Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида

Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар  миқдорини ошириш тўғрисида

Аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини қатъий ошириб бориш, аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларни янада ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун қулай шарт-шароитларни яратиш ҳамда республика фуқароларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш мақсадида:

1. 2019 йилнинг 1 августидан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори 1,1 баравар оширилсин.

2. 2019 йилнинг 1 августидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида энг кам:

иш ҳақи – ойига 223 000 сўм;

ёшга доир пенсиялар – ойига 436 150 сўм;

болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа – ойига 436 150 сўм;

зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа ойига 267 650 сўм миқдорида белгилансин.

3. Белгилансинки, 2019 йил 1 августдан бошлаб:

II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг ногиронлик пенсиялари энг кам миқдори ёшга доир энг кам пенсиянинг 50 фоизидан 75 фоизига оширилади;

II гуруҳ ногиронлиги бўлган ёлғиз шахслар – пенсионерларнинг пенсияларига устама миқдори энг кам иш ҳақининг 50 фоизидан 75 фоизига оширилади;

боқувчисини йўқотганлик нафақаси миқдори меҳнатга лаёқатсиз оила аъзолари сонига амалдаги фоизлар нисбати сақланган ҳолда ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдоридан келиб чиқиб белгиланади.

4. 2019 йилнинг 1 августидан I гуруҳ ногиронлик нафақаси, шунингдек, 16 ёшдан катта болаликдан I гуруҳ ногиронлик нафақаси олувчиларга ҳар ойда энг кам иш ҳақининг 25 фоизи миқдорида қўшимча тўлов жорий қилинсин.

5. Молия вазирлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотлар ва муассасалар билан биргаликда бюджет муассасалари ва ташкилотларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорларининг мазкур Фармон қоидаларидан келиб чиққан ҳолда ўз вақтида қайта ҳисоблаб чиқилишини таъминласин.

6. Бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва стипендияларнинг оширилиши билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳисобидан амалга оширилсин.

Иш берувчиларга иш ҳақи миқдорларини қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган ҳолда тўлашни таъминлаб, иш ҳақи миқдорларини энг кам иш ҳақига мувофиқ ошириш тавсия этилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 майдаги “Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ–5723-сон Фармонига мувофиқ 2019 йилнинг 1 сентябридан энг кам иш ҳақи миқдори ўрнига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори, базавий ҳисоблаш миқдори ва пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори киритилаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 майдаги “Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ–5723-сон Фармони 1-бандида:

иккинчи хатбошидаги “577 170” рақами “634 880” рақами билан алмаштирилсин;

учинчи хатбошидаги “202 730” рақами “223 000” рақами билан алмаштирилсин;

тўртинчи хатбошидаги “202 730” рақами “223 000” рақами билан алмаштирилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 октябрдаги “Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги ПФ–5553-сон Фармони унинг 4 ва 8-бандлари истисно қилинган ҳолда 2019 йилнинг 1 августидан ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

11. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                                                                                 Ш. Мирзиёев

Тошкент шаҳри,
2019 йил 12 июль

 http://uza.uz/oz/documents/ish-a-i-pensiyalar-stipendiyalar-va-nafa-alar-mi-dorini-oshi-12-07-2019

 

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *