Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи
Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!
Муҳтарам фахрийлар!
Ҳурматли меҳмонлар!
Бугун жонажон Ватанимизда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк Ғалабанинг 73 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Ана шу қутлуғ айём билан сизларни, сизлар орқали кўп миллатли бутун халқимизни чин қалбимдан муборакбод этаман. Барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни билдираман.
Сиз, азизларни биз фашизмга қарши мардона курашган, буюк Ғалабага беқиёс ҳисса қўшган, Ватанимизнинг ҳақиқий қаҳрамонлари, деб биламиз ва сизлар билан чексиз фахрланамиз.
Сизларнинг бугун орамизда мана шундай нуроний бўлиб, дуогўй бўлиб юришларингиз биз учун албатта катта бахт, катта давлатдир.
Ҳаммамизга аёнки, бу дунёда тинчлик ва омонлик, бахту саодат барқарор бўлиши учун инсон ўзини аямасдан кураш олиб бориши, фидокорона меҳнат қилиши керак. Сизларнинг юксак жасорат ва матонатингиз, бутун ҳаётингиз бунга яққол мисол бўла олади.
Бугун фашизмга қарши курашда ҳалок бўлган минглаб ватандошларимизнинг сўнмас хотираларини ёд этиб, уларнинг руҳи покларига ҳурмат бажо келтириш – биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Қонли жанг майдонларида мардлик кўрсатган, фронт ортида меҳнат қилиб, бугун ҳаётимизга файз бағишлаб юрган муҳтарам фахрийларимиз олдида барчамиз бош эгиб таъзим қиламиз.
Айни вақтда мустақил Ватанимиз озодлиги, эл-юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган жасур ҳарбийларимизнинг номларини ҳам ҳурмат ва эҳтиром билан эсга оламиз. Уларнинг оила аъзолари, фарзандларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишни ўзимизнинг муқаддас бурчимиз, деб биламиз.
Азиз ва муҳтарам дўстлар!
Иккинчи жаҳон уруши ҳақиқатан ҳам инсоният тарихидаги энг даҳшатли, энг қонли қирғин бўлган эди. Бу уруш халқимиз бошига қандай оғир азоб-уқубат ва талофатлар, беҳисоб қурбонлар келтирганини эл-юртимиз ҳеч қачон унутмайди.
Албатта, бу ҳақда жуда кўп гапириш мумкин. Рухсатингиз билан, мен такрор бўлса ҳам, фақат баъзи мисолларга тўхталиб ўтмоқчиман.
Уруш арафасида Ўзбекистонда 6,5 миллион аҳоли яшаган бўлса, шундан 1 миллион 500 мингдан зиёди фронтга сафарбар этилган. Бу ўша пайтдаги халқимизнинг 22 фоизини, меҳнатга яроқли аҳолининг эса 40-42 фоизини ташкил этарди.
Меҳрибон ота-онасини, азиз фарзандлари, табаррук она юрт тупроғини ҳимоя қилишга отланган бу ботир инсонлар кечаю кундуз қон кечиб, Москвадан то Берлингача бўлган оловли йўлларни қаҳрамонларча босиб ўтдилар.
Урушда ўзбекистонлик жангчилардан 500 мингдан кўпроғи – фронтга сафарбар этилганларнинг ҳар учтасидан бири ҳалок бўлди, 60 мингдан ортиқ ҳамюртимиз ногирон бўлиб қайтди.
Бу ёвуз уруш туфайли қанча-қанча оилалар ўз боқувчисидан ажралди, гўдаклар етим, аёллар бева бўлиб қолди. Ўз жигарбандидан жудо бўлган минг-минглаб оналар қалбидаги алам ва изтиробни ифода этишга сўз ожиз.
Эл-юртимизнинг буюк Ғалабага қўшган улкан ҳиссаси ҳақида гапирар эканмиз, қуйидаги рақамларга алоҳида тўхталиш ўринли, деб ўйлайман. Урушда қатнашган 120 мингдан ортиқ Ўзбекистон фарзанди жанговар орден ва медалларга сазовор бўлган. Уларнинг 280 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони билан, 82 нафари эса учала даражадаги “Слава” ордени билан мукофотланган.
Уруш йилларида Ўзбекистон фронтнинг мустаҳкам таъминот базасига айланди. Юртимиздаги саноат корхоналари ҳарбий соҳага мослаштирилди, барча имкониятлар фронт учун, ғалаба учун сафарбар этилди.
Ўлкамизга эвакуация қилинган юздан зиёд завод ва фабрикаларни ишга туширишда ишчи ва муҳандислар билан бирга аёллар ва кексалар, ўспирин болалар мардлик ва матонат билан меҳнат қилдилар.
Уруш даврида халқимиз томонидан фронтга 2 мингдан зиёд самолёт, кўплаб қурол-яроғлар, юзлаб ҳарбий-санитария поездлари, дала ошхоналари, палаткалар, жуда катта миқдордаги озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа зарур маҳсулотлар етказиб берилди.
Ўзбекистон меҳнаткашлари тўплаган маблағлар ҳисобидан ўнлаб ҳарбий самолёт ва танклар, жанговар машиналар барпо этилди.
1941 – 1945 йилларда мамлакатимиз собиқ Иттифоқ миқёсидаги улкан госпиталга айланди. Бу ерда минг-минглаб жангчилар даволаниб, уруш ва меҳнат фронтларига қайтдилар.
Ўша суронли йиллар ҳақида гапирганда, халқимизнинг олижаноб гуманистик фазилатлари тўғрисида ҳар қанча фахрланиб, ғурурланиб сўз юритсак, арзийди, албатта.
Ўзбекистон уруш туфайли уй-жойи, ота-онаси ва қариндошларидан ажралган, фронт ҳудудларидан кўчириб келтирилган қарийб 1 миллион кишини ўз яқинларидек кутиб олди. Уларнинг 200 минг нафари болалар эди. Юзлаб ўзбек оилалари эвакуация қилинган етим болаларни ўз тарбиясига олди. Охирги бурда нонини ҳам улар билан баҳам кўрди.
Тошкентлик темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудов хонадони ана шундай оилалардан бири эди.
Баҳри ая и Шоаҳмад ота 14 нафар оч-юпун, етим болани ўз тарбиясига олиб, уларга меҳр ва ғамхўрлик кўрсатдилар.
Халқимизга хос ана шундай буюк инсонпарварлик юксак маънавий жасорат намунаси сифатида бутун дунёда эътироф этилди.
Кейинги пайтда жамоатчилигимиз томонидан билдирилган кўплаб мурожаатларни ҳисобга олиб, биз Шоаҳмад Шомаҳмудов оиласига қўйилган ҳайкални Тошкент шаҳри марказидаги аввалги жойига қайтаришга қарор қилдик.
Ушбу ёдгорлик ёнида жойлашган марказий кўчалардан бирига Шоаҳмад Шомаҳмудов номи берилди. Шунингдек, ҳайкал ўрнатилган майдон, шу ҳудуддаги метро станцияси, санъат саройининг “Халқлар дўстлиги” деган аввалги номи қайта тикланди.
Албатта, бундай қарор чуқур асосга эга. Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари дўстлик, ўзаро ҳурмат муҳитида тинч-тотув яшамоқда.
Ишончим комил, Ўзбекистон пойтахти марказида қайта тикланган мажмуа азалдан халқимизга хос бўлган, тобора мустаҳкамланиб бораётган бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик, саховат ва олижаноблик фазилатларининг ёрқин тимсоли бўлиб қолади.
Азиз дўстлар!
Иккинчи жаҳон уруши йилларида халқимиз кўрсатган мардлик ва олижаноблик ҳақида кўплаб илмий ва бадиий асарлар яратилганини албатта миннатдорлик билан таъкидлаймиз.
Шу билан бирга, эл-юртимизнинг буюк Ғалабага қўшган улкан ҳиссаси ҳали тўла очиб берилмаган, десак, бу ҳам адолатдан бўлади.
Бугунги фурсатдан фойдаланиб, мен тарихчи олимларимизга, адабиёт ва санъат арбобларига, кенг жамоатчилигимизга бир таклиф билан мурожаат қилмоқчиман. Бу даҳшатли урушда қатнашган ота-боболаримизнинг қаҳрамонлиги ҳақида янги-янги асарлар яратиш, жумладан, аниқ тарихий ҳужжатлар асосида мукаммал китоб-альбом тайёрлаб, нашр этишнинг, ўйлайманки, вақти-соати келди.
Ҳақиқатан ҳам, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимиз фашизм балосига қарши курашда жасур аждодларимиз кўрсатган мардлик ва матонатни асло ёдидан чиқармаслиги керак. Бу тарихий ҳақиқатни уларга тўла етказиш, фарзандларимизни миллий ғурур ва ифтихор руҳида, ватанпарварлик руҳида тарбиялашда барча мутасадди ташкилотлар, олимларимиз, ижодкор зиёлиларимиз фаол иштирок этадилар, деб ишонаман.
Қадрли юртдошлар!
Бугун азим пойтахтимиз Тошкент шаҳрида, барча вилоят ва туманларда эл-юртимиз Хотира майдонларини зиёрат қилиб, урушда ҳалок бўлган ватандошларимизни ёд этмоқда. Муҳтарам фахрийларимиз билан самимий учрашувлар ўтказилиб, уларга мукофотлар, эсдалик совғалари топширилмоқда.
Ҳаммамиз яхши тушунамиз, кексаларимиз, мўътабар отахон ва онахонларимизни рози қилсак, бутун халқимиз, жамиятимиз биздан рози бўлади. Уларнинг табаррук дуолари – бу, аввало, эл-юртимизнинг дуоси, десак, ҳар томонлама тўғри бўлади.
Шу муносабат билан таъкидлаб айтмоқчиман – кекса авлод вакилларига эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш, уларнинг ижтимоий таъминоти, тиббий хизматдан фойдаланиши, маиший шароитларини яхшилаш, ҳурматли фахрийларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, эъзозлаш ва ардоқлаш бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлиб қолади.
Албатта, мана шу қутлуғ байрам кунларида, ям-яшил табиат бағрида, мусаффо осмон остида туриб, ҳар биримиз тинч ва озод ҳаётнинг қадрини, аҳамиятини янада чуқур ҳис этмоқдамиз.
Лекин, минг афсуски, дунёнинг турли минтақаларида кескинлик ўчоқлари кўпайиб бормоқда. Бу ҳам айни ҳақиқат. Шундай мураккаб даврда тинчлик учун кураш чиндан ҳам энг долзарб вазифага айланмоқда.
Шунинг учун биз яқин ва узоқ қўшниларимиз билан ўзаро манфаатли алоқаларни кучайтирмоқдамиз. Айниқса, минтақамизда дўстлик ва ҳамкорлик руҳини мустаҳкамлаш бўйича катта ишларни амалга ошираётганимиз сизларга яхши маълум. Жумладан, жафокаш Афғонистон заминида салкам 40 йилдан буён давом этаётган можарони тинч йўл билан ҳал этиш борасидаги ташаббусларимиз халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда.
Минтақамиздаги тинчлик ва тараққиёт барчамизнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизга боғлиқ. Шу маънода, бугун Марказий Осиё давлатлари ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтаришга интилаётгани ғоят муҳим аҳамиятга эга.
Айни пайтда Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, сарҳадларимиз дахлсизлигини сақлаш, халқаро терроризм, экстремизм, наркотрафик каби хатарларга қарши курашиш бош вазифамиз бўлиб қолади. Бу борада Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини ошириб, тинчлик ва хавфсизлик йўлида олис ва яқин давлатлар билан ҳамкорликни янада кучайтирамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистонни хайрихоҳлик билан қўллаб-қувватлаб келаётган, бугунги даврамизда иштирок этаётган дипломатик корпус вакилларига, барча хорижий меҳмонларимизга юксак ҳурмат ва эҳтиром билдирамиз. Уларнинг мамлакатлари ва халқларига ўз номимдан, эл-юртимиз номидан тинчлик ва равнақ тилашга ижозат бергайсиз.
Қадрли ва муҳтарам ватандошларим!
Сиз, азизларни қутлуғ байрам – Хотира ва қадрлаш куни билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман.
Ҳаммангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Дунёдаги энг катта бахт – фарзандлар, набираларнинг бахту камолини кўриш барчангизга насиб этсин.
Юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин!
Осмонимиз доимо мусаффо бўлсин!
***
Тошкент ботаника боғида Хотира ва Қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 73 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Бу ерда Иккинчи жаҳон урушидаги шароит акс эттирилган. Окоп ва блиндажлар қурилган, ўша давр қурол-аслаҳалари ва ҳарбий техникалари намойиш этилган.
Давлатимиз раҳбари ушбу кўргазмани кўздан кечирди.
Дунё тарихидаги энг даҳшатли, энг қонли қирғин бўлган Иккинчи жаҳон уруши инсониятга мислсиз йўқотишлар, талафот ва мусибатлар олиб келган. Ушбу бешафқат жангда Ўзбекистондаги меҳнатга лаёқатли аҳолининг деярли ярми қатнашган, уларнинг 500 мингдан кўпроғи жанг майдонларида ҳалок бўлган. Қанчадан-қанча инсонлар майиб-мажруҳ бўлиб қайтган, яна қанчаси бедарак кетган.
Халқимиз фронт ҳудудларидан кўчирилган бир миллионга яқин кишини қабул қилган. Жумладан, икки юз мингдан зиёд болаларни “Сен етим эмассан” деб оиласи бағрига олган, бир бурда нонини улар билан баҳам кўриб, ўз болалари қатори вояга етказган.
Халқимизнинг бундай бағрикенглиги ва олижаноблигини, фашизм устидан ғалаба қозонишга қўшган улкан ҳиссасини бутун дунё эътироф этади. Иккинчи жаҳон уруши тугаган 9 май куни мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида нишонланади.
Байрам тадбирида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан келган уруш ва меҳнат фахрийлари иштирок этди.
Президент Шавкат Мирзиёев 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни билан, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 73 йиллиги билан барча фахрийларни, бутун халқимизни табриклади.
Ўзбекистон Қуролли Кучлари Марказий ашула ва рақс ансамбли, эстрада хонандалари ижросида куй-қўшиқлар янгради. Уруш йилларининг ситамли хотиралари, бугунги тинч-осойишта ҳаёт қадри акс эттирилган бадиий чиқишлар қатнашчиларда унутилмас таассурот қолдирди.
http://www.president.uz/uz/lists/view/1704
***
Аждодларимиз жасорати ва қаҳрамонлиги хотирамизда мангу қолажак
Халқимизнинг қадр-қиммати, ор-номусини ҳимоя қилиш, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши курашларда букилмас ирода ва жасорат намунасини намоён этиб, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилган аждодларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиш, уларнинг эзгу ишларини давом эттириш биз учун азалий қадриятдир.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кенг нишонланаётган Хотира ва қадрлаш куни мазмун-моҳиятида ана шундай эзгу тамойиллар мужассам.
Ушбу айёмда бугунги тинч-осойишта ҳаётга қандай оғир синов ва машаққатлар эвазига эришилганини чуқур ҳис этамиз. Бу йўлда қурбон бўлган юртдошларимиз хотирасига таъзим қиламиз. Бизга насиб этган мустақиллик, тинчлик ва осойишталикнинг аҳамиятини янада теран англаймиз.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Маданият, Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи, Бадиий академия, Маънавият ва маърифат маркази, “Нуроний” жамғармаси ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди бошқа ташкилотлар билан биргаликда Ватанимиз озодлиги ҳимоячиларига бағишланган махсус учрашувлар ва маърифий-бадиий кечалар ўтказмоқда.
9 май. Пойтахтимиздаги Хотира майдони ҳар қачонгидан гавжум. Бу ерга сенаторлар ва депутатлар, ҳукумат аъзолари, ҳарбийлар келган.
Соат 9:00. Майдонга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кириб келди.
Давлатимиз раҳбари Иккинчи жаҳон урушида жон фидо қилган юртдошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди – ҳарбий оркестр садолари остида Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.
Мотамсаро она ҳайкали турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари томонидан қўйилган гулларга бурканди.
Боғ байрамона безатилган. Саҳна ортидаги улкан мониторда халқимизнинг уруш даврида кўрсатган матонати ва жасорати, ёвқур ўғлонларининг мислсиз қаҳрамонликлари акс этган лавҳалар намойиш қилинди. Мардлик, озод Ватан, тинчлик тараннум этилган шиорлардан юраклар жунбушга келди.
Боғ ичидаги майдонда уруш йилларидаги муҳит акс этган. Қўмондонлик штаби, окоп ва блиндажлар, тиббиёт пункти, дала ошхонаси қурилган, Иккинчи жаҳон уруши давридаги ҳарбий техника, қурол-аслаҳа намуналари жойлаштирилган. Жанг майдонларида аскарларимиз кўрсатган мардлик ва жасорат, урушдан қайтмаган минглаб юртдошларимизнинг муқаддас хотираси, ота-боболаримизнинг фронторти меҳнат фаолияти акс этган.
Ўзбекистон Қуролли Кучлари Марказий ашула ва рақс ансамбли ижросида мусиқа янгради.
Байрам тантанасида ҳозир бўлганлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни қарсаклар билан кутиб олди.
Чорлов мусиқаси янграйди.
Президент Шавкат Мирзиёев минбарга таклиф этилди.
Давлатимиз раҳбари бу ерга йиғилганларни, бутун халқимизни 9 май – Хотира ва қадрлаш куни, Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 73 йиллиги муносабати билан табриклади.
Бутун дунёда миллионлаб инсонлар умрига зомин бўлган, мислсиз йўқотишлар, талафот ва мусибатлар олиб келган Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихидаги энг даҳшатли, энг қонли қирғин бўлганини ҳеч ким унутмайди. Уруш арафасида Ўзбекистонда 6,5 миллион аҳоли яшаган. Унда қатнашган 1,5 миллиондан ортиқ ўзбекистонликнинг ярим миллиондан зиёди ҳалок бўлгани, яна қанча-қанчаси майиб-мажруҳ бўлиб қайтгани, қанчаси бедарак йўқолгани ҳисобга олинадиган бўлса, бу ғалаба халқимиз учун нақадар қимматга тушгани яққол намоён бўлади.
Халқимизнинг уруш йилларидаги чинакам матонат ва жасорати бутун инсоният учун ибратдир. Ўзбек халқи жанг майдонларидан юртимизга эвакуация қилинган бир миллионга яқин кишига ўз уйидан жой берди. Улар орасидаги 200 минг болани юзлаб ўзбек оилалари “Сен етим эмассан”, деб ўз паноҳига олган, охирги бир бурда нонини улар билан баҳам кўрган. Тошкентлик Шомаҳмудовлар оиласи 14 нафар, каттақўрғонлик Самадовлар оиласи 12, бухоролик Жўраев ва Ашурхўжаевлар оиласи 8 нафардан болани ўз бағрига олган. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Шунингдек, генерал Собир Раҳимов ҳайкали Тошкент шаҳри Олмазор тумани ҳокимлиги қаршисидаги эски ўрнига қайтарилгани 1941-1945 йилларда Иккинчи жаҳон уруши фронтида матонат кўрсатган юртдошларимиз хотирасини улуғлаш йўлидаги яна бир эзгу қадам бўлди.
– 1943 йил урушга кетдим, иккинчи Украина фронтида хизмат қилдим, – дейди Самарқанд вилояти Пайариқ туманида яшовчи Маҳмадали ота Сиддиқов. – 1946 йилда юртга қайтиб келдим. У даврларни эслаш биз учун азоб. Ғалабага ҳисса қўшган ўнлаб қуролдош дўстларимиз хоки бегона юртларда қолиб кетди. Урушдан сўнг Самарқанд ўқитувчилар тайёрлаш мактабини тамомлаб, узоқ йиллар ёшларга дарс бердим. Ёшим 96 да, тўрт фарзанд, қирқдан зиёд невара-чевара кўрдим. Бугунги байрам, Президентимизнинг эътибори кўнглимизни тоғдек кўтарди. Шундай кунларга етказганига шукр. Илоҳим, элимиздан меҳр-оқибат, аҳиллик аримасин. Юртимиз ҳамиша тинч, халқимиз омон бўлсин!
Саҳнада ва улкан мониторда Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги ҳаёт акс эттирилган лавҳалар ўтади.
…Ўзбекистон санъат арбоби Туроб Тўланинг «Она монологи» янграйди.
Машҳур сухандон Юрий Левитаннинг уруш бошлангани тўғрисидаги эълонни ўқиган овози янграйди. Йигитлар Ватан ҳимоясига отланади. Мониторда Иккинчи жаҳон уруши воқеалари тасвирланади.
Бу йилги Хотира ва қадрлаш куни тадбирларида Иккинчи жаҳон урушида халқимизнинг тинчлиги ва омонлиги йўлида ўз жонини фидо қилган боболаримизни хотирлаш, бугун орамизда бўлган фахрийларимизнинг кўнглини кўтариш, умрига умр қўшишдек олижаноб мақсад кўзланган. Зеро, уларнинг қаҳрамонлиги қалбларимизга фахр туйғусини бағишлайди.
– Бугунги тадбир юртингизда фахрийларга кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиромнинг ёрқин намунаси бўлди, – дейди Америка Қўшма Штатларининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Памела Спратлен хоним. – Байрамга Ўзбекистоннинг барча ҳудудидан нуронийлар таклиф этилган, ҳарбий либос кийган йигит-қизлар уларга хизмат кўрсатмоқда. Кексаларга иззат-ҳурматли, меҳр-оқибатли бўлиш халқингизга хос юксак фазилатдир. Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида бугунги тинч-осойишта, бахтли-саодатли кунларни таъминлашга ҳисса қўшган фахрийларнинг ҳурматини жойига қўйиш ва ҳаётини мазмунан бойитиш йўлидаги бу ҳаракатлар таҳсинга лойиқ.
Байрам дастурида атоқли шоир ва санъаткорларимизнинг шеър ва қўшиқларига кенг ўрин берилгани Хотира ва қадрлаш куни мазмун-моҳиятига мос тушган. Ҳамид Олимжоннинг «Фашизм балоси», Зулфиянинг «Жангга кетган ўғилга», Ғафур Ғуломнинг «Сен етим эмассан» шеърларининг муаллифлардан ёзиб олинган парчалари эшиттирилганда, қалблар ларзага келди.
…Камтарнинг «Фронтдан хат», Ҳабибийнинг «Кўргум келур», Ғафур Ғуломнинг «Йигит омон бўлса», Константин Симоновнинг «Жди меня», Яков Галицкийнинг «Синий платочек» шеърларига басталанган қўшиқлар янгради.
Концерт ҳарбий оркестр ва миллий ижрочилар иштирокида давом этди.
Уруш тугаб, ғалабага эришилгани ҳақида Юрий Левитан эълон қилади.
73 йил олдинги бу қувонч, сурур яна бир бор тадбир иштирокчиларини ҳаяжонга солди.
– Биз бахтли авлодмиз – шундай тинч-осойишта мамлакатда яшаяпмиз, – дейди Тошкент темир йўл транспорти касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Илҳом Тўлахўжаев. – Бунда бобо-бувиларимизнинг, барча нуронийларимизнинг ҳиссаси беқиёс. Президентимиз таъкидлаганидек, уларга ғамхўрлик қилиш, умрларини узайтириш учун барча шароитларни яратиш ҳаммамизнинг фарзандлик бурчимиздир.
– Ўзбекистонда Хотира ва қадрлаш куни нишонланаётгани замирида жуда катта маъно-мазмун бор, – дейди Япониянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ито Нобуаки. – Иккинчи жаҳон уруши ўтганига анча бўлди, лекин ундан чиқариладиган сабоқ, хулосалар ҳали тугагани йўқ. Бу эса ғалабанинг қадр-қимматини оширади. Ўзбек халқи ана шу улкан ғалабага муносиб ҳисса қўшгани билан фахрланади. Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида фашизмга қарши курашда ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг хотирасини ёд этиш, уларнинг руҳи покларига ҳурмат бажо келтириш зарурлигини таъкидлади. Дарҳақиқат, хотира бугунги авлодни тинчликни қадрлашга ўргатади. Президентингиз, шунингдек, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари ва бошқа мамлакатлар билан ҳамкорлиги бундан буён ҳам мустаҳкамланиб боришини қайд этди. Биз бу муносабатларни ғоят қадрлаймиз. Ўзаро ҳамкорлигимиз бундан кейин ҳам изчил тараққий этаверишига ишонамиз.
Уруш йилларининг аянчли хотиралари, бугунги тинч-осойишта ҳаёт қадри акс эттирилган бадиий дастур қатнашчиларда унутилмас таассурот қолдирди.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кенг нишонланмоқда.
Сўнгги фикрлар