Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
Олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг узлуксиз малакасини ошириш тизимини жорий этиш тўғрисида
Сўнгги йилларда олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг (кейинги ўринларда – раҳбар ва педагог кадрлар) касбий билим, малака ва кўникмаларини ривожлантиришга кенг имкониятлар яратилмоқда. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари ўқув жараёнига ўқитишнинг замонавий шакл ва технологиялари, жумладан, масофавий таълим, вебинар технологиялари, автоматлашган мониторинг, электрон портфолио ахборот тизимлари жорий этилмоқда.
Шу билан бирга, раҳбар ва педагог кадрлар малакасини оширишнинг амалдаги тартиби самараси паст бўлганлиги, кўп ресурс сарфлашни талаб этаётгани ҳамда замонавий талабларга жавоб бермаётганлиги ушбу жараёнга инновацион ёндашувларни жорий этишни ҳамда кадрларнинг касбий компетентлигини доимий ривожлантириш механизмларини қўллашни талаб этмоқда.
Раҳбар ва педагог кадрларнинг малакасини ошириш тизимини янги босқичга кўтариш, уларнинг касбий малакасини оширишнинг замонавий шаклларини ҳамда илмий ва илмий-педагогик фаолият натижаларини инобатга оладиган табақалаштирилган ва муқобил узлуксиз малака ошириш тизимини амалиётга кенг жорий этиш мақсадида:
2. Қуйидагилар раҳбар ва педагог кадрлар узлуксиз малакасини ошириш тизимининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
раҳбар ва педагог кадрларнинг касбий билими, кўникмалари ва маҳоратини узлуксиз янгилаб бориш механизмларини жорий этиш, замонавий талабларга мувофиқ олий таълим сифатини таъминлаш учун зарур даражада касбий тайёргарликни ошириш;
малака оширишнинг бевосита ва касбий фаолиятга алоқадор билвосита шаклларини вариатив ва бир-бирини тўлдириш тамойиллари асосида амалиётга жорий этишни таъминлаш ва мониторинг олиб бориш;
раҳбар ва педагог кадрларнинг илмий-педагогик салоҳиятидан келиб чиқиб, уларнинг касбий эҳтиёжларини қаноатлантиришга йўналтирилган узлуксиз малака оширишнинг шаклларини мустақил танлаш ва ўзлаштириш имкониятини яратиш;
раҳбар ва педагог кадрларнинг касбий маҳоратини мунтазам ошириш асосида уларнинг илмий ва амалий тадқиқотлар, технологик тараққиёт ҳамда ўқитилаётган фанлар бўйича инновациялар, шунингдек, ўқув жараёнини ташкил этишнинг замонавий услублари соҳаларидаги кўникмаларини ривожлантириш;
юқори самарали замонавий таълим ва инновацион технологиялар, илғор хорижий тажрибани кенг жорий этган ҳолда раҳбар ва педагог кадрларнинг малакасини ошириш бўйича малака талаблари, ўқув режалари ва дастурларини доимий янгилаб бориш, уларнинг фаолиятини зарур даражада ташкил этиш ва самарадорлигини таъминлаш;
раҳбар ва педагог кадрларда Интернет жаҳон ахборот тармоғи, мультимедиа тизимлари ва масофадан ўқитиш усулларидан фойдаланган ҳолда илғор педагогика, ахборот-коммуникация ва инновацион технологияларни эгаллаш ва уларни ўқув жараёнига фаол татбиқ этиш кўникмаларини ривожлантириш;
раҳбар ва педагог кадрларнинг чет тилини амалий ўзлаштириш даражасини ошириш, ўз касбий маҳоратини, педагогик ва илмий фаолияти самарадорлигини муттасил ошириб бориш имкониятларини яратиш.
3. Белгилаб қўйилсинки, раҳбар ва педагог кадрларнинг узлуксиз малака ошириши:
мутахассислик бўйича мустақил малака ошириш;
муқобил малака ошириш;
таълим дастурлари асосида ихтисослаштирилган қайта тайёрлаш ва малака ошириш муассасаларида бевосита ўқиш шаклларини ўз ичига олади.
Бунда раҳбар ва педагог кадрларга уларнинг касбий, ўқув-методик ва илмий-педагогик фаолияти натижаларидан келиб чиқиб, муқобил малака ошириш ёки таълим дастурлари асосида ўқиш шаклларини танлаш имконияти берилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб:
раҳбар ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ишдан ажраган ҳолда тўғридан-тўғри (бевосита) ўқиш умумий давомийлигини 144 соат этиб белгилаш;
раҳбар ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказларидапрофессор-ўқитувчиларнинг сонидан келиб чиқиб белгиланадиган, камида 3 та штат бирлигидан иборат таълим технологиялари кафедралариниташкил этиш;
раҳбар ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказларида самарали дарс бераётган профессор-ўқитувчилар, тажрибали амалиётчи мутахассислар фаолияти таҳлилидан келиб чиқиб, уларга базавий лавозим маошининг 30 фоизигача ойлик устамалар белгилаш, шунингдек, машғулотлар ўтказиш учун соатбай иш ҳақи тўлаш шартлари билан жалб этилган малакали профессор-ўқитувчилар, тажрибали амалиётчи мутахассисларни соатбай ҳақ тўлаш миқдорининг 20 фоизигача кўпайтирилган ҳолда моддий рағбатлантириш;
пенсия ёшидаги, уч ёшга тўлмаган фарзанди бор аёллар ҳамда ногиронлиги бўлган раҳбар ва педагог кадрларнинг қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқишини масофавий шаклда ташкил этиш;
раҳбар ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказларининг қўшимча таълим хизматлари кўрсатиш асосида ишлаб топган бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ушбу марказлар ходимлари лавозим маошларига ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра 200 фоизгача устама ҳақ тўлаш;
олий таълим муассасалари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий ва тармоқ марказлари тузилмасига халқаро ҳамкорлик бўйича мутахассис лавозимини киритиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда раҳбар ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказлари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдори ва шартларини мазкур Фармон талабларидан келиб чиқиб қайта кўриб чиқсин ва тасдиқласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги мазкур Фармоннинг амалга оширилиши учун зарур маблағларни 2019 йилда ижтимоий соҳа учун тасдиқланган маблағлар доирасида ажратсин, 2020 йилдан бошлаб эса Давлат бюджетининг параметрларида зарур молиялаштиришни ҳар йили назарда тутсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда мазкур Фармонда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан раҳбар ва педагог кадрларнинг узлуксиз малакасини ошириш жараёнларини ташкил этиш тартибини назарда тутувчи қарор қабул қилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2015 йил 12 июндаги ПФ–4732-сон Фармонига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
9. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов зиммасига юклансин.
Тошкент шаҳри,
2019 йил 27 август
http://uza.uz/oz/documents/oliy-talim-muassasalari-ra-bar-va-pedagog-kadrlarining-uzluk-28-08-2019
Сўнгги фикрлар