҳсулотлар, билим, ҳунар ва қадриятлар тарқалган. Кўпинча бу минтақалар яхлит давлат таркибида ҳам бўлган. Бақтрия ва Кушон империяси, Турк ҳоқонлиги, Ғазнавийлар, Темурийлар ва Бобурийлар давлати бунга яққол мисолдир.
Афсуски, 19-асрга келиб, бундай яқинлик ва боғлиқликка путур етди. Чегаралар пайдо бўлиб, ҳамкорлик ўрнини турли қарама-қаршилик, ишончсизлик эгаллади.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида тарихий алоқаларни тиклаш муҳимлигини, саъй-ҳаракатларни бирлаштириш фурсати келганини таъкидлади.
– Бугун дунё ҳам таҳдидлар, ҳам янги имкониятларни ўзида тутган глобал геосиёсий трансформациялар даврига қадам босди. Бундай шароитда 2 миллиарддан зиёд одам яшаётган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги алоқаларнинг қайта тикланиши янада муҳим ва объектив жараёнга айланиб бормоқда. Халқларимизнинг улкан тарихий, илмий ва маънавий-маданий меросидан, иқтисодиётларимизнинг бир-бирини тўлдириб туришидан, интеллектуал салоҳият борлигидан келиб чиқиб, биргаликдаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш фурсати келди, деб ўйлайман ва бу, шубҳасиз, катта манфаат келтиради, – деди Шавкат Мирзиёев.
Ҳақиқатан ҳам, тинчлик, яхши қўшничилик ва ишончнинг мустаҳкамланиши, ҳамкорликнинг ривожланиши, очиқ ва амалий сиёсат йўлга қўйилиши Марказий ва Жанубий Осиёдаги барча давлатларнинг манфаатига тўғри келади.
Президентимиз нутқида шу мақсадларга қаратилган муҳим ташаббусларни илгари сурди.
Аввало, савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг устувор экани таъкидланиб, бу соҳадаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш, кооперация ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш учун ҳар йили минтақалараро форум ўтказиш таклифи билдирилди.
Давлатимиз раҳбари Марказий Осиё билан Жанубий Осиёни самарали ва хавфсиз боғлайдиган транспорт-логистика инфратузилмасини барпо этиш масаласига алоҳида эътибор қаратди. «Термиз — Мозори Шариф – Кобул – Пешовар» темир йўлининг қурилиши бу архитектурада муҳим бўғин бўлади. У икки минтақанинг транзит салоҳиятини тўла юзага чиқариб, юк ташиш масофаси ва вақтини анча қисқартиради. Шу боисдан ҳам, бу лойиҳа иштирокчи давлатлар ва халқаро молия институтлари томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
Савдо, транзит ва божхона жараёнларини рақамлаштириш, бу борада қўшма ҳаракатлар стратегиясини қабул қилиш зарурлиги қайд этилди.
Бутун дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи ҳам долзарб бўлиб бормоқда. Шу боис, Президентимиз БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти шафелигида минтақа мамлакатлари қишлоқ хўжалиги вазирларининг учрашувини ўтказиб, қўшма дастур ишлаб чиқиш таклифини илгари сурди.
Минтақада хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, терроризм, экстремизм ва трансчегаравий жиноятчиликка қарши курашиш чора-тадбирларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Экологияни асраш, “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш долзарблиги қайд этилди.
Марказий ва Жанубий Осиёнинг туризм салоҳиятидан кенг фойдаланиш мақсадида туроператорларнинг ягона платформасини шакллантириш, Жаҳон сайёҳлик ташкилоти иштирокида минтақада туризмни янада ривожлантириш бўйича фикрлар билдирилди.
Илмий ва маданий-гуманитар алмашинувларни кўпайтириш дўстлик ва ишончни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутиши таъкидланди. Шу йўналишда ЮНЕСКО шафелигида Термиз шаҳрида Марказий ва Жанубий Осиёнинг тарихий меросига бағишланган халқаро форум ўтказиш таклиф этилди.
Давлатимиз раҳбари илм-фан, технология ва инновация соҳаларидаги ҳамкорликка ҳам алоҳида аҳамият қаратди. Қўшма тадқиқот ва тажриба алмашиш дастурларини рағбатлантириш, олим ва тадқиқотчилар учун енгиллаштирилган виза тартибини жорий қилиш муҳимлигини таъкидлади.
Маълумки, конференция арафасида Тошкентда Марказий Осиё халқаро институти очилди. Президентимиз мазкур таҳлил маркази негизида минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган экспертлар гуруҳи тузишни таклиф этди.
– Марказий ва Жанубий Осиёнинг тарихий-маданий муштараклиги, мамлакат ва халқларимизнинг бир-бирига мос келувчи манфаатлари умумий фаровон келажакни барпо этишимиз учун асос бўладиган мустаҳкам пойдевордир. Биргаликда барқарор ривожланиш истиқболлари бўйича аниқ ёндашувга эга бўлишимиз лозим. Олдимизда Марказий ва Жанубий Осиёни, бутун Евроосиё қитъамизни биргалашиб барқарор, иқтисодий тараққий этган ва фаровон маконга айлантириш мақсади турибди, – деди Ўзбекистон Президенти.
Шундан сўнг, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришнинг конференция иштирокчиларига йўллаган видеомурожаати намойиш этилди.
Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеп Боррел минтақада ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, бунда мазкур форумнинг аҳамияти ҳақида ўз фикрларини баён этди.
Конференция ўз ишини давом эттирмоқда.
Форумнинг ялпи ва шўъба мажлисларида савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникацион ва маданий-гуманитар соҳаларда минтақавий боғлиқликни янада мустаҳкамлашга қаратилган имконият ва ташаббуслар муҳокама қилинади.
Конференция якунлари бўйича махсус резолюция лойиҳаси тайёрланиб, кўриб чиқиш учун БМТ Бош Ассамблеясига тақдим этиладиган бўлди.
https://president.uz/uz/lists/view/4483
Сўнгги фикрлар