Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

ОЛИЙ ЎҚУВ ЮРТИДАН КЕЙИНГИ ТАЪЛИМ ТИЗИМИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 8-сон, 106-модда)

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасида узлуксиз таълимнинг ноёб тизими яратилди, илмий-тадқиқот фаолияти, олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш самарадорлигини оширишга, мамлакатнинг ижтимоий ва иқтисодий тараққиётида илм-фаннинг ролини кучайтиришга йўналтирилган салмоқли ишлар амалга оширилди.

2013 йилнинг 1 январидан бошлаб докторлик диссертациясини ҳимоя қилиш ва фан доктори илмий даражасини бериш бўйича олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг бир босқичли тизими жорий қилиниши олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини умум қабул қилинган халқаро талаблар ва стандартларга яқинлаштиришда муҳим қадам бўлди. Ўтган давр ичида барча зарур норматив-ҳуқуқий база шакллантирилди, ўрнатилган талабларга мувофиқ олий ўқув юртидан кейинги таълим институтларининг фаолияти, докторлик диссертацияларини тайёрлаш ва ҳимоя қилиш ташкил этилди.

Шу билан бирга, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда эришилган суръатлар олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг бир босқичли тизими шароитида орттирилган тажрибанинг моҳиятини қатор хорижий мамлакатларнинг мазкур соҳадаги илғор амалиётини ҳисобга олган ҳолда қайта англаш зарурлигини тақозо этмоқда. Ҳозирги шароитда илмий кадрлар тайёрлаш жараёнини тобора жадал ривожлантириш ва сифатини ошириш, иқтидорли ёшларни илм-фанга кенг жалб қилиш, олий таълим ва илмий муассасаларнинг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш ва ундан республиканинг инновацион ривожланишида самарали фойдаланиш масалалари алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимининг сифати ва самарадорлигини тубдан ошириш, олий ўқув юртидан кейинги таълим соҳасини янада такомиллаштириш, илмий-тадқиқот фаолиятида ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ҳар томонлама намоён этиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида:

  1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси, шунингдек тасарруфида олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари мавжуд бўлган бошқа вазирлик ва идораларнинг қатор хорижий мамлакатларнинг халқаро амалиётига мувофиқ 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг икки поғонали:

диссертация ҳимоя қилиш ва тегишли фан тармоғи бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини беришни назарда тутувчи таянч докторантура;

диссертация ҳимоя қилиш ва тегишли фан тармоғи бўйича фан доктори (Doctor of Science) илмий даражасини беришни назарда тутувчи докторантура тизимини жорий қилиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

  1. Белгилансинки:

тегишли фан тармоғи бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси магистр даражасига ёки олий маълумотга (мутахассислик дастурлари бўйича) эга бўлган, ёхуд клиник ординатурани тугатган (тиббиёт фанлари учун) ва ўрнатилган талаблар бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун диссертацияни ҳимоя қилган шахсларга илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар томонидан берилади;

фан доктори (Doctor of Science) илмий даражаси фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) ёки хорижий давлатларда берилган, унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларга эга бўлган ва ўрнатилган талаблар бўйича фан доктори (Doctor of Science) илмий даражасини олиш учун диссертацияни ҳимоя қилган шахсларга илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар томонидан берилади;

таянч докторантурага магистр даражасига ёки олий маълумотга (мутахассислик дастурлари бўйича) эга бўлган, ёхуд клиник ординатурани тугатган (тиббиёт фанлари учун) шахслар ўрнатилган талабларга мувофиқ қабул қилинади;

докторантурага фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) ёки хорижий давлатларда берилган, унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларга эга бўлган шахслар ўрнатилган талабларга мувофиқ қабул қилинади;

ўрнатилган тартибда мустақил тадқиқотчи сифатида расмийлаштирилган, магистр даражасига ёки олий маълумотга (мутахассислик дастурлари бўйича) эга бўлган, ёхуд клиник ординатурани тугатган (тиббиёт фанлари учун) шахсларга ҳам фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун докторлик диссертациясини ҳимоя қилишга рухсат берилади;

ўрнатилган тартибда мустақил тадқиқотчи сифатида расмийлаштирилган, фалсафа доктори (PhD) ёки фан номзоди, ёки хорижий давлатларда берилган, унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларга эга бўлган шахсларга ҳам фан доктори (Doctor of Science) илмий даражасини олиш учун докторлик диссертациясини ҳимоя қилишга рухсат берилади.

  1. Фан доктори илмий даражасини берувчи амалдаги илмий кенгашлар мазкур Фармон қабул қилинган кундан бошлаб олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг бир босқичли тизими бўйича диссертацияларни ҳимояга қабул қилишни тўхтатиши белгилаб қўйилсин.
  2. Белгилаб қўйилсинки:

а) фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) ёки хорижий давлатларда берилган, унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларга эга бўлган:

ҳозирги вақтда катта илмий ходим-изланувчилар институтида таҳсил олаётган ёки ўрнатилган тартибда мустақил изланувчи сифатида расмийлаштирилган шахслар олий ўқув юртидан кейинги таълим янги тизимининг тегишли институтларида таҳсил олишни давом эттирадилар ва, тайёрлигига қараб, фан доктори (Doctor of Science) илмий даражасини олиш учун диссертацияларини ҳимоя қиладилар;

олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг бир босқичли тизими шароитида катта илмий ходим-изланувчилар ёки мустақил изланувчилик институтини диссертация ҳимоясисиз битирган, шунингдек, олий ўқув юртидан кейинги таълим институтларига кирмаган ҳолда ўрнатилган талабларга мувофиқ диссертациясини тайёрлаган ва Олий аттестация комиссиясида диссертация мавзусини рўйхатдан ўтказган шахслар фан доктори (Doctor of Science) илмий даражасини олиш учун диссертация ҳимоя қилишлари мумкин.

б) фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) ёки хорижий давлатларда берилган, унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларга эга бўлмаган:

ҳозирги вақтда катта илмий ходим-изланувчилар институтида таҳсил олаётган ёки ўрнатилган тартибда мустақил изланувчи сифатида расмийлаштирилган шахслар олий ўқув юртидан кейинги таълим янги тизимининг тегишли институтларида таҳсил олишни давом эттирадилар ва, тайёрлигига қараб, фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун диссертацияларини ҳимоя қиладилар;

олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг бир босқичли тизими шароитида катта илмий ходим-изланувчилар ёки мустақил изланувчилик институтини диссертация ҳимоясисиз битирган, шунингдек олий ўқув юртидан кейинги таълим институтларига кирмаган ҳолда ўрнатилган талабларга мувофиқ диссертациясини тайёрлаган ва Олий аттестация комиссиясида диссертация мавзусини рўйхатдан ўтказган шахслар фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун диссертация ҳимоя қилишлари мумкин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда мазкур Фармоннинг ижроси бўйича, жумладан, қуйидагиларни назарда тутган Ҳукумат қарорини қабул қилсин:

умум қабул қилинган халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда, олий ўқув юртидан кейинги таълимга қўйиладиган такомиллаштирилган давлат талабларини, фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (Doctor of Science) илмий даражаларини олиш учун диссертация ишлари мазмуни ва сифатига қўйиладиган талабларни ишлаб чиқиш;

халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда, Олий ўқув юртидан кейинги таълим тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

олий ўқув юртидан кейинги таълим тўғрисидаги ҳужжатнинг — фалсафа доктори (PhD) дипломининг давлат намунасини тасдиқлаш;

2017 йилнинг 1 июлига қадар олий ўқув юртидан кейинги таълим институтларида таҳсил олаётган шахсларни янги тизимнинг тегишли институтларига ўтказиш, янги талабларга мувофиқ аттестация ишларининг қабул қилиниши, кўриб чиқилиши ва талабгорларга фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (Doctor of Science) илмий даражалари берилишини таъминлаш, шунингдек таянч докторантурада, докторантурада ёки мустақил изланувчи сифатида ўқишни бошлаш бўйича олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг икки поғонали тизими фаолиятини ташкиллаштириш билан боғлиқ барча зарур чора-тадбирларни амалга ошириш;

хорижий давлатларда берилган илмий даражалар ҳақидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш (эквивалентлигини қайд этиш)нинг амалдаги тартибини такомиллаштириш.

  1. Таянч докторантурага ва докторантурага қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясига, вазирликларга, идораларга ва олий ўқув юртидан кейинги таълимни амалга оширадиган муассасаларга шу мақсадлар учун ҳар йили ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида амалга оширилиши белгилансин.
  2. Белгилаб қўйилсинки, 2017 йил 1 июлидан:

таянч докторантурада таҳсил олувчи шахсларга стажёр-тадқиқотчи лавозим маошининг базавий миқдорига тенглаштирилган миқдорда стипендия тўланади;

докторантурада таҳсил олувчи шахсларга фан номзоди илмий даражасига эга (илмий унвонга эга бўлмаган) катта илмий ходим лавозим маошининг базавий миқдорига тенглаштирилган миқдорда стипендия тўланади.

  1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги мазкур Фармонга мувофиқ 2018 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг харажатлари параметрларида олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш тизимини молиялаштиришга зарур маблағлар ажратишни назарда тутсин.
  2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 24 июлдаги ПФ-4456- сон «Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони ва 2012 йил 27 июлдаги ПФ-4458-сон «Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 24 июлдаги ПФ-4456-сон «Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармонига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги Фармониўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
  3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Адлия вазирлиги, Фанлар академияси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда амалдаги қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
  4. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклатилсин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2017 йил 16 февраль,

ПФ-4958-сон

 

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *