Бугун Ўзбекистонда давлат раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари куни кенг нишонланмоқда.  “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида ушбу санага бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтмоқда. Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев соҳа ходимларини табриклади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

“Мамлакатимизда ҳамма соҳа вакилларининг байрами бор. Лекин барчамизни, бутун халқимизни боқадиган, кийинтирадиган қишлоқ хўжалиги ходимларининг байрами шу пайтгача йўқ эди. Махсус қонун қабул қилиб, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини белгилаганимиз, ўйлайманки, ҳаётимиздаги яна бир адолатли қарор, халқимизнинг дилидаги гап бўлди.

Ҳаммамиз болалигимиздан ерга, деҳқончилик ва чорвачиликка меҳр қўйганмиз. Бу соҳанинг меҳнати қанчалик шарафли, нони эса, қанчалик тотли ва ширинлигини барчамиз яхши биламиз. Деҳқон бу – ҳаётнинг бақувват устуни, тирикликнинг мустаҳкам таянчи, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди. Буюк мутафаккир Алишер Навоий бобомиз “олам аҳлининг тўқлиги, қувончи, аввало, ерга уруғ сочиб, бебаҳо ноз-неъмат етиштирадиган фидойи инсонлар меҳнатидандир” деб, миришкор деҳқонлар хизматига жуда катта баҳо берганлар”, — деди Шавкат Мирзиёев.

Қайд этилишича, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш натижасида, мамлакатда кейинги йилларда 160 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари шаклланиб, улар бугунги кунда 10 дан ортиқ йўналишларда самарали фаолият юритмоқда. Мамлакатда 12 мингдан зиёд  фермер хўжалиги раҳбарларини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этса, 6 мингдан ортиқ фермер хўжаликларига хотин-қизларимиз раҳбарлик қилмоқда.

Ўзбекистонда кўп тармоқли фермер хўжаликлари охирги икки йилда 45 фоизга кўпайиб, бугунги кунда уларнинг сони 75 мингтага етди. Фақат шунинг ҳисобидан жойларда, узоқ-узоқ қишлоқларда юз минглаб янги иш ўринлари барпо этилди.

http://kun.uz