Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Мамлакатимизда сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни ривожлантиришнинг институционал-ҳуқуқий асосларини шакллантириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, оммавий ахборот воситалари, матбуот, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича самарали тизим шаклланмаган.
Давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари ва ташкилотлари (кейинги ўринларда – давлат органлари ва бошқа ташкилотлар) матбуот хизматларининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлиги етарли даражада йўлга қўйилмаган.
Бундан ташқари, соҳага инвестициялар жалб этиш ҳамда ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолиятини ташкил этишда, хусусийлаштириш дастурларини амалга оширишда давлат-хусусий шериклик имкониятларидан фойдаланишга лозим даражада эътибор қаратилмаяпти.
Ахборот соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, мамлакат медиа-бозорини жадал ривожлантириш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, китоб ва бошқа босма маҳсулотлар ишлаб чиқариш сифатини ошириш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясидаги вазифаларга мувофиқ:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги негизида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик);
Қорақалпоғистон матбуот ва ахборот агентлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар матбуот ва ахборот бошқармалари негизида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармалари (кейинги ўринларда – ҳудудий бўлинмалар);
юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма);
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг Оммавий коммуникациялар соҳасида мониторинг маркази негизида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича маркази (кейинги ўринларда – Марказ) ташкил этилсин.
2. Тошкент матбаа-ноширлик касб-ҳунар коллежи, унинг номини Ноширлик-матбаа фаолияти соҳасида мутахассисларни тайёрлаш касб-ҳунар коллежига ўзгартирган ҳамда амалдаги молиялаштириш тизимини сақлаб қолган ҳолда Агентлик тасарруфига ўтказилсин.
3. Қуйидагилар:
а) Агентликнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
фуқароларнинг сўз ва ахборот эркинлигига доир конституциявий ҳуқуқларининг рўёбга чиқишини таъминлаш, мамлакатни ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ривожлантиришда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш, медиа-бозорда улар учун тенг шароитлар яратиш, шунингдек, журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;
оммавий ахборот воситалари, матбуот, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолиятининг ривожланишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни таъминлаш, шунингдек, инвестициялар жалб этиш ва давлат-хусусий шериклик шартлари асосида лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай шарт-шароитларни шакллантириш;
ахборот соҳасидаги қонун ҳужжатларини қўллаш амалиётини умумлаштириш, оммавий ахборот воситалари, матбуот, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолиятининг ривожланишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини илгари суриш ва ишлаб чиқиш;
давлат органлари ва бошқа ташкилотларга улар фаолиятининг очиқлигини таъминлашда, давлат хизматчиларига оммавий ахборот воситалари билан очиқ, оммавий ўзаро ҳамкорлик қилиш маданиятини сингдиришда, шу жумладан, уларнинг матбуот хизматлари (жамоатчилик билан ишлаш бўйича бўлинмалари) фаолиятини мувофиқлаштириш ва услубий жиҳатдан таъминлаш орқали кўмаклашиш;
мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотларни, инвестициялар киритиш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш учун яратилган қулай шароитларни, аввало, хорижий ишбилармон доиралар, тадбиркорлар, салоҳиятли инвесторлар, давлат ва жамоат арбоблари орасида тарғиб этиш ва кенг хабардор қилиш масалаларида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;
тармоқ корхоналарининг моддий-техник базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, замонавий стандартлаштириш ва сертификатлаштириш тизимлари, инновацион ғоялар ва технологияларни жорий этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
китоб нашр этиш, электрон ва аудио китоблар яратиш, китоб мутолааси маданиятини ошириш, хорижда ўзбек адабиётини оммалаштириш соҳасида дастурий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва уларнинг амалга оширилишини таъминлаш;
журналистлар ҳамда оммавий ахборот воситалари, матбуот, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона корхоналари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, тармоқнинг муҳандислик-техник мутахассисларини тайёрлашда кўмаклашиш, уларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш;
республика ахборот хавфсизлигини таъминлашда иштирок этиш ҳамда ахборот соҳасидаги хатар ва таҳдидларга қарши ўз вақтида ва муносиб равишда курашиш чораларини кўриш;
Агентлик ваколатига тааллуқли масалалар бўйича халқаро ҳамкорликни ташкил этиш;
б) Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятининг очиқлиги ҳолати ва даражасини таҳлил қилиш;
миллий ахборот маконини ҳамда оммавий ахборот воситалари, матбуот, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилиши самарадорлигини мониторинг қилиш;
оммавий ахборот воситаларида тарқатилаётган материаллар мазмунининг, шу жумладан, шахс, жамият ва давлат манфаатларининг ҳимоясини таъминлашга қаратилган қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини тизимли асосда таҳлил қилиш;
оммавий ахборот воситалари, матбуот, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги муаммо ва тўсиқларни аниқлаш;
таҳлил ва мониторинг натижаларини умумлаштириш ва улар асосида тавсиялар бериш.
4. Ўзбекистон Республикаси Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясининг фонограммалар ва аудиовизуал асарларни тарқатиш (сотиш, ижарага бериш ва омма эътиборига етказиш)да муаллифлик ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчиликка ва норматив ҳужжатларга риоя қилиниши устидан давлат назорати бўйича ваколатлари Агентликка берилсин.
5. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгилансин:
Агентликка идоравий мансуб нашриётлар ва матбаа корхоналарининг маҳсулотларини сотишдан тушадиган соф тушумнинг 10 фоизи миқдорида шартнома асосидаги ажратмалардан шакллантириладиган маблағлар;
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан 20 миллиард сўм миқдорида бир марта ажратиладиган маблағлар;
Агентлик томонидан рухсатнома тусидаги ҳужжатлар берганлик учун давлат божи тўлашдан тушадиган маблағлар;
жисмоний ва юридик шахслар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;
қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа тушумлар.
Белгилаб қўйилсинки, Жамғарма маблағлари қуйидагиларга сарфланади:
давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситаларини ривожлантиришни рағбатлантириш ва уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, тармоқ корхоналарининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;
китоб мутолааси маданиятини ошириш, ўзбек адабиётини оммалаштириш, ахборот-кутубхона муассасаларининг китоб фондини ривожлантириш, нашриётларнинг ўқув ва адабий материаллари касбий ва бадиий савиясини ошириш бўйича лойиҳа ва дастурларни молиялаштириш;
хорижда Ўзбекистоннинг ижобий имижини тарғиб этиш, ахборот кампанияларини ўтказиш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши, яратилган қулай шароитлар ва ишбилармонлик муҳитининг яхшиланиши тўғрисида, аввало, хорижий ишбилармон доиралар, тадбиркорлар, салоҳиятли инвесторлар, давлат ва жамоат арбоблари орасида тарғибот олиб бориш ва уларни кенг хабардор қилиш;
журналистлар ҳамда оммавий ахборот воситалари, матбуот, ноширлик-матбаа корхоналари ва ахборот-кутубхона муассасалари ходимларини, шу жумладан, мамлакатимиздан ва хориждан мутахассислар жалб этиш, хорижда ўқув стажировкаларини ташкил этиш орқали тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тадбирларини молиялаштириш;
Агентлик, унинг ҳудудий ва таркибий бўлинмаларининг ходимларини моддий рағбатлантириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;
Агентликка юкланган вазифаларни бажариш доирасида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, илмий ва таълим муассасалари, етакчи халқаро ташкилотлар ва хорижий компанияларнинг юқори малакали ходимларини, шунингдек, жумладан хорижий мутахассисларни маслаҳатчи сифатида жалб этиш бўйича харажатларни қоплаш.
Агентлик Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни белгиланган тартибда тасдиқласин, унда, жумладан Агентликка идоравий мансуб корхоналарнинг соф тушумидан маблағларнинг бир қисми бевосита Жамғармага йўналтирилишини назарда тутсин.
6. Агентликка Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Ҳ.Раҳматуллаев кўчаси, 3-уй манзилида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг “Баркамол авлод” республика болалар маркази биноси ва иншоотлари туташ ҳудуди билан биргаликда оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилсин ва унда Ноширлик-матбаа фаолияти соҳасида мутахассисларни тайёрлаш касб-ҳунар коллежи жойлаштирилсин.
7. Агентлик Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:
қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мазкур Фармонга мувофиқлаштирсин.
8. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Ф.Ш.Маҳмудов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2019 йил 2 февраль
http://uza.uz/oz/documents/akhborot-so-asi-va-ommaviy-kommunikatsiyalarni-yanada-rivozh-04-02-2019
Сўнгги фикрлар