Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ва қонунчилик

2016 йил 4 декабрь куни мамлакатимизда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси

Президенти сайловига Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида ҳам пухта ҳозирлик кўрилмоқда.

Бугун университетда “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ва қонунчилик” мавзуида давра суҳбати ўтказилди. Унда ЎзМУ профессор-ўқитувчилари ва ходимлари иштирок этдилар.

сса1 сса2

с9

ЎзМУ Маънавият ва маърифат маркази бошлиғи Қодиржон Абдураҳимов, Ижтимоий фанлар факультети Демократик давлат қуриш назарияси ва амалиёти кафедраси мудири Акбар Ўтамуродов ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёни ҳақида атрофлича сўз юритдилар.

Шуни таъкидлаш жоизки, Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 96 ва 117-моддалари, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддаси, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Қонуннинг 5 ва 9-моддаларига мувофиқ, 2016 йил 4 декабрь кунини Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни, деб белгилади ва 9 сентябрдан сайлов кампанияси бошлангани эълон қилинди.

Сайлов “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Қонунлари ва бошқа қонун ҳужжатлари асосида амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунинг 4-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича овоз бериш яширин бўлиб, фуқаролар томонидан бевосита амалга оширилади. Фуқароларнинг хоҳиш-ирода билдиришлари устидан назорат этилишига йўл қўйилмайди. Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек суднинг ҳукмига мувофиқ озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қатнашмайдилар.

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг Ўзбекистон Республикаси Президентини сайлаш ва Президентликка сайланиш, сайловолди ташвиқоти олиб бориш ҳуқуқларини эркин равишда амалга оширишига зўравонлик, алдаш, таҳдид қилиш ёки бошқа йўл билан қаршилик кўрсатувчи шахслар, шунингдек сохта сайлов ҳужжатлари тузган, овозларни атайин нотўғри санаб чиққан, овоз бериш яширинлигини бузган ёки ушбу Қонун бошқача тарзда бузилишига йўл қўйган сайлов комиссияларининг аъзолари, давлат ва жамоат органларининг мансабдор шахслари қонунда белгиланган йўсинда жавобгар бўладилар. Номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган сохта маълумотларни эълон қилган ёки бошқа йўсинда тарқатган, сайлов комиссиялари аъзоларига нисбатан ҳақоратомуз муносабатга йўл қўйган шахслар ҳам жавобгарликка тортиладилар.

Ўзбекистон Республикасининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқига сиёсий партиялар эгадирлар. Сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида олти ой олдин Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган тақдирдагина Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиши мумкин.

Ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган ҳамда бевосита сайловгача камида ўн йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикасининг давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни бошқа маблағлар ҳисобидан молиявий таъминлаш ва ўзга тарзда моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш таъқиқланади.

Халқаро кузатувчи округ ва участка сайлов комиссиялари мажлисларида, сайлов участкасида ҳозир бўлиш, сайлов қутиларининг муҳрланишини, фуқароларга сайлов бюллетенларининг берилишини кузатиш, овозларни санаб чиқишда ва участка сайлов комиссиясининг баённомасини тузишда ҳозир бўлиш, сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг нусхасини сўраб олиш ҳуқуқига эгадир. 2015 йилда ўтказилган Президент сайловидан кейин “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг такомиллаштирилгани ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди. Қонунда сиёсий партияларнинг сайловда қатнашишида енгиллик берилди. Яъни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзо варақалари жами сайловчиларнинг умумий сони камида бир фоизининг, камида саккизта маъмурий-ҳудудий тузилма намояндаси бўлган сайловчиларнинг имзосини қамраб олган бўлиши керак. Илгари бу кўрсаткич беш фоиз эди. Тараққий этган давлатлар қонунчилигида мавжуд бўлган сайлов куни ва овоз бериш бошланишига бир кун қолганда сайловолди ташвиқотига йўл қўйилмаслигига доир норма ҳам қонунчилигимизга киритилди. «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонуннинг 31-моддасига кўра муддатидан олдин овоз бериш сайловга 10 кун қолганда бошланади ва сайловга бир кун қолганда тугалланади. Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти округ сайлов комиссияси томонидан белгиланиб, сайловчилар, кузатувчилар ҳамда ОАВ вакилларининг эътиборига етказилади.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадида қамоқда сақлаш жойларида суд ҳукми чиқарилмаган шахсларнинг овоз бериши учун имконият яратилди.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегаралари доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 14 сайлов округи тузилди, округ сайлов комиссиялари томонидан 9 минг 378 сайлов участкаси ташкил этилди. Мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида 44 сайлов участкаси тузилди. Участка сайлов комиссиялари таркиби шакллантирилиб, уларнинг фаолиятига 98 мингдан зиёд киши жалб қилинган. Округ сайлов комиссиялари аъзоларининг 56 нафари хотин-қизлардир, уларнинг 12 нафари сайлов комиссияларининг раҳбариятидан жой эгаллаган. Участка сайлов комиссиялари таркибида хотин-қизлар сони 47,4 фоизни ташкил этади. Участка сайлов комиссиялари раисларининг 26,7 фоизи хотин-қизлардир.

Ушбу мавзудаги давра суҳбати ЎзМУ факультетларида ҳам давом эттирилади.

 ЎзМУ Ахборот хизмати

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *