Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори​

Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглар ва индекслардаги ўрнини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглар ва индекслардаги ўрнини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ижобий обрўсини шакллантириш, Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглардаги ўрнини холис ва ҳаққоний баҳолашни таъминлаш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ишлар амалга оширилди.
Шу билан бирга, кўрилаётган чораларга қарамасдан, мамлакатда тегишли йўналишлар бўйича миллий рейтингларни юритишга ёрдам берадиган, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг халқаро мезонлар ва стандартларга мувофиқлигини баҳолашнинг яхлит тизими мавжуд эмас.
Мазкур ҳолат халқаро ташкилотлар ва илмий муассасалар билан тизимли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, масъул вазирлик ва идораларда баҳоланаётган йўналишлар бўйича тавсиялар ва бошқа давлатларнинг ижобий тажрибасини ўз ичига олган тегишли маълумотлар базасини, ходимларда эса халқаро рейтинглар методологиясини қўллаш бўйича дунёқарашни шакллантириш имконини бермаяпти.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни баҳолашнинг яхлит ва мустақил тизимини шакллантириш, шунингдек, республиканинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилашни таъминлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Адлия вазирлигининг Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглардаги ўрнини мониторинг қилиш ва баҳолаш миллий тизимини (кейинги ўринларда – Миллий мониторинг тизими) яратиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Бошқарув сифати ва сиёсатнинг самарадорлигини ўлчаш, мамлакатда
юз бераётган ўзгаришлар жараёнини баҳолаш, тадқиқотлар натижаларидан келиб чиққан ҳолда ислоҳотларнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқишга ёрдам берувчи устувор халқаро рейтингларнинг мезонлари ва индикаторлари Миллий мониторинг тизимининг таркибий қисми этиб белгилансин.
2. Миллий мониторинг тизими фаолиятини ташкил этишнинг дастлабки босқичи сифатида республикадаги тадқиқот институтларига алоҳида халқаро рейтинглар иловага мувофиқ бириктирилсин ва уларга қуйидаги вазифалар юклансин:
халқаро рейтингларнинг методологик ва бошқа таркибий қисмларини аниқлаш, уларни амалдаги қонунчиликка имплементация қилиш, Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглардаги паст кўрсаткичларига сабаб бўлаётган асосий омилларни аниқлаш;
ўзини ўзи баҳолаш учун устувор халқаро рейтингларнинг мезонлари ва индикаторлари асосида миллий индексларни ишлаб чиқиш;
лойиҳалар ва амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини юксалтиришга тўсқинлик қилаётган нормаларни аниқлаш нуқтаи назаридан эксперт таҳлил қилиш ҳамда таҳлил натижаларига кўра тегишли тавсиялар ишлаб чиқиш;
Ўзбекистон Республикасининг тегишли рейтинглардаги ривожланиш жараёни тўғрисидаги ахборотларни, шунингдек, баҳоланаётган йўналишлар бўйича тавсиялар ва хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини ўз ичига олган ахборот-маълумотлар базасини яратиш;
Ўзбекистон Республикасининг устувор халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилашга тўсқинлик қилаётган мавжуд ҳақиқий муаммоларнинг тизимли таҳлилини олиб бориш, уларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
халқаро ташкилотлар, рейтинг агентликлари ва илмий муассасаларнинг экспертлари билан ҳамкорлик ўрнатиш ва конструктив мулоқотни йўлга қўйиш;
тегишли тармоқлардаги муаммоларни аниқлаш ва аҳволни ўрганиш учун ижтимоий сўровлар ўтказиш, шунингдек, мамлакатда кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш доирасида турли соҳаларда юз бераётган туб ўзгаришлар тўғрисида жамоатчилик ва халқаро рейтинг агентликларини хабардор қилиш.
3. Кўрсатилаётган давлат хизматлари сифатини яхшилаш, аҳолининг давлат органлари фаолиятидан қониқиши даражасини ҳамда уларнинг ходимлари касбий маҳоратини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Савдо-саноат палатасининг “давлат хизматларининг сирли мижози” институтини жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
4. Белгилансинки:
“давлат хизматларининг сирли мижози” институтидан фойдаланиш доирасидаги чора-тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилади;
“давлат хизматларининг сирли мижози” институтидан фойдаланишда ҳуқуқбузарликлар ва ваколатни суиистеъмол қилишга ундовчи усулларни қўллаш тақиқланади;
“давлат хизматларининг сирли мижози” институти маъмурий тартиб-қоидалар амалга оширилиши қулайлиги ва давлат органлари, шунингдек, уларнинг ходимлари томонидан давлат хизматларини кўрсатишда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари, ходимларнинг профессионаллиги ва тезкорлиги, уларнинг аҳоли билан муомала қилиш этикети даражасини баҳолайди;
маълумотларни йиғиш учун ҳақиқий “мижоз” кўринишида мониторингни амалга оширувчи ходимлар ва бошқа шахслар (“сирли мижозлар”)дан фойдаланилади;
“сирли мижоз” томонидан мониторинг нафақат бевосита объектларга ташриф буюришлар, балки мониторинг амалга оширилаётган давлат хизматларига қараб бошқа воситалар (телефон қўнғироқлари, электрон почта орқали мурожаат қилиш ва бошқалар) орқали ҳам амалга оширилиши мумкин;
“давлат хизматларининг сирли мижози” мониторинги натижалари шахсий бўлмаган шаклда расмийлаштирилади ҳамда қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш учун тегишли давлат хизматларини кўрсатадиган вазирлик ва идораларга мажбурий тартибда кўриб чиқиш учун тақдимномалар юборилади;
“давлат хизматларининг сирли мижози” мониторинги натижалари тегишли давлат хизматларини кўрсатадиган вазирлик ҳамда идоралар ходимларини жавобгарликка тортиш учун асос бўлмайди ва тавсиявий кўринишга эга бўлади;
“давлат хизматларининг сирли мижози” институти фаолиятини юритиш билан боғлиқ харажатлар Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглардаги ва алоҳида таркибий индикаторлардаги ўрнини яхшилаш учун масъул бўлган бошқа вазирликлар, идоралар ва тадқиқот институтлари билан биргаликда 2019 йил 1 апрелга қадар Интернет тармоғида қуйидагиларни ўз ичига олган “Ўзбекистон Республикаси халқаро рейтингларда” ягона порталини яратсин:
халқаро рейтинглар бўйича йиллик ҳисоботлар, шунингдек, ҳисоботларни ўрганиш ва эълон қилиш муддатларини кўрсатган ҳолда тегишли йўналишлар бўйича ишлар аҳволини яхшилашга қаратилган халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг тавсиялари;
халқаро рейтинглар индикаторлари бўйича хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасига оид ахборотлар;
тегишли рейтинглар йўналишлари бўйича жамоатчилик фикри сўровномалари, шунингдек, ижтимоий ва илмий тадқиқотлар натижалари;
халқаро рейтинглар саволномалари шаклида ҳар бир индикатор кесимида тўлиқ ва аниқ маълумотлар, шу жумладан, статистик маълумотлар;
тегишли рейтинглар бўйича турли ижтимоий сўровларни ўтказиш имконияти;
тегишли халқаро рейтинг методологияси бўйича онлайн ўқитиш ресурси;
респондентлар томонидан жойларда қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш бўйича таклифларни тақдим этиш имконияти.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги “Ўзбекистон Республикаси халқаро рейтингларда” ягона портали фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва янгилаш бўйича масъул орган этиб белгилансин.
Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглардаги ва алоҳида таркибий индикаторлардаги ўрнини яхшилаш учун масъул вазирликлар, идоралар ва тадқиқот институтлари ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 15 санасига қадар Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисидаги маълумотлар, зарур статистик ахборотлар ва бошқа материалларни тақдим этишни таъминласин.
Бунда Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглардаги ва алоҳида таркибий индикаторлардаги ўрнини яхшилаш учун масъул вазирликлар, идоралар ва тадқиқот институтлари раҳбарлари “Ўзбекистон Республикаси халқаро рейтингларда” ягона порталида эълон қилинадиган ахборотларнинг ишончлилиги учун шахсан жавобгар ҳисобланади.
6. Алоҳида рейтинглар учун масъул бўлган тадқиқот институтлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги ПФ–5635-сон Фармонида белгиланган, Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглардаги ва алоҳида таркибий индикаторлардаги ўрнини яхшилаш учун масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
2019 йил 1 апрелга қадар Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатлари ва қонунчилик талабларини ҳисобга олган ҳолда хорижий давлатларнинг ижобий тажрибасига асосланган тегишли рейтинглар методологиясини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни таъминласин;
2019 йил 1 майга қадар тегишли рейтингда Ўзбекистон Республикасининг ривожланиши тенденциялари ҳақидаги маълумотларни, баҳоланаётган йўналиш бўйича тавсиялар ва хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини ўз ичига олган ахборот базасини шакллантирсин;
2019 йил 1 июнга қадар вазирлик ва идоралар ходимларини баҳолаш методологияси билан таништириш, уларда рейтинглар билан ишлаш кўникмаларини шакллантириш бўйича семинар-тренингларни, шу жумладан, хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда ташкил қилсин;
икки ой муддатда халқаро рейтингларни тузувчилар, шунингдек, халқаро рейтингларга алоқадор бошқа халқаро, илмий-тадқиқот, нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликни ўрнатиш масаласини кўриб чиқсин.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглардаги ва алоҳида таркибий индикаторлардаги ўрнини яхшилаш учун масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда тадқиқот институтларига ҳамкорликни йўлга қўйишда ва грантлар, шу жумладан, хорижий грантларни жалб этишда ҳар томонлама кўмаклашсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги ПФ–5635-сон Фармонида белгиланган, Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглардаги ва алоҳида таркибий индикаторлардаги ўрнини яхшилаш учун масъул вазирлик ва идоралар:
Ўзбекистон Республикасининг тегишли халқаро рейтинглардаги ўрнини, шу жумладан, тадқиқот институтларининг маълумотлари ва ўрганиш натижаларини ҳисобга олган ҳолда яхшилаш бўйича ҳар йили “Йўл хариталари” ишлаб чиқилишини таъминласин;
бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига 2019 йилда Ўзбекистон Республикасининг тегишли халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш бўйича “Йўл хариталари” лойиҳаларини киритсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Ўзбекистон Республикасининг асосий халқаро рейтинглардаги ўрнини оширишга тўсқинлик қилаётган муаммоларни тизимли таҳлил қилиш, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, шунингдек, мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг натижалари тўғрисидаги ахборотни, жумладан, субсидиялар, грантлар ажратиш ҳамда ижтимоий буюртмалар бериш орқали халқаро рейтингларни тузувчиларга етказиш борасидаги ишларга фуқаролик жамияти институтларини фаол жалб этишни таъминласин.
9. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Савдо-саноат палатаси билан биргаликда бир ой муддатда “давлат хизматларининг сирли мижози” томонидан мониторинг ўтказишнинг аниқ мақсадлари, параметрлари, объектлари ва мезонларини назарда тутувчи тартибни ишлаб чиқсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда халқаро рейтинглар индикаторлари доирасида ўтказилаётган ислоҳотлар тўғрисидаги ахборотларнинг оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғида кенг ёритилишини, шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари орасида тушунтирилишини таъминласин.
11. Адлия вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
 
Президенти                                           Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2019 йил 25 февраль
http://uza.uz/oz/documents/zbekiston-respublikasining-khal-aro-reytinglar-va-indekslard-26-02-2019

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *